Monday, September 26th, 2022

Ризқ ва умр ёхуд улар орасидаги фарқ қанча? – HURRIYAT


Яратган — Холиқ инсонга бир бора умр ато этади, дейишади. Ҳаёт давомида одам боласи неча йил умр кўради, ризқининг ўлчови қанча, буни ҳам олдиндан ҳеч ким айтиб бера олмайди. Бу мавзу ҳақида ёзишимга она томонимдан бобом – мулла Эшмуҳаммаднинг ҳаётида бўлиб ўтган қизиқарли воқеалар сабаб бўлди.

Бир куни онам раҳматли билан бобомнинг уйига меҳмонга бордик. Бобом – қордек оппоқ соқоллари кўксига тушиб турган қарилик ҳам унга ўзгача чирой, ўзгача нур бағишлаб турган тўқсон ёшлар атрофидаги отахон. Ташқаридан қараганда юзларида худди қуёш чарақлаб тургандек эди.

Бобом ўтган асрнинг бошларида Бухородаги мадрасани тугатиб, Самарқанднинг Миёнқол ҳудудидаги Оқтепа қишлоғида умргузаронлик қилардилар. Жуда ҳам илмли, доно ва ҳаётнинг аччиқ-чучугини кўп кўрган бу инсон ҳар гал борганимизда фалсафага йўғрилган ибратли ҳикоя-во­қеаларни сўзлаб берарди. Шундай кунларнинг бирида:

— Бола-а-а-м, дея ўсмоқчилаб гап бошладилар бобом, — инсоннинг умри жуда ҳам қисқа. Шу умр давомида қилган яхшиликларингиз, зэгу амалларингиз, ибодатингиз ўзингиз билан йўлдош бўлар экан. (У киши ҳеч кимни сенсираб гапирмасдилар).

Сизларга бир воқеани айтиб берай дея давом этди бобом. — Ўтган асрнинг ўрталари, ёшим олтмишдан ошиб қолганмиди, ҳозир аниғи эсимда йўқ. Бир куни қўшним тонг саҳардан югуриб чиқди.

— Мулла бова, ҳув, мулла бова, — ҳовлиқиб тез-тез сўзларди-ю, у ён бу ёнга алангларди у. — Сизни уйингизни “обиска” қилишга партқўм билан учасковой келишар экан, катта неварангиздан эшитиб қолдим. Эҳтиё­тингизни қилинг, деб огоҳлантиргани чиқувдим.

Мен эса:

— Хайр, майли, келишаверсин, Оллоҳдан яширмаганимизни бандаларидан, ҳукуматдан ҳам яширмаймиз. Бизнинг боримиз шу, – дедим.

Бироқ уйда устозимдан қолган битта “Қуръони карим” ва Фариддин Аттор ҳазратларининг тасаввуфга оид “Мантиқ-ут тайр” ва “Тазкиратул авлиё” каби бир неча қимматбаҳо китоб­ларим бор эди. Шуларни йиғиб бир қопга жойладиму, ҳовлимизнинг бир бурчидан чуқурроқ ўра ковлаб кўмиб қўйдим. Сўнгра ҳовлимиздаги экин тикинларни суғорган киши бўлиб сув қўйиб юбордим.

Кун чошгоҳга яқинлашганда дарҳақиқат, уйимизга партқўм — ҳамқишлоғим Эргаш билан учасковой бир сап-сариқ киши, ҳозир исми ёдимда йўқ, ҳайдовчиси билан уч киши бўлиб келишди. Келишди-ю, бирдан дағаллик билан бақир-чақир қила бошлашди. Ҳе йўқ, бе йўқ, уйга тўғри кириб келиб искович итдек ҳар ёқни титкилашни бошлашди.

Мен эса “тинчликма, болаларим, нима гап? Кимни, нимани қидиряпсизлар”, — дедим. Улардан бири эса: “Ув, бобой, сен диндор экансан”, — дея сенсираб ўдағайларди. Қолганлари эса уйнинг ичини ағдар-тўнтар қилиб, роса титкилашди.

Уйдаги эски-туски кийим-кечаклардан ташқари деярли ҳеч нарса топишмади. Шундан сўнг улар келиб мени ҳамма ёғимни титкилаб, чўнтакларимни ковлаб барча нарсаларимни олиб қўйишди. Уч-тўрт сўм пулу тасбеҳдан бўлак ҳеч нарса чиқмади. Бу нима, бу нима – бўғриққанича ёқамдан тутиб бўғиб олди партқўм Эргаш тасбеҳни кўрсатиб.

