Monday, October 3rd, 2022

Юракнинг олис йўли – HURRIYAT


Эл севган шоира Шарифа Салимова ижодий руҳиятига чизгилар…

 

“Сукунат —

   Бу олис юракнинг йўли,

     Шовқин орасидан ўтган умрбод…”

 

Бир Инсон кўксида қанча қалб бор? Қанча юрак бор?.. Бу қалбнинг маконию замони… поё­нию сарҳадлари қаерда? Саҳифаларни Кўнгил осмонига битилган оятдай шивирлай бошлаганингиз сирли бир лаҳзада, шаксиз, у сизнинг қалбингизга айланади… Холиқ билган, билдирган сирлар олдида фақат сиз… Ўша сиздек…

 

Ишқи Илоҳий жонимни ёқар,

Чун қалбда дашти Карбало яратди…

 

Фақат бу сиру асотирни яна ким билдийкан?.. Қаттиқ қоқилган қалбингиз қопқаларини яна ким очдийкан? Қачон очдийкин?

 

…қалбим қанотларин ҳўплар аланга

Наҳот дўзах менга шунчалар муштоқ?

Наҳот азоблар ҳам роҳатдир менга?

 

Ахир қалбингизга қамалгани жаннат эмас…Аланга эди… Вулқон эди…

Отилса осмонни тутадиган, очилса дунё ҳолини танг этадиган Ишқи Исён эди эҳтимол?.. Шу боис у ўз қалбида — яъни дўзахда Самовий азобни туйиб, оламга ошно Севги оҳангларини, борлиққа Биру Борнинг бор рангларини соғинар?

 

“Мен сукут сақладим,

Бир сўз демадим…

Эргашдим тун сепган нур изларидан…”

 

Сукунат тилга кирганда у Нур қадамларига эргашади. Нур изларидан излайди. Нимани? Кимни? Эҳтимол ўзини? Коинотдан… Осмон этагидан Нур арқоғига эврилиб тушаётган Сўзини? У Само билан сўзсиз сирлашади, тиллашади. Ва шу оний лаҳзаларда Руҳнинг олий лаҳзаларини яшаб ўтади.

 

Куннинг қадаҳида титрайди бода –

Умр Ибтидоси ва Интиҳоси…

 

Вақт билан юзма-юз қолиш, эҳтимол бу лаҳзада Абадиятни ҳис қилишдир? Балки шу Илоҳий ҳиснинг яширин сирнинг ўзидир асл шеър? Сиз бу қайноқ мисраларни ўқиётиб Ўзингизга айланасиз. Қалбингиз шивирлай бошлайди… Дилингиз тилга киради. Кўнгил тирилади:

 

… сукут сақлаб ёнаверар шам,

Унинг тилин зулмат билади.

У севгисин туннинг кўксига

Ўтли байроқ каби илади…

 

Шу мисраларни кўнгил тили — жарангоси билан ўқиётиб ҳам Сукут, Жимлик ҳақида гапириш мумкинми? Аслида Сукутнинг ўзи эмасми энг улкан ҳайқириқ, фарёд?

Аслида ҳам… Сукут — бу қалбнинг ҳайқириғи… Уни қулоқлар эмас, қалблар эшитади! Шоира сизни шу илоҳий Ишқ қошига ёлғиз олиб боради. Ёлғиз қолдиради. Ахир Ёлғизнинг қошида инсон ҳамиша ёлғиз! Шеърият эса бу — руҳнинг йўли. Ёлғизлик йўли… У ягона бирлик қурбиятиким, Унга суянганлар, У билан қуд­ратли бўлгай. Шу маънода унинг топганлари — изтироб… У Аёл қалби ичида шу қадар Ишқу исёнлар, Севгию Соғинчлар, топинчлару яратишлар силсиласи борлигини яширин тил ила сўзлайди. Сокин… тилсиз… сассиз ҳол ила…Кимсасиз… кимсага иддаосиз..

 

Дунёлардан кечиб … мушкул… мужаррад…

Аёл қалби ила севади!..

