Sunday, December 4th, 2022

Ўзбек матбуоти фидойиси – HURRIYAT


Ўтган асрнинг ўрталари ва иккинчи ярмида ўзбек матбуоти ва матбуотшунослик фани юксалишида Тўғон Эрназаров алоҳида ўрин тутади. Тошкентда, хизматчи оиласида туғилган Тўғон ака иккинчи жаҳон уруши даври ва урушдан кейинги тикланиш даврида ижод ва матбуотчилик соҳасида меҳнат қилиб, элга танилган.

Уруш бошланиши билан бошқа тенгдош­лари қатори, ҳали ўн саккизга ҳам кириб улгурмаган ёш йигит армия сафига жалб этилди. Тўғон Эрназаров ўша пайтда у хизмат қиладиган ҳарбий қисмда нашр этиладиган “Суворовский натиск” газетасида мухбир бўлиб ишлар экан, журналис­тик ва шеърий ижод билан астойдил шуғулланди ва фронт журналисти, шоири бўлиб шаклланди. Унинг шеърларида ўзбек жангчиларининг қаҳрамонликлари, она юрт соғинчи, душманга нафрат, Она-ватанга меҳру муҳаббат ўз ифодасини топган эди. Жумладан, у “Она тупроқ” шеърида қаттол фашизм устидан бўлган ғалабани шундай улуғлаган эди:

Ёвни енгиб қучоғингга,

Шон ва зафар ола келдик.

Ишқинг билан душманларга,

Ит кунини сола келдик.

Шоир кейинчалик уруш пайти ижод маҳсулларидан иборат бўлган “Окоп сатрлари” деган шеърий тўп­ламини нашр эттирган эди.

Уруш тугагач Тўғон ака соғ-саломат уйига қайтди. Уруш тугаши билан ҳарбий хизматдан озод этилган ҳарбийлар уйларига қандайдир совға олиб қайтишган. Тўғон ака эса бир неча жомадонда ўзбек тилида чиққан фронт газеталари тахламларини олиб қайтган. Сабаби – уларда жанглар сурони ҳамда ватанга муҳаббат, она юрт соғинчи акс этган мақола ва бош­­қа жанрдаги асарлар унинг учун ҳар қандай қимматли совға-саломлардан кўра афзалроқ ҳисобланган.

Урушдан келган Тўғон ака ўзбек матбуотига жалб этилди, у марказий “Қизил Ўзбекистон” (ҳозирги “Ўзбекистон овози”) газетасида мухбир ва масъул котиб лавозимларида ишлади, ўз ижодини давом эттирди. Сўнг Ўрта Осиё давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика бўлимига ишга таклиф қилинди. Бу даргоҳда у Матбуот назарияси ва амалиёти кафедрасини бошқарди ва журналистика факультети декани сифатида кўп йиллар фаолият юритди.

Тўғон ака йирик олим, мураббийлар раҳбари бўлишига қарамасдан табиатан камтарин, қувноқ, ҳамкасблари ва шогирдларига ҳамсуҳбат, оилапарвар эдилар.   Тўғон аканинг фарзандлари – тарих фанлари доктори, профессор Қудрат Эрназаров ва таниқли журналист Азиз Эрназаровлар ота изидан бориб журналистика мутахассислари бўлиб етишдилар. Фидойи устознинг юзлаб шогирдлари бугунги кунда оммавий ахборот воситаларида фао­лият юритишмоқда, илмий ишлар олиб бормоқдалар. Фарзандлар, шогирдлар ишини давом эттираётган устозлар номи доим кўнгилларда яшайди.

Мухтор ХУДОЙҚУЛОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган

ёшлар мураббийси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг



Source link