Friday, November 25th, 2022

Публицистика — жанговар жанр нега “йўлбарс терисини ёпинган” қўзичоқ ҳолига тушиб қолди?


Анча йиллар муқаддам Ёзувчилар уюшмаси жанрларнинг сара намуналарини йиғиб, бешта китоб чиқарди. Менга улардан бири керак бўлиб қолди, аммо ҳаракатларим беҳуда кетиб, топа олмадим. Тасодифан дуч келган бир шоирдан “Шу китобни кўрдингизми, сизда борми?” деб сўрадим. Ўзини жами ёш, ҳавас­кор қаламкашларнинг устози деб тарғиб қилиб юрадиган бу зот саволимга жавобан: “Биз унақа китобларни қўлимизга ушламаймиз” деди лабини буриб. Ажаб, қофия санъатида у нимага эришди-ю, адабиёт уни қанчалик тан олади, билмадим, аммо бунчалик беписандлик мени лол қилиб қўйди.

Шунақаси ҳам бўларканми, бутун бир жанрга бағишланган, яхши-ёмон ёзарманлар ижоди жамланган тўпламни қўлга ушлаш шунчалик катта гуноҳ ёки паст кетиш ҳисобланармикан? Ахир бу жанрни “сўз санъатининг чақмоғи”, соҳани эса “жамиятнинг рупори (кўтарадиган куч — елкаси)” деб таърифлаганлар хато қиладими? Гапнинг индаллоси – муҳокама ижтимоий тафаккурдаги публицистика йўналиши ва бадиий адабиётдаги публицистика жанри ҳақида кетаяпти.

Ўзи, бисотимиздаги ҳар хил, ҳатто бир хил нарсадан бирининг суюкли бўлиши одатдаги ҳолга ўхшайди. Ота ёки она фарзандларининг бирини бошқалардан айрича меҳр билан яхши кўради (сабабини ўзи билади). Бир лаган олмадан ҳам қайсисидир кўзга яқин туюлади ва ҳоказо. Адабий жанрлар: шеър (поэзия), наср (проза), драматургия қаторидан шеър (шеърият) ана шундай меҳр қозонган. Бизга шоирлик бобомерос: дунёнинг энг “зўр” шоири – Алишер Навоий бизнинг адабиётимизга мансуб. Шунинг учун “Ўзбеклар ишга кириш учун аризани шеърда ёзади” десалар ҳам ишонаверинг. Ҳатто солиқ ёки милицияга чақирувлар ҳам шеърда ёзилиши мумкин бизнинг тилимизда. Шеър – ўзбекона жанр, ўзбекларнинг ҳаммаси шоир деган гапда ҳам жон бор.

Наср (проза)нинг тақдири бизнинг адабиётимизда қизиқ. Мумтоз шоирлар, масалан, Навоий ҳазратлари ҳам   насрни “писанд қилмаганлар”, десак хато бўлмайди.

Буюк Навоий насрда ҳам гўзал намуналар: хат, тарих, арзи ҳол, ҳатто ижтимоия (публицистика)нинг нодир намуналарини яратган бўлсалар ҳам, насрни “сўз гавҳарларини тизгинсиз сочиб ташлаш” деб билганлар ва ижодлари вазнга солинган жавоҳирлардан иборат.   Ҳазрат нисбатан имконият чегараланган (қофия, туроқ, банд сингари талаблар туфайли) назмда ҳатто насрда айтиш мумкин бўлганидан юқори даражага кўтарилганлар, яъни шеъриятнинг жилвакор инжиқлиги фикрни чеклаб қўймаган, аксинча, унга жило бериб, насрдан ҳам юксалтирган. Шубҳасиз, ҳамма Навоий ҳазратларидек ижодини сўз дурдонаси сифатида шеърда изҳор қилишни хоҳлайди, аммо “мажоли етмайди”. Алишер Навоий шеъриятда – носир, назмда – шоир. Ҳатто бу мезондан ҳам баланддир!

