Monday, September 26th, 2022

Сен борки, халқ бўлиб бирлашамиз биз! – HURRIYAT


Зебо МИРЗО

 

Муаллиф ҳақида:

Зебо МИРЗО (Мирзаева) 1964 йили Китоб туманидаги Бештерак қишлоғида туғилган. 1987 йил Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг ўзбек филологияси факультетини тугатган. Айни пайтда “Маданият ва маърифат” телеканалида катта муҳаррир вазифасида фаолият юритмоқда.

Шоиранинг “Тун маликаси”, “Ажр”, “Нур кукунлари”, “Ишқ” шеърий тўпламлари чоп этилган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Шуҳрат” медали соҳиби.

 

   ОНА ТИЛИГА ҚАСИДА

Ҳали башарият мурғак уйқуда

Билмаганда қалам, ҳарфу имлони.

У тоғлар кўксига гул қилиб чизди,

Гул дея англатди ёруғ дунёни.

 

Одамлар қулонлар ортидан қувиб

Жонлиғ келтирганда омоч-молага.

У булоқ сувини узатди қуйиб,

Гул баргини битиб лой пиёлага.

 

Балки ўша тасвир, балки ўша сир

Ҳавонинг Атога бўлган дилидир?

Биламан, қайси сўз бўлмасин ўша,

У менинг юрагим – Ўзбек тилидир!

 

Боболар тили бу, эй Она тилим,

Сендан келар олис дала-дашт иси.

Учар арғумоқлар қанотида сен

Қолдирган изларда курашлар изи.

 

Сен демайсан: “Ўлдир, ёндир, қасос, қон!”

Сен дегайсан: “Бағрим, севаман, ишон!”

Миллион йиллик очиқ дастурхонингда

Буғдой сўзу буғдой юрагингдир нон!

 

Само узра сочиб лавҳ ҳаттоти

Ҳикматлар китобин этганда тамом.

Бир сўз-ла жам қилди аждодлар ёдин

“Қутадғу билик”ка Хос Ҳожиб бобом!

 

Кимдир бузиб ўтар, ким эса тузиб,

Бахт на Мақдун, Чингиз олган тахтдадир!

Қилич соясида жаннатдир, ва лек

“Куч бирликда, қудрат Адолатдадир!”

 

Ўйлаганми тарих минг йиллар нари

Кўрайин деб дунё ўзбекларини.

Соҳибқирон тутган туғ билан ғолиб

Тузганида “Темур тузуклари”ни!

 

Олис юлдузларга чўзиб қўлини

Замин излаганда йиллар қаъридан,

Ёрқин тафаккурнинг ёруғ йўлини

Топди Улуғбекнинг жадвалларидан!

 

Сен – осмон илмини битгувчи китоб,

Сенда гиёҳларнинг рангин тушлари.

Сенда очилади ахир бобма-боб

Миллиард юлдузларнинг нуртовушлари…

 

Сен – майсалар тили, булбул кўз ёши,

Сен – шеърнинг қаноти, руҳдир мукаммал.

Беш достон беш қитъа бўлиб порлади

Навоий ҳайратдан шеър айтган маҳал!

 

“Осон эмас бу майдон ичра турмоқ,

Низомий панжасиға панжа урмоқ!”

Шеър аҳли юз йиллаб тузган дунёни

Бир шер панжаси-ла олди у бироқ!..

 

Ҳазрат Навоийдан қолган қутлуғ сўз,

Илоҳий илҳомдан яралган тилим.

Бобурни йиғлатган, етти иқлимга

“Бобурнома” бўлиб таралган тилим.

 

Сени унутмадим истибдод чоғи

Ҳар лаҳза қонимда қиличдек ўсдинг!

Чирмаб келганида зулмат қучоғи

Қалбимни қучоқлаб нур бўлиб тўсдинг!

 

Қадим оҳанглардан мен сени топдим

Изладим тафаккур осмонларидан.

Бир буюк халқ бўлиб чиқиб келдинг сен,

“Гўрўғли”, “Алпомиш” достонларидан.

 

Ким сени танимас, тан олмайди ким,

Камтар камолингни мақташ шарт эмас!

Футбол майдонида энг одил ҳакам,

Шахмат қиролининг юришидай бас!

 

Олимп саҳнасида ўзбек кураши,

Бугун дунё билар “ёнбош”, “чала”ни.

Ҳалоллик йўлини ўргатдинг жангда

Ўргатдинг меҳрнинг сири – аллани!

 

Ҳатто дўпписининг четида бир шеър,

Каштали кўйлагин ёқаси – ғазал.

Жаннат эшигини очгувчи бир сир –

О балки, ўзбекий каломдир азал!

 

Сен – тилим тагида турган аччиқ тош,

Сенсиз мен ҳеч кимман, йўқдирман, билдим!

Сен – тирик хазина, сен – тирик афсун,

Сени англадим-у, дунёга келдим!

 

Қисиниб-қимтиниб юрмайман четда,

Кибр ё манманлик эмас фалсафам.

