Thursday, January 26th, 2023

Оёқ чалкаштиришнинг чалкашликлари – HURRIYAT


ёки ақл – бошқа нарса, фаросат – бошқа

 

Яқинда Украина Президенти ҳайъати Қатарга расмий сафар қилди-ю, балога қолди-ку. Чунки ҳайъатдаги вазирлардан икки нафари араблар билан суҳбат чоғида оёқларини чалкаштириб ўтирибди, денг. Бу ислом оламида жуда ёмон беодоблик ҳисобланади.

Буни араблар ўзларига нисбатан беписандлик ва ҳурматсизликнинг олий намунаси сифатида қабул қилишди. Шунинг учун ижтимоий тармоқларда тўполон бош­ланди. Одамлар норозиликларини ёзиб ташлашди.

Қизиқдан-қизиқ алоқадорликни қаранг. Уч-тўрт кун бурун ғазалнавис шоир Исмоил Маҳмуд ҳожи акамиз телевидениеда берилган бир кўрсатувдан норози бўлганларини гапириб қолдилар. Оти – эсимда йўқ, бир ёш, истеъдодли шоир кўрсатувда қатнашиб, оёқларини чалкаштирган ҳолда сўзлабди, шеър ўқибди.

—Шоирлигинг – ўзингга! Шу ҳам одобми? Фаросат қани? Шу беҳурматлиги билан у қандай қилиб халққа маънавият улашади? Ахир, кўрсатувни миллион-миллион киши кўради-ку! – дедилар.

Кейин қайсидир бадиий фильм муҳокамасига бағишланган телекўрсатувда таниқли бир олимимизнинг ҳам оёқларини чалкаштириб сўзлаганини эслаган бўлдик.

Хотира ёмон нарса-да. Бир таъсирчан воқеага гувоҳ бўлсангиз, қурғур бир умр эсдан чиқмайди-да.

Устоз Ғайбулла Саломовга невара шогирд эдим. Илмий раҳбарим— таниқли олим Нажмиддин Комиловнинг ҳам устозлари эдилар. Шу улуғ зотнинг тавсиялари билан курсдошим Зуҳриддин Исомиддинов билан иккаламиз Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳозирги Ўзбек тили, адабиёти ва фольк­лори институтига ишга кирганмиз. Институтимизга келиб қолсалар, шогирдлар атроф­ларини ўраб олар эдик.

Бир гал Таржима назарияси секторининг катта хонасида ўртага стул қўйиб, ўтириб олдилар. Ҳаммамиз стулларимизни ўртага олиб, давра қурдик. Қизғин суҳбат бош­ланди. Шогирдлардан бири домланинг рўпараларига ўтириб олган. Берилиб гап беради. Лекин бир чап оёғини ўнг оёғи устига қўйиб олади, бир ўнг оёғини чап оёғи устига. Яна тепадаги оёғини ўйнатиб-ўйнатиб қўяди ҳам. Оёқ нақд устознинг пешоналари олдида бориб келади-да.

Бу акамизнинг фаросат қилмаганини ўшанда кўнглимга тугиб қўйган эдим.

Йиллар ўтди. Бир куни устознинг зиёратларига бордим. Дарвозахоналарининг устидаги кичкинагина болохоналарини ижодхона қилиб олган эдилар. Ишлаганлари ишлаган эди.

Бир пайтлар институтимиз директорининг ўринбосари бўлиб ишлаганлар. Ёр-дўстларни сўраган бўлдилар. Гап айланиб, ана ўша оёғини домланинг пешоналари олдида ўйнатган акамизга тақалди.

— Ундан ҳақиқий адабиётчи чиқмайди, – дедилар устоз.

— Нега? – дедим қизиқиб.

— Диди етмайди, фаросати йўқ. Фаросати бўлса, ҳўв, бир гал борганимда, эсингизда борми, оёғини оёғига чалкаштириб, нақд пешонамнинг олдида ўйнатган-а. Илми бордир, ақли бўлиши мумкин, лекин фаросати – йўқ…

Ғарб – Ғарб, Шарқ – Шарқ. Эҳтимол, Шарқ Ғарб бўлолмас, бироқ фаросат бобида Ғарб ҳам Шарқ бўла олмайди.

Демак, фаросат деб аталган нарсага илм ўрганиб, китоб ўқиб ҳам ололмаслик мумкин экан-да. Бу тарбияга боғлиқ бир мезон экан-да…

Султонмурод ОЛИМ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган

маданият ходими

Янгиликларни дўстларингизга улашинг



Source link