Драматургия эса антик давр адабиётининг етакчи жанри бўлган. Бу жанрнинг ютуқлари ҳақида ҳам кўп гапириш мумкин. Аммо гап у ёки бу жанрда эмас, балки мақсадга етишда уларни қанчалик сафарбар қила олишда. Дейлик, қўлдаги беш бармоқнинг бири бошқасидан муҳим ёки қимматли дейиш ақли расо одамнинг гапи эмас. Жанрларга ҳам мен шундай қарайман.

Сояки шоирнинг иддаосига келганда эса шуни маълум қилиш керакки, унинг зардасида жон бор. Бу фикрнинг исботи ва изоҳи батафсил далил-шарҳни   талаб қилади. Маълумки, бадиий адабиёт мафкура қуроли; инсоннинг онги ва тафаккурига таъсир қилишда ундан кучли восита йўқ. Очиғи, бошқа санъатлар унинг елкасидан униб чиққан, у – ота замин! Шундай бўлгач, давлатни идора қилишда бу соҳа одамлари, яъни ижодкорлар ҳукмдорлар (умумий тарзда шундай атайман)нинг доимий назарида турган. Ҳатто давлат томонидан   “Сўз санъаткорлари! Сиз ким билансиз?!” деган чақириқлар тез-тез янграб турган…

Гапни қисқа қилиш, мақсадни аён этиш учун бевосита муҳокама нишонига нигоҳни тўғрилаймиз: публицистикага беписанд қарашнинг шаклланиши чуқур асосга эга, унинг жиддий сабаблари бор. Публицистика бадиий адабиётнинг шундай турики, унинг тасвир дурбини тўғридан-тўғри бугунги кунларга қаратилади, унинг қаҳрамонлари ўқувчининг атрофида тирикчилик қилиб юрган одамлар бўлади. Жанрлар бор – бутунлай хаёлотга асосланади, тасвирланган мавзуни борлиқдан топа олмайсиз. Унинг қадрлилиги – муаллиф ўша “алмойи-алжойи” нарсалар воситасида муҳим бир гапни айтмоқчи бўлади. Уни айлантириб, пардалаб, ҳайвонлар, мевалар ва ҳоказо борлиқ мавжудотлари ёки афсонавий унсурларга кўчириб, аллегорик тарзда маълум қилади. Публицистика эса “шап-шап” деб ўтирмай, дангалига “шафтоли”, деб қўя қолади.

Ўтган асрда халқимиз мустамлака зулмини бошдан кечирди, ҳукмрон мафкура миллий қадриятларни оёқ ости қилди. Шундай шароитда босқинчиларга воқеликни борича кўрсатадиган, ҳақиқатни бўяб-бежаб ўтирмай, шартта айтиб қўядиган адабиёт керак эмас эди. Нафсиламрини айтганда, қатағонга учраган Абдулла Қодирий ёки Фитрат, Чўлпон ёки Усмон Носир “гул ва бубул”ни мадҳ этиб, ёрнинг қошу қабоғини таърифлаб юрганида ва ўрни билан мавжуд тузумга мадҳиялар битиб турганида, ҳеч кимнинг эътиборини тортмаган, эҳтимол, азиз жонлари омон қолган ҳам бўларди. Улар ижтимоий ҳаётга фаол аралашдилар, шўро босқинининг одамкушлигини, миллий тараққиётга зидлигини аниқ айтдилар. Уларнинг ёзганлари халқ ўртасида катта обрў-эътибор қозонди, омма уйғона, коса тагидаги ним косани англаб, ҳақиқатни тушуна бошлади. Бу ҳол эса босқинчилик сиёсатига зид эди. Шу туфайли жамият публицистларни қаттиқ назоратга олди, уларни ўз ноғорасига ўйнатмоқчи бўлди. Буни эплай олмаганидан эса жисмонан йўқотиш йўлини тутди.

