Thursday, January 26th, 2023

Устозлар келганда…


Ўзбек болалар адабиётининг ёрқин юлдузларидан бири Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон ҳаёт бўлганида 75 ёшга тўлган бўларди. Аслида шу сатрларни ёзаяп­ману хаёлимдан ўтаётган бир фикр менга асло тинч­лик бермайди. Нега энди ҳаёт бўлганида? Назаримда ва энг тўғриси боқий асарлар ёзиб, ўқувчилар қалбидан абадий жой олган шоир ҳеч қачон ўлмайди. Абадий яшайди!

Ўйлаб қарасам мен Анвар акани 1985 йилдан бери билган ва таниган эканман. Шу йиллар давомида Анвар ака ўзининг тантилиги, ҳазил-мутойибага ўчлиги, бадиий сўзга усталиги, адабиётни, айниқса, болалар адабиё­тини пухта, зўр тушуниши ва болаларга хос юмор билан, ғоятда гўзал ва бетакрор ёза олиши билан қалбимдан чуқур жой олган эди. Мен йиллар давомида Анвар аканинг жуда кўп китобларига муҳаррирлик қилганим сабаб бу фикрларни ишонч билан айта оляпман.

Анвар ака “Ўзбекистон” нашриётига кўп келиб турар, суҳбат чоғида “теша тегмаган”, “болта учирган” гаплари ва воқеалари билан бизни гоҳо ҳайрон қолдирарди. Энг қизиғи ўзи мийиғида кулиб гап бошлар, ҳазилда чегарадан чиқмас, лекин керакли нуқтага шундай урарди-ки, қойил қолмасликнинг иложи йўқ эди. Устози Эркин Воҳидов унинг бу хислати ҳақда қуйидаги тўртликни ёзганида мутлақо ҳақ эди:

 

Шоир Анвар Обиджонга ҳазил шеър йўқ,

Ўйлар, акам тўрт йўл ёзса ўлармиди?

Унинг ўзи тўппонча-ку, ҳар сўзи ўқ

Қурол билан ҳазиллашиб бўлармиди?

 

Боя айтганимдек Анвар Обиджон хонамизга келса байрам бўлиб кетарди. Бунинг икки сабаби бор эди. Биринчидан Анвар ака сахий банда бўлиб, бизни қўярда қўймай тушликка таклиф этар, биздек “мискин”ларнинг қорнини тўйғазар, натижада “обед” пули ёнга қолар, иккинчидан эса баҳонада Анвар акадан ичак узди ҳангомаларга бой воқеаларни ҳузур қилиб эшитар эдик. Мен уларнинг айримларини Анвар ака ҳақидаги хотираларимда ёзганман ва у “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида босилиб чиққан.

Энди эшитганингизни қайта эшитинг. Анвар ака ана шундай ўтиришларнинг бирида устози Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов билан бўлиб ўтган ҳангомани айтиб қолди. Мен ўшанда Анвар акага:

— Устозга шундай ҳазил қила олдингизми? – деб сўрадим.

Анвар ака одатича мийиғида кулди-да:

— Устоз, ҳазилларни тўғри тушунарди ва ўзи ҳам жуда ажойиб ҳазиллар қиларди, – деди.

Мен бу ҳангомани қўлимдан келганча шеърга солдим ва уни сизларга ҳам илиндим. Бу шеър, агар шундай аташ мумкин бўлса менинг Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидовнинг 85 йиллик юбилейи ва унинг севимли шогирди, устозим Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджоннинг 75 йиллик юбилейига кичкина совғам бўла қолсин.

 

                      ЭЪТИРОФ

Анвар ака кулиб сўзларди бир-бир:

— Саҳарлаб телефон жиринглаб қолди.

— Ким бўлди, шу маҳал? Юрак ҳам дилгир

Гўшакдаги овоз ҳушимни олди.

Устоз Эркин ака сўрарди аҳвол,

Таниш ва нотаниш ҳеч ким қолмади.

— Тинчликми? – Эй, устоз. Айтдим бемажол

— Кеча сим қоққандим, ҳеч ким олмади.

— Узр, – дедим такрор, кеча кеч келдим,

Сизга салом Фирдавс – Олтиариқдан.

— Хизмат бўлса сўзланг, нима гап, дедим,

— Бажарайин дарҳол. Айтдим чин дилдан.

— Уч-тўртта шеър ёздим, тинглаб кўринг-чи,

Фикрингиз муҳимдир, ёқса мабодо.

— Фикр бизда бисёр, қани, ўқинг-чи,

Тингладим, шеърларда маржондир маъно.

Ашъорлар завқидан қалбим тубида

Бир “шумлик” уйғониб, кўнглим эврилди,

Устоз ҳазилларга шайдолик сабаб.

Шу лаҳза бир ҳазил гап айтгим келди.

— Устоз, – дедим жиддий, фикрим қатма-қат.

Шундай шеър ёзишда давом этсангиз,

Ишончим комилки бир куни албат.

Жуда катта шоир бўлиб кетасиз.

— Тўғри, – деди устоз. – Яшанг, Анваржон!

Дилимдаги гапни топиб айтдингиз.

Бир кун катта шоир бўлиб кетгунча,

Мен нима қилолгум, сиздай шогирдсиз.

 

Баҳром АКБАРОВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар

уюшмаси аъзоси



Source link