Monday, December 5th, 2022

Ногиронлар ва уларнинг ҳуқуқлари қандай ҳимоя қилинмоқда? – HURRIYAT


Долзарб мавзуда суҳбат

 

Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ишлар ҳолати қандай? Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори

Акмал Холматович Саидов билан шу ҳақда суҳбатлашдик.

 

– Акмал Холматович, ногиронлиги бўлган шахсларни ҳимоя қилиш: Ўзбекистоннинг ушбу соҳадаги давлат сиёсати ва ҳуқуқий кафолатлар ҳақида тушунча берсангиз?

 

– Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳимоя қилиш соҳасидаги Ўзбекистон Республикаси давлат сиё­сатининг устувор йўналишларидан бири – ногиронлиги бўлган шахсларнинг Конституциямизда кўзда тутилган шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ҳуқуқ ва эркинликларини халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормалари ҳамда Ўзбекистон қўшилган халқаро шартномаларга мувофиқ ҳолда, бошқа фуқаролар билан тенг равишда таъминлаш ҳисобланади.

БМТ Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясининг 2021 йил 7 июнда Ўзбекистон томонидан ратификация қилингани айни соҳада самарали ислоҳотларни давом эттиришнинг ёрқин намунаси бўлди. Бу ҳақда фикр юритганда, албатта, кейинги йилларда шиддатли тус олган амалий ишлар диққатга лойиқ натижалар берганини қайд этиш лозим.

Хусусан, Ўзбекистоннинг “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаг”и конвенцияга қўшилишига оид масала давлат бошлиғининг бир қатор дастурий ҳужжатларида:

биринчидан, 2017 йил 1 декабрда қабул қилинган “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида;

иккинчидан, Президентимизнинг 2018 йил 5 майдаги Фармони билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллигига бағишланган Тадбирлар дас­турида;

учинчидан, 2020 йил 22 июндаги Фармон билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясида;

тўртинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 2021 йил 22 февралда бўлиб ўтган 46-сес­сиясидаги нутқида назарда тутилганди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев БМТ Инсон ҳуқуқлари бў­йича кенгашининг 46-сессияси минбаридан туриб, имконияти чекланган шахсларнинг ўз қобилиятини тўла рўёбга чиқариш масалалари бўйича Минтақавий кенгаш тузиш таклифини халқаро ҳамжамият эътиборига ҳавола этар экан, Ўзбекистонда алоҳида эҳтиёжга эга бўлган шахс­ларнинг ҳуқуқларини таъминлашга жиддий эътибор қаратилаётганини таъкидлагани бежиз эмас.

2020 йилда “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Мазкур Қонун ногиронлиги бўлган шахс­ларнинг барча ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини тартибга солиши билан аҳамиятлидир.

 

– Ўзбекистон қўшилган БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвен­цияси қандай ҳужжат ўзи?

 

– Ушбу Конвенция ХХI асрда қабул қилинган инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги биринчи халқаро шартномадир. У дунёдаги ногиронлиги бўлган шахслар Конституцияси сифатида ҳам эътироф этилган.

Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2006 йил 13 декабрда қабул қилинган ва 2008 йил 3 майда кучга кирган. Бугунги кунга қадар уни БМТнинг 192 аъзо-давлатидан 184 таси ратификация қилган.

Конвенцияда ногиронларнинг ҳуқуқлари ва асосий эркинликлари, хусусан, уларнинг яшаш, фуқаролик, ҳуқуқий ҳимояланиш, таълим олиш, саломатликларини сақлаш, бошқалар билан тенг равишда меҳнат қилиш, сиёсий, ижтимоий, маданий ҳаётда, бўш вақтни ўтказиш, дам олиш ва спорт билан шуғулланишда иштирок этиш, ўзлари ва оиласи учун етарлича турмуш шароитига эга бўлиш ва ижтимоий ёрдам ҳуқуқлари эътироф этилган. Ушбу ҳуқуқларни амалга оширишнинг кафолатлари белгиланган.

Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция 50 та моддадан иборат бўлиб, дунёдаги ногиронлиги бўлган шахслар ҳолатини таҳлил қилиш асосида қабул қилинган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоб-китобларига кўра, дунё аҳолисининг 15 фоизини ногиронлиги бўлган шахслар ташкил қилади, бугунги кунда уларнинг сони 1 миллиардга етган.

