Saturday, November 26th, 2022

Устоз — отангдан улуғ! – HURRIYAT


1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни

 

Кимки сенга бир ҳарф ўргатмиш ранж ила,

Айламоқ бўлмас онинг ҳақин юз ганж ила.

Алишер НАВОИЙ

 

Ҳар йили 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан кўплаб мақола ва шеърлар, ижодий асарлар битилади. Кўпдан бери мен ҳам шу мавзуда ёзмоқчи бўламану, истиҳола қиламан. Устоздек – тенги йўқ зотга муносиб таъриф тополармиканман?! Устознинг шаънини таърифлайман деб, хатога йўл қўйиб қўймасмиканман, деган андишадаман.

Устоз — отангдан улуғ! Бу иборани халқимиз кўп қўллайди. Лекин охирги вақтларда айримлар томонидан халқ мақоли “таҳрир” қилиниб, “устоз — отанг­дек улуғ” қабилида бузиб ишлатилмоқда.

Алҳамдулиллоҳ, аввало, биз мусулмонлар оламни Аллоҳ – Роббимиз яратганлигига иймон келтирамиз ва Одам алайҳиссаломга сўзлашишни, ҳаёт яшаш тарзини ўргатган – устозлик қилган зот Аллоҳдир. Шундай экан, Аллоҳ барча зотдан авло-­улуғдир. Алалхусус Аллоҳнинг 99 исми — “Асма аль Ҳусна”да Раб исми бор бўлиб, маъноси тарбиячи деган маънони билдиради. Мураббий сўзининг ўзаги ҳам шу сўздан олинган бўлса не ажаб?!

Суюкли ва сўнгги Пайғамбар — Муҳаммад Мустафо саллоллоҳу алайҳи вассаллам ҳам умматларига тенги йўқ устоз бўлганлар. Мусулмонларга қандай яшаш, ота-­онага муомала, аҳли оиласига муносабату эътиборни ва бошқа зарурий илмларни ўргатганлар. Биринчи муаллим, деб бежизга айтилмаган.

Инчунин, биз ўзбек халқининг эътиқод қиладиган дини – Ислом дини. Исломда эса буюк муаллим — устоз деб Пайғамбаримиз тушунилади. Пайғамбар алайҳиссаломнинг олим — уламолар менинг меросхўрларимдир мазмунидаги ҳадисларига мувофиқ олимлар Пайғамбар алайҳиссаломнинг маънавий меросхўри ва вакили бўлганлиги сабабли устунлиги отадан юқори, деб билинади.

Ривоят қилишларича, подшоҳ Искандар тахтга ўтираётганида тож кийдириш маросимида ўнг эшикдан устози, чап эшикдан падари буз­руквори кириб келганида, бир муддат ўйланиб қолади. Сўнгра биринчи бўлиб устозини қучоқлаб ташаккур билдиради, кейин эса отасини муборакбод этиб бағрига босади. Ке­йинчалик аёнлари бу ҳолатнинг сабабини сўрайдилар. Ана шунда подшоҳ Искандар “Отам менинг жисмимни бунёд қилиб руҳимни юксакликдан – Аллоҳнинг ҳузуридан тушишимга сабаб бўлдилар, устозим эса шу ердаги руҳимни тарбиялаб, таълим бериб таважжуҳи билан яна юксакликка кўтарган зот бўладилар”.

Қолаверса, академик Тўра Мирзаев бошчилигида чоп этилган энциклопедия китобида ҳам халқ мақоли “Устоз – отангдан улуғ”, тарзида келтирилган.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Халқ мақоллари ҳикмат жавоҳирлар сандиғидир. Уларда неча-неча минг йиллик ҳаёт сабоқлари, таж­рибалари, ўгитлари мужассам.

Халқ мақолларида яна “коса тагида ним коса” шаклидаги “яширин” маънолар ҳам ифода этилади. Масалан, “Зар қад­рини заргар билади”, деган мақолни олайлик.

Хўш, бу нима дегани? Зар (олтин) қадрини, қийматини бошқалар билмайдими? Ушбу мақолни ҳам айнан яъни сўзма-сўз тушуниш хато бўлади. Чунки бу ерда гап фақат зар ҳақида кетмаяпти-да. Ҳар қандай қимматли нарса, буюм, айтайлик, ҳунар ва ҳоказо… Унинг қад­рини билган одамгина чинакам устоз яъни заргардир.

Шундай экан, “Устоз — отангдан улуғ” деган мақолни ҳали-ҳануз “қабул қила олмаётган”ларга сўзимиз шуки, бу мақол билан доно халқимиз асло “Ота — улуғ зот эмас”, ёки “Ота — устоздан пастроқ, қу­йироқда” дегани эмасдир. Аксинча, инсон учун унинг падарибузрукворидан улуғ киши йўқ. “Ота рози —Худо рози” дейилади яна бир халқ мақолида. Кўряпсизми, ота нечоғлик улуғланмоқда.

