Monday, October 3rd, 2022

Суддаги эртак


Сўзни хулосада айтилиши керак бўлган гапдан бошламоқчимиз. Шўрчилик Ортиқбой гўё қаергадир ҳашарга бориб, хушбўй ўсимликка дуч келган ва унинг таъмини тотиб кўрган. Қараса, хуш ёқяпти. Бундан чой дамлаб ичса ҳам бўлади, деган хаёлда унинг уруғидан уйига олиб келган. Ке­йинги йил баҳорда чўнтагида олиб келган тўрт дона ўсимлик уруғини томорқасининг бир четига эккан.

Уруғ униб чиқиб, ўса бошлаган. У кун ора янги ўсимлигидан ҳеч кимга сездирмай хабар олиб турган. Томорқада ишлаган пайтлари ҳар сафар унга уйидагилари хос идишда совуқ чой беришарди. Ҳам чой, ҳам сув олса   ундан шубҳаланишарди — томорқаларида “бегона ўт” борлигини сезиб қолишарди. У фақат сув олиб борадиган, ҳам ўз ташналигини қондириб, ҳам ўсимлигига қуйиб юрадиган бўлган.

Вақт ўтиб ҳосили пишиб етилган. Ҳеч кимга билдирмай йиғиб олган,   уруғини бир ерга яширган, баргини эзғилаб бошқа жойга қўйган.   Хумори тутганда чекиб турган. Яна ўзига ўхшаш бир жўрасига ҳам ўқтин-ўқтин ўраб берган…

Бир куни унинг уйига кутилмаганда маҳалла оқсоқоли уч-тўрт кишини бошлаб келди. Танишув чоғида уларнинг бири ички ишлар ходими эканлиги маълум бўлди.

— Ортиқбой ака, хафа бўлманг, — гап бошлади ўша одам анча илтифот билан, — Сиз тўғрингизда ички ишлар бўлимига, уйи­­да “наша” сақлайди, деган маълумот тушди. Шу боис, уйингизда тинтув ўтказишга келдик. Бунга рухсатномамиз бор.

Қиш чилласи пайти. Томорқада ундан асар ҳам топилмаслиги аниқ. Шунинг учун улар уй ичи, хоналар, токчаларни текшириб кўришди. Тинтув, текширув бесамар кетмади. Эски чойнак ичидан икки минг икки юз қирқ тўққиз дона наша уруғи топишди. Яна майдалаб гугурт қутиларга жойлаб қўйилган “наша”, “марихуана” ўсимлиги борлиги ҳам аниқланди. Топилган гиёҳвандлик уруғи холислар гувоҳлигида ҳужжатлаштирилиб, олиб кетилди… Айтганча, Ортиқбой Ҳусановни ҳам олиб кетишди.

Энди гап аввалидаги ишорага қайтсак. Юқоридаги воқеа баёни Ортиқбой Ҳусановнинг тўқиган эртаги, тўғрироғи, маҳалла оқсоқоли билан уйига келган ҳуқуқ ҳимоячиларига дастлабки иқрори. Эътибор беринг, у ҳашарга борганида қандайдир хушбўй ўсимликка дуч келиб, ундан чой дамлаб ичиб юраман деб олиб келганмиш.   Унда нега уларни яширинча ўстиради? Нима учун шундай “хушбўй” нарсани уйидагилардан сир сақлайди? Ҳамма гап шунда-да! Энди ўзингиз ўйланг, “наша”, “марихуана” ўсимлигини истеъмол қилиш, у билан савдолашиш бутун дунёда маън қилинган, бунга қарши кескин тарзда курашилаётган бир пайтда Ўзбекистонимизнинг қайси ерида бу ўсимликлар шунчаки ўсиб ётган экан? Ахир, бизда бу балони топиб, йўқотиш учун кескин чоралар кўрилган. Ҳатто бу борада аэровоситалардан мунтазам фойдаланилади. Қир-адирлар, чўллар, дала ҳовлилари, томорқа ерлари доимий назоратда. Демак, Ортиқбой Ҳусанов бу ўсимлик уруғини кимдандир олган ва ҳозирча истеъмол қилиш, кейин ундан яхшигина даромад қилиш пайида бўлган, эҳтимол. У билмайдики, олдинда тергов жараёни, одил суд бор…

Дарҳақиқат, судда унинг эртаги ёлғон, асоссиз эканлиги маълум бўлди. Судда бор ҳақиқатни айтиб, айбини бўйнига олди ва қонунга биноан тегишли жазосини олди.

М. ҲАКИМОВ,

жиноят ишлари бўйича

Шўрчи туман суди раиси.

Ч.ҚОРАҚУЛОВ,

суд маслаҳатчиси



Source link