Monday, September 26th, 2022

Ўзбекнинг “Нозим”и


Ёки таниқли ўзбек шоири Тилак ЖЎРАнинг овчига берган сабоғи

 

Оловнинг гуриллаб ёнишига шабада восита бўлганидай, хотирани ҳам мазмунли ҳаёт яшнатади. Шеърияти, илмий фаолияти, ширин муомаласи билан кўпчиликнинг хотирасида қолган сиймолардан бири, шоир Тилак Жўрадир.

У ташқаридан қараганда синиқ, беозоргина кўринса-да, ботинан матонатли, шижоатли, шодлигу қувончини ҳамма билан баҳам кўриб, ғам-ташвишини эса ёлғиз ўзи тортишга одатланган инсон эди. Умри бўйи кўз олдимизда   шам мисоли ёниб, маънавий нур-ёғду таратди. Шунинг учун шеърларини ўқиганингда юрагинг ёришгандай бўлади.

Тошкент давлат университетида ўқиб юрган чоғларимиз бизга таржима назариясидан Тилак Жўра сабоқ берарди. Олдингдан оққан сувнинг қад­ри йўқ, деганларидай, шундоқ домланинг ёнида юриб, унинг қадрига етмаган эканман. У кишининг филология фанлари номзоди, доцент сифатида обрў-эътибори, бизга содда ва самимий тарзда берган дарсидан завқланибману бир кун келиб бетакрор шеър­лари, гўзал ташбеҳлари элимизга манзур бўлиши ҳақда ўйламаган эканман. Аммо устознинг қатор китобларини ўқигач, ҳар мавзуда ўзига хос шоирлигини англадим. Қаранг, у Ватанни қандай мадҳ этади:

Йўл юрсам – йўлимда,

Ўлтирсам – ўрнимда,

Ётганимда – қўйнимда.

Ўлар бўсам бўйнимда

Борсан Ватаним!

Шоирнинг шогирди, қоракўллик шоир Ғофур Қурбон “Бу юрт ўзбек Нозими —Тилак Жўранинг юрти” деганида шоирнинг ўз Ватани мадҳида “Сен баҳорнинг хўшбўй гулисан” сингари сатрларини назарда тутгандир эҳтимол.

Дастлаб адабий-илмий жараёндаги ҳаммас­лаклар гуруҳи уч киши эди: Ғайбулла Саломов, Тилак Жўра, Нажмиддин Комилов. Кейинроқ улар сафига Ҳамидулла Кароматов, Неъмат Аминов, Абсалом Умаров, Зуҳриддин Исомиддинов, Подшоли Усмон ва бошқа яна бир қанча ижодкор олимлар қўшилди. Тилак Жўранинг Тошкентнинг Сағбон маҳалласидаги дўппидай тор, тутдай тўкилиб турган кулбаси нафақат улар, балки шогирдлари учун ҳам шинам қасрдай эди. Бу қутлуғ хонадонда жуда кўпчилик шоир билан туз-намак бўлгани, фикрлашганини ғурур билан эслайди.

“Маърифат” газетасида ишлаганимда Мақсуд Қориев, Тўра Сулаймон, Саид Аҳмад, Учқун Назаров, Ҳайдарали Узоқов, Сайёр, Ғайбулла Саломовлар таҳририятга ўз уйларига келгандай кириб келишарди. Баҳор кунларининг бирида Ғайбулла домла доим қадрлайдиган шогирди Тилак Жўра билан келди. “Мана Улуғбек иним, домлангизни бошлаб келдим” — деди Ғайбулла домла бир шоирга, бир менга қараб. Ярим соатча гурунгдан сўнг, улар қўзғалишди. “Газета ишини тушунамиз, биз билан суҳбатлашмоқчисиз, аммо ичингиздаги бир овоз, булар қачон кетади, деб турибди” – дея Тилак ака ҳазиллашганди, Ғайбулла Саломов кулиб илова қилди: “Бу овоз бизга ҳам эшитилди”.

Кетишаркан Ғайбулла домла шанба куни пешинга қараб уйларига ўтишимни тайинлади.

