Friday, January 27th, 2023

Эътиқод энергияси – HURRIYAT


“Мен журналистман, ҳаётда нимага эришган бўлсам, ушбу касбнинг шарофати деб билдим”, деб ёзган эди таниқли журналист ва дипломат Аброр Ғуломов ўзининг “Истанбул дафтари”да (Ушбу китоб “O‘zbekiston”   НИМУ томонидан 2019 йил чоп этилган эди). Бу оддий жумла ёки оддийгина фикр эмас. Зеро А.Ғуломов   давлатимизнинг турли нуфузли идораларида масъул   вазифаларда ишлаган бўлса-да, журналистикага бўлган садоқатини, эътиқодини унутган эмас. Аслида касбга бўлган эътиқод ҳам бу Аллоҳга, Онага, Ватанга бўлган эътиқод замирида шаклланади. Муалллиф ўз китобини “Онам ўгитларини дилимда сақладим, Ватанимга, оиламга, касбимга ва дўстларимга садоқатни азиз билдим, қарздорлик бурчимни унутмадим” деб бежиз бошламаганини унинг кейинги “Эътиқодни афзал билиб” (Тошкент, “Маънавият” нашриёти, 2022 йил) китобида яна бир карра   анг­лаймиз. Дарҳақиқат, дунёга машҳур олимлардан бири “Тирик жон кучли эътиқодга эга бўлмаслиги мумкин эмас… Эътиқодсиз кишиларгина эътиқодни амалга ошира олмайдилар; калтафаҳм одамлар ёки виждонсиз одамларгина эътиқодсиз бўладилар”, дея ёзганида ҳақдир.

Таниқли публицист А. Ғуломовнинг навбатдаги китобида асосий қисми бир қараганда биографик мазмунига эга битиклардек туюлади. Аммо унинг   “Рабочий городок” номи билан азим пойтахтимизга машҳур бўлган   мавзенинг Янгиариқ маҳалласи, Батуми кўчасидаги хонадонида юз берган мулоқотлар, ардоқли кишиларнинг суҳбатлари-ю учрашувлари, муаллифнинг бобоси, ўзбек матбуоти фидойиси Нўъмонжон Ғуломовнинг эгу ишлари ва шу тариқа бир қатор ўзбек зиёлиларига оид кичик ҳикоялар, сўзсиз,   бир маҳаллада ҳукмрон бўлган ажойиб муҳит, самимий атмосфера, эътиқод ва садоқат мактабидан сабоқ беради.

… “Ҳовлимизнинг нариги бетидаги “хрушевка”да яшаган Азиз Қаюмов ва 150-мактабим ёнидаги Иброҳим Раҳим хонадонларига бувам билан тез-тез чиқиб турар эдик”. Ёки: “Мен эса етмаганига (китоб-Ш.С.) Миртемир домланинг шахсий кутубхоналаридан фойдаланганман” каби жумлаларда чуқур маъно бор! Муаллифнинг ёшлик даврига оид яна бир ажойиб далил: унинг ёзишича, маҳаллаларидаги Абдуфаттоҳ қори амакидан   мустабид замонда Қуръони карим оятларини ўқишни ўрганган экан. Қори амаки вафотидан олдин 1911 йилда Қозон шаҳрида босилган Қуръон китобини унга васият қилиб ҳадя сифатида қолдириб кетган эканлар. “Шу йилнинг баҳорида ушбу муқаддас китобни Ислом цивилизацияси маркази директори Шоислом Мунаваровга топшириб   келдим”, деб ёзади у. Бу ҳам инсон эътиқодмандлигидан далолат эмасми? А.Ғуломовнинг китобини бир нафасда ўқиб чиқса бўлади. Зеро, ундаги   ибратбахш ҳикоялар, сафарномалар бир-биридан гўзал, ажойиб услубда талқин этилган. Шу тариқа, китобхон   мутолаа асносида “Тошкент ҳақиқати” газетаси таҳририятидаги жамоаси ҳаёти, “устоз-шогирд” анъанасининг устуворлиги, курсдошларнинг тақдири, журналистиканинг нозик жиҳатлари билан танишиб олади. Аброр Ғуломов бесабаб “Тошкент ҳақиқати” газетасини ҳақиқий маънода “ҳаёт дорилфунуни” деб таъриф бермаган. Чунки таҳририятда забардаст устозлар, моҳир қаламкашлар фаолият кўрсатганликларини, жумладан, муаллифнинг ижодий лабораториясини ўтган аср 80-йилларнинг ўрталаридан бошлаб ўзим гувоҳи бўлганман. У устозлари, сафдошларини юксак эҳтиром билан тилга олади китобида. Уларнинг кўпини яхши биламиз: Миракмал Миралимов, Ҳабибулла Олимжонов, Фатҳиддин Муҳиддинов ва бошқалар.

Яна бир гап: халқаро журналистиканинг ўзига хос жиҳатлари бор. Бу маълум ҳақиқат. Аммо Аброр Ғуломов халқаро журналистикани дипломатия билан уйғунлагани бу рости соҳамизда нодир ҳодиса. Унинг раҳбарлигида “Жаҳон”   (ҳозирги “Дунё”) ахборот агентлиги   иши йўлга қўйиш жараёни ҳам   Ўзбекистон халқаро журналистикаси тарихининг муҳим бир фасли, десак бўлади. 1996 йилни эслаб, ифтихор билан “Ўзбекистон матбуоти тарихида биринчи марта Агентликнинг чет элда ўз мухбири бўлади!” деб айтиши оддий гап эмас! Чунки   мустабид замонда бирор-бир ўзбекнинг хориждан бевосита Ўзбекистон билан боғлиқ материал тайёрлаб келиши амри маҳол, агар шу воқеа юз берганида уникал ҳодиса ҳисоб­ланарди. Бугунги кунда Янги Ўзбекистонда бу борада катта тажриба тўпланди.

Шу нуқтаи назардан муаллифнинг Афғонис­тонда турли йилларда содир бўлган воқеа-ҳодисалар, жаҳон сиёсий майдонида рўй берган айрим сиёсий ўйинлар,   шунингдек, ўзбек ва турк халқларининг   қадимий-тарихий дўстлик ришталари ва янги замонда бу робиталар янгича мазмун касб этиб ривожланиб бораётгани хусусидаги мақолалари, хусусан, ўзбек разведкасининг ХХ асрдаги фаолияти ва бошқа долзарб мавзуларда тайёрлаган интервьюлари китобхон диққатини янада жалб этади.

Ўйлаймизки, мазкур китоб айниқса бугун халқаро журналистика соҳасига илк қадам қўйган ёш ижодкорлар учун муҳим манба сифатида хизмат қилади.

Шоқаҳҳор САЛИМОВ,

журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг



Source link