Sunday, September 25th, 2022

Фаровон ҳаётимиз пойдевори тинчликдир


Қорақалпоқ эли ўзбек халқи сингари ўз тарихида кўп синовларни бошидан ўтказган. Уларнинг барчасини сабр­- тоқат, ўз қадриятларига садоқат, бағрикенглик билан енгиб ўтган. Аммо дунёнинг тури минтақаларида ўзаро шафқатсиз рақобат, миллатлар ва динлараро зиддиятлар, сепаратизм, миллатчилик, радикализм каби таҳдидлар тобора кучайиб бораётган бугунги кунда ҳар бир воқеа-ҳодисага янада хуш­ёрлик билан қараш талаб этилади.

Шу жиҳатдан шу йилнинг 1-2 июль кунлари Нукусда бўлиб ўтган тартиббузарликлар бир томондан халқимизни саросимага солган бўлса, иккинчи томондан огоҳликка, тинчлик деган буюк неъматнинг қадрига етишга чақирди. Гувоҳи бўлдикки, бир-икки кунлик вайронагарчилик, нотинчлик йиллар давомидаги ҳалол меҳнатни йўққа чиқаришга қодир. Хайриятки, Президентимизнинг қалтис вазиятда Қорақалпоғистонга дарҳол етиб келгани ва тегишли чораларни кўргани тинч ва осойишта ҳаётга қайтишимизга асос бўлди.

Йиллар давомидаги ҳалол меҳнат… Айниқса, кейинги 5-6 йил давомида Президентимиз раҳбарлигида Қорақалпоғистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун олиб борилган ислоҳотлар, маданий ва инновацион жиҳатдан ҳар томонлама ривожлантириш мақсадидаги кенг кўламдаги бунёдкорлик ишлари, ўнлаб янги заводлар, замонавий агрокластерлар, қўшма корхоналар ишга туширилгани, кўплаб болалар боғчалари, мактаблар, олийгоҳлар, соғлиқни сақлаш, илм-фан, маданият ва спорт мас­канлари барпо этилгани… буларнинг барчаси нафақат юртимиз қиёфасини балки, одамларнинг турмуш тарзини ҳам бутунлай ўзгартирди.

Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев Президентлик фаолиятининг дастлабки кунларидан бошлаб Орол бўйида экологик вазиятни юмшатиш, чўлга чидамли ўсимликларни экиш, кўкаламзорлаштириш орқали фауна ва флорани яхшилаш масаласига эътибор қаратди. Қисқа вақт ичида денгизнинг қуриган қисмида 1 миллион 733 минг гектар майдонда яшил ҳудудлар барпо этилди. Орол минтақасини ривожлантириш масаласи биринчи марта давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Юксак халқаро минбарларда Орол муаммоси кўтарилди. Мўйноқ бутунлай янги қиёфа касб этди. Ҳаттоки, сайёҳларни чорлайдиган даражада дунё назарига тушди.

Сўнгги беш йилда Қорақалпоғистон бюджетига триллионлаб сўм маблағлар киритилгани, шу маблағлар ҳисобидан салкам 90 минг оилага моддий ёрдам кўрсатилгани, 2020 йилнинг якуни бўйича жон бошига тўғри келадиган ялпи даромад 3 баробар ошганининг ўзи юртимизга Ўзбекистон Президенти ва ҳукуматининг кўрсатаётган ғамхўрлиги туфайлидир.

Шу кунларда Ўзбекистонда олиб борилаётган Конституциявий ислоҳотлар, унинг мамлакатимизни янада ривожлантириш, буларнинг бари юксалтиришни мақсад этган жамики эзгу ишлар “Инсон қадри” учун деган ғояни амалга оширишга қаратилгани бор гап.

Аммо доно халқимиз “кўз тегмасин” деган сўзни тез-тез таъкидлаб туриши бежиз эмас экан. Кўз тегдими, билмадик, ишқилиб Нукус шаҳрида бўлиб ўтган мудҳиш воқеалар нафақат қорақалпоғистонликларни, балки бутун Ўзбекистон халқини ташвишга солди. Ахир, айтадилар: бир кун жанжал бўлган хонадоннинг қирқ кун насибаси кесилади, деб.

“Қора ноннинг қадрини оч бўлганда биларсиз”, деганларидек, тинчлик қад­ри у бузилганда билинар экан. Афсус, минг афсус билан бармоғимизни тишладик. На илож, аҳоли ва ҳуқуқ тартибот органлари хизматкорлари орасида қурбонлар бўлди.

Мамлакатимиз раҳбари энг асосийси, бузғунчи кучлар баҳонасининг асоссизлигини исботлади. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари, нуронийлар ва фаоллар билан юзма-юз учрашув пайтида: “Мен Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг Қорақалпоғистон Респуб­ликасининг ҳуқуқий мақомига оид 70-, 71-, 72-, 74-, 75-моддаларини амалдаги таҳрирда, ўзгартирмасдан қолдиришни талиф қиламан”, деди ҳамда Нукусда депутатлар, нуронийлар ва фаоллар билан бўлиб ўтган учрашувда ўзбек ва қорақалпоқ халқларининг азалдан туғишган эканлигини, тақдири, дарёси, осмони чамбарчас боғлиқ бўлган бу икки халқнинг оғизбирчилигининг асослари теран эканини таъкидлади.

Юракдан чиққан бу гапларни эшитиб, одамларнинг кўзларида ёш қалқиди. Чиндан ҳам, тинчликдан қимматроқ неъмат йўқ экан бу чархи дунда.

Шубҳасиз, ўзбек ва қорақалпоқ илдизи бир, тарихнинг қанча силсиласида бир-биримизга елка тутиб яшаган, бир ғиштни ўзбек қўйса бир ғиштни қорақалпоқ қўйиб иморатлар қилган бунёдкор халқмиз. Асрлар давомида оға-ини, қуда-анда, дўст-биродар бўлиб қоришиб кетганмиз. Бизни азал-азалдан бир-бирига уйғун эзгу ниятларимиз бирлаштирган.

Президентимизнинг “Барчамиз учун Ватан битта. Бизни ягона, улуғ бир мақсад бирлаштиради. У ҳам бўлса, юртимиз тинчлиги, Ватанимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигидир. Барчамиз биргаликда Янги Ўзбекистон ва Янги Қорақалпоғистонни албатта барпо этамиз”, деган сўзлари ҳаммамизнинг кўнглимиздаги энг улуғ мақсаддир. Шу мақсад йўлида янада жипслашиб, қўлни қўлга бериб, халқ фаровонлиги, эл-юрт равнақи учун амалга оширилаётган ислоҳотларни биргаликда давом эттирмоғимиз зарур.

Кенгесбай РЕЙМОВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг

Қорақалпоғистон Республикаси бўлими раиси,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист



Source link