Sunday, October 2nd, 2022

“Троллар”. Уларнинг “юзи” борми? – HURRIYAT


Яшириб нима қилдим, мен ҳам эл қатори интернет жиннисиман. Деярли ҳамма ижтимоий тармоқда саҳифам бор. Иш-у ўқишдан ортиниб, вақт топганимга ўзимга қойилман. Бир куни Facebookдан шахсийга “Тошкент Ўзбекистон” номли профил эгаси ёзди. Маълумотлар унинг Нью-Йоркда эканлигини кўрсатяпти, холос. Нотаниш ҳамсуҳбатимнинг саломига алик олгач, кимлигини сўрадим. У эса мени танишини, мен ҳам уни танишимни айтди. Мен 3 та мактабда ўқиганман, 5 марта синф алмаштирганман. Университетдаги курсдошлар, тармоқдаги дўстлар ҳам етарлича. Ўзини шаҳар номи билан атаган бу киши роса бошимни қотирди. Ким бўлди экан-а? Кейин ўзини танитмаётган “қадрдоним” менга “Одноклассники”даги ёзишмалар расмини жўнатди. Профилда   менинг анча аввал ижтимоий тармоққа жойлаган суратим турарди. Одатий суҳбатлар, ҳол-аҳвол сўрашлар. Жиддий бирор гап йўқ, аммо менинг номимдан очилган профил эгаси билан бу сирли кимса анчадан буён таниш шекилли, суҳбатларда яқинлик сезилиб турарди. Ҳайрон қолдим. Қизиғи, мен “Одноклассники”да ҳеч ким билан ёзишмайман, ҳеч кимни “дўстлик”ка қабул қилмайман ҳам. Бу иловадан фақат баъзида фильмларни томоша қилиш учун фойдаланаман. Асабийлашиб, ёзишмаларни ўчирдим, кимлигини билдирмаган танишимни қора рўйхатга тиқдим.

 

Анча вақтдан кейин “Самарқанд Ўзбекис­тон”, “Андижон Ўзбекистон” каби саҳифалардан дўстлик сўровлари келди, бўлиб ўтган нохушликни эслаб, сўровга рад жавобини бердим. Тушундимки, тармоқда ўзини шаҳар номлари билан атайдиган кишилар озчилик эмас. Беихтиёр ёдимга Испания киноижодкорлари томонидан ишланган “Қоғоз бино” фильми тушди, сериалда бир гуруҳ жиноятчилар аввал Испания Қироллик зарбхонасини, кейин эса Испания Миллий банкини ўмаришади. Ўғрилар ўзаро таниш бўлмасликлари, қўлга тушганларида бир-бири ҳақида ҳеч қандай маълумот айта олмасликлари учун ўзларини шаҳар номлари билан атайдилар, масалан: Токио, Москва, Рио, Осло каби.

Нотанишлик доим кишида ишончсизликни уйғотади, шахсини яшириш эса ўзни бироз эркинроқ тутишга имкон беради. Баъзилар анча вақтлар илгари вафот этган машҳур кишилар номларидан фойдаланишади, Гитлер, Наполеон Бонапарт, Сталин каби. (Таниқли актёр, санъаткорларнинг сохта профиллари ҳам қанча?!) Кўпинча улар жамиятдаги қусурлар устидан кулишади, амалдорларни жиддий танқид қилишади. Ундайлар постларида кўпинча сўкиниб, кескин ҳақорат қилишади, шахсиятга тегишади. Уларнинг тармоқдаги бу каби чиқишлари кулгули бўлиши мумкин, лекин кўпинча жиддий қабул қилинмайди. Муаллифнинг номаълумлиги ишончсизликни уйғотади. Тармоқдаги бундай аккаунтлар эса “троллар” деб аталади.

Тобора виртуал муносабатлар майдони кенгайиб бораётган даврда анонимлик қанчалик керак? Кўпчилик ўзининг расмий саҳифасидан ташқари иккинчи ёки учинчи профиллари борлигини билдиради. Аксар кишилар танишув чоғида шахсиятини яширишни афзал кўради, уларнинг фик­рига кўра бу анча хавфсизроқ. Ижтимоий тармоқларда шовқин, бузғунчилик қўзғовчилар ҳам кўп ҳолларда яширин профил эгаларидир. Баъзи давлатларда анонимлик қонун билан тақиқланган. ВПН орқали регионларда блокланган сайтлар, платформаларга киришда ҳам фойдаланувчи ҳаракатлари яширилади.

Аслида тармоқдаги анонимлик қандай пайдо бўлган? Жадал рақамлашаётган давр­­да одамлар учун ўзларини ниқоб ортига яшириш нега бунчалик керак?