— Ҳой, Эргаш болам, ўзингизмисиз? Кечагина мансабга ўтиргунингизча саломни канда қилмасдингиз, бугун бундай беадаблик қиляпсиз. Ҳаммамиз ҳам мусулмонмиз, ахир бовангиз ҳам биз билан масжидда намоз ўқирдилар. Нима, сиз Худодан, мусулмончиликдан тондингизма, бовангиз тенги бобойди, ёқасидан ушлаб, томоғидан олишга уялмадингизма?, — дедим.

Бу гаплардан сўнг томоғимни баттарроқ қаттиқ бўға бошлаганидан овозим хириллаб чиқарди. Шундан сўнг, нафас етмай қолиб, қўл-оёғим бўшашиб, ҳушимдан кетиб қолибман. Кўзимни очганимда кийим бошим жиққа ҳўл, ерда ётардим. Катта энангиз, бечара, йиғлаганча тепамда ўтириб, партқўм билан учасковойни қарғаётган эди.

Улар – уйга келган “чақирилмаган меҳмонлар” эса аллақачон жуфтакни ростлашга улгуришган эди.

Бироздан сўнг ўзимга келиб, “қўйинг, онаси, қарғаманг, қарғиш ёмон нарса, ундан кўра уларга инсоф тиланг. Инсоф кирмаса бизга ўхшаган яна қанча мусулмонди уйини куйдиради, булар”, — дедим.

— Ўзларини уйи куйсин, баттар жаврарди катта энангиз, — ёқангиздан бўғиб, ўлдириб қўяй деди-я, жуванмарг ўлгур. Ҳа, томоққинангдан бўғилиб ўлгур, ҳа уйинг куйгур. Шу кўйи катта энангиз анча вақтгача йиғлаб ўтирди…

Орадан анча вақтлар ўтди. Ҳовлига қуйилган сувлар қуриб кетгач, китобларни ер остидан ковлаб олганимизда улар Худони қудрати билан қуп-қуруқ турган экан.

Шу-шу бу воқеалар анча унут бўлиб кетди. Орадан билмадим, неча йиллар ўтди. Бир куни қишлоқдаги бир маросимда ўша “партқўм” – Эргашнинг ўсал бўлиб ётганини одамлар гапириб қолишди. Дўхтирхонадан ҳам дўхтирлар жавоб бериб юборибди. Шипоси йўқ экан. Қизил ўнгачидан саратон касали “қилтомоқ”қа чалиниб, неча кунлардан бери овқат ҳам ея олмасдан қийналиб ётган эмиш.

Йиғиндан уйга келиб, катта энангизни чақириб, “Эргашни бекор қарғаган экансиз, томоғидан саратон бўлибди”, дедим қарғаганини эслатиб. Кечки пайт эса Эргаш партқўмнинг катта ўғли Тиркаш уйга келиб қолди ва:

— Мулла бова, сизди отам чақиртириб юбордилар. Бормасангиз бўлмас экан, — деб қолди. Унинг кай­фияти жуда паст эди. Мен индамасдан унга эргашдим. Воқеа деярли тушунарли эди. У жон беролмай қийналар, мендан кечирим сўрашни ният қилган чиқар, деб ўйладим.

Дарҳақиқат, уларнинг уйига кириб борганимизда қавм-қариндошлари йи­ғилган, Эргашнинг хотини эса уввос солганича йиғлар эди. Эшикдан бемор ётган уйга кирдик. Эргашнинг кўзи менга тушдию, питирлаб ўрнидан турмоқчи бўлар, аммо бемадорлигидан тура олмасди. Мен эса қўлимни силкитиб, ётинг-ётинг ишорасини қилдим. У зўрға нафас олар, “Мулло бова, кечиринг, кечиринг, кечиринг…” дея тинмай пичирларди. Унинг томоғи хириллаб, овози зўрға чиқарди.

— Биз сизни кечириб юборганмиз, болам! Сизни Худо кечирсин, биздан ҳам рози бўлинг, дедим…

Орага бир оз сукут чўмди. Шу пайт ёшлигимдаги шунга ўхшаш бир воқеа эсимга тушиб қолди. Устозимизни ҳам совет ҳукуматига чақиртириб, турли фитна-туҳматлар қилган бир кимса бор эди. У ҳам шундай жон бера олмай қийналиб ётганида устозимни чақиртириб, кечирим сўраганди. Ўшанда устозим худди шу сўзларни айтган эдилар ва яктакларининг этаги билан унинг юзини сийпалаб қўйиб чиқиб кетгандилар.

