Sunday, September 25th, 2022

Тунлар муҳаббатга тўқир қасида – HURRIYAT


Мунира Рамазонова

 

Муаллиф ҳақида:

Мунира РАМАЗОНОВА — 1985 йили Когон шаҳрида туғилган. Тошкент Миллий Рассомлик ва дизайн институтининг Санъатшунослик факультети бакалавр ҳамда магистратура босқичларини тугатган. Ижод намуналари республика нашрларида чоп этилиб келинади. Муаллифнинг “Дориломон кунлар шукуҳи” ва “Менинг жоним Маржоним” номли ки­тоблари нашр этилган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

 

                 ИЛТИЖО

Дарёсига чўкдим кўзларнинг,

Нафасингиз латиф мастона.

Қошингизда турган кезларим,

Нигоҳингиз севгидан ёнар.

 

Билмам, қандай сеҳрладингиз,

Ишқингиздан ҳатто ёғар қор.

Сўзламоққа тилларим ожиз,

Термуламан фақат беозор.

 

Ёнингизда ўтган ҳар соат,

Ўтиб кетар лаҳза сингари.

Бир умрга эркаланг, фақат,

Хаёл қилманг ташлаб кетгали.

 

Шамоллардан асранг ҳаётим,

Кўчаларда қолмасин зорим.

Қалбингизда ишқ иморати

Менинг хонам бўлсин, эй ёрим.

 

            СИРЛИ СЕВГИ

Юрагингда гуллар муҳаббат,

Телбавор севасан, ёниб севасан.

Кўзда ишқ гулхани гуриллар фақат,

Севги шаробига қониб севасан.

 

Энтикиб кетасан тонг насимида,

Титраган телбавор чечаклар каби.

Тунлар муҳаббатга тўқир қасида,

Мумтоз садоқатнинг мунир мактаби.

 

Сукутга чўмасан, гоҳо маъс, жим,

Эҳтимол, кўксингни тимдалар гумон,

Кўкка тикиласан, доно мунажжим,

Саховат сеҳридан кутган каби шон.

 

Домига тушгансан пинҳон севгининг!

Қара, борлиғингга ҳукмрондур у.

Энди шу дунёда ўтган ҳар кунинг,

Шунчалар шириндир пинҳона туйғу.

Энтикиб севасан, ёниб севасан…

 

            БОРЛИГИНГ

Сенинг боринг, қанчалар бахт,

Қолганлари беҳуда.

Жисму жоним лолу карахт

Севги деган туйғудан.

 

Юр, учайлик самолар

Оқ қушлардек учайлик,

Мовий, зангор маъволарда

Юлдузларни қучайлик.

 

Кўкрагимни қилай қалқон,

Сенга учган тошларга.

Сололмасин шубҳа-гумон

Ўт ёқ ёв қарашларга.

 

               СОҲИЛДА

Сой соҳили сокин ва сўлим,

Учрашмоқда икки ошиқ дил.

Нур қоплайди сомончи йўлин,

Куйга тўлиб кетади соҳил.

 

Сой ёқалаб кезган икки дил,

Бирлашади гўё икки шам.

Бир энтикиб тушади соҳил —

Бир энтикиб кетади оқшом…

 

                 БИР ГАП…

Қулоғинга айтаман бир гап:

Эҳтирослар келди жунбушга.

Ҳар кун сени ўйлайман, ё Раб!

Сен ҳар куни кирасан тушга.

 

Қулоғинга бир гап айтаман:

Юр, осмонга кетайлик учиб.

Қучоқ очсин бизларга чаман

Юлдузларни юрайлик қучиб.

 

Қулоғинга бир гап айтаман:

Сен кўкдаги суянч-тахтимсан.

Сенга фидо бўлгай жону тан,

Ўргиламан шундай бахтимдан.

 

Қулоғингга бир гап айтаман…

 

                     МАШЪАЛ

Машъал худди юлдуздек чақноқ,

Латофатинг тонгни уйғотар.

Сенга қараб кўз ёнар, бироқ —

Бийрон тилим сукутда қотар.

 

Ўт сочади дилга нигоҳинг,

Ташна қалбим дарёдек тошар.

Фақат битта ўтинчим, оҳим:

— Шамдек эриб кетма, эй, машъал!

 

                БУ ГЎЗАЛ…

(Рассом Акмал Нурнинг

“Муҳаббат боғи” асарини кўриб)

 

Учмоққа шай қушмикин,

Рўёмикин, хаёлми ё тушмикин.

Ё адашиб юлдузларнинг тўпидан,

Кўчамизга тушганмикан субҳидам.

Қўллар оққуш қанотидек ёйилган,

Чеҳраимоҳ бахт нурила чайилган.

 

Оҳукўзда муҳаббатнинг чўғи бор,

Табассуми шабнам каби беғубор.

Еллар ўйнар гулисафсар кўйлагин,

Куйлаганинг сари келар куйлагинг.

О, қанийди шу санамга ёр бўлсанг,

Маҳшаргача содиқ,

                           вафодор бўлсанг…

 

             ШОДОН ЗАМОН КЕЛДИ

Ватандошим, кўринг,

                                шодон замон келди,

Бу шодликни ёзай, шеърим равон келди.

 

Азиз аждодларим руҳи бўлиб ҳуррам,

Дуолардин ижобат биз томон келди.

 

Кеча-кундуз қайнаган иш шиддатидин,

Бу ўнгимми, тушимми — шодумон келди.

 

Кириб борди юракларни қилиб шодон,

Ижтимоий ҳимоя — армуғон келди.

 

Қаён боқсам кўрур ман рози кўзларни,

Дедим, халқим ризолигин аён келди!

 

Забардаст ўзбегим байроғи юксалди,

Токиога Янги Ўзбекистон келди!

 

Улуғбек, Акбаринг кўксида олтинлар,

Баҳодиринг ила шараф ва шон келди.

 

Она юртим, мудом

                                бахтингни кўрмакка,

Бу дунёга Мунира Рамазон келди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг



Source link