Энди устоз ҳақидаги мақол унинг — яъни устознинг нақадар шарафли касб эканлигига ишора, ўгит. Унинг даражаси жуда баландлигини кўрсатиш, ифода этиш учун айтилган халқ ҳикмати бу!

Шундай экан, мақолларимизни сўзма-сўз талқин қилмасдан, тушуниб-тушунмасдан “нега-нега”ламасдан, борича қабул қилишимиз керак. Чунки уларни ҳар ким ўз даражасида қабул қилиб, ўзгартираверса, мақоллиги қаерда қолади?

Ҳеч ким халқдан буюк, халқдан кўра дониш эмас! Шундай экан, устозлар ҳақида мақол ҳам жойида қолсин!

Зеро, касб-ҳунарлар ичида энг юксаги, эътиборга молиги шубҳасиз, устозлик, ўқитувчилик ва мураббийликдир. Дунё тамаддунининг асос­чиларини, жаҳонни зир титратган подшоҳу қўмондонлар, қурувчи-ю учувчиларнинг эришган ғалабаларида шубҳасиз буюк устозларнинг ўрни ва меҳнати чексиз.

Буюк Соҳибқирон, жаҳонгир Ҳазрат Амир Темур бобомиз дунёда буюк империя тузган зотлардан бири ҳисобланади. Дунёвий ва диний билим эгаларидан сабоқ олганларини доим таъкидлаб ўтганлар. Айтиш­ларича, умрларининг охирларида дунёдан кетар чоғларида шундай васият қилган эканлар: “Мен дунёдан ўтганимда қабримни устозларимнинг қабрларидан ярим газ чуқурроқ ковлангларки, ётган жойимда ҳам устоз­ларим елкамда бўлишсин!”

Дарҳақиқат, Самарқанд шаҳрида жойлашган Гўри Амир мақбарасига зиёратга борилганида васият тўлиқ ижро этилгани, Соҳибқирон учун устозининг оёқ учи томонидан қабр ковлангани маълум бўлади…

Биз устозлар қадрини, ҳаққи-ҳурматини дунё­­ни тит­ратган подшоҳу олимлардан ўрганмоғимиз даркор эканлиги бугунги кунда ҳам ўз исботини топмоқда. Халқимизда, устозини рози қилган шогирд барака топади, деган пурҳикмат нақл ҳам бор.

Ҳазрат Мир Алишер Навоий бобомиз ҳам бекорга:

Шогирд агар шайх улислом, агар қозидур,

Агар устод андин розидур

Тенгри розидур!,— демаганлар.

Бугун биз XXI асрда яшаб турган бўлсак-да, устоз­ларга аввалги даврлардагидек эътибор, эҳтиром ва ҳурмат кўрсата олаяпмизми?

Мустақилликка эришганимиздан кейинги давр­ларда ўқитувчи-мураббийлар ҳам иқтисодий жиҳатдан эътибордан узоқроқда бўлди, маънавий, ижтимоий жиҳатдан ҳам хорланди. Кўча супуриш, девор оқлаш, пахта даласида эрта баҳордан кеч кузаккача тентираш касбининг асосига айланди. Солиқ йиғувчи билан ҳам, сайлов участкаси ходимлари билан ҳам балога қолган ўқитувчи бўлди, ипак қурти териб хирмонга топширди.

Авваллари ота-оналар фарзандини устозга беришганларида “эти сизники, суяги бизники”, деб топширишган. Бугунги кунда болаларни уриб-сўкиб тар­биялаш урфдан қолганлиги бор гап. Кейинги вақтларда ўқитувчи-мураббийларни видео ёзувлар орқали ижтимой тармоқларда обрўсизлантириш, туҳмат, бўҳтонлар уюштириш каби ҳолатлар ҳам урчиб кетганлигига гувоҳ бўлиб қоляпмиз.

Ваҳоланг-ки, дунёнинг энг ривожланган мамлакатлари (Хитой, Малайзия, Тайван, Индонезия, Туркия, Ҳиндистон, Янги Зеландия, Сингапур, Япония, Финландия, Жанубий Корея ва ҳк.)да ўқитувчи ва устозларнинг обрў-эътибори, кўрамизки жудаям юқори даражада.

Бугун бизнинг давлатимизнинг ҳам ҳар томонлама ривожланишини, оддий аҳоли турмуш тарзи сифатининг кўтарилишини, ойлик даромадларининг оширилишини истамаётган кимса йўқ бўлса керак?