Аноним сўзи юнончадан олинган бўлиб, “номсиз” деган маънони билдиради. Ушбу атама дастлаб 2003 йилда пайдо бўлган, дунёдаги энг махфий хакерлар интернет-гуруҳи сифатида машҳур. Бу атама   интернетда анонимлик ва эркинлик ғоясини идеаллаштирувчи субмаданиятни ҳам англатади. “Аноним” халқаро ҳамжамияти интернет цензураси ва таъқибга қарши курашади. Гуруҳ норозилик сифатида турли ҳукумат, хавфсизлик ташкилотларининг веб-сайтларини бузиб кирган. Дастлаб, ушбу гуруҳ ўз мақсадлари йўлида яширин ҳаракат қиладиган, одатда турли хил интернет ҳазиллари, мемлар билан боғлиқ ўйин-кулги гуруҳи сифатида талқин қилинган. Кейинчалик эса гуруҳ фаолияти халқаро хаккерлик билан боғланади. Улар саноат, турли хил тижорат, кино ва бошқа компанияларга қарши кўплаб норозилик намойишлари ўтказишган. Бу каби ҳаракатлар номаълум шахслар ёки ўзини танитмаган бир гуруҳ кишилар томонидан амалга ошириларди. Баъзилар “Аноним” гуруҳини интернет эркинлиги курашчилари, “рақамли Робин Гуд” деб атасалар, танқидчилар “киберпартизанлар”, “кибертеррорчилар” дея қоралашади. Қизиғи, 2012 йилда Американинг “Тimе” журнали   “Аноним”ни “Йилнинг энг нуфузли одами” рўйхатига киритган.

Росс Эаман ўзининг “Журналистика А дан З гача” китобида шундай ёзади: “Одамларга аноним гапиришларига рухсат берилса, халолроқ гапиришади”. Агар муносабатлар холис бўлса, анонимлик зарарсиз, дейди тармоқ фойдаланувчиларининг бири. Бошқа бир фойдаланувчига кўра, аноним акаунтдан фойдаланиб ижтимоий тармоққа кириш шубҳали, агар ҳаракатлари ғаразли бўлмаганда, яширинишга ҳожат қолмаслигини айтади.

Бизнингча глобаллашув ахборот олиш, узатиш жараёнини тобора жадаллаштириб юборган замонда манбанинг ишончлилиги муҳим омиллардандир.   Сўроқлар ортига яширинган ахборот берувчига нисбатан фойдаланувчида ишончсизлик, манба ҳақидаги маълумотлар занжирининг тўлиқсизлиги ёки умуман йўқлиги шубҳа уйғотиши мумкин. Реал муносабатлар қадрланадиган бир пайтда ишонч, ҳақиқат юқори баҳоланади.

“Троллар”дан бугунги кунда айрим йўналишларда самарали фойдаланилаётганининг ҳам гувоҳи бўляпмиз. Бу кимларнидир обрўсизлантириш, қандайдир масалада жамоатчилик фикрини (гўёки) ўрганишда жуда қўл келмоқда. Худди, халқни ўйлаётгандек таассурот қолдириш мақсадида калта ўй-мулоҳазаларини қолдириб, кўпчиликда норозилик кайфиятини оширувчи материаллар (пост) ни қолдириш жуда оммалашди. Ҳолбуки чиндан ҳам халқни ўйлайдиган, ҳақиқатни айтадиган одам шахсини яширмайди. Ҳайрон қоларлиси баъзи вақтларда улар ҳеч кимга маълум бўлмаган ахборотларни ҳам топиб тармоққа жойлашади. Демак, бу “троллар” ойдан тушган эмас, ўзимизнинг ичимиздан. Орамизда ўзини ҳайрихоҳдек кўрсатиб, орқадан пичоқ урадиган кимсалар камми? Гоҳида арзимаган нарсаларга ҳам тезда, кўплаб муносабат билдирилиб шов-шув бўлиб кетади. Бу ҳам бўлса мана шундай “троллар”нинг фаол ҳаракати натижасида алоҳида ташкиллаштирилади.

Ҳа, замонавий дунёда мулоқотнинг янги шакллари кўплаб ўйлаб топиляпти. Масофавий алоқа воситалари тобора яхшиланяпти. Кишилик жамиятининг коммуникация имкониятлари кенгайиб бормоқда. Бундай давр­­да биздан талаб этиладигани умуминсоний қадриятларни сақлаб қолишга уриниш, ўзаро ишонч ва энг асосийси, огоҳликдир!

Жалол МИРЗОЗОДА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг



Source link