Friday, December 2nd, 2022

Чотқол бағридаги мўъжизалар – HURRIYAT


Қизилолмасойдек кўркам маскан юксак ва салобатли чўққиларидан ёзин-қишин қор аримайдиган Чотқол тоғ тизмаси бағрида жойлашган. У ерга на машина бора олади, на арава. Аввалги замонда бу манзилдаги ҳар бир хонадонда от сақланарди, замона зайли билан маълум бир вақтгача уйда дулдул асраш тақиқланди, одамларнинг куни эшакка қолди. Ҳатто ҳозирга қадар ўша жойларга боришда асосан эшакдан фойдаланишади.

Бир гал Чотқол ён бағридаги овулда тунаб қолишимга тўғри келди. Ташқарига чиқиб қарасам ҳали осмонда ой ҳам, юлдузлар ҳам кўринмайди. Сал нарида қўй-қўзи, эчки-улоқ ва йилқилар суруви ғуж бўлиб қорайиб турибди. Ўт-ўлан ва тоғ гиёҳлари билан қорнини обдон қаппайтирган майда шохли моллар дам олиб ётар, ўчоқда чарсиллаб, овоз чиқариб ёниб турган гулхан қоронғу тун қаршисида беҳад кичик зарра бўлиб кўринади. Салкам эшакдек келадиган ит сурув­нинг нарёғида кимнингдир кетидан ҳуриб вовуллайди.

Биласиз, тоғли эл меҳмондўст бўлади. Улар мени кўриб, дарҳол ўн бир болорли, васса жуфтли уйга бош­лашди. Танча атрофига кўрпача тўшалиб, болиш­лар қўйилди. Дастурхон ёзилди. Танча усти ҳаш-паш дегунча, турли хил ноз-неъматлар билан тўлди: қўй қатиғи, сузма, сут, қурт, кўк пиёз ва бошқа егуликлар дегандек. Тўкин дастурхонларидан кўра суҳбатлари дилтортар эди.

Ортиқбой ота деган мўйсафид ҳар хил ваҳимали хаёлларга олиб кетадиган Қизилолмалисой қоятош расмлари мажмуаси “сирини” очганида қойил қолдим. Уни ўз кўзим билан кўриш истаги туғилди менда. Ниҳоят, сирли ва айни маҳалда мўъжизавий Қизил­олмалисой жойлашган тоғ тепасига борадиган бўлиб ухлагани ётдик.

Субҳи содиқда уй эгаси иккита от, учта эшакни ўғилчаси билан етаклаб келиб, хуржинларни жойлаштирди. Сўнгра эгарларга бошдан-оёқ синчковлик ила қараб олди. Унинг оёғида кирза этик, эгнида ёмғирпўш. “Мана меҳмон, сафар учун нимаики лозим бўлса, ҳаммасини “готоп” қилдик. Қани, қуёш чиқмай туриб, йўлга отланайлик”, — деди мезбон.

Ҳамма ўзига бириктирилган от ва эшакларга минди. Жониворлар жадал юриб кетди. Яхшиям, ҳаво очиқ. Йўқса тоққа чиқиш янада қийин кечарди. Олдинда босиб ўтиш керак бўлган масофа ҳеч тугамайдигандек эди.

Ниҳоят, машаққатли ва заҳматли йўлни эсон-­омон босиб ўтгач, кўзланган манзилда ҳозир бўлдик. Қадимда яшаб ўтган бобокалонларимизнинг еридамиз. Улардан фақатгина тошларга чизилган шунчаки расмлар қолган, деб ўйлаган эканман. Қизилолмалисой қоятош расмлар мажмуасини кўрдиму, боболаримизнинг ақл-тафаккури теран, фикрлаш доираси кенглигини ҳис этдим. Бу ноёб расмлар асрлар оша инсонларнинг ҳаёти, турмуш тарзи, дунёқарашидан маълумот берувчи манбадай таассурот уйғотди.

Чотқол тоғ тизмаси этаклари азал-азалдан инсониятни қизиқтириб келган. Айниқса, тарихий даврларга таалуқли моддий-маънавий ёдгорликлар, тош давридан сўзловчи чақмоқтош устахоналари, кўҳна қишлоқ харобалари, эски қўрғон-қалъалар, қадимги мозорлар ва суғориш иншоотлари сайёҳлар эътиборини ўзига оҳанрабодек тортиб келади.

