Monday, October 3rd, 2022

Халқ қаҳрамонига муносабат шуми? – HURRIYAT


Бухоро вилоят ҳокими диққатига!

 

Юртимизда Истиқлол шарофати билан кўплаб буюк зотлар, улуғ авлиёлар мангу қўним топган маконлар обод этилгани, бир пайтлар хароба бўлиб қолган зиёратгоҳларга эътибор юксак даражада олиб борилаётганини нафақат халқимиз, балки дунёнинг турли бурчакларидан келаётган зиёратчилар, сайёҳлар яхши билишади. Бу масалада Президентимизнинг эътибори ва ғамхўрлиги боис мамлакатимиздаги кўп­лаб қадамжоларнинг обод этилганини айтиш жоиз. Аммо айрим жойларда маълум даражада эътибордан четда қолаётган қадамжолар ҳам йўқ эмас. Хусусан, бугун Бухоро вилоятининг Жондор туманидаги Маҳмуд Торобий қадамжосига муносабатни ижобий деб бўлмайди.

Кечагидек эсимда, 1978 йилда немис турколог олими Отто Дизель Бухоро зиё­ратига келганида Маҳмуд Торобийнинг рамзий қаб­рини зиёрат қилди. Меҳмонга ҳамроҳ эдим. У Маҳмуд Торобийнинг лойшувоқ қилинган кўримсиз қаб­рини, тўрт тарафи очиқ-сочиқ ётган Торобий қалъасини кўриб ажабланди ва деди: “Мабодо, Маҳмуд Торобий немис бўлиб туғилганида ва Германия туп­роғида қаҳрамонлик кўрсатганида эди, унинг шаъни ва хотираси ниҳоятда эъзозланган, унга олтиндан ҳайкал қўйиларди”.

Хўш, хорижлик меҳмон мақбарасини кўриб куюнган ватандошимиз Маҳмуд Торобий ким бўлган? Унинг касби элакчи-косиб бўлиб, эл орасида шайх сифатида катта обрўга сазовор   бўлган. Бухоро шаҳридан 20 километрча олисда жойлашган Тороб қиш­лоғида яшаган. У зот туфайли бугунги кунда Жондор туманига қарашли ушбу гўша мўғул босқинчилари зулмига қарши кураш марказига айланган. Чунки Маҳмуд Торобий ХIII асрнинг долғали йилларида мўғуллар истибдоди ва зулмига қарши тез-тез қўзғолон кўтарган, элпарварларга бош бўлган.

1238 йилда ён-­атрофдаги қиш­лоқларнинг деҳқон ва косиблари   бирлашиб, юрт босқинчиларига қарши Маҳмуд Торобий бошчилигида очиқ курашга киришадилар. Қўзғолончилар Бухорога юриш қилиб, шаҳарни эгаллашади. Малик Санжар қасрини ўзларига қароргоҳ қилишади.

Ўзбекистон Миллий энциклопедиясининг 5-томида ёзилишича, шаҳар бутунлай қўзғолончилар қўлига ўтган ва Маҳмуд Торобий султон этиб тайинланган. Озодлик курашчиларининг маънавий пири Шамсуддин Маҳбубий шаҳар садри этиб тайинланган.

Карманага чекинган мўғуллар шошилинч тарзда куч тўплайдилар ва қўзғолонни бостириш мақсадида Бухорога   келишади. Аммо ниятларига ета олишмай, Бухоро яқинидаги жангда тор-мор этилади. Торобийчилар мўғуллар ортидан қувиб Карманагача боришади. Афсуски, бу ерда бўлиб ўтган жангда халқ қаҳрамони Маҳмуд Торобий ва Шамсуддин Маҳбубий мардларча ҳалок бўлишади. Йўлбошчисиз қолган қўзғолончилар мағлубиятга учрайдилар. Шунга қарамай, қўзғолон изсиз кетмайди. Босқинчилар ўт билан ўйнашганликларини англаб етадилар, маҳаллий аҳоли билан ҳисоблашишга мажбур бўладилар.

Аёнки, Маҳмуд Торобий жасорат ва шижоатда Тўмарис, Широқ, Муқанна, Темур Малик, Жалолиддин Мангуберди, Нажмиддин Кубро каби халқ қаҳрамонлари қаторида туради.

Бунга ишонч ҳосил қилиш учун Жувайнийнинг “Жаҳонгир Чингиз тарихи”, Шарофиддин Али Яздийнинг “Зафарнома”, Мирзо Улуғбекнинг “Тўрт улус тарихи” асарларини қўлга олишнинг ўзи кифоя. Ойбекнинг “Маҳмуд Торобий” достони, Асад Дилмуроднинг шу номдаги тарихий романида ҳам ўша суронли йиллар воқеалари қаламга олинган.