Менинг ҳам эгнимда ўша устозимдан қолган муборак яктак эди. Мен устозимга тақлид қилган ҳолда яктакимнинг бир учини унинг юзи-кўзларига тегизиб сийпалаган бўлдим ва эшикдан ташқарига йўналдим.

Уйимизга яқинлашай деганимда эса Эргашнинг ҳовлисидан йиғи-сиғи овозлари баралла эшитила бошлаганди. Худо раҳматига олсин, дея юзимга фотиҳа тортиб, уйга келдим.

Эртаси куни жаназасини ҳам менга ўқитишди. Қабристондан одамлар тарқай бошлаганда, бир киши келиб мени қўшни қишлоққа яна жаназа ўқиб беришимни илтимос қилиб қолди.

Борганимда майитни кимлигини суриштирганимда эса биласизми, ким экан?! Партқўм билан бизни уйимизга неча йиллар олдин келган ўша учасковой экан. Кеча кечаси қайнисининг никоҳ тўйидан ичиб келиб, маст ҳолатда аравали мотоциклини оғилхона айвонига қўйиб, қўлидаги папиросини дуч келган томонга ирғитган. Маст ҳолатда ётоқхонасига кириб ухлаб қолган. Оғилхонадан чиққан олов оқибатида унинг бутун уйи ёниб кулга айланган. Мотоциклдаги бензин портлаб, олов янада кучайиб кетган, ичкарига уйда маст учасковой ҳам шу ёнғин оқибатида дунёдан ўтган экан.

Мана шунақа болам, ҳеч бир ёмонлик жазосиз қолмайди. Мен сизларга бу билан умр ва ризқ ҳақида айтмоқчиман. Шундай инсонлар бўладики, ризқи тугаган, умри тугамаган. Бунга партқўм Эргашвойнинг ҳаёти мисол бўлади. Кимнингдир ризқи ҳам умри бирдек тугайди. Учасковойнинг умри ва ризқига ўхшаб. Яна кимнингдир умри тугайди-ю, ризқи тугамай қолган бўлади. Уларнинг ризқини Яратган Эгам шундай кенг қилган бўладики, тугатишга умри етмайди. Бу ҳақда устозларимдан кўп эшитганман.

Ҳазрат Баҳовуддин Нақшбанд, Имом ал-Бухорий, Мавлоно Жалолиддин Румий, Мир Алишер Навоий, Мирзо Бобур ва бу каби зотларга ўхшаган неча юзлаб, балки, минглаб дунё­дан ўтиб кетган зотларнинг умри ва ризқини эса учинчи тоифага киритиш мумкин. Чунки улар дунёдан ўтганлари билан улардан қолган бебаҳо мерос, хоҳ у назм, хоҳ у насрий асарлар бўлсин, уларни кимдир китоб қилиб чиқаради, кимдир байтларини қўшиқ қилиб куйлайди ва шунинг орқасидан ризқ топади.

Аслида ана шу ризқда уларнинг ҳиссаси беқиёсдир. Чунки муқаддас китобларда Оллоҳ таоло инсонларни тафовут билан яратганлиги, уларнинг ризқи ва умрини ҳам ҳар хил қилиб берганлиги хусусида кўп ўқиганмиз. Юқорида айтганимдай, бу ҳақда раҳматли устозларимиздан ҳам кўплаб ҳикоятлар, ривоятлар эшитганмиз…

Ҳозирда ёшим қирқни қоралаб қолган бир пайтда ўйлаб кўрсам, бобомнинг фалсафасида ҳам жон борга ўхшайди. Дарҳақиқат, биринчи мутахассислигим шифокор бўлганлиги сабабли амалиёт чоғида худди шундай ризқи тугаб, умри тугамай, яъни ҳеч нарса емай-ичмай қўйган ва неча кунлаб шу алфозда яшаётган инсонларни ўз кўзим билан кўрдим.

Яна неча улуғ-улуғ олим, донишманд инсонларни жуда ҳам эрта дунёдан кетганлигига гувоҳ бўлдим. Уларнинг меросларини эса неча ўнлаб, юзлаб, балки миллионлаб инсонлар ўрганиб, шунинг орқасидан тирикчилик қилиб, оила тебратаётганлигига гувоҳмиз.

Юқоридаги сўзлардан хулоса шуки, инсон ким бўлса ҳам бу дунёда яхшилик қилишни канда қилмасин, ёмонлик кўчасидан эса асло ўтмасин экан.

Бобомурод АДИЛОВ,

файласуф,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси аъзоси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг



Source link