Friday, December 2nd, 2022

Тарихга уйқаш тақдир – HURRIYAT


О, Муҳаммад Али дўстим! Сизга айтадиган гапларим кўп…

Санаси аниқ эсимда йўқ, Қамаши туманида ташкиллаштирилган Орол денгизи тақдири тўғрисидаги учрашувга таклиф этилганмиз. Поездда курсдошим, биродарим ва энг яқин дўстим Қўйлишер Эгамназаровни учратдим. У ҳамроҳларимга ҳайронлик билан боқиб, менга секин шивирлади:

— Обрўйли ижодкорлар-ку, умумий вагонда юрадиларми булар ҳам…

— Ижодкорлар ҳам халқ вакиллари, одамлар орасида юришади-да,   — кулиб қўйдим мен.

 

Ҳақиқатан ҳам барча учун мўлжалланган умумий вагонда филология фанлари доктори, профессор Пирмат Шермуҳамедов, филология фанлари доктори, профессор, машҳур жадидчи Бегали Қосимов ва сизни кўрганлар аввал ажабланиб қарашар, кейин кўзларига ишонмагандай ўз жойларига бориб ўтиришар ёки бошқа вагонга ўтиб кетишарди. Ўзимча ўйлардим: уларнинг тасаввурича,   машҳур инсонлар “Волга”, ёхуд (ўша пайтларда мода бўлган) “Жигули” машиналарида атрофни томоша қилганча, ёки самолётда бирор ерга кетишлари керак эди, шекилли. Баъзилар ўйлашмайдики, инсон қайси мавқеда бўлмасин, эл орасида қандай обрўга эгалигидан қатъи назар, оммадан ажралмаслиги шарт! Чунки она қорнида ҳамма бирдай эмбрион, пушт ва ҳомила даврини бошидан кечиради. Барча чақалоқлар бир хил мавқега эга экан, улғайганда ҳам шунга амал қилиш керак. Йўқса кишида табақаланишга майл уйғона бошлайди. Тўғри, бундай қарашга қаршилар, буни расмий ва норасмий равишда тан олмайдиганлар, дунё миқёсидаги арифметик прогрессия бў­йича олинадиган бўлса, кўпайиб бораётганлигини ҳам тан олишга мажбурмиз… Ҳа, майли, асосий мавзуга қайтайлик. Қарши шаҳрига поездимиз чамаси бир соатлар кечикиб борди. Енгил машиналарда Қамаши томон равона бўлдик.

Чим — анча катта қишлоқ. Нақ Қашқадарё доирасининг биқинида жойлашган. Шу қиш­лоққа кираверишда ер сатҳидан анча кўтарилган тепача бор. Шу ерга келганимизда, шу ерда бироз тўхтайлик, дедингиз. Менинг андаккина аччиғим чиқди. Кўнглимдан: “Бу ер тарихий тепалик бўлмаса, ўзи манзилга кечикаётган бўлсак, одамлар тўпланиб кутиб турган бўлса… лекин меҳмон атойи худо, гапини ерда қолдириб бўлмайди”, — деган ўйлар кечди.

Сиз машинадан тушиб, ғоят аста-секинлик билан ёйиқ тепаликка кўтарилдингиз. Атроф­­ни кузатиб, костюмнинг тугмаларини ечиб,   қулоч ёздингиз. Худди учаётган бургутга ўхшаб қолдингиз! Кейин чуқур нафас олиб бироз қалтираган, аммо ўзгача бир завқли товушда ҳайқирдингиз: “Оҳ, уфқ чизиғини ҳам кўрар кун бор экан-ку!”. Мен ҳам атрофга, кенгликларга, гир айланиб назар ташладим. Ҳа, кунчиқар тарафда Ҳисор тоғининг тизмалари ястаниб кўзга ташланар, кунботар ва икки ён тарафда уфқ чизиқлари тўнкарилган осмон қозонини ва текис ясси заминни бир-биридан яққол ажратиб турарди. “Э… шоир аҳли! Оддий нарсалардан мўъжиза топишга бунчалик моҳир бўлмасалар”, — деган ўйлар хаёлимдан кечди ва кўнглимда шундай шеърий сатрлар туғилди:

Кўзимга намоён уфқнинг чизиғи,

Қалбимда жўш урар ҳайрат қўшиғи.

