Friday, January 27th, 2023

Тамаддунлар чорраҳаси


Туркия сафаридан бир шингил таассурот

 

Ўзбекистон ва Туркияни бир неча минг чақиримлик масофа ажратади. Жуғрофий чегараларга қарамай, дили ва тили муштарак икки мамлакат ўртасидаги робита кун сайин мустаҳкамланмоқда. Бунда ўзаро борди-келдининг алоҳида ўрни бор. Туркия маданият ва туризм вазирлиги ташкил қилган пресс-турда қатнашиб, қардош ўлканинг янги қирраларини кашф этдик.

Туркия ўнга яқин қадимий салтанатларга оид осори-атиқалар, меъморий обидалар ва бой тарихий меросга эга. Соҳилларини Ўртаер, Эгей, Қора ва Мармар денгизлари ювиб турган маъмур кентлар, гўзал қасабалар сайёҳларни оҳанрабо каби ўзига тортади.

Илк манзилимиз Болу вилоя­тининг Мудурну шаҳри бўлди. Антик давр муаррихи Страбон Мудурну ғоят қулай жуғрофий ҳудудда жойлашгани ҳақида ёзган. Тоғ бағрида, дарё бўйида барпо этилган кент 1307 йилда Усмонийлар давлати таркибига ўтказилган.

Шаҳардаги 180 га яқин тарихий обида ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мерос рўйхатига киритилган. Жумладан, султон Боязид Йилдирим (1389–1402) қурдирган жомеъ масжид меъморий дурдоналар сирасига киради. Салкам 640 йиллик тарихга эга cаждагоҳ ҳали-ҳамон улуғворлигини йўқотмаган.

Азалдан тужжорлик билан машғул маҳаллий халқ одам­охун, киришимли ва серилтифот эканига гувоҳ бўлдик. Шаҳарда ажиб бир муҳит ҳукмрон. Бир томонда газмолчи, аттор, вофуруш ва баққоллар қўли-қўлига тегмай савдо қилаётир. Иккинчи томонда мўйсафидлар қаҳвахўрлик қилиб ўтирибди. Бошқа бир томонда – саргу­заштсевар сайёҳлар… Азон садоси янграши билан эса барча юмушини бир четга суриб жомеъ томон ошиқади.

Абант кўли Болудаги сайёҳ қадами узилмайдиган масканлар сирасига киради. Кўл ва унга ёндош ҳудудлар – жами 1200 гектарга яқин майдон миллий парк сифатида давлат муҳофазасига олинган. Ҳайвонот ва наботот оламига зарар етказганлар аёвсиз жазоланади.

Денгиз сатҳидан 1328 метр баландда ҳосил бўлган чучук сувли кўл мусаввир сифатли Зотнинг бетакрор мўъжизасидир. Гирдогирди баланд тоғ ва қалин ўрмонзор билан ўралган ҳавза тўрт фаслда сайёҳларни ўз бағрига чорлайди. Хазонрезги мавсум эканига қарамай, кўл атрофидаги қўноқхона ва дам олиш масканлари гавжум. Шовқин-сурондан холи табиат маскани мегаполисларнинг серғалва ҳаётидан зада бўлганлар учун мақбулу манзур жой!

Сўлим гўша билан танишувдан сўнг Карабук вилояти ҳудудидаги қадимий Адрианаполис шаҳрига отландик. Ойнадек текис йўллардан юрар экансиз, сафар машаққати ҳам сезилмайди. Ажабки, шаҳар марказида ҳам, чекка қасабада ҳам йўллар бирдек равон. Шаҳар-туманлар орасида, ҳар ўн-йигирма чақиримда шинам карвонсаройга дуч келасиз. Қўналғаларда бир муддат тўхтаб, автоуловга ёнилғи қуйиш, тамадди қилиш, дам олиш мумкин.

Қадимий Адрианаполисдаги археологик қазишмаларда Эллин, Рим ҳамда Византия даврига оид фавқулодда қимматли артефактлар топилган. Хусусан, насроний ибодатхоналари, ҳаммомлар, мудофаа иншоотлари, қалъа девори қолдиқлари ҳудуд ўз даврида тараққиёт бешиги бўлганидан далолат беради. Олимларнинг айтишича, шаҳарга 5500 йил аввал асос солинган.

