Monday, October 3rd, 2022

“Олтин бешик”дан “Бобосўз…”гача – HURRIYAT


Ёки шоир ва публицист Эшқобил Шукур ижодига бир назар

 

Телевизорда Эшқобил Шукур муаллифлигида намойиш этилган “Олтин бешик” кўрсатувининг ҳар бир сонини кутардик. Айниқса, кекса овулдошлар завқланиб кўришарди. Бир отахон: “Шу йигитда бир ноёб хислат борки, ўз туғилган юртидан ҳикмат излаяпти” деган . Орадан йиллар ўтди. Куни-кеча Эшқобил Шукурнинг “Бобосўз изидан” китобини ўқиб, ўша   нуронийнинг гапини эсладим. “Олтин бешик”дан “Бобосўз изидан”гача бўлган даврда у ўнлаб адабий, илмий-маърифий китоблар нашр эттирди. Эшқобил Шукурнинг ижодини Одил Ёқубов, Асқад Мухтор, Абдулла Орипов, Ҳалима Худойбердиева, Эркин Аъзам ва Хуршид Даврон каби адабиётимизнинг улуғлари эътироф этганлар. Журналистикадаги ютуқлари ҳам доимо мутахассислар диққат – эътиборида. Камина гапни шоирнинг телевидениедаги кўрсатувларидан бошлаган бўлсам-да, сиз билан унинг насрий изланишлари хусусидаги таассуротларимни ўртоқлашмоқчиман.

Адиб “Кўҳна боғ ривоятлари” китобидаги “Зиёратчи йўлбарс” ҳи­коясида у ёзади: “Тўқайнинг эгаси зиёратга чиқибди… Бурунгилар йўлбарсни Нурмат деб аташган. Гўё Нурмат деб чақирса, йўлбарс одамга зиён етказмас эмиш…” Ёки “Менгим момо ҳикояси” да шундай сатрлар бор: “Абдуназар қоровулбеги, – деди Менгим момо, – болаларингиз билан ўрнингиздан туринг. Қоровулбеги ҳеч нарса демай онасининг буюрганини бажарди. – Менинг нима бўлишимни Яратганнинг ўзи билади. Қачон ўламан, қаерда ўламан, Ўзига аён. Лекин менга бир нарса маълум, ўлсам, излаб йўқлайдиган элим йўқ. Тобутимнинг ортидан изиллаб иярадиган, йўқлаб-йўқлаб йиғлайдиганларим олисда қолди. Мен ҳозир ўзимга ўзим аза очиб, ўзимга ўзим йўқлов айтаман. Силар менга қўшилиб ту­ринглар. Йиғланглар, “энам-ов, шўрпешона энажоним-ов”, деб йиғланг­лар”.

Биринчи ҳикоя афсона бўлиб туюлса-да, ўқувчи тўқай ва тўқай дунёсини тасаввур қила бошлайди. Иккинчи ҳи­кояда Менгим момо тақдири эл орасида бугунгача яшаб келаётган қадим одатларимизга уйғун ҳолда тасвирланади. Умуман, тўпламдаги ҳикоялар ҳажман ихчам, моҳиятан эса ниҳоятда юкли.

“Овчи” бадиасини олайлик. Унда кишини ҳайрон қолдирадиган маълумот мужассам: “…Айтишларича, овчининг келганини сезмай қолиб ўққа учраган жонивор жон талваса қилаётганида “Эҳ, аттанг, сезмай қолдим-да сезганимда ўлмай қолардим” деб аччиқ армон қиларкан.

Мен бир гал Қоплондарада катта харсанг соясида ётган бўрини кўриб қолганимда сездирмай ўқ узишга кўнглим суст кетди. Чунки овчига бўрини олишдан қийини йўқ. Бу пайтда эса шундай зўр ўлжа қўлимда эди. Бўрини нишонга олиб, бармоғим милтиқ чақмоғига борганда, ичимда нимадир узилиб кетгандай бўлди. Мен ўз-ўзимга хиёнат қилаётганимни сезиб қолдим. Чақмоқни босдимми, тамом, мен мерган эмас, номард бўлиб қоламан. Сўнг ётган еримдан шартта турдим-да, бўрига “Қоч! Қоч!” деб бақирдим. Бўри яшин тезлигида олдинга ташланди ва қияликдан пастга қараб қочди. У шамолдан тез елиб борарди. Мен узоқлаб бораётган бўрини нишонга олиб ўқ уздим. Бўри бир сакраб, увиллаб ерга қулади. У менинг насибам экан. Мен жон бераётган бўрининг бошига бордим-да, “Сенга армон бўлиб қолмадими? Мен номардлик қилмадим. Мендан рози бўл!” дедим.