Энди публицистик руҳдаги асарлар (энг оддий хабардан очерк-фельетонгача) қаттиқ назорат қилинадиган бўлди. Бу юмуш тоталитар тузумнинг содиқ малайларига – ўша замоннинг “главний редактор” (бош муҳаррир)ларига юкланди. Шундай қилиб, муаллифнинг ёзгани кундага олинадиган, у исталганча “таҳрир” қилинадиган бўлди. Бир сўз билан айтганда, публицистика оти бору ўзи йўқ жанрга айлантирилди. Кўплар публицистикани саводсизларча ёзилган дафтар варағидаги матн бўяб, таҳрир қилинган, хатолари тўғриланадиган ва исталганча ўзгартириш мумкин бўлган “кўпкари дашт” деб тушунадиган бўлди. Табиий, бир томондан буюртма бўлмаган, иккинчи томондан юзга бўёқ чаплангандек бадбашара қиёфадаги ижод маҳсули ҳеч кимни қизиқтирмай қўйди, унинг мухлислари йўқолди. Шу туфайли публицистика бадном қилинди, у “қора жанр, унда истеъдодсиз кишилар ижод қилади” қабилидаги туҳматлар тўқиб чиқарилди.

Бундай муносабат қизил империянинг бошидан охиригача ҳукм сурди. Шунинг учун ҳамма шеърга ўтди, шеър ёзиб, адабиётда қолишга рўжу қўйди, деб айтиш мумкин. Шеър керак эди, аммо вазият бадиий зиёлилардан замонни тушунтириб беришни талаб қилаётганди. Агар ўзбек адабиётида қатағон қилинган шоирлардек лаёқатли публицистлар бўлганда, миллатнинг тақдири ҳам, адабиётнинг қиёфаси ҳам бошқача бўларди. Публицистика – сўз санъатининг қудратини инсоният бахту иқболига йўналтира оладиган ҳаётий жанр. Унда шеъриятга хос нафосат, насрга хос кўламдорлик, драматургияга хос шиддат бор. Фақат публицистикани эплаб ёза олмаганлар, унда бирор натижага эриша олмаганлар ундан қочганлар, рости, унда қалам суришга мажоллари етмаган. Негаки, ҳақиқий публицистдан мавзуни теран ёритиш, ундан ташқари етук сиёсатчи ва тарих билимдони бўлиш, албатта, қойиллатиб ёзиш маҳорати талаб қилинади.

Кўплар қофияга ёпишиб, сув чиқмайдиган ерни кавлаб ётади. Шоирлик туғма истеъдод, кимга йўргакдан юқмаган бўлса, минг китоб ўқигани, шеър ёдлагани билан оддий қофиябоз бўлиб қолаверади. Рости, шоирлар қаторида дарж этилишда иқтидордан ташқари мусаффо қалб, шердек юрак керак бўлади. Шеър эрмак учун, обрў ёки мартаба учун ёзилмайди, у юрак қони билан Ҳақ йўлида холис хизмат истаги билан ёзилади. Кимники шунга мажоли етмаса, унинг полизга тушган ўғридан фарқи йўқ. Аросатда юрганлар қобилиятини, балки иқтидорини “қора иш” деб ўтирмасдан, публицистикада, мақоланависликда синаб кўрганда, ўзига ҳам, халққа ҳам кўпроқ нафи теккан бўларди. Публицистика шундай қора ишки, у қудуқ ёки мўри тозалаш эмас (бу ишларда қудуқдан лой, мўридан қурум кийимга ёпишиши мумкин), балки сув чиқмаган чўнг ерни ағдариб, уруғ қадаб, мўл ҳосил ундирадиган қора меҳнат, яратувчилик. Бу ҳолни ҳеч бўлмаганда ўз қўли билан таржимаи ҳолини ёзишга тутинган одам бирданига ҳис этади. Ҳолбуки, мукаммал публицистик асар – тинимсиз изланиш, пухта тайёргарлик, иқтидор ва ижодий салоҳият маҳсули. Негаки, жамият тақдирига дахлдор кичкина ахборотни оммага етказиш ҳам улкан жавобгарликдир.

