Friday, November 25th, 2022

Чумчуқ сўйса ҳам… – HURRIYAT


ёхуд хусусий нашриётларда малакали мутахассислар йўқлиги кимнинг айби?

 

Яқинда невараларим учун афсона ва эртак­лардан иборат иккита китоб харид қилдим. Уйга қайтгач, уларни ўқиб кўрдим. Эртаклар маъно ва мазмунига кўра болаларбоп эканлигидан қувондим. Бироқ суюнчим узоққа чўзилмади. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, икки саҳифани эгаллаган замонавий эртак матнида ўндан ортиқ имло ва услубий хатоларга кўзим тушди. Дарҳол китобни китобхонга тақдим этган нашриёт, китобнинг муҳаррири ва мусаҳҳиҳи билан қизиқдим. Ахир, кўзга ташланаётган хато-камчиликлар учун улар жавобгар-ку!

Нашриёт хусусий экан, китобдаги муҳаррир ва мусаҳҳиҳнинг илгари исми-шарифини бирор нашрда учратганимни эслолмадим.. Тўғри, ҳозир нашриётлар сони хусусий йўналишдаги ана шундай ташкилотлар ҳисобига кўпайиб кетган. Шунинг учун илгаригидек муҳаррир ва мусаҳҳиҳларни эслаб қолишнинг иложи йўқ. Аммо гап бунда эмас. Муаммо шундаки, хусусий нашриётларда чоп этилаётган аксарият китобларда имловий, услубий, тиниш белгиларга доир жиддий хатоларга йўл қў­йилмоқда.

Биргина пойтахтнинг ўзида юздан ортиқ хусусий нашриётлар бор экан. Афсуски, уларнинг барчасида ҳам малакали, саводли, ўз соҳасининг билимдони бўлган муҳаррир ва мусаҳҳиҳлар ишлайди, деб бўлмайди. Шунинг учун ҳатто оддий мактаб ўқувчиси кўз ташлаб илғайдиган камчиликлар болалаб кетмоқда. Китоблар китобхонлар , айниқса, болалар ўртасида саводсизликни тарғиб этаётган воситага айланиб қолаяпти. Ахир, хусусий нашриётларни малакали муҳаррир ва мусаҳҳиҳлар билан тўлиқ таъминлашнинг иложи бўлмаса ҳам, ўриндошлик асосида малакали муҳаррирларни ишга қабул қилиш ёки шартнома асосида улар меҳнатидан фойдаланиш мумкин-ку! Бу борада нашриёт раҳбарининг ушбу муаммо ечимига бўлган муносабати ҳам муҳим аҳамият касб этади. Ҳолбуки, нашриёт раҳбари ўз танишларини   ишга таклиф этаётганлиги бор гап. У билмайдики, қанча кўп қўлёзма сифатли ва малакали таҳрир ва таҳлил этилиб, нашр сифатли чиқса, тавсия этиладиган китоблар сони ҳам ортаверади.

Илгари Ўзбекистонда саноқлигина нашриёт бўлиб, уларда кўзга кўринган, тажрибали ижодкорлар муҳаррирлик вазифасини бажарарди. Тўғри, нашриётга топширган қўлёзмангиз ойлаб эмас, йиллаб ўз тақдири нима бўлишини кутиб ётарди. Бироқ ҳеч қачон хом-хатала қўлёзмалар китоб ҳолида чоп этилишига йўл қўйилмас эди. Кўплаб қўлёзмалар бадиий кенгаш чиғириғидан ўтолмасди, қайта ишлаш учун муаллифига қайтариларди. Натижада пишиқ-пухта, мазмун-моҳияти кўтарилган мавзуга мос, билимли китобхонга хос китоблар дунёга келарди. Ҳақ гапни айтиш керак, ҳозир китоб нашр этиш иши билан лаёқати бори ҳам, йўғи ҳам шуғулланмоқда. Хоҳ давлат нашриёти бўлсин, хоҳ хусусий биз аввалги иш режимига қайтишимиз керак. Ахир, халқимизда “Чумчуқ сўйса ҳам, қассоб сўйсин!”, деган нақл бежиз айтилмаган.

Сарвара АБДУРАҲМОНОВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг



Source link