Sunday, October 2nd, 2022

Туркияда китоб – HURRIYAT


Россияга уч бор ва Эронга бир бор сафарим чоғида китоб нашрлари сонию сифати, аҳолининг китобга муносабатига ҳавасим келганини асло яширмайман. Ҳатто, Эронда фуқароларнинг қўлтиқ-қўлтиқ китоб сотиб олиб, оғир юкни кўтариб юрмаслик учун дўконнинг ўзида почта бандероли тарзида яшаш манзилига жўнатганини ҳам кўрганман. Бир китобни сўрасангиз, сотувчи топиб беролмаса, компьютерда унинг Теҳрондаги қайси дўконларда қайси йилги нашри ва қанча риёл сотилаётгани ҳақида маълумот чиқариб, қўлингизга тутқазади.

Назаримда, бу икки мамлакатда дунёнинг хоҳлаган ҳар қандай тилида чиққан керакли китобни таржима қилиб, нашр этиш учун барча     имкониятлар – бордай.

 

Ўтса, ўтадики, асло қолишмайди

 

Икки карра Туркияга сафар қилиб: “Бу мамлакатда китобга муносабат қандай экан?” – деган масалага қизиқмаслигим мумкин эмаслигини ҳис этиб турибсиз, чамамда. Бироқ бу – жиддий савол. Унга профессионал даражада жавоб бериш учун махсус тадқиқот олиб боришга тўғри келади.

Ҳозир эса йўл-йўлакай кўрганларимнигина айтаман. Шуларнинг ўзи ҳам сизда муайян тасаввур пайдо қилади, деб ўйлайман.

Лекин жаҳоннинг хоҳлаган тилидаги ҳар қандай китобни турк тилига ўгириб, чоп этиш бўйича бу мамлакат Россия билан Эрондан ўтса ўтадики, асло қолишмайди.

Бу китоб дўконларидаги нашрлар мундарижаси ранг-баранглигидан келиб чиқиб айтиляпти. Айниқса, ижтимоий-гуманитар соҳаларда хориждан таржима қилиш борасида Туркия Россия билан Эронни аллақачон ортда қолдирган.

 

Келажак йўлимиз

 

Ҳар бир халқ ривожланиши учун аввал ўз аҳволини тафтиш қилиши – шарт. Акс ҳолда, ҳавойи гапларга ўралашиб, реал вазиятни ўзгартиролмайди. Шу нуқтаи назардан, биз қандай қиламиз? Очиғи, санаб ўтилган бу уч мамлакат даражасига чиқиш учун бизда имконият ва илмий-ижодий салоҳият етарлими?

Тўрт-беш ёшидан буён форсий тилни ўрганиб, кўнгилдагидек даражага кўтарила олмаган бир мутахассис сифатида айтаманки, келажакда зиёлиларимиз форс тилини ўрганиб, дунё илмидан шу тариқа хабардор бўлиши реал воқелик эмас. Ҳозирча кўп зиёлиларимиз рус тилини яхши билади. Аммо бу вазият ҳам ўзгаряпти. Рус тилини билмайдиган, лекин инглиз тилини биладиганлар сони ортиб бораётир. Инглиз тилида дунёдаги энг катта ахборот дунёси жамланган. Бу тилни ҳамма ҳам осонликча ўрганавермайди, албатта. Шунинг учун, келажакда ўзбек зиёлилари турк тилини ҳам мукаммал ўзлаштириб, шу орқали жаҳон илми ва маданиятидан бохабар бўлиш имкониятларини янада ошириши мумкин. Чунки туркчани ўрганиш бизга ҳар жиҳатдан арзонга тушади. Ахир, умрида туркча сўзлашишни эшитмаган киши ҳам уни етмиш фоиз тушунади-да. Қолган ўттиз фоизни ўрганиб олиш шунчалар мушкул бўлибдими?

 

Аэропортда кутубхона

 

Мустафо Камол Отатурк номидаги Истанбул халқаро аэропорти Европадаги энг йирик ҳаво қўналғаси ҳисобланади. Дунёнинг ҳар еридан учиб келиб, дунёнинг ҳар ерига учиб кетишади. Шундай бўлганидан кейин йўловчи муайян муддат кутиб қолиши – мумкинми? Мумкин. Шуни ҳисобга олиб, аэропортда кутубхона ташкил этилган. Унинг кираверишида турк тилида: “Туркия Респуб­ликаси Маданият ва туризм вазирлиги Истанбул аэропорти кутубхонаси”, – деб ёзиб қўйилган. Кирасиз, жовондаги хоҳлаган китобни олиб, ўқийсиз. Ҳар бир киши учун алоҳида-алоҳида стул ва стол – тап-тайёр. Чиқиб кетаётганда яна жойгинасига қўясиз.