 

Бу битиклар табиатнинг баъзан тиниқ, баъзан ёрқин, баъзан паришон ва маҳзун манзаралари кайфиятида борлиққа сочилган яратиқларнинг бир жузви-ашёсида “ярқ” этиб акс этади-ю, руҳий мувозанатингизни бузиб юборади. Муаллиф Сўз сатҳида қалтис ўйин бош­лайди. Нилуфар гуллардек туйғулар тасвирини варақ юзига сочиб ташлайди-ю, унинг илдизлари етиб борган изтироб ва дард тошларини пинҳон қолдиради. Пинҳон қолдиргандек улкан музқояларнинг энг улкан чўққилари бепоён уммонлар тубида…

Яшириш… бу Ишқнинг ҳоли… бу Ишқнинг табиати… Ҳазрат Мир Алишер Навоий шаъмнинг олов тили Зулмат салтанатига ўт қўяжаги ҳақида тамсил қиларкан, кўҳна Шарқ шеъ­риятидаги бу образ бугунги Аёл қалбининг ҳам ёниқ Туғи бўлиб кўтарилади. Энди у Она қалби бўлиб кўтарилади. Она қалби бўлиб Оёққа қалқади…

 

Тунда туриб, юлдузларга боқдим мен,

Юлдуз тўла дарё каби қалқдим мен,

Арш аркини нидо бўлиб ёқдим мен,

Қодир Эгам, Туркистонни асрагин!

 

Бу юраги юрт юрагига, томири эл томирига туташ Шоирнинг сўзи. Дуоси. Таваллоси…

Етмиш йиллик мустабид тузумнинг занглаган занжирлари, оғир кишанлари бўйинлардан бўшалиб, оёқлардан узилиб, тиззалар тик тураётганда таназзулга учраган тизим ўзи учун Озодликнинг эркин қушларини бир-бир қурбонликка талаб этаётган паллаларда ҳар гал чин шоирлар, асл шоирларнинг сўзлари сўзон бўлиб, туғёнлари Туғ бўлиб кўтарилади ва давр қалбидек янграйди!

Бу буюк кўтарилишлар буҳронида унинг ҳам қалами қиличга эврилади. Қаламидан тўкилган Сўзлар гоҳ ўзига ўт қўйган аёллару жигари хасталанган гўдаклар, Тили тортиб олинган миллат, дини топталган тупроқнинг тақдири, халқ тақдири, эрки ҳал бўлаётган катта курашда қатлиом бўлаётган йигитлару қуриётган Орол ҳақида шиддатли публицистик мақолаларга, гоҳ драматизмга бой достонларга, гоҳ ўтли, алангали шеърларга айланади.

Газета ва журналларда долзарб муаммоларни дадиллик билан олиб чиқар экан, масъуллар олдига, балки давр олдига энг улкан саволларни қўяди.

Шарифа Салимова бу қалтис дамларда нафақат ижодкор сифатида Сўзда, балки ватаннинг чинакам фидойи фарзанди сифатида фао­лиятида ҳам бу катта муҳорабага киради. Бу муаммолар ечимини ҳам шу даврнинг ўзидан топади.

 

Юрагида Ўшу Ўзган, Андижон,

Нола қилар кўзларидан оққан қон,

Қодир Эгам, Туркистонни асрагин!..

 

Энг тўғри сўз ўз ўрнида айтилган сўздир. Бундай сўзнинг алангаси кучли бўлади.

Ботирларнинг ердан ўмганини кўтарган Тўмариснинг қиличимасми? Қавми ёвнинг қамалига қолганда олис юртдан томирини ёдлаган, Алпомишни курашларга чорлаган Ойбарчиннинг садоқати, Сўзию… Ёғийлар туёғига мих қоқиб… ерга қоқилганда

 

Қурриё қур, ҳайт-а, тўрамнинг оти,

Оқ тўшим — яғрининг, сочим — шипиртки,

 

— дея Бойчиборга қанот берган унинг Даъвати эмасмиди?

Шарифа Салимова юрт деганда ҳар гал шу кўҳна илдизга қайтади. Руҳида қадим момоларнинг ориятини жамлаб, ҳар гал Она тимсолида ҳайқиради.

 

Туғинг нафасларин ичганда дунё,

Ўзбек деган номга тўлганда само,

Биз бағрингда ётиб қилганча дуо,

Сендан бир дам айро тушмаймиз, Ватан!..

 

Баъзан шеърнинг лирик кайфиятига сиғмайдиган эпик полотнолар Шарифа Салимованинг “Тўмарис” ва “Хизр булоғи” достонларида ўз кўламининг кенглиги, мазмун-моҳиятининг теранлиги билан акс этади.

Тўмарис — юрт озодлиги тимсоли.

