Thursday, January 26th, 2023

Улар “рўйхатларда йўқ” эди – HURRIYAT


Шовуллаган оқбадан тераклар қани?

 

Улар йигирма бир дона эди. Ҳар куни уларнинг қаторини кесиб, катта йўлга чиқардим, ҳар куни улар мени кузатиб қўярди гўё. Ва ишдан кейин ҳам уларнинг вазмин қатори аро юрар, ажиб хушкайфият ва енгиллик билан уйга шодон қайтардим. Бу бўйи кўкка ўрлаган бақатераклар менинг болаликдаги хотираларим каби қадрдон ва дилдош, уларнинг овозсиз суҳбатларидан олисдаги қишлоқ, қайтмас болалик соғинчи, йилларнинг бўйи-басти ва улғайиш манзили кўриниб тургандек бўларди.

Серёмғир кунларнинг сирасида (наҳот!) уларнинг бири қулаб ётганини кўрдим. Шохлар, бутоқлар катта автойўлни тўсиб қўйган, бу издиҳомга биринчи дуч келганлар уларни қайириб, из очган, балки дуч келган ҳайдовчилар уни лаънатлаб (чунки равон йўлни банд қилиб, узала тушиб ётарди-да), ичида сўкиниб ўтиб кетаётгани бор гап эди. Бир қур унга назар ташладим: теракнинг томири пастга эмас, атрофга тарвақайлаб кетар экан, илдизлар орасида ердан қўпган тупроқлар қадрдон томирларига видо айтаётгандек қапишиб, юпун ҳолда турарди. Мени лол қилган манзара —теракнинг қучоққа сиғмас танаси одам бўйи юқоригача  чириб борган, оқибатда, бир силкинишга бардош беролмай, гурсса қулаган экан. Унинг ташқи гўзаллигига мафтун бўлиб юриб, ичида нима кечаётганидан бехабарлигим учун ўзимни койигандек бўлдим-да, яна бу сирни билишдан ожизлигимни мушоҳада қилиб, сукут сақладим. Автобус тиқилинчида эрталабдан дилимни ғашлаган бу манзара тезда унутилди ва бошқа ташвишлар исканжага олди. Шаҳар ҳаёти шундай, ҳар қадамда кескин саволлар ва, албатта, улгурилмаган жавоблар қуршовида асирдек кун бўйи лоҳас юрасан.

Кейинги кун қадрдонимнинг хотирасини эсга олгандек, қулаган теракнинг ўрнини кўздан кечирдим. Бу жой шаҳарнинг силлиқ афт-ангори қаторида ҳатто билиб бўлмас даражада орасталанган, фақат шу жойда азим бир терак борлигини билган ва уни кўнглига туккан одамгина уни қўмсаб эсламаса, изқувар ҳам топа олмайдиган даражада нишон қолдирилмаганди. Фақат менинг кўнглимда бир ўкинч қолди ва, афсуски, у ортиб борди.

Орадан кўп ўтмай, яна бири шу алпозда қулади, унинг тақдири ҳам шу тахлит якун топди. Энди мен чуқурроқ изтиробга тушдим ва самарасиз вақтимдан улуш ажратиб, бир куни қоғоз-қалам билан тераклар қаторига бордим. Йўқ, уларга марсия ўқимоқчи ёки бирор оят ёзиб, танасига илиб қўймоқчи бўлмадим, балки яшаётган ўринларини қоғозга муҳрлаб, уларнинг манзилини “тайин” қилиб, вараққа белгилаб қўймоқчи эдим. Назаримда, айни кунларда кимлардир меҳр кўрсатиб, уларнинг ниҳолини қадаш билан улуғ келажакни орзу қилган, теракларни шовуллаган дарахтларга муҳофиз бўлишини орзулаган эди. Ботинимда  бир туйғу гўёки буларга қирон келишини билгандек, уни  тўхтатиб қолиш мумкин эмаслигини таъкидлагандек, бор-йўғи уларнинг ўрнини “мих”лаб қўйишга ундарди.

Шундай ҳам бўлди. Кўчада янги қурилишлар бош­ланди, баланд бўйли иморатлар қад кўтара бошлади. Гарчи теракларни атайлаб, белига арра қўйишмаган ёки тракторга торттириб, суғуриб ташламаган бўлсалар-да, бетон тўсинлар, тупроқ уюмлари, кавланган решлар тазйиқида уларнинг ранги ўчиб, бутоғи синиб, шохи осилиб, кунпаякун бўла бошлашди. Бу тазйиқдан омон қолганларини эса шаҳарда тез-тез бостириб келаётган шамол-довуллар қулатди. Кўриниб қолдики, уларнинг илдизлари аллақачон чириб  бўлган экан.