Ўзбек каломида Иймон, Номус, Ор

Ва икки дунёнинг саодати жам!

 

Сен – муҳаббат тили ҳамда эрк тили,

Сен борки, Ҳақ билан сирлашамиз биз!

Сен жасорат тили ва мардлик тили,

Сен борки, халқ бўлиб бирлашамиз биз!

2016 й.

 

                       ҚАЙТИНГ

Уйга қайтинг…

Юракка қайтинг…

Агар қолган бўлса…. Севгингиз омон…

“Ниҳоят…Мен келдим!

Келдим!..” – деб айтинг…

Қолсангиз-да, зулмат ичида пинҳон…

Йўлга тушинг,

Тушинг ғурур отидан…

Бу ёғи Ёлғизлик – Руҳият йўли…

Чиқинг бу қафасдан…

Хасм ёдидан…

Чирмашиб тортса-да чирмовуқ қўли…

Дунёни қолдиринг…

Қолдиринг танни…

Илон терисини ечгандек…   Ечинг!

Изланг… ичингизда кутган Ватанни…

Занжир Олтин бўлса-да…   Кечинг!..

Онангизга боринг…

Тирик бўлса – У!

Кетган бўлса, агар…   қабрига боринг.

Ёруғ дийдорини кўрмоқ бўлсангиз,

Кўксингизнинг ўртасин …ёринг!

 

Бир пиёла чашма…

Бир оби ҳаёт…

Сизга берган кўз ёш –

томган томчи Нур!

Тирик томирингиз тупроқда токи…

Демак,

Руҳингизда Ҳақ этар зуҳур!

…қайтинг. Уйга қайтинг…

Лойсувоқ… девор…

Ўчмагансиз ҳали хотирасидан…

Бир дилни топасиз…

Румий ё Машраб…

Ва ёки Навоий чодирасидан!..

…агар унутмаган бўлсангиз йўлни,

Тиконлар қоплаган бўлса сўқмоқни…

Исодан…

Мусодан сўранг…. Дуч қилсин

Расуллуллоҳ байт қилган тоғни!

…агар тош устида бўлса мусича,

Агар ғор оғзини тўсса ўргимчак…

Қайтинг!

Белингизда ҳали зуннор бор,

Ҳали ичингизда Бутлар бор… демак!

 

…жойнамозга йиғланг…

Кўкка очинг кафт…

Чўк тушинг…

Энг гўзал васлдир Сужуд!

“Ахир борлигингиз учун дунё бор,

Ахир ёрлигингиз учун Ишқ мавжуд!”

…ҳижоб – Сиз!

Девор – Сиз!..

Эшик – ўзингиз!..

Тақиллатинг уни!..

“Келдим!..” деб айтинг!

Сизни кутиб турган шу дийдор ҳаққи..

Парвардигор ҳаққи,

Асл Ёр ҳаққи…

Ичкарига киринг!..

Юракка қайтинг!

2020 й.

 

        НАВОИЙГА ТАТАББУЪ

          /Лаҳжалар изидан…/

Минг бир қирраси бор бу сўзларнинг:

Кўҳна чопонига ўраниб олган

Чўпондек туюлар одми, анойи…

 

Валекин яқинроқ борганинг замон,

Қўлингда бир ажиб гулдек очилар,

Атрин соча бошлар хушбўй, анвойи…

 

Тингласанг, қалбингга жимгина қўйиб,

Чанқовуз ноласи, асрлар ёди,

сир каби оқади бир дарёсимон…

 

Бироқ бу ёввойи эркнинг руҳини,

Англамай, беписанд олсанг лабингга—

Ёсуманга дўнар ёсуман…

 

Нафақат тилингни тилади, балким

Жодисида қиймалар жоду,

Тилкаларинг қилиб тилимроқ…

“Ё-Ҳу!” дай янграйди ҳар қандай “Ёғу”,

Ханжар ўсиб чиқар ханжарларингдан,

Аламдан кўксингга тикасан байроқ.

——————————————-

Ёсуман — оқ гул,

Ханжар — халқум, жоди — катта қайчи,

Алам — байроқ.

 

ТУРКИЙ ТИЛ ТАБИАТИ

Ўзагида асл ўзлик бор.

Шаклланган бутун мамлакат

Табиатин аён қилар феъл.

 

Асосланган қатъий низомга:

Бош ўзаги буйруқ феълидан

Чиқиб келар бутун бошли эл…

 

Гўё Темур қўшини каби,

Ё Тўмарис лашкарларидай

Эврилгандир содиқ черикка.

 

Қўшилмайди ўнгдан ё сўлдан,

Тизилади бир карвон каби,

Гарчанд молик ҳар бири эркка!

 

“Кўк”ка тегиб туради “кўкс”и,

Кўкдан тушиб келган ўзи ҳам,

Табиати—тирик сўзидан.

 

“Эга” эрур Яратган Эгам.

Шунинг учун бу буюк миллат

Кўпаяди фақат ўзидан!..

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг



Source link