Уч кун ўтгач, айтилган вақтда устознинг Юнус­ободдаги хонадонига кириб бордим. Домла бир хонага бошлади. У ерда Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф ҳамда домлам Тилак Жўра хонтахтанинг икки ёнида ёстиққа ёнбошлаб ўтиришарди. Тилак ака ўрнидан турган ҳолда кўришди. Аммо Муҳаммад ака жойидан жилмай бошини шунчаки силкитиб қўйди. Ёш эмасманми, шоирни ўзига бино қўйган одам экан деб ўйладим. Ҳолатим бир қадар ўзгарганини сездими, домла мени куёви — Муҳаммад Юсуфга таништирди. “Йе, ие, Улуғбекни Хатирчидан денг, ўзимизнинг укамиз экан-ку”, деб ўрнидан турди ва мен билан қайта қучоқлашиб кўришди. Орадаги дилхиралик йўқолди, адабиёт ва ҳаёт ҳақида қизиқарли суҳбатлар бўлди, шеърлар ўқилди. Суҳбат қизиб, ош еб, кўк чойдан ҳўплаб ўтирганимизда, мулойим, кенг феълли, босиқ, мулоҳазали Ғайбулла Саломов шоир Тилак Жўрани туғилган юрти Зарафшон воҳасига яъни Нурота тоғ тизмаларининг зийнати бўлмиш Оқтов ва Қоратовга олиб боргани воқеасини қўзғади.

— Тилакжон, иним, ростини айтинг, ўшанда Оқтов ва Қоратов сайли, саёҳати кўнглингизга ўтиришдими? — сўради Ғайбулла домла.

— Бултур ёз бошида саёҳатга бориб мазза қилдим. Сир-синоатга бой, улгу бўладиган воқе-ҳодиса, ривоятларни кўнглим сандиғига жойладим, — деди Тилак ака.

— Ўзи устоз-шогирд қай манзилларда бўлдингизлар? — деб гап қистирди Муҳаммад Юсуф кўзлари чақнаб.

— Муҳаммаджон иним, мен сизга айтсам, Оқтов ва Қоратовни энига, кўндалангига шундай боплаб кезиб чиқдик. Нуротадаги Нурбулоқ чашмасини, Нур қалъасини, Лангар тоғларини, Сангижумондаги қимирлаб турувчи тошни, Жуннатини, Навбаҳордаги Сармишсой дарасини (бу ердаги қояларга аждодларимиз чизган турли расмлар бор) петлогрифларни, Ангидон, Оқтовуз, Авазсой ва бошқа кўп кўркам жойларни кўриб завқландик. Шунда бу тоғларга Оллоҳ назари тушганлигига амин бўлдим.

Муҳаммад Юсуф шоирнинг кўнгил қаътидан чиққан бу гапларнинг чинлигига асло шубҳа қилмай, — Яратмишни ўзи доно ва ақллида, — деб жилмайиб қўйди.

— Ҳа, тўғри, тўғри, ҳечам муболағаси йўқ. — Ғайбулла домла шогирди Тилак Жўрага кўз қирини ташлаб олди-ю, маъқул, рост ишорасини пайқаб, даврадагиларга юзланди. Сал ўтиб устоз ижодхонасига бош суқдик. Чор кунжак, кенг ва ёруғ хонанинг икки томонидаги вазмин ва салобатли жовонлар, сара китоблар, Қуръони каримнинг бир қанча тилдаги катта-кичик нашрлари, ҳадис шарифлар, машҳур энциклопедиялар, ўзбек қомуси жилдлари, жаҳон адабиёти дурдоналари, ўзбек тили ва адабиёти асарлари билан лиқ тўла эди. Бу беҳисоб хазинани кўриб, кўзларим қувнаб кетди.

— Бу китобларнинг бир қисмигина холос, — деди Ғайбулла домла ҳайратимни илғаб. — Уларнинг катта қисми махсус қурилган болохонада сақланади.

Шу суҳбатга ҳам ўттиз йилча бўлди. Аммо уни эсдан сира чиқаролмайман. Шу боис ана шу гурунг таъсирида бир нечта мақолалар ёздим, матбуотда эълон қилдим.