Шундай қилиб, сўз санъатининг бевосита жамият ҳаё­тига йўналтирилган ҲОЗИРЖАВОБ жанри имкониятидан фойдаланилмай келинди, дейиш моҳиятнинг жуда жўн ифодасидир, яъни воқеликнинг субъектив томонидир. Ҳолбуки, бунинг учун (публицистикада ёзиш учун) муаллифдан барча мезонлар қатори оташин ватанпарварлик ҳам талаб қилинарди. Қоғоз қоралайдиганлар кўп, лекин уларнинг ҳаммаси ватанпарвар эмас. Агар бу фазилатни бадиий ижод кўламида баҳолайдиган бўлсак, жами майда манфаатлар, ҳатто шахсий эҳтиёжлардан ҳам воз кечиб, фақат зуваласи қорилган, аждодлари мангу макон тутган ва охирида ҳам ўзига абадий маскан бўладиган тупроқ шарафини улуғлаш тушунилади. Ана шу кўзгудан қараганда, ижодкор, ҳатто публицист қиёфасида майдонга тушиб, қандай “отўйин”ларга тушиб қолганларни кўплаб кўриш мумкин (ким(лар)нингдир буюртмаси билан “оқ”ни “қора” қилиб ёзиш ва бошқалар). Бундай ҳоллар жанрни обрўсизлантириш эди. Қолаверса, мустақилликнинг илк йилларида ўзбек матбуотида шундай нохуш ҳолат кузатилди: мабодо бирон газетада танқидий мақола чоп қилинса, бош­­қа бирида ўша жой ёки ўша танқид қилинган шахс ҳақида мақтаб мақола эълон қилди ёки аксинча (бу пайтда оқлайдиган далил ҳам бор эди: “Тижорат мақола, пулини тўлаб қўйган, бермасак, бўлмайди…”). Шу тарзда матбуотнинг обрўси тушиб кетди, публицистиканинг ҳам.

Демак, публицистика ЖАБРДИЙДА жанр эди, яна шундай бўлиб қолди.   Ҳолбуки, нимани ўзгартириш керак бўлса (бу ўзгариш, албатта, тараққиёт нуқтаи назаридан ижобий томонга бўлиши керак!), уни публицистика майдонига олиб чиқиш талаб қилинади. Бу дегани мавзу, яъни ўзгариш талаб қилинадиган ҳодисага жамоатчиликнинг эътиборини тортиши зарур бўлади ва бу юмушни газета (радио, ТВ) орқали публицистика амалга оширади. Эътибор беринг, буюк эпоха бошланаяпти – неча асрлар давомида авлодлар кутган кунлар насиб этди. Ҳаммасини янги асосга қўйиш, яъни ўзгартириш лозим. Шундай шароитда …публицистика майда ҳиссиётлар буҳронида боши айланиб ётибди: юқорида айтганимиздек, бир газета танқид қилса, кўп ўтмай бошқаси мақтаб чиқади! Жамоатчилик кимга ишонишни, демак, мўлжални қайси томонга олишни билмай қолди.

Ҳа, ўзбек публицистикаси зиммасига тарихий миссия юкланган лаҳзаларда яроқсизлигини кўрсатиб қўйган эди. Ёки эзгу ният билан дунёга келган баъзи янги матбуот нашрлари бошига тушган шўришларни ҳам кўпчилик эслайди. Бундай ҳолатлар чуқур инқироздан далолат эди. Албатта, бу асрлар давомида тутқунликда ушланган ижтимоий фикр, буюртма бўйича яратиладиган адабиёт, маслаксиз қаламкашларнинг мағлубияти эди. Афсуски, ўшанда йўқотилган ишонч йиллар ўтса-да, қайтмади, аксинча, чуқурлашиб борди ва бугунга келиб, масала “Газета керакми?” тарзидаги шармандали савол тарзида майдонга чиқди. Аслида, “Газета керакми?” деб сўраш “Ақл керакми, тафаккур керакми?” тарзидаги бебурд саволнинг айни ўзи.