“Отлиқ” бадиасида эса меҳмоннавозликка янада янги маъно беради:

“…Сен нимани билардинг, агар шу отлиқ уйимга тушиб, отини ҳовлимизнинг ўртасига қоқилган қозиққа бойлаганида, совлиғим эгиз туғарди. Отлиқ йўловчи билан уйга насиба келади. Бу нотанти ўзи билан келаётган насибани бизга қиймай кетди”.

Ҳар иккала ҳикоя халқимизнинг танти феъли   замирида   ҳикматлар яширинганлиги акс эттирилгани билан ибратлидир.

“Азал гурунглар” тўпламидаги “Ўзлигим – ўзбеклигим” сарлавҳаси остида берилган лавҳани ўқиймиз: “Момолар “тупроғи алмашибди”, “ери овушган” деган ибораларни ишлатиб қоладилар. Улар кўпинча эл ошиб, бош­­қа бир жойга кўчиб борган одамнинг болаларидан бирортаси касал бўлса, шу болага нисбатан шундай сўзларни қўллашади. Гўёки унинг руҳи киндик қони тўкилган тупроғини тусаган, томири кўкарган ерни истаган. Сўнгра улар бола туғилган ердан бир кафт тупроқ келтиришиб, тугунча қилиб, унинг ёстиғи остига қўядилар”.

“Ор” сарлавҳали ҳикоясида элда довруғ таратган мард полвоннинг ғурури ва унинг акси бўлган номард “полвон”нинг ғирромлиги қарама-қарши қўйилан. Бу ерда ўқувчига улар ўртасида кечадиган кураш эмас, балки курашнинг қоидаси ўта муҳимлиги, кекса полвоннинг тантилиги, шу феъли учун ҳам олқишга сазоварлигига урғу берилган: “… Халойиқ! Мен Алининг майдонини ораламаганимга ўттиз йил бўлди. Мен Тойир полвонга талабгор бўлиб тобоқни кўтарганим йўқ. Бош тобоқ Тойир полвонники, буни Худоям, бандасиям билади. – Тўрабой полвон давранинг кунботар тарафига йўлбарсқараш қилди. – Ҳоов, Қаршибой, сен “Мен Тўрабой полвоннинг елкасини ер искатганман” деб элга овоза қилибсан. – Бутун давранинг назари Қаршибой полвон томонга бурилди. – Ёлғон полвонга ярашмайди. Сенинг айтган гапингдан менинг орим келди. Шунга-да, ўттиз йил ўтиб, яна майдон ораладим…”.

“Бобосўз изидан” сўзлар билан сўзлашув” китобига мурожаат қилсак. Ундан биргина мисол келтирайлик:

“Жигар ва бағир”

Жигар тушунчаси бизда азалдан қадрли тушунчалардан бири бўлган. Жигар танадаги энг муҳим аъзолардан бўлгани учун уни ифодаловчи сўз халқ тилида образ даражасига кўтарилган. Ака-укани, опа-сингилни, энг яқин қариндошларимизни жигарим деймиз. Бундай атов туғишганларга “Мен сизларсиз яшай олмайман” деган муносабатдан келиб чиққан. Чунки одам жигарсиз бир кун ҳам яшай олмайди. Жигар форсий сўз. Туркийда бу сўз бағир, бовур сўзлари билан ифодаланади. Қозоқ тилида ҳам, ўзбек тилида ҳам жигарим сўзи ўрнида бовурим дейиш бор. Тилимизда бағир одамнинг қучоғи мазмунини ҳам ифодалаб келади. Бағрига босди ифодаси шундан.

Юсуф Хос Ҳожибда бағырсақ деган сўз “меҳрибон” маъносини англатади:

Бағырсақ киши-ол кишида чыны

Маъноси:

Меҳрибон киши кишиларнинг асилидир.

