Thursday, January 26th, 2023

Тақдир сўқмоқларида – HURRIYAT


Назиржон ака билан бундан қарийб ўттиз йил аввал илк бор танишганман.

Истеъдодли, забардаст журналист билан ҳамкасб бўлганимдан ғурур туйганман. Узоқ йиллик устоз-шогирд муносабатларимиз давомида серқирра фазилатларини янада чуқур идрок этиш учун ҳаётий мисоллар кўп.

Назиржон Саидов Олтинкўл туманида деҳқон оиласида туғилди. Мусаффо қишлоқ тафти билан йўғрилган орзу-умидларга тўла беғубор қалб соҳибини олдинда катта ҳаёт йўли кутиб турар эди. Ярим асрдан зиёд ҳалол меҳнат эвазига маҳалладошлар, ҳамкасблар, жамоатчилик эътиборини қозонди, билдирилган ишончни оқлади, инсонлар корига яради.

 У 1970 йилда туман газетасида журналистика соҳасига кириб келди. Қўли тўрт, оёғи олти бўлиб туман ҳаё­тини ёритишга бел боғлади. Гоҳ пиё­­да, гоҳо велосипедда қайноқ нуқталарда пайдо бўлар, замон руҳини акс эттиришга интилар эди. Ҳаш-паш дегунча анча сувлар оқиб кетди, битган сатрлари равонлашди. Тошкент давлат университетини сиртдан тамомлади. Амалий тажриба назарий билимлар билан уйғунлашди. Ҳамкасблари доираси кенгайди. Талабаликда боғланган дўстона ришталар йиллар давомида синовдан ўтиб мус­таҳкамланди.

Хуллас, газетачиликнинг барча поғоналаридан юқорилаб бораётган ёш мутахассис Олтинкўл тумани ижрокўмига муовин этиб тайинланди. Тумандаги энг илғор “Олтинкўл” жамоа хўжалиги бошбошдоқлик касалига чалинганлиги учун кўрсаткичлари орқага кетганди. Вазиятни ўнглаш учун ижроқўм раиси муовини Назиржон Саидов сафарбар қилинди. Қисқа муддатда хўжалик оёққа турди, аввалги нуфузи тикланди.

Истиқлолнинг илк даврларида Назиржон ака чекига туманни бош­қариш вазифаси тушди. Халқ депутатлари туман Кенгаши раиси ўз ҳудудида ваколати доирасида эски тузумдан янгисига беталофат ўтишни, нафақат иқтисодий, балки руҳий барқарорликни таъминлади. Буни қай даражада уддалаганини, туман аҳлини ўз ортидан нечоғли эргаштира олганини биргина мисол ҳам ифодалайди. 1992 йили мустақил респуб­ликамизда маъмурий-сиёсий бошқарув соҳасида ҳокимлик тизими жорий қилинди. Олтинкўл тумани биринчи раҳбари лавозимига номзод илк бор бевосита халқ томонидан муқобиллик асосида тайинланадиган бўлди. Якунда кўпчилик ёқлагани учун Назиржон Саидов туман ҳокими сифатида эътироф этилди. Ҳа, ишониш қийин, аммо шу даврда мактаб ўқувчиларини пахта йиғим-теримига жалб қилмасдан Олтинкўл тумани режани республикада илғорлар қатори уддалаган эди. Бундай дадил қарор раҳбарнинг қатъиятлилигидан, қишлоқ аҳли оғир-енгилини яхши англашидан далолат беради.

1993-1999 йилларда эса устоз Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари вазифасида ҳудудни ижтимоий ривожлантиришга масъул бўлди. Унинг маҳаллий давлат бошқаруви соҳасига шу тариқа ихтисослашуви ижодкорлар учун беиз кетмади. Журналист эканлиги бошқа тармоқлардан етишиб чиққан раҳбарларни ҳам оммавий ахборот воситаларига эътибор билан қарашга ундар эди. Таълим, соғлиқни сақлаш, маънавият, маданият ва спорт каби ўнлаб соҳалар қатори қалам аҳлини қўллаб-қувватлаш, ҳамкорликни йўлга қўйиш, тажриба алмашиш, турли кўрик-танловлар ўтказиш, ёш иқтидорларни кашф этиш ишлари тизимли равишда олиб борилди. Айнан ўша вақтда “Андижонни гуллар вилоятига айлантирамиз” фестивали ташкил қилиндики, бу ўзига хос меҳнат байрами эндиликда ҳам анъанавий тарзда ўтказиб келинмоқда. Ҳудуддан “ялт” этиб порлаган санъат ва спорт соҳалари вакиллари республика даражасига кўтарилдилар. Олий Мажлис иккинчи чақириғи депутати, қатор чақириқлар вилоят ва туман кенгашлари депутати сифатида миллий давлатчилигимизнинг ҳуқуқий асосларини яратишга ҳисса қўшди, ваколатларидан ҳудуд ривожи, сайловчилари манфаати йўлида самарали фойдаланди.

