Friday, January 27th, 2023

Нажот таълимда… – HURRIYAT


Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига йўллаган навбатдаги Мурожаатномаси халқимиз қалбидан чуқур жой эгаллади. Шахсан мен ўзим мана бир неча кундирки, ана шу Мурожаатноманинг таъсири ва таассуроти, унда илгари сурилган ғоялар, мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳаларини қамраган фикр-мулоҳазалар, таклиф ва ташаббуслар таъсирида яшаяпман, десам хато бўлмайди. Чунки Мурожаатда давлатимиз раҳбари томонидан зикр этилган ҳар бир ғоя ва мулоҳазада мамлакатимизнинг иқтисодий қудратини мустаҳкамлаш, халқимизнинг турмуш фаровонлигини ошириш, бошланган ислоҳотлар кўламини кенгайтиришдек эзгу мақсад сингдирилганлиги яққол намоён бўлиб турибди.

Мен узоқ йиллардан бери таълим соҳасида фаолият кўрсатиб кел­япман. Соҳанинг қийинчиликларини ҳам, мавжуд муаммоларни ҳам чуқур ҳис қиламан. Шунинг учун Президентимизнинг ҳар бир анжуманда таълим-тарбия соҳасига алоҳида тўхталиб, уни яна ривожлантириш бўйича билдирган қимматли мулоҳазаларини қувонч билан қарши оламан, бутун вужудим билан тинглайман.

Президентимиз бу йил ҳам ҳар галгидек Мурожаатномада ҳам таълим-тарбия ишига тўхталиб, соҳадаги мавжуд муаммоларнинг ечимига қаратилган истиқболли лойиҳалар хусусида ҳам сўз юритдилар:

“Нажот — таълимда, нажот — тарбияда, нажот — билимда, чунки барча эзгу мақсадларга билим ва тарбия туфайли эришилади”, деди Юртбошимиз. Ҳақ гап! Зеро, қай бир ривож­ланган мамлакат тажрибасига назар ташламайлик, таълим-тарбия ишига жиддий эътибор қаратилганлиги туфайли муваффақиятларга эришилганига гувоҳ бўламиз. Ота-боболаримиз ўгитлари орқали эл-улусни илм олишга чорланганидан ҳам ютуқлар калити таълим ва тарбия эканлигини англаш мумкин.

Мамлакатимизда таълим-тарбия соҳасини жаҳон стандартлари даражасига етказиш борасида кенг кўламли ишлар олиб бориляпти. Давлатимиз раҳбари ўз Мурожаатномасида таъкидлаганидек: “Сўнгги йилларда олийгоҳларимиз 2,5 баробар кўпайиб, 198 тага етди, қамров даражаси 9 фоиздан 38 фоизга ошди.

41 та олийгоҳга академик ва молиявий мустақиллик берилди, уларда трансформация офислари очилди”.

Шу ўринда бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасида 10 та олий таълим муассасаси фаолият олиб бораётганлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.

2022-2023 ўқув йилида Қорақалпоғистон Республикасида умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларини тамомлаган 500 нафар, кейинги ўқув йиллари учун эса ҳар йили биринчи сентябрга қадар 6500 нафар ёшнинг вилоятлардаги давлат олий таълим муассасаларига қўшимча қабул параметрлари асосида қабул қилиниши белгиланган. Шунинг­дек, Қорақалпоғистон Республикасидаги олий таълим муассасаларини малакали кадрлар, профессор-ўқитувчилар билан таъминлаш мақсадида 2023 йилдан бошлаб мамлакатимизнинг етакчи олий таълим муассасаларидаги таянч докторантураларда мақсадли тайёрлашни изчил йўлга қўйиш кўзда тутилмоқда.

Мамлакатимиз миқёсида гапирадиган бўлсак, Мурожаатномада таъкидланганидек, келгуси йилда олийгоҳ талабалари учун имтиёзли таълим кредитларига ресурслар 2 баробар кўпайтирилиб, 1,7 триллион сўм ажратилади, инновациялар учун эса 1,5 триллион йўналтирилади. Бу 2017 йилга нисбатан 6 баробар кўп дегани. Олимларнинг иш ҳақи ҳам 4,5 баробар оширилади. Буларнинг барчаси ҳисобидан нано ва биотехнологиялар, рақамли геология каби 18 та янги илмий йўналиш ташкил этилади.

Шунингдек, Мурожаатномада келгуси йили илм-фан ва инновацияларга 1,8 триллион ажратилиши, олий таълим билан бир қаторда ҳар бир вилоятда биттадан техникумда европа касбий таълим сифатлари жорий этилиши, шунингдек, беш йилда барча коллеж ва техникумлар ушбу тизим билан қамраб олиниши Президентимиз томонидан алоҳида таъкидланди. Бу ислоҳотлар, албатта, юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўша оладиган етук кадрлар тайёрлаш учун замин яратади.

Мухтасар қилиб айтганда, таълимга берилган эътибор — мамлакатнинг эртанги кунига, порлоқ келажагига бўлган эътибордир. Ана шундай хайрли ишда давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномаси, унда билдирилган таклиф ва ташаббуслар дастурил­амал бўлиб хизмат қилади.

Байрам МАМБЕТОВ,

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва

спорт университети Нукус филиали директори,

тарих фанлари номзоди, доцент

Янгиликларни дўстларингизга улашинг



Source link