Дунёда Доғистон халқ шоири Расул Ҳамзатовни танимаган, асарларини севиб ўқимайдиган адабиёт мухлиси бўлмаса керак. Унинг тоғликларга хос қуйма ибораларга, янги ташбеҳларга, ажиб ифода усулига йўғрилган асарлари ҳар бир адабиёт мухлиси учун яшаш жойидан, миллати, дини, эътиқоди ва ёшидан қатъи назар азиз, мўътабардир. Шу сабабдан шоир беназир асарлари учун нуфузли унвон ва мукофотларга муносиб кўрилди. 1977 йил 8 мартда коинотда кашф этилган 7509-рақамли астероид Ҳамзатов номи билан аталди. 2000 йил охирида эса “ХХ асрнинг энг буюк шоири” сифатида эътироф этилди. 2003 йили вафотидан кейин номини абадийлаштириш мақсадида кўплаб жойларга ва Доғистон тоғларидаги баланд чўққига Ҳамзатов номи берилди. Тўғри, тоғдаги Ҳамзатов чўққисига кўтарилиш мумкин, аммо Расул оға адабиётда яратган юксак чўққига чиқиш камдан-кам ижодкорларга насиб этадиган бахтдир!
Юртимизда уни ўзимизнинг Расул оға дея эъзозлашарди. Расул оға атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидовдан Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Ориповгача бўлган таниқли адибларимиз билан қадрдон дўст эди, юртимизда ўтадиган адабий анжуманларда мамнуният билан қатнашарди. Қарийб олтмиш йилдан буён Расул оға асарларининг она тилимиздаги таржималари, адабиётимиз, халқимиз ҳақидаги ҳароратли фикрлари газета-журналларимизда, телекўрсатув ва радиоэшиттиришларда мунтазам равишда берилмоқда. Шоирнинг она тилимизда “Юксак юлдузлар”, “Бир хонадон фарзандлари”, “Ишқ олдида ҳамма тенг”, “Менинг Доғистоним”, “Оналарни асранг”, “Умр карвони”, “Мен юз қизга шайдоман”, “Шеърлар”, “Аёллар кўп, Она ягона”, “Менинг қалбим тоғларда”, “Оқ турналар”, “Буюк туйғу” номли китоблари чиққан(китоблари рўйхатининг ўзи ҳар бир ёзувчининг ҳавасини уйғотади), шунингдек, асарлари кўплаб тўпламларга, дарсликларга киритилган. Айниқса, машҳур “Менинг Доғистоним” китоби 2008-2019 йиллар оралиғида олти марта катта ададларда чоп этилди. “Тоғлик қиз” драмаси Жиззах театрида саҳналаштирилган, бу саҳна асари Ўзбекистон радиоси ижодкорлари томонидан ёзиб олинган. Шеърларини Ботир Зокиров, Шерали Жўраев каби хонандаларимиз қўшиқ қилиб куйлашган. Шу боис юртимизда Расул оғанинг асарлари кириб бормаган бирор хонадон йўқ десак, муболаға қилмаймиз.
Ардоқли шоирнинг 75 йиллик таваллуд тўйи муносабати билан Доғистонга борган Абдулла Орипов уни Ўзбекистонга таклиф қилади. “Мен ўзбек дўстларимнинг хотирасида соғлом, тетик Расул сифатида қолишни истайман”, – дейди у бир оз мунгли ва лекин ўктам овозда. Ҳа, Расул Ҳамзатов ўзбек китобхонлари хотирасида соғлом, тетик қиёфада қолди ва юртимизда унинг ўктам овози ҳамиша янграйверади.
1923 йили 8 сентябрь куни Доғистоннинг Хунзах туманидаги етмиш хонадондан иборат Цада овулида туғилган Расул Ҳамзатов қандай қилиб дунёга таниқли шоир бўлди? Бу саволга она тилини, миллатини, халқини, қадриятларини, Ватанини севгани ва уларни асарларида осмон қадар улуғлагани учун дея жавоб берсак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Бағри кенг шоир барча халқларнинг урф-одатларини ҳурмат қиларди, кўплаб миллатларнинг намояндалари билан қалин дўст эди. Шоир ўзгаларни ҳурмат қилди, ўзгалар ҳам уни эъзозлашди. Эндиликда ҳамма Расул Ҳамзатов деганда Доғистонни, Доғистон деганда Расул Ҳамзатовни кўз олдига келтиради.