Маҳмуд Қошғарий берган маълумотга кўра, аёлларнинг сийнабанди қадимги тилимизда бағирдақ де­йилган. Бу нарса аёлнинг кўкрак, жигар, тўш қисмини ёпгани учун шундай аталган бўлиши керак. Қолаверса, тананинг бўйиндан қорингача бўлган олди қисмига бағир дейилган. Баъзи туркий тилларда бағир сўзи юрак мазмунида ҳам келади. Қадимги турфон ёдгор­ликларидан “Sekiz jukmak”да бағыр сўзи “қариндош, қондош” маъносида қўлланилган”.

Мана, гувоҳи бўлганингиз битта сўз мағзини чақиш қанча изланиш талаб қилмоқда. Китобда юзлаб шундай сўзлар ҳақида қизиқарли маълумотлар жамланган. Албатта минг йил олдин Маҳмуд Қошғарий “Девони луғати турк” китоби орқали туркий миллатларга бебаҳо бир хазина мерос қолдириб кетган бўлса, бугунги кунда шоир Эшқобил Шукур ҳам аждодимизнинг хайрли ишини давом эттираётган ижодкорлардан бири.

“Дунёнинг кўчиши” қиссасидаги қуйидагиларни ўқиган китобхон эса худди қаҳрамон билан ўтовда ўтиргандек бўлади: “Ойсут олтмиш бош­­ли оқ ўтовнинг бешикка суяниб уйқули-ўёвли ҳолда боласини эмизиб ўтирарди. Ўтов тепасидаги очиқ чангароқдан симиллаб тўкилаётган ой нурлари ичкарини заррин шуълаларга кўмиб ташлаганди. Сариқ толдан ясалган панжарасифат керага бошига осилган қизил-яшил сўзаналарда турфа рангдаги ипак гуллар батартиб сочилиб ётади, нафис тикилган товуслар қанотини ёяди. Ўтовнинг керагасига бойланиб, тепадаги чангароқни кўтариб турган ўтов қовурғалари, яъни олтмишта увиқнинг пойига тикилган икки қарич энлиликдаги зардеволларда ранго-ранг чечаклар кулади. Керага бошига увиқларнинг оёқлари бармоқ энлигида тўқилган “келинқошлар” билан маҳкам боғланган. Ўтовнинг тепа қисмида осилиб ётган тўрлиқбовлар, отмабовлар, увиқларни бир-бирига тортиб боғлаб турувчи чарақайбоғишлару қурбоғишлар, попукли тизмалар – ҳаммаси ой ёруғида ва фонус нурларида ғаройиб манзарани ҳосил қилади. Айни шу лаҳзаларда саховатли тўлин ой кўкрагини бешикка бериб мулгиётган пошикас­та Ойсутнинг бошидан ўз нурларини аямай тўкарди.

Бешикда бола йиғлади…”

Тасвирга бой манзара руҳиятингизни музейдаги энг жозибадор экспонатдай ўзига жалб этгани шубҳасиз. Бу ажойиб, халқона, ширали оҳанг­ларга бой чизгиларни ўқир экансиз ўзлигимиз, тарихимизни, аниқроқ айтадиган бўлсак, минг-минг йиллар ота-боболаримиз бошпанаси бўлиб келган ўтовни кўрган, ҳис қилгандай бўлдингиз. Тўғрими?

Ҳар бир элнинг ўзига хос турмуш тарзи, унга сингиб кетган қадриятлари, маданияти бор. Бу   ижодкорлар наздида ана шундай бадиий,   илмий-маърифий ифодасини топиб борса, бундай асарлар келгуси авлодга кўзгу бўлажак.

Халқимизнинг таниқли шоири, иқтидорли публицисти Эшқобил Шукур ижоди ҳақида кўп сўз айтиш мумкин. Унинг ҳеч кимга ўхшамаган ўз ижод йўли бор. Айниқса, бетакрор шеърияти, халқона ва қуйма. Уларни ўқиган ўқувчи чинакам ижод булоғидан баҳраманд бўлади. Чанқоғи қонади.

Албатта, шоир шеърий санъати ҳақида навбатдаги мақолаларимизда тўхталамиз.

Холмуҳаммад Каримий,

ёзувчи

Янгиликларни дўстларингизга улашинг



Source link