Ҳудудда бир неча йилдан бери тадқиқот олиб бораётган Карабук университети археологларининг ўз ишига муҳаббати, тарихга эҳтироми диққатимизни тортди. Ҳар бир тош, ҳар бир парчани кўз қорачиғидек асраб-авайлаб, мозий ҳақиқатини тиклашга уринмоқда улар. Ер остида ҳали очилмаган дафиналар бисёр. Адрианаполисдаги археологик изланишлар тарихнинг кўп­лаб жумбоқларига ойдинлик киритса, ажаб эмас.

Сафар давомида бизга ҳамроҳлик қилган Аҳмад Мумжининг билими, дунё­қарашига қойил қолдик. Тарихий обидалар, маҳаллий урф-одатлардан тортиб ҳар бир музофотнинг пазандалик санъатига қадар – барча соҳаларни миридан–сиригача ўрганган. Демак, туризм тараққий этмоғи учун профессионал гид, моҳир йўлбошловчилар ҳам тайёрлаш лозим экан.

Галдаги манзилимиз — Ҳомернинг машҳур “Илиада” достонида ёдга олинган Пафлагония юрти – Сафранболу шаҳри бўлди. Шарқу Ғарб чорраҳасида барпо этилган шаҳарлар — Лидия, Форс, Эллин, Рим, Византия Усмонийлар давлати тасарруфида бўлган.

Вақтнинг беаёв синовларидан омон чиққан обидаларни ҳисоблайман деб саноқдан адашасиз! Айниқса, қоялар бағрида бунёд этилган кўп асрлик иморатларни кўриб, беихтиёр уста-меъморлар маҳоратига таҳсин айтасиз. Гугурт қутиларидек қалашган хонадонлар – “Онадўли уйлари” айрича салобат бағишлайди. Эътиборга молик жиҳати, муҳофазага олинган ҳудудда наинки янги иншоот қуриш, тарихий биноларнинг бирор ғишти ўрнини ҳам рухсатсиз ўзгартириш тақиқланади. Чунки Сафранболунинг эски шаҳар қисми 1994 йилда ЮНЕСКО Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган.

Туркия нафақат аср ошган обидалари, муаззам тоғлари билан ҳам сайёҳларни ром этиб келади. Сафар давомида Кастамону вилояти ҳудудидаги Куре тоғларида инсон қўли билан барпо этилган мўъжиза – дара йўлини кўриш насиб этди. Тик қоялар бағрида бунёд этилган 3 километрдан зиёд пиёдалар йўлаги Илижа шаршарасига олиб боради. Бир неча йил давом этган дара йўли қурилиши учун 270 тонна пўлат, 500 кубометр ёғоч ва 260 мингдан зиёд мурват ишлатилган экан.

Маълумотларга қараганда, Тур­кияга 2019 йилда 51,7 миллион сайёҳ ташриф буюрган. Инсоният учун улкан синов бўлган пандемия барча соҳалар қатори туризмга ҳам кучли зарба берди. Карантин чоралари туфайли 2020 йилда дунё бўйича сайёҳлар оқими 72,6 фоизга, даромад 63,6 фоиз­га қисқарди. Туркия эса биринчилардан бўлиб пандемия шарт-ша­роитига мослашди ва “Хавфсиз туризм” дастури асосида мушкул вазиятдан чиқишга муваффақ бўлди. Мамлакат 2022 йилда 42 миллион сайёҳни қабул қилиш, туризмдан 35 миллиард доллар даромад кўришни кўзлаган эди. Жорий йил 11 ойи якунига кўра, белгиланган режа ортиғи билан бажарилди: 48,4 миллион меҳмонга хизмат кўрсатилди.

Қардош ўлка мушкул вазиятдан тез ва соз чиқа олгани тасодиф эмас. Сафар давомида қайси шаҳарда бўлмайлик, сайёҳлик ишига ижодий-креатив ёндашувни кузатдик, соҳа вакиллари замонавий технологиялардан усталик билан фойдаланаётганини кўрдик. Хулосамиз шу бўлдики, бой тарих, бетак­рор табиат ва беназир маданиятга эга бўлишнинг ўзи кифоя эмас, айни чоғда, уларни оқилона тасарруф этиш ва дунё аҳлига муносиб тарзда тақдим эта олиш ҳам даркор.

Собир САЛИМ



Source link