Saturday, January 28th, 2023

Оти қора Ойпари – HURRIYAT


ёки ўқувчини бездираётган почта хизмати, обуна   бизнеси, маънавият-маърифатнинг “жонкуяр алломалари” ва миллий матбуотимизнинг бугунги аҳволи хусусида

 

Сурхондарё вилоят марказидаги газета дўконларини айланиб, эрталабки байрам кайфиятидан асар ҳам қолмади. Биз қандай асрда , қандай жамиятда яшаяпмиз?! Ҳамма имконият ва шароит мавжуд бўлган, энг ривожланган техника ва технология асрида зиммамиздаги бурч ҳамда вазифага   нисбатан масъулият шуми?!   “Ўзбекистон почтаси”, “Матбуот тарқатувчи” каби ташкилотларнинг “зиёкор”лари корчалонлари бутун мамлакат ва миллатимиз Учинчи   Ренессансга мустаҳкам пойдевор   қўяётган бир пайт­­да миллий маърифат, маънавият ва мафкура ўчоғи бўлган матбуотга муносабати шу даражага етиб келганлигига ўзимни ўзим ишонтиролмадим…

Худди кечагидек кўз ўнгимдан кетмайди. Ёлғизбоғ қиш­лоғимизнинг етти яшаридан етмиш яшаригача хабарчи (почтальон) мулла Бойқобул бобони ҳар куни интизорлик билан кутар эди. Эрталаб кўк эшагини миниб,   қиш­лоқ оралаб туман марказига қараб кетарди. Туш пайти бўлар бўлмас хуржунининг икки кўзини газета-журналларга тўлдириб қайтарди. Уч қишлоқда уч юзга яқин хонадон бўлса, ҳаммасига газета- журнал, хат, телеграмма, “посилка” деган нарсаларни тарқатиб чиқарди. Бу мўйсафид бунча ишга қандай улгурарди… Бунинг устига, ҳамма дала билан банд бўлганлиги учун у кишига қишлоқ   қариялари чироқ шиша, новвот, чой, гугурт, каби нарсаларни ҳам та­йинлашарди. Бобо ҳеч қачон қишлоқдошларининг раъйини қайтармасди. Бунга ҳам ярим асрдан ошди. Қанча эврилиш­лар, ўзгаришлар, юксалишлар бўлмади, дейсиз.

Ўзим ёқтирган газета- журналларнинг янги сонларини олиш учун ўтган йилнинг 6 декабрь куни “киоска”ларни айландим. Айримлари ёпиқ, айримлари эса “ҳали келмаган” ёки “сотувга беришмайди”, дейишди. Тушдан сўнг соат иккиларда “Матбуот тарқатувчи” вилоят бўлимига бордим. “Hurriyat”нинг ўтган йилдаги охирги сонини сўрадим. “Олдинги сонлари бор”, қўлимга тутқазди масъул ходим. — Лекин сиз айтган сон келмаган. Бир оздан сўнг “мана янги почта   келди”, деб газетанинг 51-сонини берди.   Хайрият, ўтган йил 28 декабрда чиққан газета ўн кун деганда азим Термиз шаҳрига Янги йилнинг 6 декабрида кечки пайт етиб келибди. 30 декабрдаги сони   қачон келиши ҳали номаълум…

Таҳририятларнинг юқоридаги ташкилотлар билан ўзаро тузилган хизмат шартномаси ижросига ким жавоб беради, жаноблар!? Бу газета ва журналлар вилоят   марказидан 200- 300 километр   узоқликда жойлашган Сариосиё,   Узун, Олтинсой, Бойсун, Музработ каби туманларининг энг чекка   қишлоқларига қачон етиб боради?! Наҳотки, мамлакатда “Ўзбекистон почтаси” ва “Матбуот тарқатувчи”дек нуфузли ташкилотларнинг меҳнат фао­лиятидаги тартиб- интизомни назорат қиладиган муассаса ёки вазирлик бўлмаса?!

Юқоридаги масъул ташкилотлар фаолиятини бошқариш ишониб топширилган   раҳбарлар бу “фаоллик” учун нимани важ қилиб кўрсатадилар? Ҳар куни вилоятга самолёт, поездлар, автобуслар узлуксиз қатнаётган бўлса? Ахир бу жаноблар хизмат ҳақларини таҳририят ва нашриётлардан бир йил олдин   қуртдек санаб олиб қўйишади-ку?! Бошқача айтганда, бу халқнинг—обуначининг пешона тери билан топган пули-ку! Халқига ҳозиржавоблик, обуначига сийлов шундай бўладими?! Мана сизга, маънавият ва маърифатнинг   аҳволи! Хўш, бир ҳафта, ўн   кун ўтиб келган газетани   обуначи нима қилади. Албатта, варақлаб ҳам кўрмайди…

Газетхон ва журналист сифатида нима ҳам дердим. Ноилож, “Раҳмат, чарчамангизлар”, дея бу даргоҳни тарк этдим.

