Monday, October 3rd, 2022

Обуначи қаршисидаги “девор” – HURRIYAT


Неча йилдирки, почта тизими ходимлари таҳририят ва обуначилар олдига айнан ана шундай тўсиқ— девор муаммосини яратмоқда. Бу қандай тўсиқ, қанақа девор дейсизми? Марҳамат, биргина мисол:

Бундан бир йил аввал — айни шу кезларда обуна мавсуми бошланаётганида Самарқанд вилоят “Zarafshon” газетаси раҳбарияти ташаббус билан чиқиб, вилоятимизда яшовчи нафақадаги бир гуруҳ журналистларни “Hurriyat” газетасига таҳририят ҳисобидан обуна қилиш ҳаракатини бошлади.

Бу хайрли ишни таҳририятимиз жамоаси ҳам қўллаб-қувватлаган ҳолда шаҳарда яшовчи 161 нафар меҳнат фахрийси, жумладан, 22 нафар пенсиядаги журналист таҳририят ҳисобидан “Samarqand” газетасига обуна қилинди. Газетани фахрий обуначиларга етказиш учун эса Самарқанд шаҳар поч­та-алоқа боғланмаси ҳисобига керакли маблағ ўтказилди.

Яқинда обуна қилинган меҳнат фахрийларидан бири билан учрашиб қолдим.

— Қаёқда, февраль-март ойларида 2-3 та газетани келтириб беришди, — деди у киши менинг газетани олиб турибсизми, деган саволимга жавобан. — Таҳририятдан телефон қилишиб, газетани олаяпсизми, деб сўрашганида олмаётганимни билдиргач, почтадагилар ҳам норози бўлишибди. Очиғи, пул тўлаб обуна бўлмаганимдан сўнг почтага бориб талаб қилишни ўзимга эп кўрмадим.

Таҳририят ва шаҳар почта-­алоқа боғланмаси ўртасида обуначиларга газетани етказиб бериш муаммоси бир неча бор муҳокама этилди. Ҳатто икки-уч бор таҳририятнинг почта бўлимига расмий хатлар ҳам жўнатилди. Бу хатларнинг бирортасига расмий жавоб олинмади.

Кўпинча “газетага обуна бўлиб нима қиламиз, барибир, почтачи етказиб бермайди”, деган гаплар қулоғимизга чалинади. Бу гапларда асло муболаға йўқ. Ишхонасидан газетамизга обуна бўлган муштарийлардан бири шундай деб қолди: “Газеталарингиз почтага келмаётган экан. Шунинг учун мен газетани ололмаётган эканман”.

Газета нега почтага таҳририят томонидан етказиб берилмас экан?

Ушбу муаммо юзасидан таҳририят ҳисобчиси билан йил бошидан бери чоп этилган ва обуначиларга етказиб бериш мажбуриятини олган ташкилотларга жўнатилган газеталар сони ва уларни етказиб бериш-қабул қилиш ҳужжатлари билан танишганимда газетанинг ҳар бир сони почтага ўз вақтида етказилгани ва қабул қилинганлиги маълум бўлди. Унда нега обуначи газетани олмаяпти?

Юқорида айтилганидек, обуначиларга газетани етказиб бериш харажати шаҳар почта-­алоқа боғланмасига тўлиқ тўланган ва чоп этилган газетанинг ҳар бир сони тўлиқ адади билан тарқатувчи ташкилотларга етказилган. Лекин нега 161 нафар фахрий муштарийларнинг айримларига газета етказилмаяпти?

— Фахрий журналист сифатида “Hurriyat”, “Zarafshon” ва “Samarqand” газеталарига бепул обуна қилганликларини эшитгач, қалбим қу­вончга тўлди, — дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Облоқул Усмонқулов. — Ҳозиргача “Hurriyat” ва “Zarafshon” газеталарини кечикиб бўлса-да, олиб турибман. “Samarqand” газетасининг бир неча сонларини етказиб беришди, холос.

Бундай эътироз ва шикоятомуз гаплар биргина ушбу обуначимизга хос эмас. Негаки, кўпчилик обуначилар газетани умуман олмаётганлиги ҳақидаги фикрларни билдиришяпти. Унда таҳририят томонидан етказувчиларга жўнатилаётган, расмий ҳужжатларни расмийлаштирилган ҳолда қабул қилинган газеталар қаёққа кетмоқда?

