Friday, January 27th, 2023

Янги йилни жамоавий нишонлаш шартми? – HURRIYAT


Негадир байрамларни катта давраларда дўстлар, жамоа­дошлар билан биргаликда нишонлаш урфга айланиб бормоқда.

Бу урфнинг шундай кўриниш­лари борки, йилдан-йилга “нишонлаш” маросими янги-янги анъаналар, тўкин дас­турхон ва даврадошлар ҳисобига кенгайиб бормоқда. Тўғри, айрим жамоаларда Янги йил байрамини нишонлаш удуми ва унинг харажатлари ташкилот ҳисобидан қопланади. Тўкин дастурхон, ўйин-кулгу базмгоҳдаги шароитларга гап йўқ! Кўпинча бундай даҳмазали тадбирларни ўзаро меҳр-оқибатнинг мустаҳкамланиши, бир-биримизга бўлган садоқатнинг илдиз отиши, деб тушунамиз.

Аслида-чи? Хаёлимга баъзан бу тўқликка шўхлик эмасми, деган фикр келади. Ушбу ҳолатни муаммо даражасида муҳокама қиладиган бўлсак, айни байрам арафасида нарх-навонинг бир неча бор ошиб кетишига гувоҳ бўламиз. Кўзимизни юмиб, аввал байрам ташвишига, сўнгра уни жим-жимадор қилиб нишонлашга киришиб кетамиз. Тайёргарлик жараёни 10-15 кун аввал бошланади. Ҳатто, ­оилавий байрам нишонлашга ҳам алоҳида тайёргарлик кўрамиз. Янги йил кечасида кимларни меҳмонга таклиф этишни ҳам, кимникига меҳмонга боришни ҳам олдиндан режалаштирамиз. То эрталабга қадар уйма-уй юриб Янги йилни кутиб олмасак, зўр нишонламасак, Янги йил келмай қоладигандек!

Аслида Янги йил байрамини нишонлаш Европа халқларининг удуми бўлиб, юртимизга кириб келганига кўп вақт бўлгани йўқ. Лекин унинг оҳанрабодек бутун вужудимизни қамраб олиши шунчалик тез амалга ошдики, ҳеч бир байрам, ҳатто Наврўз ҳам бир оила аъзолари иштирокида “Новый год”чалик тантана қилинмайди. Биз қачон ноўрин удумларимизга чек қўямиз?

Ахир, ҳамма нарса ўз меъёрида бўлгани яхши эмасми?

Сарвара АБДУРАҲМОНОВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг



Source link