Friday, June 2nd, 2023

“Ш” ва “Шариф” ёхуд шармандалик шунчаликми? – HURRIYAT


Шўро даврида номзодлик диссертациясини ёқлаш учун фалсафа, чет тили ва мутахассисликдан имтиҳон (минимум) топширилар эди. Ўзбекистонимизда, асосан, инглиз, немис ва француз тиллари ўқитилган. Камина мактабда немис, университетда форс тилидан таълим олган эдим. Номзодлик минимуми ҳам форс тили бў­йича топширилди. Чамамда, шу Москвага унчалар ёқмади. “Нима, бу кетишда ўзбеклар Эрон билан яқинлашадими?” –  деб ўйлашган бўлса керак-да. Охири 1986 йилнинг 16 апрели кунига собиқ Иттифоқ Олий аттестация комиссияси томонидан форс тили бўйича суҳбатга чақирилдим.

Аввал: “Нега форс тилидан топширгансиз?” – деган саволга рус тилида жавоб беришга тўғри келди.   Олтида асос келтирдим. Бу ерда уларни санаб ўтиришнинг ҳожати – йўқ. Кейин бир олимга сўз берилди. У киши бевосита форсийда суҳбат бошлади-ку:

— Рафиқ Олимуф, эсме шарифе шумо чист?

Бу: “Ўртоқ Олимов, сизнинг шарафли исмингиз – нима?” – дегани эди. Аслида, бу жуда илмоқли савол эди. Тилни чала билганлар саволнинг ўзидан келиб чиқиб жумла тузарди-ю: “Эсме шарифе ман фалонче аст”, – дерди. Бу: “Менинг шарафли исмим фалончадир”, – дегани бўлади. Тамом, шу билан қармоққа илинарди-қоларди. Чунки, ахир, ким ўзининг исмини ўзи “шарафли” деб тилга олади?!

— Эсме ман Султонмурод аст, – дедим “шариф” сўзини ташлаб кетиб.

Бу ҳангомани бекорга келтираётганим  йўқ. Яқинда бир нуфузли идорадан ўзим ҳақимда маълумотнома тайёрлаб беришим сўралди. Хато қилмаслигим учун намунаси ҳам жўнатилди. Қай кўз билан қарайки: “Фамилия, исм, ота исми” сўралган қатор тагига: “Фамилия, исм, шариф” сўзлари ёзиб қўйилган.

Астағфируллоҳ! Қачондан бери тилимизда “шариф” сўзи “ота исми” (русча “отчество”) бўлиб қолди?

Ким ўзи бундай ихтироларни ўйлаб топади?

Нега ҳаммамиз жим тураверамиз?

Ахир, тил – халқники-ку!

Уни ўзича ўзгартиришга ҳеч кимнинг ҳаққи  йўқ-ку!

Буку ҳали унчалар кенг ёйилиб, оммалашиб кетмаган.

Лекин бугун ижтимоий тармоқлардаги ёзишмаларни бир ўқинг. Миллатимизнинг буюкдан-буюк бойлиги бўлмиш она тилимизга ўзбошимча муносабатлардан тепа сочингиз тикка бўлиб кетади.

Лотин ёзуви асосидаги янги алифбода “ш” ҳарфини “sh”  тарзида қабул қилдик. Тўғри, бир товушни ҳарф қўшилмаси билан ифодалаш кўпчиликка ёқмади. Ҳозирги пайтда бунинг чораси ўйланяпти.

Кўп фуқароларимиз, ўйламай-нетмай, лотин ёзуви асосидаги алифбомиз матн ёзаётганда “sh” ўрнига “w” ҳарфини қўллашяпти. Бунда, эҳтимол, унинг кирилл ёзувидаги “ш”га шаклан ўхшаб кетиши сабаб ҳам бўлаётгандир. Аммо бу ҳеч мумкин эмас-ку.

Яна ўша Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири, устоз Абдулла Ориповнинг машҳур сатрларини такрорлашга тўғри келади:

Қачон халқ бўласан, эй сен ‒ оломон!

Хўш, халқ – ким?

Халқ шундай катта кучки, ҳатто, давлат ҳам бир ҳарфни ўзгартиришни ундан сўрайди, яъни аввал умумхалқ муҳокамасидан ўтказади.

Шундай экан, бу фуқароларимиз кимдан сўраб “sh”ни “w” тарзида ёзяпти?!

Каминага қолса, бундай ҳолатларга кескин чоралар қўлланилиши керак.

Нима дедингиз?

Султонмурод ОЛИМ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган

маданият ходими

Янгиликларни дўстларингизга улашинг



Source link