Ғайбулла Саломов шогирди Тилак Жўра билан Нурота тоғ тизмаларининг бир бўлаги бўлмиш Оқтов ва Қоратовга қилган саёҳатини қандай эшитган бўлсам, шундайлигича сизга ҳам айтмоқни истадим.

…Ёз адоғи. Бир ҳади қўл етгулик масофадан юксак, арратиш чўққиларнинг шундоқққина тепасида, учида ялтираб қор кўринди. Худди шу манзилга курк бўлган товуққа ўхшаб, булутлар чиқиб олиб, оқ-қорани, яъни тухумларни ҳафсала билан босиб ётарди. Баландлаган сайин арчазор ўрмон сийраклашиб бораверади. Салқин баландликда забардаст, сербута бодом қуёшга қараб мағрур ўсади. Ғуж-ғуж бўлиб турган кулранг зирклар, итузумга ўхшаб мева қиладиган ишлиби дарахтлари… (бу мевани айиқлар шилиб чангини чиқаришни хўш кўришади). Ҳаммаси бир-бирига, чирмашиб, ушлашиб ўсган. Гуёки орасидан қил ўтмайдиган оға-ини мисоли шохлари узун, маллатоб, сариқ серка арча соясида ҳордиқ ёзаяпти. Гоҳ у тош орасидан, гоҳ бу тош орасидан какликлар бир-бирини истаб, қўмсаб сайрайди.

Ғайбулла домла ўшанда Тилак Жўра билан Оқтовнинг энг баланд, юксак зирваларидан бири Лангар саҳнида туриб атрофни киприк қоқмай кузатди. Мўйсафид, оқсоч тоғларнинг офтобда нураб, ёмғуру қорларда, ювилиб кетган ясси, ўйдим-чуқур бағирларига, шу заминнинг муаттар зарраси, уни жону-дилдан севувчи фарзанди нигоҳлари   билан боқдилар. Арча, қайроғоч, тўронға буталари бағридан ҳовур кўтарилади. Бу тонги беғубор шабнамдан қолган ҳовур эди. Одамлар куймаланади. Улар пастда митти қора нуқталардай бўлиб кўринади. Лангар тоғи кафтидаги тикка қоя неча минг йиллардан буён, адоғидаги заминга ҳаёт, жон бахшида этувчи она булоқлару, зилол чашманинг қўрқмас қўриқчисидир.

… Осмон ғалати тусда. Олачалпоқ, қорамтир булутлар лашкари тоғдан чиқиб келмаётир. Шундоқ қўл узатсанг етади. Шаҳзода шамол елади. Ғувиллаб, ғалати товуш чиқаради. Оқтов батқавоқ булутлар орасига тушиб қолди. У жаҳл отига минган, терс, тунд, тўқимтабиат булутлар орасидан худди баҳайбат туядек бўйнини олдинга чўзади. Гуё бу билан ниятини ифодаламоқчи бўлади. Аммо шунга қарамай, манзаралар шу қадар кўркам, шу қадар бепоён, интиҳосиз эдики, табиат ҳолатини кузатиб беихтиёр шодликдан, тўйиб йиғлагиси, хурсандчиликдан, шодликдан болакайлардай чопгиси келади, ўтлоқлар остида юмалаб ётгиси келар, булутлар ортидан осмону фалакни кузатгиси келиб кетди Тилак Жўранинг.

Тоғда улкан тошлар сероб. Улар орасида шу қадар улканлари борки, улар гўё устимизга ағнаб тушаётгандек тошларки жуда ажойиб, гўзал, кўкимтир, сарғиш харсанглар. Ана шу тошлар орасида ёмғирли ва қорли кунларда олқар галаси бекиниб жон сақлайди. Бу жониворлар тоғу-тош, дараларда бемалол, эмин-эркин, юради, сакрайди. Табиат шуни юқтирган. Кўк тоқида бургут пайдо бўлди. Улкан қуш кенг қанотларини ёзганича, фалакда сузади. Осмон қушга кўзи тушган йўлбошчи, шу жойда қоққан қозиқдай туриб қолди. Бу ерда нимадир бўлса керак. Бургут бекорга доира солиб айланмайди. Унинг кўзлари ниманидир пайқаган. Тез ўтмай тахмин ўзини оқлади. Чиндан ҳам, пастдаги сайҳонликда қари тулкининг лоши ётарди. Қора қушлар воқеа жойида ҳозиру нозир бўлди.   Қуюқ зиёфат бошланиб кетди.