Тоғбеги босиқлик билан, олов кашф этилмасдан бурун одамлар гўштни хомлигича еганини, инсоният тарихининг бронза, илк темир ( сак-скиф), ўрта асрлар даврида мазкур тоғли ҳудудда умргузаронлик қилган овчи ва кўчманчилар, даштли чорвадор элатларнинг ҳаёт тарзи, урф-одатлари, анъаналари, орзу-умидлари ҳақида сўзлаб берди. Чиндан ҳам, бу расмлар турган манзилни “тош йилнома” десак адашмаган бўламиз. Қизиқ, бобокалонларимизнинг маънавий дунёси акс этган тасвирларни сақлаб келган улкан қоятошларда асосан ҳайвонлардан тоғ эчкиси ҳамда овчиларнинг суратлари чизилган. Қўлларига найза, турли хил ўткир тиғли ов қуроллари тутган одамлар зўр бериб тоғ эчкисини тутишга ошиқаётир. Тошдан-тошга сакраб қочаётган тоғ эчкиси иложи борича ширин жонини омон сақлаб қолиш пайида худди ўқ мисоли югуриши кўз олдингда жонланади.

Ҳозир мен сизларни бундан ҳам қизиқарли расмларни бағрида яширган манзилга бошлаб бораман, деб қолди сира кутилмаганда тоғбеги тўлқинланиб.

Улкан ва салобатли тоғ ён бағри. Ундан хийлагина нари масофада кўкатлар қулф уриб ўсган, атроф­­га майин ҳид таратаётган жойда ўн, ўн иккитача чашма суви сизиб турибди. Бир-бирига қўшилиб, қоришиб оқаётган жилғанинг суви тип-тиниқ, боз устига муздек. Агар ҳовучингизни тўлатиб симиргудек бўлсангиз, этингизни жимирлатади. Қалин   ўрмонзорни ёдга солиб юборадиган бундайин кўркам жойда улкан арча дарахтлари сероб. Майин ва хуш ёқувчи шамолда   улар товланиб, кўк-сарғиш тусда жилоланади. Ўрмонзор ва қоятош ёнларининг бир томони тушки сояларга чўмилган кўйи қорайиб туради. Тоғнинг ана шундай қорайган баҳайбат соялари билан офтоб нури туташган жилға бўйига ел узоқ-узоқлардан хуш ифорларни бошлаб келади. Ана шундай бир-биридан гўзал манзараларга андармон бўлиб, Чотқол тоғ тизмаси бўйлаб чўзилиб кетган сон-саноқсиз сой ва даралар оралаб борар эдик. Яна кўзга расмлар кўринди. Улар бир-биридан тубдан фарқ қилади. Ишлов бериш услуби, мавзу хилма-хиллиги, ранг-баранглиги, композициядаги фарқлар, ранглар жилоси дегандек. Қиррадор, учи ўткир тош, металл ва ҳайвон шохларидан ясалган қуроллар кўмагида уриб, чўкичлаб ёки табиий минерал бўёқ (охра) ёрдамида ишлов бериш қадимги одамларнинг севимли машғулотига айланганлиги аёнлашади: Ана узун бўйли аждодларимиздан бири зўр бериб тоғ бағрини ковлаб, ўткир, қиррадор тош билан тоғ эчкиси ва овчилар расмини ўйиб ёзишга уриняпти. Эрта тонг маҳали бошлаган ишини кун пешинга оғганда якунлагандек кўринади. Сўнгра турли хил ўтлар ёрдамида расм туширилган қоятошларни ҳафсала билан артиб, иш қуролларини кўм-кўк арча шохлари билан беркитган. Зарурат туғилса, ўша жойдан иш қуролини олиб бемалол ишлатаверган. Шунингдек, қадимги одамлар тошларга ўйиб расм солишда тасвир мавзуси билан бирга расмлар ишланган қоятош стратегияси, тасвирларнинг қоятошлардаги топографик ҳолатлари, ёдгорлик даврий санасини   фарқлашда ҳам устаси фаранг бўлишган.

Денгиз сатҳидан нақд уч минг метр баландликдамиз. Бу ердан пастликка тикилсангиз, қишлоқ ва унинг одамлари кичкина бир нуқтадай бўлиб кўринади. Қўл етгудек масофадан увада булутлар лашкари сузиб ўтиб турибди. Сал наридаги қояда қушлар подшоси — бургут кўзларини бир нуқтага қадаганича турибди. Биз маҳлиё бўлиб қолган кўркам жой Чотқол тоғ тизмасининг Қизилдара ва Эртишсой ҳудуди деб аталар экан. Табиати сўлим, ҳавоси тоза. Ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига бой. Атрофи тинч ва сокин. Гирдо-гирд юксак қоялар билан қуршалган. Айтганча, бу жойларда ҳаёт худди тўхтаб қолгандек таассурот қолдиради. Одамни ўз-ўзидан қўрқув ва ваҳима ҳислари қамраб олади. Қизиғи, бу масканда икки йилдан бери қадимшунослар иш олиб боришмоқда. Изланиш натижасида бобокалонларимиздан бизгача етиб келган янги қоятош расмлар топилди, тадқиқ қилинди. Кейин ҳам қидирув ишига Ўзбекис­тон, Россия, Польша халқаро экспедицияси аъзолари жалб этилди. Заҳматли, игна билан қудуқ қазишдек ишга умрини, бор имкониятини бахш этган олимларнинг кашфиёти ўлароқ, тўққиз чақирим масофага қадар чўзилган Қизилдара ҳудудида денгиз сатҳидан бир минг олти юз, уч минг бир юз метр баландликда минглаб қоятош расмлари ўрганилди.

