ОАВда эълон қилинганидек, шу йилнинг 6 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған билан телефон орқали мулоқот қилди.
Давлатимиз раҳбари Туркиянинг Жануби-Шарқий вилоятларида рўй берган кучли зилзила оқибатида кўплаб инсонлар қурбон бўлгани ва катта талафотлар кўрилгани муносабати билан чуқур ҳамдардлик изҳор этди. Биродар Туркия халқига, вафот этганлар ва жабрланганларнинг оилалари ва яқинларига далда сўзлари билдирилди.
Табиий офат оқибатларини бартараф этиш мақсадида амалий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилингани ва Ўзбекистондан Туркияга гуманитар ёрдам ва қутқарувчилар гуруҳи жўнатилиши режалаштирилгани ҳақида ЎзА хабар тарқатди.
Турк халқи бошига тушган бундай улкан ташвиш, табиий офат боис жабрланганларни қўллаб-қувватлаб кўплаб юртдошларимиз ўзларининг дил сўзлари, ҳамдардликларини матбуотда, ижтимоий тармоқларда эълон қилмоқда. Ишонамизки, узоқ ўтмишда ҳам не-не оғир синовларни енгган Турк халқи бу синовни ҳам матонат билан енга олади…
Куни кеча Туркия жануби-шарқида ва Сурия шимолида содир бўлган кучли зилзила натижасида 23 миллионга яқин одам жабр кўрган. Бу ҳақда Женевада бўлиб ўтган матбуот анжуманида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакили Адельхайд Маршанг маълум қилди.
Туркия ҳукумати, ўз навбатида, мамлакатда зилзиладан бевосита жабрланганлар сонини 13,5 миллион киши деб баҳолаган.
— Вайроналар остида қолганларни қидириш ва зилзила оқибатларини бартараф этиш ишлари давом этмоқда, – деган Туркия атроф-муҳит ва шаҳарсозлик вазири Мурат Курум. Унинг сўзларига кўра, зиён кўрган ҳудудларда йўллар вайрон бўлган, бу эса қутқарув ишларини мураккаблаштирмоқда. “Бу оғриқни таърифлаб бўлмайди”, — дейди Курум ва аввалги зилзилалардан сўнг қутқарувчилар 100 соатдан кейин ҳам қулаган бинолар остида тирик одамларни топганини эслаб.
Айни пайтда, Туркия ва Сурияда сўнгги ўн йилликлардаги энг кучли зилзила қурбонлари сони 5000 дан ошганлиги айтилмоқда. Туркия Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, бу мамлакатда зилзила қурбонлари сони 3419 кишига етган. Вице-президент Фуад Ўқтой 20 мингдан ортиқ киши жароҳат олганини маълум қилди. Сурияда, расмий маълумотларга кўра, камида 1602 киши ҳалок бўлган, 2000 га яқин киши жароҳатланган.
Туркиядаги қутқарув ишларига ноқулай об-ҳаво шароити тўсқинлик қилмоқда. Метеорологлар кучли қор, ёмғир ёғиши, шунингдек, ноль даража ҳарорат фонида кучли шамол давом этишини тахмин қилмоқда. Энг кўп жабрланган учта вилоятга – Хатай, Қаҳраманмараш ва Адияманга киришга фақат қутқарувчилар ва гуманитар ташкилотларнинг транспорт воситаларига рухсат берилган. Туркия Фавқулодда вазиятлар бошқармаси – AFAD маълумотларига кўра, мамлакатда камида 5775 та бино вайрон бўлган. 6 февраль куни эрта тонгда содир бўлган зилзиладан сўнг 258 та ер силкиниши (такрорий силкинишлар) қайд этилди, деди бошқарма вакили.
ЮНЕСКО халқаро ташкилоти Суриянинг Алеппо шаҳридаги зилзиладан сўнг юзага келган вазиятдан хавотирда. Бу ердаги қалъа жиддий зарар кўрган, деб маълум қилди “РИА Новости” агентлигига ташкилот матбуот атташеси Том Маллар.
Туркиядаги тарихий Газиантеп қалъаси ва Суриядаги Ҳалаб қалъаси, иккаласи ҳам ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган. Туркияда душанба куни эрталаб 7,4 магнитудали зилзила содир бўлгани оқибатида ушбу маданий мерос объектларига ҳам жиддий зарар етган.
“Ташкилот ўз ҳамкорлари билан меросга етказилган зарарни ўрганиб чиқмоқда. ЮНЕСКО, айниқса, Сурияда хавф остидаги Жаҳон мероси рўйхатига киритилган қадимий Ҳалаб қалъасидан хавотирда. Бу иншоот катта зарар кўрган – деди Маллар. Унинг қайд этишича, шаҳарнинг эски қисмидаги ғарбий минора қулаб тушган, конструкциялари шикастланган ва заифлашган бир неча бинолар мавжуд.
Европа Иттифоқи кенгашига раислик қилаётган Швеция Туркия ва Суриядаги зилзила муносабати билан Европа Иттифоқининг табиий офатларга энг юқори жавоб бериш тизими – Интеграциялашган сиёсий инқирозга жавоб бериш (IPCR) механизмини жорий этиш ташаббуси билан чиқди. Бу ҳақда ЕИ кенгаши сайтида маълум қилинди.
— Бундай механизм Европа Иттифоқи мамлакатлари, институтлари ва бошқа томонлар даражасида қарор қабул қилишни осонлаштириш ва тезлаштириш учун ишлаб чиқилган. Эрта тонгда Европа фуқаролик мудофааси механизми ишга туширилди. Эндиликда IPCR доирасида юқори даражадаги амалдорлар зилзила қурбонларига ёрдам кўрсатишни мувофиқлаштиришга жалб этилади.
Брюссел ўндан ортиқ қидирув-қутқарув гуруҳларини сафарбар қилди, хариталаш хизматларини кўрсатиш учун ўзининг “Copernicus” сунъий йўлдош тизимини фаоллаштирди ва Суриядаги жабрланганларни гуманитар ёрдам дастурлари орқали қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди – деди Европа комиссияси вакили.
Интернет маълумотлари асосида
Камолиддин ДАВРОНБЕКОВ
тайёрлади.
Янгиликларни дўстларингизга улашинг