Friday, November 25th, 2022

Ўзбекистонни велосипедда кезиб чиққан инсон – HURRIYAT


Абдурасул Алланазаров улуғ ёш – 67 га кирганида, унда дафъатан севимли улови — велосипедда бутун Ўзбекис­тонни кезиб чиқиш орзуси туғилди. Сирдарё вилояти Янгиер шаҳридаги “Наврўзобод” маҳалласида умргузаронлик қиладиган нуронийнинг бундай қарорга келишига бир воқеа туртки бўлди.

Абдурасул ака узоқ йиллар турли ташкилотларда ўрта тиббиёт ходими — фельдшер бўлиб ишлаган. Ҳамкасби Йўлдошали Янгиер шаҳридаги Семашко номидаги санаторийда эди. Уни кўргани бориб, бир гуруҳ дам олувчиларга ўз қарорини айтганда, дўсти:

— Шартинг кетиб, партинг қолганда ўзингни қийнаб нима қиласан? Намозингни ўқиб, оёғингни узатиб ётмайсанми, биродар? – дея нописанд гап қилди.

Абдурасул ака ҳам ўта қайсар, бир ишга қўл урса, охирига етказмай қўймасди. Қароридан қайтмади. Шу жойда икки дўст гаров бойлашди.

— Ўзбекистон бўйлаб велосипедда саёҳатни уддаласанг, мана шу одамларга қўлинг ўргилсин ош қилиб бериш менга тан! – деди.

Гувоҳлар Абдурасул ва Йўлдошалининг қўлларини кесишди. Шу ернинг ўзида Абдураҳмон ҳожи исмли дам олувчининг сахийлиги тутиб кетди. Абдурасулга ҳозироқ велосипед совға қилишини очиқлади. Уйи­­га сим қоқиб, фарзандларига ўтган ҳафта харид қилган янги велосипедини тайёрлаб қўйишни тайинлади.

Ўшанда авжи баҳор эди. Уйига бориб аҳли аёли Анорхолга Жиззахдаги қарин­дошларини кўриб келмоқчилигини айт­­ди. Гап орасида бу юмушни велосипедда амалга оширмоқчилигини қистириб ўтди. Оиладагиларнинг бари “ҳай-ҳай”лашдилар. Бу Абдурасул акага таъсир қилмади.

2016 йилнинг апрель ойида “Урал” русумли велосипедида “Жиззах қайдасан” деб йўлга тушди. Сафар хуржунига емак­лар ва велосипеднинг эҳтиёт қисмларини солди. Абдурасул велосипедда юравериб унинг пири, устаси бўлиб кетганди. Уловининг кулидан кириб ўтидан чиқарди. Бўстон шаҳрига яқинлашганда велосипед камераси тешилиб, ел чиқарди. Бир пасда камера алмаштириб, манзили сари   равона бўлди. Шундан кейин отахоннинг мамлакатимиз бўйлаб катта саёҳати бошланди. 2017 йилнинг июнь-июль ойларида Самарқанду Бухорога борди, август-сентябрь ойларида Қамчиқ довони орқали водийга йўл олди. 2018 йил Мустақиллик байрами арафасида мамлакатимиз пойтахти Тошкент шаҳрига сафар уюштирди.

Ўзига ишончи ортган саёҳатчи 2019 йил вилоят Туризм ва спорт бошқармасига (ўша пайтда шундай номланарди) борди. Қўшни давлатлар ва Россия бўйлаб велосипедда саёҳат қилмоқчилигини айтди. Бироқ бошқармадагилар   ишонқирамай, кулиб қўйишди. Йўли бўлган йигитнинг олдидан янгиси чиқар, деган нақл рост экан. Бошқарма билан бир бинода жойлашган “Адолат” СДП Сирдарё вилоят бўлимининг ўша пайтдаги раҳбари Дилшунос Абдуллаева залда отахон билан рўбарў бўлди. Суҳбат асносида отахоннинг ниятини билиб, хонасига таклиф этди. Абдурасул Алланазаров дардини дастурхон қилди.

— Отагинам, қўшни давлатларда нима қиласиз? Қорақалпоғистонга боринг. Айни чоқда у ерда оламшумул бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Ҳозир ҳамманинг нигоҳи Мўйноққа қаратилган. Сизга биз ҳомийлик қиламиз, — деди.

Шу ернинг ўзида Абдурасул Алланазаров “Адолат” СДП сафига кирди. 2019 йилнинг айни ёз чилласи – 18 июлда қадрдон “Урал” велосипедида “Қайдасан Мўйноқ?” дея йўлга тушди. Қайси аҳоли пунктига бормасин, адолатчилар уни очиқ чеҳра билан кутиб олишди. Йўл озиғини муҳайё қилишди. Айниқса, аҳоли пунктлари сийрак жойларда қийинчиликларга ҳам дуч келди. Бироқ уларни енгиб ўтди.

Бир ойдан зиёд вақт ичида у Қорақалпоғистон Республикасининг пойтахти Нукус шаҳрига етиб борди. Бундай ҳисоб-китоб қилиб қараса, ҳар куни 40-45 чақирим йўлни босиб ўтибди. Сайёҳни Нукусда “Адолат” СДПнинг фаоллари иззат-икром билан кутиб олишди. Меҳмонхонадан жой қилиб беришди. Кейинги манзил Мўйноқ бўлди. Орол денгизининг тўлиб-чалқиб турган тошқин сувлари бир вақтлар Мўйноқдаги кемалар тўхтайдиган портга файз бағишлаган. Айни чоғда денгиз шаҳардан узоқларга “қочиб” кетган. Балиқчилар шаҳри бўлган Мўйноққа қумларга кўмилган кемалар мерос бўлиб қолган. Шаҳар хароба қиёфага кириб қолганлиги туфайли ёшлар Мўйноқни тарк эта бошлаганди. Президентимиз ва халқимизнинг собит иродаси туфайли шаҳар иккинчи баҳорини бошдан кечираётганди. Мўйноқда замонавий бинолар, маъмурий, маданий-маиший иншоотлар қад ростлади. Шаҳарни ташлаб кетганлар қайтиб кела бошлашди. Бутун дунёдан қайта тирилган шаҳарни кўришга сайёҳлар оқиб кела бош­ладилар.

Велосипеддан гап очилгудай бўлса, Абдурасул аканинг гап халтаси очилиб кетади. Қатор таклифларни қалаштириб ташлайди. Рўйи заминда глобал масалалар кўтарилган бир пайтда экологик тоза транспорт саналмиш велосипедга эҳтиёж кучаймоқда. Барча шаҳарларда велосипедлар юрадиган махсус йўлакчалар қуришни даврнинг ўзи тақозо этаётир. Ташкилот ва муассасаларда ишга велосипедда қатнайдиган ходимларни қўллаб-қувватлаш, имкони топилса моддий ва маънавий раҳбатлантириш жоиз.

— Велосипедда сайру саёҳат қилиш менга куч-қувват, саломатлик бағишлайди. Ўзимни қушдай енгил ҳис этаман. Қолаверса, жаннатмонанд юртимиз ва қўшни давлатларни ўз кўзим билан кўришни истайман. Халқимиз бежиз: “Юрган – дарё, ўтирган – бўйро”, деб нақл тўқимаган. Корановирус балоси бўлмаганда аллақачон анча жойларни кезиб чиққан бўлардим. Жаҳонгашталик мен учун кўнгил осойишталигидир, — дейди қаҳрамонимиз.

Муҳаммадали АҲМАД.

Тасвирда: Абдурасул Алланазаров (ўртада)

Янгиликларни дўстларингизга улашинг



Source link