Вазиятга ана шу баландликдан баҳо бериладиган бўлса, оммавий ахборот хизматлари (ОАХ)нинг асосий қуроли публицистика характерини бир қур такрорлаб ўтиш ортиқчалик қилмайди. Публицистика тезкор, ҳозиржавоб, ижтимоий ҳаётга энг яқин бўлишдан ташқари ЖАНГОВАР жанр – у баҳс майдонига тушганда ўз тамойилини охиригача ҳимоя қилади. У ЖАФОКАШ жанр, ўз нуқтаи назарини исботлаш учун турли шароитларга гирифтор бўлади: шахталарга тушади, қамоқхоналарга кириб чиқади, қора кучлар билан юзма-юз бўлади, туҳматларга қолади, ҳатто ҳаётини бой беради. Хуллас, бундай қирраларни амалиётчилар давом эттириши мумкин, охирида эса унинг ЖАВОНМАРД жанр эканини таъкидлаш билан чекланамиз. Журналистика – хослар касби, яъни жамиятнинг моддий эҳтиёжларини тўла қоплаган, ўзига тўқ табақалари вакиллари шуғулланадиган соҳа. Негаки, бу касбда тирикчилик ўтказиш даражасига етгунча 3-4 йил, балки ундан кўпроқ вақт ўтади ва шу даврда чўнтагидан сарфлаб, фақат ўзининг “зарари”га ишлашига тўғри келади, яъни жамоатчилик “Фалон журналист”нинг дастхатини таниб, уни эътироф этгунича касб малакасини ҳосил қилиши, ривожлантириши ва машҳур бўлиши лозим. Бунинг учун эса халқона тилда айтганда “зўр мақолалар” ёзиб танилиши талаб этилади. Афсуски, бу даражага етиш осон эмас, ўзи, кўпларнинг ҳафсаласи шу оралиқда тамом бўлади.

Ҳақиқий журналист – миллатнинг шарафи, маънавий бойлиги, халқининг, Ватанининг шаънини ҳар қандай минбардан ҳимоя қила оладиган қудратли қуроли. Унинг ўткир сўзи жамият муҳитини ўзгартириб юборадиган қуд­ратга эга. Шу ўринда Лев Толстойнинг “Жим тура олмайман!”, Эмиль Золянинг “Мен айблайман”, Иван Тургеневнинг “Гамлет ва Дон Кихот” сингари мақолаларини келтириш мумкин. Оташин публицистиканинг намунаси бўлган Уинистон Черчелнинг Фултондаги нутқи (1946 йил 5 март) дунё қиёфасини ағдар-тўнтар қилиб ташлаган. Ёхуд ўзбек адиби Одил Ёқубовнинг бундан роппа-роса 33 йил аввал Собиқ Иттифоқ депутатларининг биринчи съездида қилган нутқини эслайлик. Ёзувчи ўзбек халқининг, аёлларининг нечоғлик оғир турмушини, пахта якка ҳокимлиги келтирган кулфатларни рўй-рост очиб ташлаган эди. Бундай ёрқин мисолларни кўплаб келтирса бўлади. Эстон публицист-ёзувчиси Юхан Смуулнинг “Музнома” китоби дунё жамоатчилигининг фикр йўналишига жиддий таъсир қилган, инсониятни бир хавотирдан озод этганлигини биламиз. Ёки машҳур журналистларнинг шахсий ҳаёти катта бир достон эканлигини таъкидлаш ўринли. Бу борада узоққа бориб ўтирмай, буюк санъаткоримиз Абдулла Қодирийнинг “Йиғинди гаплар” фельетонини эслаш янада ўринли. Муаллиф жасорати инсоний тамойилини намоён этган журнал “маҳсулоти” ўша кунларни ларзага келтиргани бор гап. Жамият, қолаверса, инсоният тақдирига дахлдор ўзгаришларга туртки бўладиган қувватни публицистика ярата олади. Шунинг учун ундан “ҳазар қилмай”, сир-синоатларини ўрганиш, буюк яратувчилик қудратидан ижтимоий ҳаётда истифода этиш фойдалидир.