Айрим маънавият ва маърифатдан йироқ кишилар “Европада ҳам интернет бор, лекин газеталар беш юз, бир миллион нусхада чоп этилади, нега сизлар минг, икки минг нусха чиқарасизлар,” деб иддао қилишганда умримнинг ярим асри газетачиликда ўтганлиги учунми, пешонамдан тер чиқиб, ҳаво етишмай қолади. Почта хизматининг аҳволи   шундай бўлгач, ўқувчи — обуначида   нима гуноҳ?! Миллий маънавият ва маърифат, деб нуфузли   минбарлардан бонг урамизда, республика   матбуот нашрларига обуна йилдан-йилга кескин камайиб кетаётганлигига   томошабин бўлиб тураверамиз. Ўзимизни миллатпарвар, элпарвар қилиб кўрсатамиз. Ўқитувчига, талабага, шифокорга, идора, корхона, ташкилот, муассаса ходимларига газета – журнал ўқиш мажбурий эмас, деб қайта-қайта огоҳ этамиз!

Очиғи, нима сабабдан матбуотдан одамларнинг бези­шига касбим тақозоси билан кўп бор гувоҳ бўлганман. Айрим раҳбарлар обунани ҳақиқий бизнесга айлантириб юборишган. Йил якунига бир- икки ой қолавериб, секингина вилоятдаги бошқармалар, ташкилотлар раҳбарлари мажлисга чақирилади. Аввалига обуна ҳақида расмий гап­лар айтилиб, “қўлингизда тақсимот бор, фалон нашрга кўрсатилганидан бир дона кам обуна бўлган раҳбар мен билан ишламайди”, деб дағдаға қилинади. Кейинги чақирувда эса: “Нега бажармадинг, аризангни ёз, сен билан тегишли органлар шуғулланишади,” дея масалага нуқта қўяди зўравон ҳоким. Эртасига орган ходими ва ўринбосари бориб ўша ташкилотда тор доирада йиғилиш қилиб, ваҳима кўтаради. Қарабсизки, ходимларнинг розилиги билан ушлаб қолинган маблағ улар истаган нашрларга эмас, катта раҳбар айтган нашрга тўлиғича ўтказилади. МИЛЛИАРДЛАБ ПУЛЛАР! Оти қора   Ойпари! Ўйлайсизки, ўша эрка нашр ходимлари отнинг калласидай маош, қалам ҳақи ва мукофот олиб шоҳона   яшашади… ОЙЛАБ МАОШ ОЛИШОЛМАЙДИ…   Мана матбуот бизнеси, замонавий коррупция! Ўзи истаганга обуна бўлолмагани учун мажбурий обуна қилинган нашрни юзига ҳам қарамайди. Нега   қаршилик кўрсатмайсизлар, деган сўровга ўнлаб ходимлар: “Қўяверинг, садақа! Ярим ойлик маошни деб раҳбар билан чап бўлишни, ишдан кетишни, сиз ҳам хоҳламасангиз керак!” дея саволга   аламли савол билан жавоб   қайтарган ўнлаб инсонларга гувоҳ   бўлганман.

Маънавият ва маърифатга бўлган эътибор фақатгина қоғозда эканлигига яна бир мисол. Вилоятдаги туманлар марказларига, қишлоқлар, қўрғонлар, маҳаллалар, гузарларда кундуз куни чироқ ёқиб   қидирсангиз ҳам бирорта газета дўконларини кўрмайсиз. Ахир ҳамма ҳам обуна бўлолмайди-ку! Ана шундай дўконлар очилиб, газета ва журналлар сотуви йўлга қўйилса бўлмайдими? Наҳотки, бир тумандан, бир қишлоқдан, бир маҳалладан, бир гузардан бир дона “Халқ сўзи,” “Янги Ўзбекистон,” “Ўзбекис­тон адабиёти ва санъати”, “Маърифат”   газеталарини, “Шарқ Юлдузи”, “Тафаккур,” “Жаҳон адабиёти” каби журналларини сотиб олиб ўқийдиган бирор инсон топилмаса? Бирор эмас, ўнлаб, юзлаб одамлар сотиб олишига имоним комил. Фақат эътибор керак!

Бу — қишлоқ одамларининг орзусига айланган муаммо! Лекин газета дўконларини очишмайди. Яна оти қора   Ойпари. Баҳона: “Одамлар сотиб   олишмайди!” “Ўзбекистон почтаси” ва   “Матбуот тарқатувчи”нинг жойлардаги масъул вакилларининг бу иддаоси дунёларга сабоқ бераётган донишманд ва закий халқимизга,   миллатимизга нисбатан очиқдан- очиқ ТУҲМАТдан бошқа нарса эмас! Халқимиз миллий матбуотимиздан эмас, миллий   масъулларимиздан безиб қолган, десак янада тўғрироқ бўлади. Биз юқорида хабарчи чолни бежиз эсламадик. Ҳар ким   зиммасидаги вазифага ҳеч бўлмаса ўша чолдек виждонан ёндошганда эди, юқорида тилга олинган муаммоларга   ўрин қолмасди…

Сафар ОМОН,

“Hurriyat” мухбири

Янгиликларни дўстларингизга улашинг



Source link