Конвенциянинг асосий ғояси шундан иборатки, ногиронлиги бўлган шахслар барча инсон ҳуқуқлари ва эркинликларидан камситиш­ларсиз фойдаланиш имкониятига эга бўлиши керак.

Конвенциянинг мақсади 1-моддада баён этилган ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларнинг тенглик асосида барча инсон ҳуқуқларини тўлиқ амалга оширишларини рағбатлантириш, ҳимоя қилиш ва таъминлашдан иборатдир. У фойдаланиш имконияти, шахсий ҳаракатланиш, соғлиқни сақлаш, таълим, банд­лик, абилитация ва реабилитация, сиёсий ҳаётда иштирок этиш, шунингдек, тенг­лик ва камситмаслик каби бир қатор муҳим масалаларни қамраб олади. Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг 4-моддасида ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини таъминлаш, рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш бўйича умумий мажбуриятлар белгиланган.

Конвенцияда иштирок этувчи давлатлар қуйидаги мажбуриятларни олади:

— ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини амалга ошириш учун барча зарур қонуний, маъмурий-ташкилий ва бошқа чораларни кўриш;

— ногиронларга нисбатан камситиш хусусиятига эга мавжуд қонунлар, қарорлар, урф-­одатларни ўзгартириш ёки бекор қилиш;

— барча стратегиялар ва дастурларда ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантиришни ҳисобга олиш, Конвенцияга тўғри келмайдиган ҳар қандай ҳаракатлар ёки усуллардан тийилиш;

— ҳар қандай шахс, ташкилот ёки хусусий корхона томонидан ногиронлик белгиси бў­йича камситишни бартараф этиш учун зарур чораларни кўриш;

— ногиронлиги бўлган шасхларнинг аниқ эҳтиёжлари учун мослаштириш, товарлар, хизматлар, жиҳозлар ва универсал дизайн объект­ларининг илмий-тадқиқот ва конструкторлик ишланмаларини олиб бориш ёки рағбатлантириш;

— Конвенцияда кафолатланган ёрдам ва хизматларни тақдим этишни такомиллаштириш учун мутахассислар ва ногиронлиги бўлган шахслар билан иш олиб борадиган ходимларни ушбу эътироф этилган ҳуқуқларга ўқитишни рағбатлантириш.

Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш масалалари бугунги кунда Ўзбекистон Республикасининг 200 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжати билан тартибга солинмоқда. Бу ўринда Конституция, 40 дан зиёд қонун ва 160 дан ортиқ қонун­ости ҳужжат кўзда тутилган.

Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларига оид миллий қонунчилик:

— ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий-иқтисодий соҳадаги барча ҳуқуқларини тартибга солувчи “Ногиронлиги бўлган шахс­ларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун;

— ногиронлиги бўлган шахсларнинг таълим олишга бўлган ҳуқуқларини амалга оширишга қаратилган қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар;

— соғлиқни сақлаш ва тиббий хизмат кўрсатиш;

— бандлик масалалари;

— жисмоний тарбия, спорт ва дам олиш;

— ижтимоий объектлар ва хизматлар, транспорт, алоқа ва ахборот воситаларидан фойдаланиш;

— одил судлов;

— давлат ва жамоат ишларида иштирок этиш;

— ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини бузганлик учун жавобгарлик каби нормалардан ташкил топган.

Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини жамият ҳаётининг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий соҳаларида ҳимоя қилиш асосида қандай вазият бўлишидан қатъи назар инсонни, шу жумладан ногиронлиги борлиги туфайли камситмаслик принципи ётади. Бу борада нафақат давлат тузилмалари, балки фуқаролик жамияти институтлари ҳам фаоллик кўрсатаётгани жуда муҳим, албатта.

 

– Ушбу ҳуқуқий ҳужжатларда имкониятлари чекланган юртдошларимиз учун қандай енгиллик ва имтиёзлар кўзда тутилган?

 

– Бу ўринда, жумладан, Ўзбекистон Респуб­ликаси Президенти 2022 йил 8 февралда “Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонини имзолаганини таъкид­лаш лозим.