Эл эркини истило этишга интилган қонхўр босқинчиларга адл чиқа олган Малика қаҳрамонлиги, Она қасоси… Истиқлол шунчаки келмаган. У қуллик комига ботирилган халқнинг қонлари эвазига келган…

80 йиллар сўнггидаги мудҳиш ҳолатлар…пахта… ўзбеклар иши… она сутидан маҳрум гўдаклар, миллат генетикасини бузадиган турли руҳий маънавий босқинчиликларга нисбатан шоиранинг қалбидаги бўғиқ фарёди эди.

Шу боис “Тўмарис” достонидаги ҳар бир қаҳрамон қиличнинг тиғидай ярқирайди. Фикрлар тўқнашуви ҳам ўткир қиличлар жарангосидай… кескир… бўғиқ… шиддатли…

Улар неча минг йиллик тарихнинг олис туманликларида қолиб кетган мавҳум ёки хаёлий образлар эмас! Ўзимиз!

Тўмарис…

Майгами ё майлига алданиб хушёрликни йўқотган Спарганис ҳам… Ва ҳатто қаттол Кир ҳам… баъзан ўзимизга ўхшаб кетади. Кураш бизнинг ичимизда кечади… давом этади. Садоқат ва Очкўзлик. Вафодор эрк ва жиловланмаган нафс кураши. Дунёнинг азалий муҳорабаси бугуннинг ҳам оғриқларидек алангаланади.

Спарганис:

– Онажон,

Мен ерга қулоқ тутяпман,

Ернинг ҳам юраги бор экан,Она!..

 

Достон кучли характерлар, қарашлар зиддияти, кураши кечаётган драматик саҳнага айланади. Ҳатто шивирлаб ўқисангиз ҳам асарнинг айни шу авж нуқтасида вақт тезлашиб кетгандек, бутун олам оловли сўзлар ҳайқириғига тўлиб кетгандек туюлади.

 

Дук-дук…

Юрак кетиб борар боқий дунёга,

Қуёшнинг қип-қизил қонига ботиб.

Кир тош қотиб турар.

Сўнгра қиличин

Ёвшанлар ичига юборди отиб.

Шамол югуради ҳўнграб, ҳаллослаб…

 

Сочларингни ёй… шамоллар келтирган шум хабардан осмон ёрилади гўё! Кир эса… Негадир қиличини ерга отаркан… мағлуб бўлганини ҳис қилади. Зеро унинг қиличи қодир эмасди бу юрт ботирининг бошин олмоққа!.. Шу олий ҳақиқат улкан қаҳқаҳадай янграйди шу лаҳзада… Муаллиф бу ичкин саҳна гирдобини биргина ҳолат ичига жамлайди. Кирнинг қиличини ёвшанлар орасига отиб юборишига… Шу кульминацион нуқтада воқеликнинг сўнгги қадамлари ҳам рамзий ишора қилинади. Туп­роққа отилган қиличмисол Кирнинг боши ҳам шу ёвшанлар орасида узилди… шу тупроққа отилди. Ва чаноғи ўзининг қонига тўлдирилди!

Кир муносиб бўлолмади бу ёвқур йигитнинг бошин олмоққа. Аммо бошқа бир қилич Улкан тақдир қиличи унинг бошига тушди. Бу Онанинг қиличи эди!

 

– Оналарга сазо берманг!

Бир куни…

Оналарнинг уволи бордир!..

 

Эҳтимол шу биргина Сўз учун бутун бир дос­тон яралгандир… деб ўйлайсиз. Воқеалар оралаб шу кўҳна ривоят ичидаги янги ҳикматни эшитганда!

Шарифа Салимова шу улуғ маснадда туриб Ҳазрати Аёл руҳини улуғлайди. Шу баланд рутбага кўтаради унинг шаънини. Ва бугуннинг Аёли учун ҳам бу Муқаддас ва Мангу қўшиқдай жаранглайди:

 

Қаддингни тик тут, Аёл,

Аламларинг ют, Аёл!

Айт, бу бир кам дунёда

Кимнинг бағри бут, Аёл!?

