Sunday, December 4th, 2022

Шоир умри ёшликка пайванд бўстонда ўсдим – HURRIYAT


Ойдин Ҳожиева,

Ўзбекистон халқ шоири

 

Онамнинг айтишларича, ўриклар оппоқ гуллаб турган баҳорда чошгоҳ пайти туғилган эканман. Ота-онамнинг ўн олтинчи фарзандлари эканман. Ўшанда урушнинг катағон кунлари, дам-бадам хонадонларга мотам олиб келаётган қорахатлар, одамларнинг юрагини эзган даҳшатли йиллар ичра ота-онамнинг топган шодлиги мен эканман. Ойдин кунларга етайлик, деб исмимни Ойдин аташган экан. 10 та ўғли ерга, битта навқирон ўғли урушга ем бўлган отам Ҳожи бобо 60 ёшида оламдан ўтган. Мен – 3 яшар гўдак ва икки навқирон опам 55 ёшли онам­нинг қўлларида қолганмиз. Эсимни таниб-танимасдан онам айтган шеър ва эртакларни, мақоллар, ривоятларни ёд олиб, давраларда айтиб юрарканман. Гулдай келинчакларнинг қорахат ушлаб йиғлаган дамлари, отасиз ўсаётган дугоналаримнинг қайғули кўзларидаги соғинч ва қиш­лоғимизда йигитлар ўрнида қолиб, кеча-ю кундуз меҳнат қилган кекса чоллар, ёши ўтиб қолган аёлларнинг заҳматли турмуши кечагидай хаёлимдан ўтаверади. Ана шундай дардли кечинмалар оралаб ўрта мактабни битирдим. 1960 йили қишлоғидан бир қадам нари чиқмаган 18 ёшли қиз ўз келажагини излаб Тошкентга – ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)га йўл олгани туманимиз учун у давр­лар янгилик ва жасорат эди… Университетни аъло диплом билан тугатгач, ўша вақтда ягона адабий журнал — “Шарқ юлдузи”га ишга кирдим. Икки йиллик ижодий фаолиятим шу ажойиб журнал жамоаси даврасида кечди. “Гулхан” журнали мени болалик даврасига олиб кирди. Сўнг умримнинг 21 йили “Сао­дат” журнали билан боғлиқ кечди. Севимли устозим Зулфияхоним, Шуҳрат, Миртемир домла, Тўхтасин Жалолов каби донишманд олим, Уйғун, Тошпўлат Ҳамид каби мендан меҳрини, меҳнатини, мададини аямаган улуғ инсонлардан бир умр қарздорман. Болалигим кенгликларда, қўшни “Муллатош” қишлоғининг зарангларида, Зарафшон дарёсининг ёвшанлар ифорига тўла чимзорларида ўтган. Иттифоқо, ёз кунларининг бирида сигир ўтлатиб юрган қизчани мактабдаги учрашувга олиб кетдилар. Ўша қизча ҳеч қандай тайёргарликсиз Уйғун, Қуддус Муҳаммадий, Ғафур Ғуломларнинг шеър­ларидан ифодали ўқиб бериб, барчани лол этган. Халқ шоири Уйғун: “Шу майиздеккина қиш­лоқда шеъриятнинг нафасини кўряпман. Уни тарбия қилса, бинойидай шои­­ра бўлади”, деган эканлар учрашувда. Учрашувдан озгина кейин туман газетасида бир шеър босилди. Шеър остига “3-синф ўқувчиси Ойдин Ҳожиева” деб ёзилган эди. Аслида бу шеър­­ни Тош­пўлат Ҳамид ўзлари ёзиб, менинг номимдан чиқарган эканлар. 1953 йилнинг ёзидаги шу қувонч мени мухлислар даврасига, адабиётнинг катта йўлларига олиб чиққан. Шеъриятга кўнгил берган кунимдан бошлаб ўзимни кучли, қудратли ва одамларга керакли, деб билганман. Шу сабабли ҳам ҳаётимнинг паст-у баланд йўлларида шеърият менинг қўлларимдан тутиб, қаддимни тиклади. Йўқотган қувончларимни қайта топиб берди. Одамларнинг юрагидан кимё излашга ўргатди. Эсимда, 1971 йил биринчи шеърий китобим чиққанида онамга олиб бордим. Онам “Шабнам” деб номланган тўпламимни кўзларига суриб йиғлаб юбордилар: “Отангиз ўғилларим яшаб кетмади, энди менинг номим дунёда қолмайди, деб армон билан ўтганди. Худога шукур, отангизнинг номи мана шу китоб­­ча билан дунёда қоладиган бўлибди…”.

Тақдир менга – чўлда бўзтўрғайдай бўзлаб ўсган қизалоққа беҳад мукофотлар берди: Ўзбекистон халқ шоири унвони. Донишманд, меҳрибон умр йўлдоши. Суюкли фарзандлар, набиралар. Менга Ҳизрдай ҳиммат қилган доно устозлар. Давраларга кирсам, юзларидан нур ёғилиб турган минглаб мухлислар. Атрофимда оташнафас шоира қизлар. Шуларни ўйласам, эл-юрт ҳурматини кўрган ва эл-юртига жон-дили билан боғланган ижодкор сифатида ҳаётимдан, тақдиримдан минг бор розиман.

Бугун бир туркум шеърларим “Hurriyat” муштарийларига ҳавола этилаётганидан эса янада хурсандман.

 

Гар дарахтсан — мажнунтолдай эгил халқингга

(Юқоридаги ҳаволани босиб, шеърларни ўқишингиз мумкин)

Янгиликларни дўстларингизга улашинг



Source link