Фармон ногиронлиги бўлган шахслар, айниқса, доимий парваришга муҳтож бўлган болаларни парваришлаётган оилаларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш, ижтимоий ёрдамнинг замонавий механизмларини амалга оширишда янги ёндашувларни жорий этишга қаратилгани билан ниҳоятда муҳимдир.

Бунга қадар Ҳаракатлар стратегияси доирасида:

биринчидан, Президентимиз томонидан 2021 йил 25 мартда “Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйлари тизимини янада ривожлантириш тўғрисида”ги Фармон;

иккинчидан, 2021 йил 27 ноябрда “Тиббий-ижтимоий экспертиза хизмати фаолияти ҳамда болаларга ногиронликни белгилаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор қабул қилинган ва ижрога йўналтирилган;

учинчидан, Вазирлар Маҳкамаси 2022 йил 8 февралда “Тиббий-ижтимоий экспертиза хизмати ташкилий тузилмасини ва фаолиятини ташкил этишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорни қабул қилди.

Ҳукуматнинг ушбу қарорига асосан ногиронликни олиш тартиби ўзгартирилди. Яъни, эндиликда фуқароларни кўрикдан ўтказиш уларни тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларга кўрикка юбориш орқали амалга оширилади.

Ўзбекистонда 760 минг 727 нафар ногиронлиги бўлган шахс истиқомат қилади. Шуларнинг 100 мингдан ортиғи 16 ёшгача бўлган ногирон болалардир. Улар ижтимоий ҳимоя ва қўллаб-қувватлаш, тиббий-ижтимоий реабилитация чоралари билан қамраб олинган.

 

– “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси”да айни соҳага тааллуқли белгиланган мақсад-вазифалар ҳақида ҳам тўхталсангиз?

 

– Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси инсон қадрини таъминлашга қаратилган 100 та мақсадни қамраган. Шу мақсадларнинг аксариятида ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари ва манфаатларига дахлдор кўплаб вазифалар белгиланган.

Бу ўринда, биринчи навбатда, Ўзбекистон Президентининг мазкур Тараққиёт стратегиясини имзолашга оид Фармонида кўзда тутилган устувор масалаларга тўхталиш мақсадга мувофиқдир. Фармонга кўра, Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш миллий стратегияси ишлаб чиқилмоқда.

Лойиҳада, жумладан, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида ёрдамга муҳтож аёллар, ёшлар ва ногиронлиги бўлган шахслар бўйича алоҳида маълумотлар базасини яратиш кўзда тутилган. Келгусида ушбу маълумотлар базасини ўзида жамлаган “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ҳозир амалда бўлган “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари” билан интеграция қилинади.

Президент фармонида бу борада белгиланган яна бир муҳим вазифа – “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунига ўзгартиришлар киритиш билан бевосита боғлиқ. Чунки бунда давлатимиз раҳбарининг болаликдан ногиронлиги бўлган болаларга 18 ёшгача қаралган даврни пенсия тайинлашда иш стажига қўшиб ҳисоблаш зарурлиги ҳақидаги топшириғи ўз ижобатини топади.

2022 йилдан эътиборан, фармоннинг 14-бандига биноан, кекса ва ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматларини кўрсатиш тизими соддалаштирилади ҳамда уларга замонавий технологияларни жорий этиш орқали қўшимча қулайликлар яратилмоқда.

Мазкур ҳужжатнинг 15-бандига кўра, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга жиноят ишлари билан бир қаторда фуқаролик ва маъмурий ишлар бўйича ҳам давлат ҳисобидан бепул юридик ёрдам кўрсатиш тартиби жорий этилади.

Тараққиёт стратегиясининг 66-мақсади: “Ногиронлиги бўлган   шахсларни қўллаб-қувватлашнинг самарали тизимини шакллантириш, уларнинг ҳаёт сифати ва даражасини ошириш” деб номланган. Ушбу мақсад доирасида:

— ногиронлик белгиси бўйича камситишга йўл қўймаслик, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришда тенг   шароитларни ва уларни   бузганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш;

— ногиронлиги   бўлган шахслар ҳуқуқларини   таъминлаш соҳасидаги умумэътироф этилган халқаро   норма ва стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш;

— тиббий-меҳнат экспертизаси ва ногиронликни белгилашнинг шаффоф, замонавий услуб ва   мезонларини жорий этиш,   ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий-ижтимоий ёрдам   кўрсатиш даражаси ва   сифатини ошириш;