Энди мулоҳазаларнинг учқур қанотидан ердаги манзарага қайтадиган бўлсак, босма нашрлар, жумладан, матбуотнинг келажаги юзасидан турли муносабатларга дуч келамиз. Аксарият тараққиёт бу жабҳани рад этди, энди ҳаммаси вертуал дунёда ҳал бўлади, деган даъвони келтиради. Аммо энг тараққий этган давлатларнинг бугунги куни ҳам бу хулосани тасдиқламаяпти: газеталарнинг адади тушиб кетаётган бўлса-да, йўқ бўлиб кетаётгани йўқ. Аксинча, саёз ахборот оламида воқеаларнинг моҳиятига етиш, “коса тагидаги нимкоса”ни кўришга қизиқиш ортиб бормоқда. Шундай андишалар билан ҳудудий газеталар аҳволига назар ташлайлик.

Катта авлод вакиллари яхши биладики, туман (район) ва вилоят (область) газеталари ўша регион (ҳудуд) ижтимоий ҳаётида сезиларли роль ўйнарди. Ҳар ҳолда “Редакция” деган тушунча ҳеч кимни бепарво қолдирмасди, десам, ёлғон бўлмайди. Бу ҳолнинг ўзига хос сабаблари бор. Ҳудуд бошқарув идоралари ўз газеталарига анчагина ваколатни кафолатлаган бўлиб, уларнинг гапи биринчи раҳбарнинг иродасини ифодаларди. Олайлик, туман газетасида йўлларнинг носозлиги ёки ғўза парваришидаги сусткашлик ҳақида танқид эълон қилинса, нуфузли ва масъул идоралар масаланинг тагига етишар, масала ечимини топар ва бу ҳақда газетхонларга ҳам маълум қилинарди. Танқидлар жуда масъулиятни талаб қиларди ва бундай мақола ёзиш, уни эълон қилишнинг жавобгарлигини мухбир ҳам, редактор ҳам тўла тушуниб, масалага жиддий ёндашарди. Умуман, туман ёки вилоят доирасидаги камчилик ва нуқсонлар газеталар аралашуви билан жойида ҳал бўларди. Айни пайтда ҳам бу механизмни ишлатиш имконияти бор. Айниқса, тараққиётнинг айни босқичида туман ва вилоят газеталари Учинчи Ренессанс тамойилларига жуда юқори даражада хизмат қила олади. Бу ҳақиқатга оммавий ахборот хизматининг куч-қувватини чамалаб, юз фоиз кафолат бериш мумкин.

Умуман, ҳудудий матбуотни қўллаб-қувватлаш жамиятга нима беради? Далилларни бир четдан санаб бораверайлик.

1). Тажрибалар кўрсатганки, туман ёки вилоят марказида давлат ва халқ манфаатларини уйғунлаштириб турувчи бир марказ юзага келади. Бу марказ қуруқ маъмурий-идоравий эмас, балки ҳам расмий, ҳам ижодий руҳга эга бўлади. Агар давлатнинг манбаи халқ, деган тамойилни ёдда тутсак, энг қуйи бўғинда халқнинг ижтимоий борлиққа муносабати (ҳоким, прокурор, милиция, солиқ, маориф, тиббиёт …қандай ишлаяпти?) давлатга етиб келишида бир кўприк пайдо бўлади;

2). Аҳоли турли табақаларининг кайфиятини билиш мумкин бўлади.   Дейлик, фермер ёки касаначи иш фаолиятида учраётган муаммолар ҳақида газеталар таҳри­риятига мурожаат этиши, уларнинг кўмаги билан ўз саволларига жавоб топиш имкони туғилади. Албатта, биринчи манбадан, яъни юртдошнинг ўзидан олинган маълумотлар ишончли бўлади ва муаммони бартараф этиш, аниқ қарорлар чиқариш, истиқболдаги режаларни белгилашда айни мақсадга мос ечимлар қабул қилинишига олиб келади;