Ҳисларим мавжланиб шивирлар аста:

— Тугамагай ҳаргиз ижод қўшиғи.

Муҳаммад Али! Мен Сизни нашриётда ишлаган пайтларингиздан яхши биламан. Ижоднинг сиртидан мағзига кирмоқ учун шиддат билан эмас, балки юксак дипломатик усул орқали шошмаслик йўлини танладингиз. Тарих қатламларига кўз ташладингиз-у, хаёлингизнинг барча қатламларини буюк ва ғаройиб ўтмиш зарварақлари тўлиқ забт этди. Шу зарварақлар пойдеворидан учган илҳом қушларининг наволаридан “Машраб” ва “Гумбаздаги нур” достонлари қоғозга тушди. Натижада машҳур ёзувчи Абдулла Қаҳҳор тарафидан учрашувга таклиф этилдингиз.

Тиконлар ичида ўсаркан тикон,

Тиконсиз бўлмоққа топибди имкон.

Гул бирла шу жойни айлабон макон,

Яшаркан қувониб, дардсиз ёнма-ён.

Сиз Сўфи Оллоёр бобомизнинг “Ўтинг бўлса, ўт, ўтлар орасидан!” деган ўгитини қатъий қоида сифатида қалбингизга ўчмас қилиб мустаҳкам   жойлаб олдингиз. Бу ҳол жуда кўп воқеа ва ҳодисаларда сизга мадад ва қувват ато этди ва этиб келмоқда. Чунончи, текисмас, ўнқир-чўнқирлардан иборат ҳаёт ва ижод йўлидан оғишмай юксакликка интилишингизда жуда кўп ижобий ва салбий омилларга дуч келдингиз. Салбийлари салмоқлироқ бўлганлиги ҳам аниқ. Ҳатто: “Нега сизнинг китобингиз Навоий бобомизнинг чоп этилган китобига қараганда чиройли ва қаттиқ муқовада босилган? Нима, сиз Навоийдан ҳам буюкмисиз?”, дейилган ғазаб билан айтилган сўзларни эшитганингизда ҳам одоб билан жим турдингиз… Ахир, бу иш нашриётнинг имконига боғлиқ-ку, деган сўзлар хаёлингизга келса ҳам индамадингиз. Бу воқеа атайин уюштирилганлигини ўшандаёқ фахмладингиз. Бўлажак зарбанинг кучли тўлқини сиз томон йўналтирилганлигини сездингиз ва бунга тайёр турдингиз. Чунки бунга ўхшаш воқеалар сизга маълум эди.   О, Муҳаммад Али!

Сангзор ичра сен ҳам чекдинг кўп жабр,

Ситамлар жабридан оҳ тортди тақдир.

Аммо меҳр берди оддий бир қадр,

Қувониб сўзладинг буни бирма-бир.

 

1985 йил ёзи эди. Қашқадарёнинг сизнинг бағрингизга ўхшаш кенг хиёбонидаги макон — Бегали аканинг уйига меҳмон бўлганимиздан кейин чўлларни яхши билгувчи Эломон Сариқ деган хушфеъл   одам билан Малик чўли орқали Чилгумбаз сардобаси сари отландик. Эломон Сариқ моҳир йўл бошловчи экан. Фақат чўл, чўл… кенг яйлов, чексизлик, нишона бўладиган биронта белги йўқ. Бизнинг кўзимизга тўғримиз ҳам, ўнгимиз ҳам, чапимиз ҳам бир хил… бир хил… Шу ҳолда борар эканмиз, Соҳибқирон замонларида уларни ғажарчи, дейишарди, йўл бошловчимизнинг ҳовлиқиб гапирган сўзлари жимликни бузди:

—Ўҳ! Ана, у тошни кимдир беш метр нарига сурибди-я! Нега ундай қилди экан? Чўлнинг фақат ўзига тегишли қаттиқ одоб қонуни бор, яъни каттами ё кичикми, хасми ё чўпми, ёғочми, тошми, ё кесакми, бирон нарсасига тегиш керакмас. Бу, албатта, адашишга сабаб бўлиб, бир неча ўн чақирим йўлларни бекордан – бекорга босиб ўтишга олиб келади. Иккинчи қонуни шуки, сиз сафарга чўлга отландингизми, албатта, тўртта ёки бешта кичкина тошчаларни олишни унутманг. Мабодо чўлда адашиб қолсангиз ва ташналик қийнаса тошчаларнинг икки ёки учтасини оғзингизга солиб, тил тагида айлантираверинг, айлантираверинг. Оғзингизни қуриб қолишдан сақлайди…