— ногиронлиги   бўлган шахсларнинг оиласи,   жамият ва давлат   билан ўзаро алоқасини   кучайтириш, уларнинг қулай   муҳитда бўлиши, шаҳар йўловчи транспорти, ижтимоий ва   бошқа инфратузилма объектларидан эркин фойдаланиши учун зарур шароитлар яратиш;

— ногиронлиги   бўлган шахсларнинг жамият   ижтимоий-иқтисодий ҳаётига   жалб қилиниши ва   фаол иштирокини таъминловчи   инклюзив таълим ва ишга жойлаштириш тизимини такомиллаштириш;

— ногиронликни   белгилашнинг ижтимоий моделига   босқичма-босқич ўтиш каби ғоят муҳим вазифалар кун тартибига қўйилган. Айни вақтда ушбу чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда.

 

– Яқинда Ўзбекистон Кўзи ожизлар жамияти ташкил топганига 90 йил тўлди. Шу муносабат билан Миллий марказнинг ҳамкорларидан бўлган ушбу нодавлат нотижорат ташкилоти фаолияти ҳақида ҳам ўз фикрларингизни билдирсангиз?

 

– Бутун дунё миқёсида кузатилаётгани каби Ўзбекистонда ҳам коронавирус пандемиясидан кейинги даврда ногиронлик муаммоларини ҳал этишда олдинги мақбул натижаларни тиклаш ва янада кўпроқ самараларни қўлга киритиш зарур. Бунда давлатлар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари, турли доиралардаги шериклар билан яқин ҳамкорликни кучайтириш катта аҳамият касб этади.

Бугунги кунда мамлакатимизда ногиронлик соҳасида 600 га яқин нодавлат нотижорат ташкилоти фаолият юритмоқда. Улар орасида: Ўзбекистон ногиронлар жамияти; Ўзбекистон ногиронлар жамоат фонди; Ўзбекистон Ногирон ишбилармон аёллар миллий ассоциацияси; Имконияти чекланган ёшлар ва болалар маркази; Ўзбекистондаги фалаж ногирон болалар ва ўсмирларга ёрдам бериш “Умр” жамоатчилик маркази; “Инклюзив ҳаёт” ногиронлар жамоат бирлашмаси; Ўзбекистон карлар жамияти ва, албатта, Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти бор.

Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти мамлакатимизда кўзи ожизлар жамоатчилигини бирлаштирган ягона куч ҳисобланади. Айни вақтда юртимиздаги қарийб 78 минг нафар кўзи ожиз инсоннинг 61 минг нафардан ортиғи ушбу Жамият ҳисобига олинган.

Мазкур Жамият қўллаб-қувватлаши остида ишловчи кўзи ожиз инсонлар сони 2 минг 855 нафарни ташкил этади. Шундан 1 минг 100 нафардан зиёди Жамият корхоналарида, 545 нафари Жамият тизимида ва 1 минг 210 нафари тизимдан ташқари турли ташкилотларда фаолият юритмоқда.

Айтиш жоиз, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий страте­гияси ижроси доирасида 2021 йилда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонуннинг Брайл ёзувидаги нашрлари чоп этилди. Ушбу китобларни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси билан ҳамкорликда нашр эттирдик.

Мамлакатимиз тарихида илк бор Брайл ёзувида чоп этилган мазкур расмий-ҳуқуқий нашрлар Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти; Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси; Ўзбекистон ногиронлар жамияти; Имконияти чекланган болалар ва ёшлар Республика маркази; 77-сонли кўзи ожиз болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернат; “Инклюзив ҳаёт” ногиронлар жамоат бирлашмаси; “Умидворлик” имконияти чекланган болаларни ва уларнинг ота-оналарини қўллаб-қувватлаш марказига беғараз тақдим этилди.

Шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, фуқаролик жамияти институтлари, шу жумладан, ногиронлик соҳасидаги нодавлат нотижорат ташкилотлари, хусусан, Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти вакиллари Миллий марказнинг доимий экспертлари ҳисобланадилар. Биз соҳага оид қонун ва кодекслар, концепция ва дастурлар лойиҳаси устида ўзаро яқин ҳамкорликда иш олиб борамиз.

Ғулом МИРЗО суҳбатлашди.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг



Source link