 

Ағанаган терак­лар ер остидаги томирларини кўкка дўлайиб, илдизлари тарвақайлаб, қулаб ётар, тезкор цвилизация маромларига тўсқинлик қилганликлари учун зумда сариқ либос кийган мулозимлар етиб келар, бир пасда ҳамма жойни шип-шийдон қилиб, теракни калла-поча қилиб, ер ютгандек ундан ҳеч асар қолдиришмасди. Бир қарасанг, аксида одамнинг сурати кўринадиган сопол брусчаткалар қоплаб олган йўлакда барглари сўлжайиб қолган, танасида доғлар бор осмонўпар тераклар анча ғариб туюлар, улар ибтидоий замонларни эсга солгандек бўлар, улардан тезроқ қутулиш шу кунларнинг талабига ўхшарди. Тераклар йўқ бўлиб борар, шу билан кангулдаги қадрдон ҳислар ҳам бегоналашиб, ўрнини янги таш­вишлар: смартфон, кондиционер, электрплита ва бошқалар эгаллаб олаверарди. Атроф-жавониб эса силлиқлашиб ва, назаримда,  қашшоқлашиб бораверарди, лекин ҳеч ким бе­зовта эмас, ҳамма силжишлар табиий қабул қилинарди.

Шу йўсин йигирма бир терак ерга тенг бўлди ва кўча милтиқнинг ўқидек шувиллаган йўлаклар билан “чирой очди”. Меҳмонлар ва келиб-кетувчилар бу манзарадан бехабар, билганлар назарида эса гавжум кўча ҳувиллаб қолганди. Гапнинг нафсиламрини айтганда, бундай ҳол кўплаб шаҳарларда кузатилди. “Бир дарахтни кессам, ўрнига ўнта ниҳолни қададим” сингари ўтмишнинг тажрибаларини ҳам ҳеч ким назар-писанд қилмади. Натижа эса узоқ куттириб ўтирмади:  шу йил 5-8 ноябрь кунлари аномал ҳодиса – қум бўрони кузатилди ва унинг йўлини тўсиб қоладиган азим терак­лар йўқ эди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу ҳали бошланиши.

Бу нима — тамаддун манзарасими ёки одамзотнинг табиатга ўтказаётган зуғумининг оқибатими? Йигирма йиллар олдин хорижлик меҳмонлар билан ўтказилган мулоқотдан ёзган репортажимга “Дарахтлар Парижда кўпми, Тошкентда?” деб сарлавҳа қўйган эканман. Ўшанда, эҳтимол, яшилликка бурканган пойтахтимиз мавқеини кўҳна қитъанинг гўзал шаҳарларидан бирига тенг қўйгандирман ва шундай кўргандирман. Ҳақиқатан, бир қарич ер ҳам тансиқ бўлган мегаполис ўз даражасини инсон қўли билан яратилган сунъий гўзалликлар: готик, барокко, классик услубдаги бинолари туфайли  қозонган бўлса, Тошкент табиий гўзаллиги билан ҳар қанча таҳсинга сазовор эди. Бугун аҳвол қандай?

Тушуниб бўлмайди, шаҳар ландшафти бутунлай ўзгариб кетди. Бу юмуш қайси меъёрларда ташкил қилинаяпти? Осмонўпар бинолар шаҳар ҳуснини очаяпти, шунда осмонўпар чиноларнинг бўйи элас-­элас кўзга чалингандек бўлади. Қани улар? Минг йилларнинг юзини кўрган бу бободарахтларга барҳаётлик ёрлиқлари ҳам ёпиштирилган эди, ҳар бири алоҳида давлат муҳофазасига олингани расман қайд қилинган ҳужжатлар осилганди. Аммо …уларни кесиб ташлашди. Энди ўшандай серсавлат дарахтлар пайдо бўлиши учун неча юз йиллар кутишга тўғри келади.

Йўл четларидаги, боғлардаги азим дарахтларни кўриб, кишининг раҳми келади: томирлари очилиб ётибди, баданлари пўст ташлаган, бетон йўлакларга санчилган, улар қандай озуқланади, ҳеч кимни қизиқтирмайди. Бир пайтлар дарахтларга ишлов берадиган, уларни “даво”лайдиган назорат идоралари бўлган, ҳисобига катта-катта маблағлар ажратилган. Ҳозир ўсимлик ва дарахтлар карантини, муҳофазаси билан шуғулланадиган бирон ташкилот борми? Ахир одамлар учун нечалаб шифохоналар бўлган шароитда дарахт ва ўсимликлар саломатлиги, умри билан қизиқадиган бирор муассаса бўлиши лозим-ку.

Борлиқдаги жами бойликлар инсон учун яратилган ва уларнинг мангулиги учун ҳам инсон масъул. Одамзот қойимлигининг бош сабаби ҳам борлиқни заха етказмай асраб-авайлаш. Худди “Қарс икки қўлдан” дейилганидек, одам “борлиққа зеб бергани сари ўзи ҳам зеболаниб бораверади”. Бошимизда  соябонимиз, тирикчилигимизнинг устунлари, ҳаёт йўсинимизда беминнат дастёр, бедор посбондек ишончимиз — дарахтларни кўпайтириш, уларнинг касаллик­ларга чалинмай, узоқ ва бақувват умр кўриш­лари учун ғамхўрлик қилиш ҳам одамнинг ўзига қайтадиган яхши амаллардан. Энди сўздан ишга ўтиб, зарур чоралар кўриш, ўлкамизни яшил либосга буркаш кечиктириб бўлмас вазифамизга айланди.

Ҳаким САТТОРИЙ,

ёзувчи, публицист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг



Source link