Сиз буни яхши эшитиб олдингиз. Кейин мен бу ҳол тасвирини “Улуғ салтанат”нинг учинчи китобида Ахий Жаббор баҳодирнинг Карбало жазирамасида сувсизликка дуч келганида кўрдим. Дарҳол Эломон Сариқ ёдимга тушди…

Чилгумбазга ҳам етиб келдик. Биринчи эътиборимизни тортгани, мотоциклчиларнинг кўп­лиги бўлди. Аниқ бўлдики, улар мотоциклларининг аккумляторига керакли сувни Чилгумбаз сардобасидан олишар эканлар. Демак, сардобанинг суви шунчалик даражада тоза экан-да! Сардобанинг суви маромида эсаётган шабададан енгилгина чайқалиб, жимирлаб­гина, пастак-пастак тўлқинлар ҳосил қилар, санаса бўладиган хас-чўплар унинг бир бурчагида қисинишибгина тўлқинланарди. Мен эса сизга разм соламан: сиз эса бор диққатингизни сув юзасидаги мўъжизага қаратгансиз. Ниҳоят,   тиниқ товушингиз эшитилди:

— Боболаримизнинг мушоҳада қобилияти анча кучли бўлган-да. Сардобага лойиқ жойни танлаш, шамолнинг қайси тарафдан эсаётганлигини ҳисобга олиб, зарурий дарчалар қолдириш, айниқса, қор ва ёмғир сувларининг айнан шу дарчалар орқали сардобада тўпланишини идрок этиш учун ўқув ва уқув ҳамда ақлий таж­риба бўлиши шарт. Қойилман! Жуманазар, сиз билсангиз керак. Абдуллахон 40 та сардоба қурдирган. Энг охирги сардоба Чилгумбаз. Хуллас, менинг фикримча, Амир Темур Соҳибқирондан кейин баракали бунёдкорлик билан Абдуллахон шуғулланган. Абдуллахоннинг тарихда қолдирган мартабасини аниқлаш, менимча…

Сўзларингизни жон қулоғим билан тинглар эканман, ҳайрон қоламан: гўё сиз бу гапларни бизга эмас, ғоят тиниқ сувнинг майда-майда ўркачларига айтаётгандай эдингиз. Шу тобда мен сизнинг суҳбатлашиш одобингизга қойил қолдим. Ахир, мен Абдуллахоннинг тарихини билмасдим. Аммо сиз билсангиз керак, деб менинг ҳурматимни бир поғона юқорилатдингиз.

Чилгумбазнинг сувидан қайнатиб, чой дамладик (Унинг мазаси ҳақида ҳалигача орзиқиб гапирамиз). Ўшанда ҳали тугалланмаган “Боқий дунё” романи тўғрисида самимий суҳбат бўлди. Раҳматли Бегали Қосимов самимий бир фикр билдиргани эсимда:   — Дўстим! Мавзу жуда яхши танланган. Адабиётимизда шеърий роман кам эканлигини ҳам унутмаслигимиз керак. Агар Насриддиннинг ҳаракатларида Туркистонни эркин кўриш ғоясини шеърий сатрлар орасига сингдириб юборсангиз ва Туркистон дунёсининг абадий барқарор бўлишлик орзусини рўёбга чиқариш учун имкон борлигини лирик чекиниш, ташбеҳ, истиораларга сингдириб юбора олсангиз, роман ўз вазифасини бажарган бўлади. Мақсад шу ўзи. Шул сабабли ҳам романни “Боқий дунё” деб номласангиз жуда мос тушарди.

— Бегали, дўстим! — Унинг сўзларидан руҳландингиз, — мана, сиз ҳам китобингизни ёзиб тугатибсиз, қўлёзмангизни ўқиб хурсанд бўлдим. Бирламчи манбалар асосида ҳали адабиёт аҳлига   мутлақо маълум бўлмаган юздан ортиқ шоирлар ҳақида   маълумотлар киритибсиз. Монографиянгизни “Излай-излай топ­ганим” деб номласангиз, дегандим.