 

“Ҳазрати Хизр булоғи” юртдан кетиб қолган маънавият сарчашмалари ҳақида. У анъанавий жанрга янгича шакл беради. Вақт парчаларидан энг буюк дардлар танлаб олинади. Ва улар давр томирларидан мангу оғриқлардек сизиб келади-ю, бир улкан қояга–Ҳазрат Алишер Навоий қошига бирлашади. Қайтмоқ керак. Ўша олий Сарчашмага… Ўзликка… Ва барча яраларга малҳам топиб бирга-бирга   кетмоқ керак. Бир Миллат, бир Халқ бўлиб. Тилини топ­ган, дини-диёнатини қадрлаган, аждодлари таниган катта халққа айланмоқ учун. Шу улуғ сарчашмалар билан… Навоий билан… Йўқ, муаллиф сизга бу фикрларни қайд этмайди…зўрлаб тиқиштирмайди..

Асар руҳиятига беихтиёр эргашиб… қадам бақадам тупроқдай тўкилиб бораётганингизни… Ичингиздаги дардлар сизни қанчалик тошга айлантиргани-ю бу оғриқлар юрагингизни тилкалаб-тилиб… ниҳоят қанчалар чанқаб кетганингизни ҳис қиласиз!

Аслида Хизр булоғи ҳар биримизнинг ичимизда. Қалбимизда! Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир ва таржимон Шарифа Салимова ижоди, хусусан, дос­тонлари асосида   тарихий видеофильмлар, спектакллар   яратилганда, ишонаманки, энг бой ва ҳаяжонли саҳна асарлари дунёга келган бўлар эди.

Зеро унинг Юрт, Ватан ҳақидаги шундай шеърлари борки, бу қўшиқларнинг ўзи миллионлаб юракларда энг оловли, бўронли-ю, аламли саҳна асарларини яратиб қўйган. Ўтиш даврининг машаққатли йиллари-ю, чағир йўлларида олисларга бадар кетаётган минглаб ёш йигитларга айтилган бу Сўз юртимиздаги ўн миллионлаб Оналарнинг Қалб нидосига айланганди…

 

…Не қилсанг қил,

Лек Ватанни сотма, болам!..

 

Ижодкор сифатида Шарифа Салимова ҳеч қачон биргина йўналиш ёки услубда тўхтаб қолмайди. У –халқ фарзанди. Мўйсафид Отахону Онахонлардан тортиб, то… митти вужудли, аммо катта қалбли болажонларгача… Ахир болаликнинг дунёсида ҳамма нарса катта… ҳамма нарса сеҳрли! Агар уни ишонтира олсанг! Агар ўзинг болаликка айлана олсанг!

Паркент туманидаги 1-мактабда ўтган йили севимли шоирамизнинг табаррук 70 ёшига бағишланган катта учрашув, анжуман бўлиб ўтганди.

Мингга яқин одамларнинг самимий меҳри, эъзози, эътиборини кўриб “Энг азиз инсон – ўз ота маконида ардоқли бўлган инсон” эканига амин бўлдик. Катта саҳналарда катта санъаткорлар томонидан айтилган қўшиқлару йиллар мобайнида адабиётимизни бойитган Шарифа Салимова китобларидан шеърлар ўқилди. Бироқ даврага катта-катта кўзли, йигирма чоғли болажонларнинг чиқиб келиши муҳитни бутунлай ўзгартириб юборди!

Мўъжаз болаликнинг мўъжизалари янғлиғ эртакмонанд, ҳайвонот олами тилидан ёзилган ажойибу ғаройиб шеърлар ўқилди-ю, бугунги ўзбек шеъриятида Шарифа Салимова нафақат катталарнинг катта шоираси, балки болалар адабиётининг ҳам катта намояндаси эканлигини тан олдик!

Юракнинг мангу олов янғлиғ ёниб туриши улкан ҳодиса. Айниқса, шеъриятда. Ўтган асрнинг 70-йилларида ўзбек шеъриятига гуруллаб, порлаб, ўзига хос ҳайрату ҳаяжонларни бошлаб келган Шарифа Салимова мана ярим асрки, кўнгилнинг энг ёниқ туйғуларию, вазмин туғёнлари билан ижод қилмоқда. Қалби ва Қалами қанотга айланиб тахайюл ва тасаввур сарҳадларини забт этмоқда. Баъзан ибодат, баъзида дуо, баъзан муножот, баъзида шиддатли даъватлари билан ҳаётимизнинг ҳар бир янги тонги ва тунида кўнглимизни ўз ортидан   эргаштирмоқда.

 

Балки шудир шоир учун энг гўзал бахт:

Ижод бахти…

Ҳар дақиқа қурбият ва

Илоҳий Илҳом парвози!..

Зебо МИРЗО

Янгиликларни дўстларингизга улашинг



Source link