Thursday, January 26th, 2023

Оила қўрғони мустаҳкам бўлса… – HURRIYAT


Бугун қувончли кунлардан бири бўлди, хонадонимга кўп йиллардан бери келмаган “Hurriyat” газетаси кириб келди ва шу билан менинг анча вақтдан бери қалбимни безовта қилиб юрган бир муаммони қўзғади. Бу ҳам бўлса юртимиздаги замонавий оила ва унинг муаммолари масаласи.

Масалани унинг узоқ томиридан бошлайин, бизда ҳақиқатда ҳам оила муқаддасми? Бу тушунча бугунги оилага боғлиқ қадриятларимизнинг замон талабларига қай даражада ҳамоҳанглиги ва у замонавий оила тушунчасидаги бизнинг қадимий урф-одат ва қоида қадриятларимиз билан мутаносиб келадими? Замон талаби даражасида ўзгараётган (ёки ўзгармаётган) оилаларимизнинг оилага боғлиқ қонун қоидалари ва айниқса урф-одатлари ўзгаряптими? Агар ўзгараётган бўлса уларнинг қайсиларини қўллаб-қувватлашимиз ва қайсиларидан воз кечишимиз керак? Нимага биз оила масаласида, айниқса, ажралишга келганда муаммонинг оқибатлари билан курашамизу унинг сабабларини кўрмасликка оламиз.

Давлатимизда олиб бориладиган статис­тика маълумотларини атайлаб батафсил келтирмайман, улар албатта, оилаларнинг ажралишлари йилдан-йилга ўсиб бораётганини кўрсатади. Бу масала, яъни оилаларнинг статистик ўсиши бутун жаҳонда ҳам шундай. Масалан, 2022 йилнинг 9 ойида оила қуриш салкам 5 фоизга камайган (мен буни ижобий ҳолат деган бўлардим.) ва шу даврда оилаларнинг ажралиши салкам 19 фоизга кўпайган. Назаримда ажралишлар янада кўпайиши мумкин ва буни ўта салбий ҳолат деб қабул қилмаслик керак.) Ушбу рақамларнинг ўзигина ҳаммамизни ташвишга солиши турган гап. Аммо ташвишга тушишимиз керакми, деган савол ҳам юзага келади, чунки бутун жаҳонда яна бир фикр айланиб юрипти, яъни оила институти ўзининг кризис нуқтасига қараб кетишда тезлашмоқда. Жаҳонда бирга яшаб, аммо расмий оила қуришга шошилмаслик ҳолати кундан-кунга кучайиб бормоқда. Шу жойнинг ўзида “Оила институти кризисга ҳақиқатда ҳам учрайдими?”, деган саволга ҳали ҳеч ким аниқ жавоб беролмаса керак. Аммо, бир мутахассис сифатида айтишим мумкин, жамиятдаги бу ташвишли савол ахлоқий нуқтаи назар асосида ўринсиз эмас, албатта.

Ўз оилаларимиз муаммоларига қайтадиган бўлсак, яқин кун ва йилларда оила қуриш ёшини кўтариш масаласида кўп ёзар ва гапирар эдик. Ҳатто бу йўналишда қонунларга керакли, деб саналган ўзгаришларни ҳам киритдик. Ўйлайманки, бу масала ўз-ўзидан секин-­аста четга чиқиб бораяпти, яъни уйланиш ёши ўз-ўзидан кўтарилаяпти. Сабаби борасида батафсил тўхталмасак ҳам бўлади. Ёшлар оила ва унинг ташвишларини ҳис қила бошлади. Бу ҳис қилиш албатта катта шаҳар ва замон коммуникация, алоқа воситалари яхши етиб борган жойлардагина аниқ сезилмоқда. Қиш­лоқларда ҳали ҳам “тезроқ уйлантириб қўйиш керак”, деган тушунчалар тарғибот ва амалдан тушгани йўқ.

Демак, масаланинг мана шу томонига бироз назар ташлаймиз. Оила қуриш умуман қачон, қай ёшда бўлиши керак, деган савол албатта ҳаммани қизиқтиради. Америкада бир вақтлар бу ёш ўртача 28,5 ёшга тўғри келар эди. Европада 25 -27 ёшлар атрофида. Бу ўринда ўша юртлардаги ёшларнинг ўзаро эркинлиги, ҳаётда ўз ўрнингни топмасдан уйланиш ўта масъулиятсизликни сезишида эди. Бизда-чи, бу масала ёшлар орасида катта ишонч билан айтиш мумкинки, ёшларнинг ўзлари томонидан ҳал қилинмайдиган ҳолатга кўчиб кетган эди. Хайриятки, мана эндигина ёшлар уйланиш масаласини ўз қўлларига олаётгани сезила бошламоқда. Бу яхши йўналиш. Аммо ёшлар орасида уйланишга улар маънан ва билим даражасида ёндошиши қандай десангиз ҳали ҳам бу борада муаммолар кўплигини кўрасиз. Чунки улар ўзларининг “кечаги” ота-онасининг эскича тартибда қурилган оилаларидан чиқиб келаяпти. Демак, уларни ҳали кўп йиллар “одат” тушунчаси чеклайди ва бу “одат” доирасидан анча ёшга етиб уйланган бўлишса ҳам чиқолмай юради.