Халқимизнинг асл фарзанди, юрт озодлиги йўлида эрта шаҳид кетган жондорлик буюк аждодимиз яшаган қадимий гўша бугун қандай аҳволда, дерсиз? Тепаликда жойлашган қалъа жуда абгор ҳолатда. Унинг деворлари қаровсизлик ва ташқи таъсирлар оқибатида нураб қолган. Қалъанинг қуйи қисмидаги қаб­ристон қаровсиз. Тепаликдаги Маҳмуд Торобийнинг рамзий қабри ёнидаги чуқурлиги чамаси 20 метр бўлган қудуққина мозийнинг суронли йилларидан дарак бериб турибди. Лойшувоқдан қилинган даҳманинг аҳволига боқиб, кишининг кўнгли қабр каби чўкиб кетади. Наҳотки, халқ қаҳрамонининг хотирасига бўлган ҳурмат шундай бўлса, дея изтироб чекасан, киши.

Қалъага кириш қисмда дарвоза ўрнатилмаган. Маҳмуд Торобий шахси, унинг жасорати, халққа раҳнамолиги ҳақида бирор бир маълумотни учратмайсиз. Қалъага киравериш деворида ўрнатилган “Маҳмуд Торобий 1238 йилда мўғуллар босқинчиларига қарши халқ қўзғолонига бошчилик қилган халқ қаҳрамони” ёзуви туширилган ҳатто лавҳанинг ночор аҳволи ҳам бу тарихий гўшага бўлган муносабат қандайлигини кўрсатиб турибди.

Энг ачинарлиси, яқинда туман “Деҳқон бозори” масъулияти чекланган жамиятига қарашли мол бозори қалъанинг шундоқ ёнига кўчириб келтирилди. Ваҳоланки, туман маркази атрофида бўш ва ташландиқ ётган ер истаганча топилади.

— Кўп йиллардан буён укам билан шу қалъада қоровуллик қиламиз, — дейди Шавкат Тўйев . — Айниқса, якшанба — бозор кунлари қалъа ичкариси бозорга келиб-кетувчиларнинг автоуловлари билан тўлиб кетади. Муқаддас жойни ифлослантиришдай жирканч ишни қилувчилар ҳам учрайди…

Аждодлардан қолган мазкур маданий меросимиз тақдири ҳақида вилоят Маданий мерос бошқармаси бошлиғи Ш.Маҳмудов ва Жондор туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари С.Шомуродовга қўнғироқ орқали мурожаат қилдик. Аммо жўяли бир жавоб ололмадик.

— Бу қалъани муҳофаза этиш, таъмирлаш, қайта тиклаш, имкон қадар асл кўринишига келтиришга алоҳида эътибор қаратмоқ лозим, – дейди Ўзбекис­тон “Миллий тикланиш” демократик партияси туман Кенгаши раиси И.Холов. – Зеро, “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуннинг 9-моддасида: “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ваколатлари доирасида ўз ҳудудларида жойлашган маданий мерос объектларини аниқлайдилар ҳамда уларни ҳисобга оладилар, муҳофаза қиладилар, асрайдилар ва улардан фойдаланадилар, маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ижро этилишини таъминлайдилар, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ва жамоат бирлашмаларини маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, асраш, тарғиб қилиш ва улардан фойдаланиш тадбирларини ўтказишга жалб қиладилар” деб белгилаб қўйилган…

Фикримизча, бу тарихий қалъа археологлар ва тарихчилар томонидан чуқур ўрганилиши, чинакамига давлат муҳофазасига олиниши, сайёҳлик манзилига киритилиши, мол бозори эса зудлик билан бошқа жойга кўчирилиши даркор. Гўшада катта ҳажмдаги ободончилик, таъмирлаш ишларини бажариш зарур бўлади. Бу катта маблағни ҳам талаб қилади, албатта. Лекин юрт озодлиги учун жонини фидо этган, тарихда халқ қаҳрамони сифатида қолган буюк аждодимиз Маҳмуд Торобий ҳар қандай эъзозга лойиқдир.

Бу тарихий қалъанинг сайёҳлар қадами узилмайдиган, фарзандларимизга она-Ватан, ҳурлик, эрк, халқпарварлик мавзусида сабоқ ўтиладиган мас­канга айланишига нима етсин!

Сафар АҲМЕДОВ,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси аъзоси.

Анварали АҲМЕДОВ,

Бухоро шаҳридаги

38-умумий ўрта таълим мактаби

ўқитувчиси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг



Source link