3). Ўша ҳудуддаги ижтимоий кайфият ҳақида аниқ хулосалар чиқариш имкони пайдо бўлади. Масалан, кимдир дабдабали тўй қилди. Ҳамманинг тилида шу гап. Газета бу ҳақда таҳлилий мақола бериши мумкин ва бу орқали тўй эгаси ким, у қайси даромадлари эвазига минг кишилик ош берди, унинг тўйдан кейинги аҳволи қандай ва бошқа шунга ўхшаш кўплаб саволларнинг жавоби одамлар учун ҳам, бошқарув тизими учун ҳам қизиқ, албатта. Ёки шу ҳудуддаги ижодий кучларни уюштириш, уларни жамоатчиликка таништиришда ҳам бу нашрларнинг ўрни беқиёс. Сир эмас, ҳозир катта мавқе қозонган ижодкорлар ҳам биринчи мақоласи туман (вилоят) газетасида чиққанини инкор қилмайди;

4). Истиқлол туфайли тарихимиз қайтадан инкишоф этиляпти, юзага чиқяпти. Ҳолбуки, ҳар бир ҳудудда ҳали очилмаган тарихий ҳақиқатлар,   изланувчиларнинг қадами етмаган табаррук жойлар тиқилиб ётибди. Ҳудудий матбуот нашрлари ана шундай воқеалар шарҳи, ривоятлар, удумлар, машҳур ва тарихий шахслар ҳақида мақолалар эълон қила олади, бу билан катта маърифий вазифани бажаради. Шу қаторда чекка-чекка жойларда яшаётган тадқиқотчиларнинг фаолияти билан жамоатчилик таништирилади, таниқли кишиларнинг хотираси эсланиб, уларнинг хизматларини таъкидлаб кўрсатиш имкони пайдо бўлади;

5). Айни пайтда туманлар секторларга бўлиниб, идора қилинмоқда. Албатта, фаолиятдаги бўлиниш туфайли умумий ишларни ягона марказда жамлаш, таҳлил қилиш, тадбирларни мувофиқлаштирилган ҳолда ташкил этиш ва ҳоказо, ҳаракатдаги кучларни бирлаштириш зарурати бор. Айни шу вазифани туман газеталари бажариши мумкин. Шунингдек, сектор раҳбарлари ўз ишлари ва муаммолар юзасидан газета орқали жамоатчилик билан алоқада бўладилар;

“Газетада чиқиш”нинг ўз юки бор. Агар ижобий фикр айтилса, бу энг муносиб мукофот бўлади, танқид эса ҳатто маъмурий жазодан ҳам оғир таъсир қилади. Газетада танқид қилинганлар бир пайтлар яшаш жойларини ўзгартирганлиги ёки фамилиясини бошқа қилиб олганлиги бор гап. Ҳатто “Қамасанг ҳам газетага ёзма!” деган ўтинчлар бўлган. Масаланинг маънавий томони ҳаммага маълум: “Қоғозда ёзилганларни болта билан қирқиб ташлаб бўлмайди”. Хуллас, давлат томонидан шакллантириладиган ҳудудий босма нашрлар бугунги куннинг жиддий талаби бўлиб қолмоқда. Матбуот борасида эришилган натижалар умуминсониятнинг мулкидир, ундан истифода этиш юқори маданият белгиси ҳисобланади.

Умуман, кўпчилликка қаратилган Сўз ҳеч вақт зарарга ишламаган, аксинча, халқимизда “Маслаҳатли тўй тарқамас, маслаҳатли тўн тор келмас” сингари мақоллар борки, жамоатчилик билан бамаслаҳат қилинган ҳар бир иш хайр­­ли бўлган. Бу асрлар синовидан ўтган ҳақиқат. Матбуот, умуман, ОАВ – бир маслаҳат майдони. Агар ҳаракатларимиз келажакда самара берсин, шу муҳташам юртнинг эртаси ҳам буюк бўлсин, деган эзгу ният барқарор бўлса, газеталарга юз буриш кескин талабдир. Зеро, маърифатли халқимизни маърифат орқали (куч ёки зўравонлик билан эмас!) юксалтиришдан ўзга йўл бўлиши мумкин эмас.

Ҳаким САТТОРИЙ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг



Source link