Юқоридаги каби ҳар томонлама ривожланган мамлакатларда барча ютуқларга асосан илм-маърифат орқали эришилган. Буни ҳаммамиз яхши билиб турибмиз. Шундай экан, биз ҳам яхши натижаларга эришган ўқитувчи-устозлар учун янада қулай шарт-шароитлар яратишимиз лозим, албатта. Қуйида бу борада амалга оширилиши лозим бўладиган айрим ўз шахсий таклифларимизни билдирмоқчи бўлдик. Жумладан:

— ўқитувчи ва мураббийларни эришган ютуқларига қараб солиқлар турларидан озод қилиш;

— бошланғич тўловларсиз уйлар берилишига узоқ муддатли кредитлар ажратиш;

— бошланғич тўловсиз машиналарга узоқ муддатли кредит ажратиш;

— ўғил-қизларининг контракт пулларини ярмини ёки тўлиғича тўлаб бериш;

— ёзги таътил вақтларида санаторий—дам олиш масканларига ярим нархда ёки юз фоиз текин йўлланмалар тақдим қилиш;

— чет давлатларга хордиқ учун йўлланмалар бериш;

— шифохоналарда даволанишини, дори-дармонларини сўзсиз текин қилиш ва кафолатлаш;

— хорижда қисқа муддатли ўқишлар, малака оширишларга оммавий равишда жалб қилиш, хорижлик кучли мутахассислар томонидан Ўзбекистоннинг ўзида замонавий электрон тизимлар (Zoom ва бошқа платформалар) орқали жонли мастер классларини ташкил этиш;

— ҳар йили тизимли равишда ўқувчиларининг натижаларига қараб бир марталик арзирли пул-мукофотларини бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан ажратишни ташкил қилиш, бунда уч хил олий, ўрта ва қуйи пул мукофотлари шкаласида ташкил қилиш;

— ҳар йили мактаблар, туман, вилоят-шаҳар, Рес­публика миқёсида ўқувчилар ўртасида ёпиқ сўровномалар ва ҳамкасблари ўртасида очиқ сўровномалар орқали энг яхши натижакор ўқитувчиларни аниқлаш ва моддий рағбатлантириш;

— ўқитувчи-устозларнинг шаъни ва обрўсини қасддан тўкиш ва шунга ҳаракат қилиш жавобгарлигини қонун билан кучайтириш.

Шунингдек, халқимиз фарзандларини ўқитиш ва касб эгаллашлари жараёнида ойлаб, йиллаб салбий натижалар кўрсатган, ўқувчи-шогирдлар билан тил топиша олмайдиган, уқувсиз, ўз касбига нолойиқ, тизимга “адашиб” келиб қолган ўқитувчи-устозлар, мураббийларга чора сифатида:

— аввалига ойлик-маошидан ушлаб қолиш;

— мажбурий-ихтиёрий малака ошириш, қайта тайёрлаш курсларига жалб қилиш;

— ана шундай қўллаб-қувватлашдан кейин ҳам ўзгариш бўлмаса, бу соҳада ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш каби кескин чораларни ҳам адолатли равишда қўллаш лозим бўлар эди.

Умуман олганда, ҳар қандай ривожланишни истаётган жамият порахўрлик, таниш-билишчилик, непотизм ва ўз касбига лаёқатсиз, лоқайд­лик иллати каби салбий ҳолатлар билан муросасиз курашиши лозим. Ноҳақликка, адолатсизликка, касбдошлар орасида кўролмаслик, гуруҳбозлик каби ҳолатларга умуман йўл қўйилмаслиги керак.

Шубҳасиз, ўқитувчи хор бўлган жамият рўшнолик кўрмайди, қуллик симпатиясидан қутула олмайди. Бир умр ривожланган давлатларга илмсиз, мустақил фикрига эга бўлмаган қора ишчиларни етказиб бериш билан шуғулланади.

Албатта, эътироф этиш жоиз. Таълим-тарбия соҳасидаги бугунгача эришилган ва эришилаётган ютуқларни ҳеч ким инкор қила олмайди.

Узоқ йиллар давомида пахта далаларига сургун қилинган ўқитувчи — ўз иш жойига қайт­­ди. Яна бугун ҳеч ким устоз ва мураббийларни юқорида айтилганидек, кўча тозалашга, дарахт оқлашга жалб қилолмайди. Бу ишлар шахсан Президент Шавкат Мирзиёевнинг жасорати, шахсий иродаси туфайли амалга ошди. Йўқса, бундан 5 йил аввал истаган киши — нафақат маҳаллий ҳокимлар, уларнинг ўринбосарлари, милиция бошлиқлари-ю, прокурорлар ва ҳатто озгина иқтисодий бақувват корчалонлар ўқитувчиларни истаган вақтда истаганча турткилаши одатий ҳолга айланган эди. Эҳтимол, бугун шукуҳли байрам арафасида бу гапларни айтиш   ноўрин, мавриди эмасдир. Аммо гап келганда… деганларидек, кўнглимиздагини тўкиб солмоқчи бўлдик-да. Бу ҳам бўлса, мўътабар ва азиз устоз ва мураббийларга чексиз ҳурматимиз боис, албатта.

Яна бир гап. Давлатимиз раҳбарининг ташаб­буси, нияти халқ зиёлийларининг ойлик-маошларини 1000 АҚШ долларига етказиш. Бу режа, эзгу ният яқин вақтларда амалга ошишидан нафақат кўп юз минг сонли ўқитувчи ва мураббийлар, балки ҳамма-ҳамма умид­вордир.

… Ўқитувчи, Устоз, Мураббий! Сизга таъзим, Сизга эҳтиром!

Бобомурод НУР,

файласуф,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси аъзоси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг



Source link