Яна бир муаммо, ёшларимиз оила қуриш олдида турганида оила психологияси, оиладаги эр ва хотин орасидаги психологик тушунча бўлмиш   мутаносибликлардан, жинсий алоқа ва унинг қонун-қоидаларидан хабардорми, деган саволни қўйсак яна ўша уйда, ўз оиласида кўрганидан, эшитганидан нари ўтолмайди. Ёшларнинг ўта катта фоизи ташқарига чиқмаган, кинолардаги оилавий муносабатларни кино сюжети юзасидангина томоша қилишади-да оилавий муносабатларга синчков билан эътибор беришмайди.

Оила ҳар қандай ҳолатда ҳам фақат ва фақат икки шахснинг ўзаро ҳаётий бирга яшаш тарзи ва жамиятда қабул қилинган минг йиллик урф-одат, холос. Бу ўринда бизнинг шарқликлар орасида авж олган умумий оила, яъни ота-оналар билан бирга яшаш тарзи кўпинча ёшларни масъулиятсизликка ўргатишдан бош­лайди, улар ўзаро, ажраламиз, деган фикр­­га келган пайтларида қайнона ва бош­­қа оиладаги катталар аллақачон можароларнинг ўсиш даврини сезиб боради-да ажралишга тайёрлана бошлайди ва бу ўринда албатта келин айбдорлиги олдиндан “пишириб” борилади.

Биз шарқликлар нимагадир оила тушунчасида келин шахсини инобатга олмасликка ўрганиб қолганмиз, бу шахс ҳам инсон ва у ҳам қайсидир бир оиланинг азиз фарзанди, унинг ҳам ҳаётда ўз фик­ри ва ҳаётда ўз ўрни борлигини тан олмаймиз. Жуда кам ҳолатлардагина, яъни келинлар бирор олий ёки ўрта махсус билим юртини битириб келган бўлсагина унинг ишлаш ҳуқуқи ва ўз фикри борлигини тан оламиз, бошқа ҳолларда улар билан ҳисоб­лашмаймиз.

Шундай экан, оилаларнинг ажралиш масаласида биз оқибат билан курашишни ўз ҳаётий тажрибамиздан четга суриб унинг сабаблари билан курашишни бош­лаймиз. Аслини олганда, ёшларни оила қуришга ва бу оиланинг яшаб кетиши учун нималар кераклигига эътиборимизни қаратишимиз керак бўлган вақт аллақачон етиб келган. Бунинг учун оилаларни ажратмасликка қаратилган маҳаллаларнинг “кураш”лари ва айниқса, судларнинг ажримларга олти ой, бир йиллаб муддат беришларига эмас, аслида оила қуриш олдига жиддий синовлар ва имконлар қў­йишимиз керак. (Синовларнику айримлар кўпайтириб ташлар, мен бу ўринда асосан ИМКОНЛАР масаласини илгари сурган бўлардим.)

Ёшлар уйланишга қарор қилишдими, уларга мана шу жойда синов, аслида имкон, танишиш, билиш, тажриба орттириш муддатини кўпроқ бериш зарур, деган бўлардим. Бизда эса бир ой вақт берилади-да, улар икки уч маротаба учрашадими йўқми, дарров тўй тараддуди ва “вадабанг” бошланиб кетади. Ажралишда эса олти ойлаб вақт берилади, улар аллақачон бир-бири билан бирга яшай олмайдиган ҳолатга келганлигига қарамасдан уларни, икки мустақил ва эркин шахсни бирга яшашга мажбур қилишга ўтамиз.

Аслида ёшлар қанчалик бир-бирларини яхши танишиб олишса, бир-бирлари билан бирга яшай олишларига ишонч ҳосил қилганларидан кейингина уйланишга розилик бериш керак. Мана шу ўринда розилик бериш керак, деб айтаяпману биз, жамият нега уларга розилик беришимиз керак, деган савол кўндаланг бўлаверади. Чунки бирга яшаш, оила қуриш ва айниқса, жамиятимиз учун фарзандлар етиштириш бу икки шахснинг ўта шахсий ҳаётий фалсафаси ва иши эмасми? Айтайлик, улар фарзандсиз яшаймиз ёки беш йилдан кейин бошқа-бошқа яшаймиз, дейишса биз уларни нимагадир МАЖБУР қилишга ҳаққимиз борми? Йўқ албатта. Демак, бу ўринда ҳам тилимиз қудрати билан айтайин, уларнинг оила қуришига розилик эмас, уларнинг оиласини жамият олдида қайд қилишимиз керак, холос. Бирга яшашни хоҳлашмадими, мажбурлаш керак эмас. Бу инсон эрки ва ҳуқуқлари билан боғлиқ тушунча. Ҳеч ким жамиятнинг талаби билан ўзига ёқмаган киши билан бирга яшашга мажбурланиши мумкин эмас ва бу ўринда ажраламан деганларга мажбуран муҳлатлар бериш ўринсиздек назаримизда.