— Айни кўнглимдаги тугунни ечдингиз-а! —Мамнун бўлди Бегали Қосимов, — Неча кунлардан бери ўйлаб юргандим. Сиз катта олим ижодкорсиз!

Бегали аканинг бу башорати рўёбга чиқди, Муҳаммад Али! Сиз бир ишга қўл урдингизми, бажармай қўймайсиз. Ҳиндларнинг машҳур “Рамаяна” эпоси таржимаси бўйича номзодлик диссертациясини муваффақият билан ёқлаганингиз бунинг яққол исботидир. Шу ўринда бир воқеани эсламасак бўлмас. Мамлакатимизнинг собиқ раҳбари Шароф Рашидов шўролар замонида Ҳиндистон томонларга, Бали оролига расмий сафар билан борганида ҳурматли меҳмонга очиқ осмон тагида “Рамаяна”нинг саҳналаштирилган ғоят қизиқарли томошасини кўрсатишади. Ижрочилари – оддий халқ бўлади. Ўзи ҳам катта ижодкор, юксак ҳурматга сазовор меҳмоннинг қалбида бу томоша ўчмас таассурот қолдиради. Йиллар ўтиб, “Рамаяна” эпоси ўзбекчага таржима қилинади, яхши баҳо олади. Шароф Рашидов унинг тадқиқотчиси Муҳаммад Алини ҳузурига чақиради ва унинг меҳнатини қадрлаб, олтин пероли ручка совға қилади. Бу совғада собиқ ҳукумат раҳбари сизни алқаб ёзган дастхати муҳрланган. Бу ҳақда   адабиётшунос ва таржимон Асил Рашидов   ўзининг “Акам ҳақида” китобида ҳикоя қилган.

О, дўстим Муҳаммад Али, сиз бир асарни ёзишдан олдин унинг ғоясини эринмасдан роса ўйлайсиз, керакли ва зарурий фактларни, далилларни йиғасиз. “Сарбадорлар” романининг сатрларини қоғозга михлаётган пайтингизда архивдан олинган қўлёзмалар, тошбосма китоблар ҳамда хорижда чоп этилган кўпдан-кўп китоблар ичига кўмилиб, хаёллар черигига асир бўлиб, кейинги бобларга мафтун қалбингизнинг ураётганлигига неча марта гувоҳ бўлганман. Сиз хаёллар уммонида сузаётган пайтингизда сатрларда ифодалаш учун кўчалар, иморатлар, қасрларни тасаввурингизда аниқ кўрасиз, асар қаҳрамонларининг руҳий ҳолатларини кўз олдингизда гавдалантирасиз ва бу тасаввурлар хотирангизда михлангач, худди шу йўналишда қоғозга туширасиз. Асарни ёзиб тугаллагач, уни қайтадан ва обдон таҳрир қила бошлайсиз. Асарни ёзишга қараганда, таҳрир қилишга сарфланган вақт икки баравар кўпроқ бўлиши сиз учун қонунга айланган. Ўзим гувоҳман, “Улуғ салтанат” асари   устида йигирма йил тер тўкдингиз ва бу асар ҳақли равишда юртимизда катта эътибор қозонди ва мунақ­қидлар томонидан моҳирона битилган асар сифатида эътироф этилди.

Бўлмағур бир гапдан асаблар таранг,

Ғазабдан ўзингни тиясан аранг.

Лекин сезиб қолдинг ногаҳон бир ранг,

Шу онда тузалди қалбингда яранг.

 

Дўстим, хизмат вазифангиз ва ижодингизга нисбатан сиздаги матонат ва чидамнинг метиндай мустаҳкамлигига жарроҳона раҳмсиз қалбим бирлан аъло даражада тан берганман. Кўп сонли публицистик мақолалар, шонли армиямизнинг жасоратини оширишга, рағбат беришга мўлжалланган, руҳан куч беришга бағиш­ланган рисолалар бунга айнан далилдир. Айниқса, ижодкор елкадошларингизнинг кичиккина муваффақиятидан ҳам қувониб, нуқта ва вергулигача алоҳида эътибор билан сўзлаганингизда кўзларингиздаги ёғдудан завқланганман:

 

Айта олсанг-чи гар: “Дилда йўқ қасдим!