Аччиқ бодомлар баравж ўсган. Ана шу бута пастидаги бир одам зўрға сиғадиган сўқмоқдан юриб бораётиб, бирдан таппа-тахт тўхтаб қолдилар. Шунда Ғайбулла домланинг кўзи улкан, бурама шох, оқ қизғиш юнгли олқорга тушди. Ана, олқор, деб сас берди. Тоғлар бағридан оқувчи шалола сувлар сурати мангу ҳаёт тимсолидек таассурот қолдиради. Тоғ маликалари бўлмиш олқорларни кўрган Тилак аканинг кўнгли нам тегиб ивиган тупроқ янглиғ юмшаб қолди. Кўзлари пирпираб, шаҳарда излаб топишни имкони бўлмаган сукунат ҳукмрон, ором ястаниб ётган манзилда гўзал мавжудотни томоша қилиб қолишни ич-ичидан истарди. Шамол ғир-ғир эсади. У юракни қитиқловчи ҳолатни инъом этади. Олқорни жуни сал аввал ёғиб ўтган ёмғир томчилари билан обдон ювилган. Шунинг учун қизғиш, жигарранг, шохлари бурама, она олқор жуни қуёш нурида жилоланади. Улар силжишни хаёлига келтирмади. Шу яқиндаги тош орасига яширинган қирғиз башара овчи йигит кўринди. У боядан бери тоғ маликасини пойларди. Қулай фурсат туғилиши билан жониворларни отиб олмоқчи эди. Олқорга тўғрилаб турган милтиғи тепкисини босишига уни Тилак ака ҳовлиқиб отган тош тўхтатиб қолди. Тепкига бош бармоғини қўйиб, босишга шайланаётган овчи тўрт нафарча одамни кўриб, сал бўлмаса эсхонаси чиқиб кетаёзди. У ўзини назоратчи чангалидаман деб ўйлади. Фақатгина тоғбеги ва домлаларга кўзи тушгачгина ўзига келди. Қўлидаги кичик идишдан ютоқиб сув ичди. Бечора, кўнгилчан, раҳмдил, беозор, чумчиққа ҳам овоз бермайдиган Тилак ака овчини ёмон ниятидан қайтаргандаги, ғойибона куч, ҳайқириқ уни инсофга келтирганидан мамнун эди. Нуқул танга топган боладек, “Иним, олқорни ер тишлатмай зап иш қилдингиз. Илоё, кўнглингиз юмшаганлиги, жониворни жарга қулатмаганингиз таҳсинга лойиқ деб қўйди. У бошқаларнинг ҳис-туйғусини яхши тушунарди. Бу воқеа шоирга қаттиқ таъсир қилди. Шоирда биров учун куйиниш, ич-ичидан ачиниш, унинг қарашида, боқишида, нигоҳларида яққол сезилиб турарди. Бу ҳол танг қолдирди. Буни қаранг, ҳатто шоир Ўзбекистон ва Халқаро қизил китобга киритилган олқорни маҳв этмоқчи бўлган кимсани урушиш, ранжитиш ўрнига, унинг кўнглига қараб, юмшоқ, мулойим сўзлар айтиб ўтирса?

Шу тобда Тилак аканинг гапиришга хоҳиши, мажоли йўқ эди. Фақат бу — овчи йигитга озор берманг­лар, ранжитманглар? — деб тоғбегига илтижоли термулди.

— Ҳеч гап бўлмайди. Товба қилди, ортиқ бу ишга қўл урмайди.

