Saturday, January 28th, 2023

Чархпалаги айланган чемпион – HURRIYAT


Тараққиёт жараёнида Спорт жисмоний тарбия доирасидан чиқиб, мустақил умуммаданий, сиёсий, эстетик, иқтисодий аҳамият касб этади. Спорт дўстона халқаро алоқаларни кенгайтиришга, халқларнинг ўзаро бир-бирини тушуниши ва дўстлиги ривожланишига хизмат қилади дейилади.

Шу сабабли ҳам юртимизда мазкур соҳанинг ривожига жуда катта эътибор қаратилиб, спортга умумдавлат иши сифатида қаралади ҳамда жисмоний маданият билан бирга аҳолининг барча қатламларини ва ёш гуруҳларини қамраб олишга ҳаракат қилинади.

 Бундай ҳаракатлар албатта спорт билан шуғулланувчи юртдошларимизга жаҳон миқёсида ғолиблик шоҳсупаларига кўтарилишлари учун катта имкониятлар яратмоқда.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонимиз боксчилари дунё аҳлини мисли кўрилмаган натижалари билан лол қолдирган бўлса, шу йилдан шахматчиларимиз ҳам ўз салоҳиятини кўрсатиб, юртимиз довруғини анчайин ошириб қўйди десак айни ҳақиқат бўлади.

Жорий йилнинг 24-26 июнь кунлари, Торнело онлайн платформасида 20 ёшгача бўлган жисмоний имкониятлари чекланган ва ногиронлиги бўлган шахматчилар ўртасида бўлиб ўтган Осиё чемпионатида пара шахмат бўйича ҳам Ўзбекистон терма жамоа аъзоси муносиб иштирок этиб, қитъамизнинг 9 та давлатидан энг кучли пара шахматчилар қатнашган ушбу нуфузли мусобақада 7 турда 7 та ғалабани қайд этди ва Осиё чемпионлигини қўлга киритди.

Бу спортчимиз 19 ёшидаёқ Шахмат бўйича кўзи ожизлар Миллий терма жамоаси сардори бўлган Ахадхон Кимсанбоевдир.

– Ахадхон болалигидан шахматга қаттиқ қизиқарди. Уни тўққиз ёшида Марғилон шаҳрида жойлашган 2-Болалар ва ўсмирлар спорт мактабига ўзим олиб борганман. Мураббийси Алишер Рустамовдан сабоқ олиб, қисқа муддатларда турли мусобақалар ғолибига айлангандан сўнг унинг иқтидорига бўлган ишончимиз янада ортди. Шахмат бўйича кўпроқ шуғулланиши ва тажрибасини ошириши учун қўлимиздан келганича барча имкониятларни яратиб бердик. Мана бугун ўғлимиз унга бўлган ишончимизни оқлаб, Осиё чем­пиони даражасига кўтарилди, – дейди А.Кимсанбоевнинг онаси Қаноатхон Файзуллаева. – Ахадхон фақатгина шахмат билан шуғулланиб чегараланмади. Инглиз тили ва компьютер саводхонлигини ҳам қунт билан ўзлаштириб борди. Дарслардан сўнг мустақил ўқиб ўрганди. Гоҳида кечалари алламаҳалгача ухламай ўқиб ўрганарди. Унинг изланишларини кузатишнинг ўзиёқ бизга бир олам қувонч берарди.

Ахадхон Кимсанбоев ҳозирда Ўзбекистон давлат Жисмоний тарбия ва спорт университетида таҳсил олади. У пара шахмат бўйича Осиё чемпионатида кечган беллашувни қуйидагича ёдга олади: – Осиё чемпионатида тўққизта давлатдан йигирма икки нафар иштирокчи қатнашдик. Унда қатнашган барча иштирокчилар ўйинга жуда қаттиқ тайёргарлик кўрганликлари яққол сезилиб турарди. Бошида ғолиб бўлишимга унчалик ишонмадим. Кўнглимни кучли ҳаяжон ва аллақандай қўрқув чулғаб олганди. Эронлик рақибим Ҳурамин Раҳматовнинг дадил қадамлари эса мени анчайин шошириб қўярди. Аммо ота-онам ва устозларимнинг менга катта умид боғлашгани, Ўзбекистон номидан ёлғиз ўзим қатнашаётганлигим ғойибдан қандайдир куч берди. Ақл чархпалагим айланиб, тафаккур нури кўнглимни ёритди. Яратганга шукурки ҳаммадан кўп балл йиғиб, совриндор бўлдим. Бунинг учун мени яқиндан қўллаб-қувватлаган ота-онам, илк сабоқларни бериб шахмат оламига олиб кирган биринчи мураббийим Алишер Рустамов ва ўз кучимга бўлган ишончимни ошишига сабабчи бўлган, мана шундай кенг доирадаги мусобақа ва олимпиадаларга тайёрлаган мураббийим Адҳамжон Эминовга чексиз миннатдорлигимни билдираман.

Албатта, ғолибликка эришиш осон эмас. Ҳар қандай ғалабанинг ортида мислсиз меҳнат, тўхтовсиз ўз устида ишлаш, изланиш ва хатолардан тўғри хулоса чиқариб, уларни тўғрилаш ётади. Дунё мутафаккирлари таъкидлаганидек, хатолардан қўрқадиган инсон ҳеч қачон ғалабага эриша олмайди. Ҳаракат қилмаган инсонгина хато қилмайди. Демак, муваффақиятсизликларнинг ҳам ҳаётимизда ўзига яраша ўрни бор. Улардан тушкунликка тушиш эмас, балки тўғри хулоса чиқармоқ керак. Ахадхон Осиё чемпиони бўлганидан кейин Франция давлатида ўтказилган жаҳон чемпионатида ҳам қатнашган ва 4-ўринга лойиқ кўрилган. Гарчан ғолиблар сафида бўлсада, бу мусобақадан юртимизга олтин медални олиб кела олмагани учун хижолат чекишини айтади. Аммо камсуқим қаҳрамонимизни ҳали яна кўплаб мусобақалар, ғолиблик ўринлари кутмоқда.

Чуқур мулоҳазага эга бўлган Ахадхон Кимсанбоев ҳам буни тўғри англаб, келгуси йил учун қатор режалар қилиб қўйган. 2023 йил 22-28 октябрь кунлари Греция давлатида кўзи ожиз эркаклар ўртасида ўтказиладиган Пара Осиё ўйинларида ҳамда Испания давлатида кўзи ожизлар ўртасида бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида қатнашиб, давлатимизга яна иккита олтин медални олиб келмоқчи.

Ҳозирда олийгоҳда ўқиш баробарида Ўзбекис­тон кўзи ожизлар спорт федерацияси томонидан тайинланган мураббий Абдумалик Абдусалимов бошчилигида мазкур мусобақаларга қизғин тайёргарлик кўрмоқда. Ўйлаймизки, ёш чемпионнинг ақл чархпалаги яна бир айланиб, Ўзбекистонимизга бир эмас яна иккита олтин медални совға қилади.

Камолиддин РЎЗИМАТОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг



Source link