Қадимшунослар таъбири билан айтганда, мазкур гўшада зооморф ва антропофорли, турли белги ва тамға тасвирлари чинонам бисёрки, уларни санашда адашиб кетиш мумкин. Тоғ эчкилари тасвирига-ку синчиклаб тикилган одам ниманидир тушуниши, ҳис этиши мумкин. Аммо доира ичидаги хоч ва бошқа мураккаб шакллар моҳиятини англаш учун маълум бир тайёргарликка эга бўлиши зарур бўлади. Ўрта Осиё ҳудудларида кўкка бўй чўзган, худди улкан ва салобатли қоялардек қорайиб ётган тоғлар салтанати жуда кўп. Улар ўз бағрида қанчадан-қанча сир-асрор ва бойликларни яширмаган, дейсиз. Мана денгиз сатҳидан уч минг бир юз метр баландликдаги қоятошларга мангуга муҳрланган қоятош расмлар мавжудлиги фақатгина Чотқол тоғ тизмаларидагина учрайди.

Чотқол тоғ тизмаси географик ўрни ва табиий шароитининг қулайлиги билан бошқа тоғли манзиллардан ажралиб туради. Ана шу осмон билан бўйлашган тоғнинг нақд уч минг юз метр баландлигида девордай тик қоя тошлар савлат тўкиб туради. Унинг юқори қисмига бир қараганда ғалати расмлар ўйилган: худди болалар ҳавасаки чизгандай таассурот уйғотадиган расмлар, тоғ эчкисига ўхшайдиган ҳайвонлар, тош ва қурол кўтарган, сочлари ўсиқ яланғоч одамлар тасвири… Даранинг бериги ёқасидан қараган киши бу одамларнинг энг улкани ва ҳаммага иш буюриб тургани саркор эканини кўз қарашидан билиб олиши мумкин. Ажабланарлиси шундаки, саксон-юз метр баландликда боболар бу расмларни қандай қилиб тошларга ўйиб чизишди экан? Бунга ўша даврнинг ўзида ҳам ажабланишган, аксарият одамлар бу расмларни одамлар эмас, дарадаги ажина ва девлар чизган, деган тўхтамга келишган. Бу ерни Қизилолмалисой, Қизилдара ва Эртошсой деган номлар билан атай бошлашган. Маҳаллий аҳоли орасида бир-биридан қизиқ ривоят ва афсоналар тарқалган.

Тўймурод деган кекса бир киши дарадан эшакда ўтиб кетаётса, семизгина бир таканинг ўтлаб юрганини кўрганмиш. У отдан сакраб тушибди. Така жо­йидан сира жилай демасмиш. Чол, майда туёқли моллик бўлдим, деб унга яқинлашибди. Бемалол такани ушлаб,   олдига ўнгариб олибди-да, йўлига равона бўлибди. От қанча йўрғалаб юрмасин, така на   маърамай, на типирчиламай, жимгина келаркан.

“Яхшиси, буни уйга олиб боришим билан сўяман, — ўйлай бошлабди у. — Нима бўлганда ҳам бола-чақамнинг оғзига гўшт тегадиган бўлди. Терисидан ўзим учун носвой халта ҳам тайёрлатиб оламан. Шунда така нохос қимирлабди, сўнг тилга кириб: “Отанинг ёрўчоғига келдингми, чол” — дебди. Чол юраги ёрилгудай бўлиб, ўзини отдан пастга ташлабди-ю, титраб калима қайтара бошлабди. Сал вақт ўтиб қараса, такадан асар ҳам йўқ экан…

Хўш, Чотқол тоғ тизмалари бағрида яширинган Қизилолмалисой, Қизилдара ва Эртошсой ҳудудидаги қоятош расмларни кўргани ҳар куни минглаб сайёҳлар келса керак, деб ўйларсиз. Афсуски, бундай эмас. Қоятошга муҳрланган расмларни чуқурроқ ўрганиш, уларнинг илмий таснифини амалга ошириш, миллий ва халқаро аҳамиятини белгилаш борасидаги туризм билан боғлиқ ишлар ҳали талаб даражасида эмас. Яъни, туризм соҳасининг экотуризм, экстемал ва илмий туризм соҳалари оқсаб қоляпти. Бу эса халқ эҳтиёжи учун келадиган миллион-миллион сўм маблағ тошга айланиб қолаётган, дунё аҳли табиий мўъжизаларимиздан бебаҳра қолаяпти, дегани.

Ҳечдан кўра кеч, бўлса-да масъуллар бу масалага жиддий қарайдилар, деган умиддамиз.

Улуғбек ЖУМАЕВ,

журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг



Source link