— Унда… айб йўқ… Айтинг… Ҳеч ким… айбдор эмас… тасодиф, нафс қутқуси. Сўзлари шу бўлди Тилак Жўранинг. Бу сўзларни эшитган овчи қилган ишидан хижолат тортиб, ҳаммадан қайта-қайта узр сўради. Ортиқ бундай ножўя ишга қўл урмасликка онт ичди.

Бу одам ўзи қандай одам. Бу одам тоғбеги оғзидан, Оқтов этаклари-ю, кенгликларида зирва, дараларда табиат инъом этган барча жонзот ва мавжу­дотларни ҳомийси — Худо томонидан юборилган бир одам, тоғ дарвеши бор деб эшитган эди. Ана шу таъсирли   воқеа унинг кўнгли қатламларини юмшатган. Кўнглида раҳм-шафқат, эзгулик хис­латларини уйғотганди. Қаердадир ўқиганди. Инсон қалби унинг танасидан юз баробар оғирроқ деб шунчалик оғирки, уни кўтаришга бир кишининг қуввати етмайди. Уни ўзини тутиши, ҳолатига аҳамият қаратиши зўравонлик ҳиссининг кучайишига нима сабаб бўлган экан? Оқ тоғларни изладим, қора тоғлар дуч келди деган халқ қўшиқ сатрларини ёдга олиб, Оқтов чўққиларига тикилган кўйи, кўнглидан талай фикрлар ўтди.

Улар тоғ сўқмоқларида сайр этишди. Чашма сувида чўмилишди. Тоғ манзаралари, ям-яшил да­рахтлар, арчалар, бодомлар кўнглида ажиб туйғуларни уйғотди.

Ҳозир шу тобда кўрганларининг бариси табиатни инсонга эҳсони эмасми? Ёки бўлмаса, Оллоҳнинг, Яратувчининг мўъжизаларидан яна биримикан? Чиндан ҳам, Яратмиш қаршисида инсон боласининг тилу забони лол, ўзи эса қанчалар ожиз эканлигини англайсан деб қўйди беихтиёр Тилак Жўра.

Ҳа, олис Нурота тоғ тизмаларининг зийнати бўлмиш Оқтов ва Қоратовда кўрганларидан, саргу­заштларидан мамнун эди. Юрагини Оқтов соғинчи-ю, муҳаббати тарк этмасди. Рости, чорраҳадаги маҳобатли тоғларнинг табиат билан уйғунлашган гўзаллиги ҳар кимни лол этади. Юқорида эслатилганидек, Тилак Жўра ҳақидаги хотираларимнинг бир қисми тоғ саёҳати билан боғлиқ. Ўшанда Ғайбулла Саломов сабаб бўлиб, Хатирчига Оқтовга Тилак ака борган эди. Сафар чоғида Тилак Жўранинг инсон сифатидаги қиёфасини очган бу воқеани анча маҳалгача Ғайбулла домла оғзидан бол томиб сўзлаб юрди.

Қоракўл заминининг ардоқли фарзанди Тилак Жўрани таниқли шоир, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Баҳром Рўзимуҳаммад алоҳида ҳурмат билан эслайди: “Тилак ака камтар, камсуқум, беозоргина бир киши эди. Амалга, мукофотга талпинганини эслай олмайман. Фақат ижодни ўйларди. Сўзни, каломни маҳорат билан туйғу ила безарди. Шеърни кўнгилга ёқадиган қилиб ёзарди. Ўзидан яхши ном, ўзбек адабиётида муносиб из қолдирди”.

Дарҳақиқат, шундай.

Яқинда Қоракўлнинг Саёт қишлоғида бир кўркам маънавий маскан барпо этилди. Камсуқум, камтар, нозиктаъб шоирнинг уй-музейи айнан у таваллуд топ­ган хонадонда бунёд этилган, аммо шоирнинг ўзидай “хокисор” ҳолда. Биз, умуман шеъриятнинг хос мухлислари, нозиктаъб шоир ва олимнинг хотираси янада қадрланишини, номи абадийлаштирилишини истардик.

Улуғбек ЖУМАЕВ,

журналист



Source link

Bir cevap yazın

E-posta hesabınız yayımlanmayacak.