У ёки бу инсоннинг ҳаёт йўлига назар ташланганда, одатда, ютуқлар ёдга олинади. Аслида эса тақдир сўқмоқлари ҳеч қачон равон бўлмайди. Бундай ҳолларда устоз ҳамиша қалбига қулоқ тутганлиги бор гап. Инсонийликни унутмаслик фалсафаси Назиржон акада эл ардоқлаган шахслар билан ҳамсуҳбат бўлиш асносида янада сайқалланди. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Саид Аҳмад, адабиётшунос олим Озод Шарафиддинов, Ўзбекис­тон халқ шоирлари Абдулла Орипов ва Эркин Воҳидов, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов, Қирғизис­тон ва Қозоғистон халқ ёзувчиси Чингиз Айтматов сингари қатор дарғалар билан бўлган дилкаш мулоқотлар бир умрга ёдда қоладиган воқеаларга бой.

— Шундай суҳбатларнинг бири Муҳаммад Юсуф билан ёз кунларида бўлиб ўтган эди, деб — эслайди Назиржон ака. — Туғилиб ўсган она замин илҳом бағишлашини таъкидлаб, ўзини юртдошлари олдида ҳамиша бурчли ҳисоблашини айтди. Бир пиёла чойдан сўнг мазкур оромгоҳ мактаб ўқувчиларининг маскани эканлигини, эртадан иккинчи давра дам олувчилари келишини билиб қолгач, ўйга толди.

— Болажонларнинг ризқини яримта қилибман, афсус. Дўстим —тадбиркор, — ишора қилди Муҳаммад Юсуф дийдорлашувнинг учинчи иштирокчисига. — У ҳомийлик кўрсатар. Сиз, Назиржон ака, соҳанинг иссиқ-совуғидан ҳамиша хабар оласиз. Мен эса қарзимни қандай қайтараман?

Эртасига шоир яна ўша жойга қайтиб келиб, оромгоҳдаги ёшлар учун ажойиб кеча уюштириб берди…

Қалам билан оила тебратиш нималигини жуда яхши тушунган журналист вилоят “Андижоннома” ва “Андижанская правда” газеталарига бош муҳаррирлик қилган йилларда жамоа учун барча шароитларни яратишга, ижодий муҳитни янги даражага кўтаришга алоҳида эътибор қаратди. Инсон қадрини улуғлаш тамойилини маҳкам тутган Н. Саидов ҳамкасблари, соҳа фахрийларини йўқлаб туришни шогирдларига ҳам ўргатди. Айниқса, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасида раис ўринбосари бўлиб ишлаган, кейинчалик Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси вилоят бўлимини бошқарганда бу жиҳати намоён бўлди.

— Назиржон Саидовни соҳа фидойиси сифатида яхши биламан, — дейди Ўзбекистон Журналистлари уюшмасига анча йиллар етакчилик қилган, бугунги кунда эса кексалик гаштини сураётган устоз журналист Шерзод Ғуломов. — Уюшмамизнинг Андижон вилояти бўлимини бошқарган даврда у киши билан яқиндан ҳамкорлик қилганмиз. Покиза ва бағрикенг инсон нафақат вилоятда, балки республикамизда ҳам обрў-эътибор қозонган. У киши бош қўшган ҳар қандай тадбир ўзгача файз билан самарали кечар эди.

— Ҳалоллик, фидойилик, инсонпарварлик, ёшларни ҳамиша қўллаб-қувватлаш… Назиржон Саидовнинг ҳаёти ва фаолиятининг асоси бўлиб келмоқда, — дейди таниқли ижодкор, “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари бош муҳаррири Ўткир Раҳмат. —Яхшилик, эзгу ном кишидан қоладиган энг катта хазина эканини чуқур англайди. Шу маънода унинг йўл-йўриғи, кўмаги билан қанчадан-қанча ёшлар ҳаёт сўқмоқларида адашмай, ўз йўлини, ўрнини топ­­ди. Бугун ҳам навқирон авлоддан ўз ёрдамини аямай, бор билим-салоҳиятини, тажрибасини баҳам кўриб келмоқда.

Устознинг ҳалол меҳнатлари эътирофи сифатида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими унвони ҳамда “Эл-юрт ҳурмати” ордени, қатор эсдалик ва кўкрак нишонлари дарак бериб турибди. Шу кунларда ўзининг муборак 75 ёшини қарши олаётган Назиржон ака Саидов кексалик гаштини оиласи даврасида сурар экан, Олтинкўл тумани Маслаҳат қиш­лоғи аҳлининг маслаҳатгўйи сифатида эл ардоғида умргузаронлик қилиб келмоқда.

Саидаҳмад ШУКУРОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг



Source link