Камина ҳам фахрий журналистлар сафида бўлганлиги учун ўтган йили “Zarafshon” газетаси таҳририяти томонидан Ўзбекистондаги ягона мустақил нашр бўлган “Hurriyat” газетасига обуна қилинган эдим. Февраль ойидан бош­лаб газетани ола бошладим. Шаҳар почта-­алоқа боғланмаси ва таҳририят ораси пиёда 2-3 дақиқалик масофада эканлигини ҳисобга олиб, уйга эмас, таҳририятга етказишларини сўраган эдим. Ҳозирча келиб турибди. Ана шу “келиши” баъзан чўзилиб кетади. Мисол учун, газетанинг 1 сентябрь сони орадан бир ҳафта ўтиб, 8 сентябрь куни қўлимга тушди. Ҳолбуки, таҳририят ҳам бошқа газеталар қатори “Hurriyat”га вилоят “Матбуот уюшмаси” МЧЖ орқали обуна бўлган эди. Таҳририятга ушбу ташкилот томонидан газета чоп этилганидан сўнг узоғи билан 2-3 кун ичида етказиб берилади. Ораси икки қадам бўлган шаҳар почта-алоқа боғланмаси ходимлари эса бу масофани бир ҳафта ичида босиб ўтиши таажжубланарли.

Демак, бугунги почта алоқаси тизими ҳамон эскича услубда фаолият юритмоқда. Тўғри, шўро замонида газетани бир кун кечикиб етказиб берган почтальон ишдан бўшатилганига гувоҳ бўлганмиз. Аён бўладики, ўша пайтда поч­т­­а хизмати қатъий қонун асосида фаолият юритган экан-да? Хўш, бугунги почта хизмати қандай талаб, қонунларга биноан фаолият юритмоқда? Бир дона газета икки қадам наридаги манзилга бир ҳафта муддатда етказилса, бундан етказиб берувчи ҳеч қандай масъулиятни ҳис этмайдиган бўлса, обуначи талабини ҳеч ким эшитмаса, кимга мурожаат этиш керак?!

Обуна мавсуми бошланиши билан обунани ташкил этувчи ва етказиб берувчи “хизматкорлар” кўпайиб қолади. Уларнинг бир қадами таҳририятларда бўлса, қўли ва кўзи обуначиларда бўлади. Мақсад — таҳририятларни ишонтириб, обунани ташкил этиш тўғрисидаги шартномани расмийлаштириш ва обуначилар йўлига тузоқ қўйиш. Афсуски, бундай найранглар йилдан-йилга кучайиб бормоқда. Обуна уюштирувчи, нашрларни етказиб берувчи турли МЧЖлар йилдан-йилга бодроқдай потирлаб ётишибди. Аммо аксариятининг иши—қаллоблик, ёлғончилик. Маблағни обуначидан олишадию, гум бўлишади. Уларни текширадиган ташкилот эса қолмади. Нима эмиш, булар тадбиркорлик субъекти эмиш?! Ахир, ҳар йили турли номда очилиб, халқ пулини ўзлаштириб кетувчи, обуна учун ташкилот ва корхоналардан пул ўтказдириб олиб, ҳатто таҳририятларга буюртма бермайдиган бундай учар “тадбиркор”лар қачонгача билганини қилишади?

Сир эмаски, баъзан айрим ташкилот ва муассасалар ҳам бундай ўйинларга ҳайрихоҳ ва ҳамкорлик қилишаётгани қулоққа чалиниб қолади. Яъни обуна учун маблағ ўтказилади, лекин “бизга газета-журнал етказилмаса ҳам бўлаверади” дея пул ўртада “арра” қилинади. Бундай ҳожатбарор, қаллоб хусусий (ташкилот дейишга ҳам ор қиласан)лар бугун яна “уйғониб”, янги тузоқларни қаерга қўйсак экан, деб ўйлаётган бўлсалар ажаб эмас.

Ҳа, бугун қайси босма нашр раҳбарига мурожаат этманг, бундай сохта тадбиркорлар томонидан ўтган йилги, ҳатто ундан аввалги йиллардаги қарзни ҳам узмаётганлиги ҳақидаги эътирозларни эшитасиз. Умуман, бундай “ташкилотлар”нинг фаолиятини назорат этувчи ва тартибга соладиганлар борми бу дунёда?

Қувондиқ ХАЛИЛОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг



Source link