Шундай экан, бу масалани жамиятимиз, миллатимиз ва халқимиз маънавий бойликлари, қадриятлари асосида ҳал қилишга ўрганишимиз керак. Инсон қадри ва унинг ҳақ ҳуқуқлари муқаддас бўлиши бу жамиятнинг соғлом бўлиши билан чамбарчас боғлиқ ҳолатдир.

Биз оила муқаддас деган иборани кўп ишлатамиз. Аммо, юқорида ҳам бу саволни қўйиб ҳақиқатда ҳам оила тушунчаси бизда муқаддасми деб савол қўйилди. Бундай дейишга сабаб, давлат бор экан унинг қонунлари муқаддас бўлиши керак. Демак, давлатдаги оилага боғлиқ қонунлар ҳам муқаддасдир. Шундай экан бугунги кунда авж олаётган қонун доирасидан олганда ноқонуний оилаларнинг кўпайишига чек қўйиш вақти келди. Бу билан айтмоқчимизки, нафси бузуқ муллаларнинг амали билан никоҳ ўқилиши ва ноқонуний иккихотинликни урчитиш, давлатимиз қонунлари нуқтаи назаридан қаралганда ноқонуний, аслини олганда эса…

Ҳозир бизда қонунларимиз доирасида собиқ совет тузумидан қолган қоида, қонунлаштирилган одат ҳукум сурмоқда. Бу ҳам бўлса болаларни оила ажралиши ҳолатида аёллар қарамоғида қолдириш таж­рибаси ва амалиёти.

Мақола бошида, асосан мана шу фикр хаёлимда бўлгани учун, масаланинг шу томонини кўзда тутган эдим. Биз туркий халқлар авлодни ота томонидан суришамиз. Бу ҳатто алоҳида муҳокама қилинадиган масала ҳам эмас ва бунинг кенг тарихий томирлари ҳам бизда мавжуд. Ана энди ҳозирги аҳволимизга қарайлик. Ажралишаётган оиладаги болалар, бола аёл билан кетса у албатта аёл бош­­қа оила қурганча аёлнинг отасиникида, барибир бегона ҳовлида ҳатто яхши қаралиши, парваришда бўлиши мумкин. Аммо аёл эрга чиқиши тайин ҳол, демак бу ҳолатда оиласидан ажралган болалар бош­­қа бир авлоднинг оиласига сағир, аслида келгинди бўлиб кириб боради ва ўша оила авлодлари қариндош уруғлари хоҳлаймизми йўқми “улар қизим билан келган”, деган иборада болаларни ўз уруғларига қўшишмайди ва болалар бир умр бошқа авлод кишилари бўлиб ўсишади. Аёл отасиникида болаларини қолдириб кетган ҳолда эса бу болалар ёши катта ота­-оналар қўлида, амаки акалари билан, аслида тоғалари қаровида қолиб кетади. Қадимда-чи, туркийларнинг қад­рият ва уруғ суришлари ота томонидан бўлгани учун болалар ота уйида қолган ва шу уруғнинг вакиллари бўлиши билан бирга ўз уй, ҳовлиларида, уруғ авлодлари қамровида, дои­расида катта бўлишган.

Албатта, бу масалалар ўта нозик, чуқур ўрганиш ва таҳлилни, холисликни тақозо этади. Демоқчимизки, “қонун, тартиб” деб ҳар бир оилага бир хил қараш, чора қўллаш мумкин эмас. Оилавий ажримларга кўпинча эркак тараф айбдор ҳисобланиши ҳам тўғри бўлмаганидек, аёлнинг айби билан, очиқ айтганда дейлик, аёлнинг эрига хиёнати ёхуд бошқа минг хил сабаблар туфайли оила дарз кетаётган бўлса, эркак қандай йўл тутади? Бу албатта, ажримга олиб келиши аниқ.

Нима бўлганда ҳам оила — муқаддас. Унинг бузилиши жамият учун катта фожиа. Халқимизда “чумчуқнинг ҳам уяси бузилмасин” деган гап бежиз айтилмаган. Бироқ ҳар бир оила мустаҳкам, бахтли бўлиши жуда кўп омилларга бориб тақалишини ҳам унутмаслигимиз жоиз.

Ҳар бир уйнинг мустаҳкам қурилиши учун, аввало, унинг пойдевори пишиқ бўлиши лозим бўлганидек, оилаларнинг ҳам бахтли, фаровон бўлишига бошидан эъти­бор етарлими? Оила қурувчи ёшларга ота-онанинг маслаҳати, ўгитлари зиён қилмас, аммо бу дегани ҳамма нарса ота-­онага боғлиқ деган тушунчадан халос бўлиш, оила қурарман келин-куёвнинг ўз мустақил фикри, ҳаёт позицияси бўлмас экан, барча амаллар бекор кетиши ҳеч гап эмас.

Маҳмуд ЙЎЛДОШЕВ,

психология фанлари номзоди

Янгиликларни дўстларингизга улашинг



Source link