Хўш, “Ўзбекистон ҳаво йўллари”га қарашли аэропортларда нега шундай қилиш мумкин эмас?

Яна бизда китобхонликка эътибор кучли деб кўп гапирамиз.

Ҳа, тўғри. Юртбошимиз бу борада барча кўмак ва ғамхўрликларни амалга ошириб келмоқда. Лекин китоб ва китобхонлик масаласини гўёки фақат зиё масканлари ёхуд Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасигагина тааллуқли деб билгувчилар ҳам йўқ эмас. Аслида китобхонлик ҳар биримиз, ҳар оила бош­лиғидан тортиб, катта-кичик ташкилот, муассаса раҳбарининг ҳам эътиборидаги энг муҳим вазифаларидан бири бўлмоғи керак эмасми? Ана шундагина китобхонлик ривож топади, мутолаа иши эса шунчаки кўз-кўз қилиш воситаси бўлмай, чинакам қадрият даражасига кўтарилади.

 

Отчопардаги Чилонзор бозорида нега китоб сотилмайди?

 

Тошкент отчопаридаги Чилонзор буюм бозорига кўп ҳам боргим келавермайди. Чунки у ерда ўзимни камситилгандек ҳис қиламан. Сабаби – бу бозорда ҳамма нарса сотилади, аммо ишлаб чиқарилишида камина ҳам дахлдор соҳанинг маҳсулоти, яъни китоб сотилмайди.

Анқаранинг “НАТО ВЕГА” деган кўпқаватли йирик савдо маркази – бор.   Унинг ўзи – бутун бошли бир шаҳарча. Бир кунда айлана олмайсиз.

Биринчи қаватида катта майдонни сотувга қўйилган китоблар эгаллаган. Бошқа қаватларда ҳам китоб савдоси бўлмалари ишлаб турибди. Уларнинг баъзиларида фақат болаларга мўлжалланган китоблар сотилади.

 

Юпқа муқовали китоблар

 

Туркияда чиқадиган китобларнинг асосий қисми – юпқа муқовали. Биринчидан, бу арзонроқ бўлади, иккинчидан, осонликча варақлари ажралиб-ажралиб кетмайди. Айтганча, бу ерда китоблар – енгилгина. Сифатли, лекин жуда юпқа қоғозларда босилади. Биздаги 200 саҳифали китоб билан улардаги 200 бетли нашрни солиштирсангиз, икки баробар енгилдек туюлади.

 

Эски китобу дафтарга – канцтовару ўйинчоқ

 

Анқаранинг биз қўнган Кавказлилар маҳалласида эски китобу дафтарларни сотиб оладиган пункт бор экан. Дафтарлар-ку – иккиламчи ишлаб чиқариш учун хомашё. Аммо эски китобларнинг бир қисми қайта ишланса, бир қисми букинистик дўконларда сотувга қўйилар экан.

Мактаб ўқувчиларининг эски китобу дафтарларини йиғиб, бу ерга олиб келиб топширишини қандай ташкил этиш – мумкин? Олинган эски китобу дафтарларнинг бир килосига 1,5 лира берилар экан. Тошкентда эски китоб ва дафтарларни 2-2,5 минг сўмдан олишар экан. Бу жуда арзон. Яна энг ачинарлиси “макалатура” деб аталгувчи бу иш билан шуғулланувчиларнинг айтишича, бизда топшириладиган эски газета-журналми, китобми бари асосан “ҳожатхона қоғози” ишлаб чиқарувчи корхоналар учун хомашё экан.

Лекин дунёда қоғоз ишлаб чиқариш оғир ва қиммат соҳа ҳисобланади. Шунинг учун бу маҳсулотнинг бир парчасини ҳам исроф қилмаслик керак.

Одамзод илм-маърифатсиз кўнгилдагидек яшай олмайди. Илм-маърифатни эса минг электрон хизматлар қанча ривож топмасин, барибир, қоғозсиз, яъни китобу дафтарларсиз тасаввур қилиб бўлмайди.

Султонмурод ОЛИМ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.

(Туркия, Анқара шаҳри, 2022 йил, 9 июль).

Янгиликларни дўстларингизга улашинг



Source link