Завқли лаҳзалардан толмас бўй-бастим.

Қалбим деворига ўйиб-ла ёздим:

“Қувона билмоқ ҳам фазилат,дўстим!”

Сизни тарихимизнинг пўлат арқонлари ўз саҳнасининг марказига тобора тортаверди, камалак рангидек у ўзига мафтун этаверди. Ижодингизнинг бошланғич нуқталарида юртимизнинг жасур ўғлони Спитаменнинг жасоратига маҳлиё бўлганингиз, унинг мардлиги тўғрисида нимадир ёзмоқчи бўлиб кечалари билан тўлғаниб чиққан онларингиз хаёлингиздан бирин-кетин ўта бошлади. Сиз йигирма беш ёшда эдингиз. Миллий қаҳрамонимиз ҳақида ўшанда туркум шеърлар ёздингиз. Йиллар ўтиб, Сиз тарихнинг сирли қатламларига янада чуқурроқ кириб бораётганлигингизни ўзингиз ҳам аниқ англамаган ҳолда Спитаменнинг жасоратли қизи Апамага дуч келдингиз.   Ана энди бошланди тарих бўҳронлари тўлқинида гоҳ кўриниб, гоҳ кўринмай, гоҳида қувониб, гоҳо ўртаниб, йиллар макони ичра инсон тақдирининг ўзгармоғи сабабларини ҳайрат билан кузатишингиз!   Бу пайтлар сиз ўз Ватанингизда эмасдингиз, балки Миср ва Эллада шаҳарларининг гавжум кўчаларида инсонлар қисматининг, тарихнинг даҳшатли чигаллари ичра гоҳ олчи, гоҳо таҳа, ёки чикка, ёхуд пикка бўлиб, чирпирак ҳолатда айланишларини шошиб хотирангизга ёзар ва хулосалар чиқаришга уринардингиз…

Клеопатра ўзига сизни руҳан қуввати ва жасорати бирлан мафтун этди, чунки унинг қон томирларида она Ватанини жонидан ортиқ севгувчи Спитамен ва унинг иффати, ориятини ҳаддан ташқари авайловчи қизи Апамадан ўтган чинакам ватанпарварлик, жанговорлик фазилатлари нур таратиб турарди. Шу туфайли ҳам Клеопатра Миср мустақиллигини сақлаб қолмоқ учун Юлий Цезарь, Марк Антоний   ва уларнинг гумашталари билан гоҳида пинҳоний, баъзан очиқчасига курашди. Мана, шу курашлар ичида сиз ҳам тобландингиз ва Клеопатра ўзбек китобхонининг бадиий қаҳрамонига айланди. Ташаккур! Клеопатра ҳақли равишда Тўмарис момомиз, Бибихоним, Хонзода хоним, Зебуннисо, Нодирабегим, Увайсий ҳамда Қурбонжон додхоҳ каби азиз сиймоларимиз сафидан муносиб равишда жой олишига ишонамиз.

Муҳаммад Али! Сиз ўзбек адабиётининг жаҳон саҳнасида ўзининг муносиб ўрнини эгаллашида муносиб ҳиссангизни қўшган ижодкорлар сафидан ўрин олганлигингиз аллақачон эътироф этилган. Асарларингизнинг бир қанча хориж тилларига ўгирилганлиги бунинг яққол исботидир.

Саксон ёш! Лекин Сиз учун ижоднинг ғунчалари энди очилади. Чунки Сизда ижодий руҳ жуда-жуда юксак. Шундай экан, сиз ва сиз каби ижодкорларнинг ибратли ҳаётини ёшларга намуна сифатида кўрсатишга ҳақлиман, деб ҳисоблайман:

Кашфиёт қил — халқингга туҳфа,

Ашъор айтгил эл иқболидан.

Айнан олгил ўрнак ҳар дафа,

Ижодда —   Муҳаммад Алидан!

 

Жуманазар БЕКНАЗАР,

профессор,

Ўзбекистон Ёзувчилар

уюшмаси аъзоси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг



Source link