Wednesday, January 25th, 2023

Фаолият сарҳисоби


Бугун давр ўта шиддатли, тезкор. Воқеалар, янгиликлар жиловини бир зум ҳам ушлаб туришнинг иложи йўқ. Ҳатто дунёнинг энг чекка жойида юз берган кичик бир воқеа ёки ҳодиса ҳам керак бўлса бир лаҳзада бутун олам аҳлига аён бўлиши мумкин.

Ҳа, шундай. Шу боис ҳар бир журналист, мухбир аввало бугунги ахборот тезкорлиги даврида ана шундай замон шиддатига, давр талабига  жавоб бериши зарур.

Аммо бугун матбуотнинг талаби фақат янгилик изидан қувиш, шов-шувли хабарларни тарқатиш эмас. Балки юртда кечаётган улкан ислоҳотлар, янгиланишлар мазмун-моҳиятини чуқур таҳлил этиш, одамларнинг қалбига қулоқ тутиш, уларнинг орзу-ўйларини, эзгу мақсадларинида ёритишдан иборатдир. Шу боис кейинги пайтда соҳада кўп йиллик тажрибага эга, фахрий журналистлар тажрибаси ва салоҳиятидан фойдаланиш, жойларда улар иштирокида учрашувлар, давра суҳбатларини ўтказиш анъанага айланган. Айнан шу каби фойдали амаллар эса Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан амалга оширилмоқда.

Юқоридаги фикрлар куни–кеча Самарқанд вилояти “Матбуот уйи”да бўлиб ўтган Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлимининг умумий йиғилишида алоҳида таъкидланди. Унда уюшма вилоят бўлимининг 2022 йилдаги фао­лияти сарҳисоб қилинди.

— Самарқанд журналистикаси мактаби, унинг тарихи ва ибрати ҳақида кўп айтилади, – деди уюшма бошқаруви аъзоси М.Ибодуллаев. – Бугун ушбу мактаб фаолияти янада жўшқин давом этяпти. Жумладан, бу йил қатор халқаро ва давлат аҳамиятига эга тадбирлар майдонига айланган Самарқандда ОАВ вакилларининг ўрни яққол намоён бўлди. Журналистлар барча тадбирларни ёритишда фаоллик кўрсатишди. Бу юмушларда албатта, Журналистлар уюшмаси вилоят бўлимининг ҳам ўрни катта бўлди.

Йиғилишда ташкилий масала кўрилди. Журналистлар уюшмаси Самарқанд вилоят бўлими раиси вазифасини анча йиллардан буён бошқариб келган Фармон Тошев ўз аризасига кўра вазифасидан озод этилди. Вилоят “Зарафшон” газетаси бош муҳаррири ўринбосари – Zarnews.uz веб-сайти муҳаррири Акрам Ҳайдаровга Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Самарқанд вилояти бўлими раиси вазифасини вақтинча бажариш юклатилди.

Йиғилишда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси ўринбосари Х.Салимов иштирок этди ва Самарқанд вилоят бўлими фаолияти юзасидан ўзининг фикрларини билдирди.

Йиғилиш якунида бўлим фаолиятига оид бошқа масалалар бўйича ҳам фикр алмашилди.

Ҳусан ЭЛТОЕВ



Source link