Бундан олтмиш йиллар муқаддам унинг “Она тилим” шеъри машҳур бўлганди. Шеърни барча миллат вакиллари севиб ўқишди. Уни севимли шоиримиз Эркин Воҳидов она тилимизга маҳорат билан ўгиргач, бу шеърни давраларда ёддан ўқиш яхши анъанага айланганди. Ўз эътиқодига собит шоир “Менинг Доғистоним” китобини эълон қилди. Севимли шоиримиз Абдулла Орипов таъбири билан айтганда: “Ушбу асарда шоирнинг бутун борлиғи: дунёқараши, маънавияти, изтироби, армони, фахри ва ғурури – барча-барчаси мужассам. Бу бепоён туйғуларни эса Расул аканинг ўз она тилига, митти бўлса ҳам ягона Доғистонга чексиз муҳаббати бирлаштириб туради. Китобда юзлаб, минглаб ёмби фикрларни, ҳикматларни учратиш мумкин. Муаллиф аждодлар, замондошлар тажрибасига таянади. Ҳар қандай сиёсатнинг игна кўзидек тешигидан ҳам “туя”ни бемалол ўтказа олади. Мана буни маҳорат деса бўлади”. Севимли шоиримиз таърифлаган китобдаги ёмби фикрлар, ҳикматлар ўқувчилар ёдига тушган бўлса ажабмас.
1968 йилда Ҳазрат Алишер Навоий таваллудининг 525 йиллиги Тошкентда кенг нишонланганди. Унда турли мамлакатлардан келган таниқли давлат арбоблари, олимлар, адиблар қатори машҳур авар шоири Расул Ҳамзатов ҳам иштирок этганди. Ўша кезларда машҳур шоир ва ундан интервью олмоқчи бўлган журналист ўртасидаги суҳбатни зиёлиларимиз тез-тез ҳайрат билан тилга олишарди.
Ресторанда ижодкор дўстлари билан кечлик тановулини бошлаган Расул оға олдига журналист ҳовлиқиб келиб дейди:
– Ассалому алайкум, Расул Ҳамзатович! Агар сиз менга ҳозир Навоий ҳақида интервью бермасангиз ва бу интервью эртага газетамизда чиқмаса, бош муҳаррир мени ишдан ҳайдайди.
Расул оға вазмин ундан сўрайди:
– Айт-чи биродар, мусулмонмисан?
– Алҳамдулилло, мусулмонман.
– Алҳамдулилло, мен ҳам мусулмонман. Ўзинг айт, мусулмон киши таҳорат олмасдан намоз ўқиши мумкинми?
– Йўқ.
– Мен ҳозиргина муқаддас китобимиз тақиқлаган мана бу савилдан ҳўплаб қўйдим, таҳоратим бузилди. Ул зотнинг номини таҳорат олмасдан тилга ололмайман, эрталаб кел, таҳорат олиб сени кутиб тураман. Ўшанда интервью оласан.
Афсуски, ўша мустабид тузум даврида бу суҳбатни, яъни ибратли интервьюни ёзиб бўлмасди. Орадан қирқ йил ўтиб бу суҳбат тафсилотини севимли адибимиз Ўткир Ҳошимов ўз эсдаликларида ёзди.
Таниқли қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматов Расул Ҳамзатовга шундай таъриф берганди: “Шоирлар кўп, уларнинг кўпчилиги мен шоирман деб ўйлашади. Аммо Расул Ҳамзатовга ўхшашлар фавқулодда кам учрайдиган ноёб ҳодиса”. Расул оғанинг Ҳазрат Навоий номини таҳорат олмасдан тилга олиб бўлмайди дея эъзозлаши унинг фавқулодда кам учрайдиган шоирлардан бири эканлигидан далолатдир. Ахир, зар қадрини заргар, шоир қадрини шоир билади, дея бежиз айтишмайди.
Улкан истеъдод соҳиби бўлган Расул Ҳамзатовнинг шундай дилбар шеърлари борки, улар қўшиқларга айланиб “Турналар” мисол бутун дунё бўйлаб парвоз этмоқда. У бу шеърида шаҳид аскарлар руҳларини оппоқ турналарга менгзайди.
Менинг билишимча,
қонли жанггоҳдан
Юртига қайтмаган шаҳид
ёвқурлар.
Ҳали юмшоқ ўрин топмай
тупроқдан,
Оппоқ турналарга айланган улар…
Шеър Наум Гребнев томонидан рус тилига ўгирилди. Унга таниқли бастакор Ян Френкель куй басталади. Ноёб овоз эгаси Марк Бернес қўшиқни ижро этишга киришди. У ўлимига саноқли кунлар қолганини билса ҳам қўшиқни овоз ёзиш студиясида магнит тасмаларига ёзиб олиш ишларини ниҳоясига етказди. Қўшиқ эфирга берилган кундан дунёдаги барча халқларнинг севимли қўшиғига айланди.
Шуни фахр билан таъкидлашимиз керак, “Турналар” қўшиғига қўйилган биринчи ёдгорлик 1972 йил 8 май куни Чирчиқ шаҳрида очилган. Ўзбекистонга келган Расул оға ўз қўшиғига қўйилган ёдгорликни кўриш учун Чирчиқ шаҳрига боради ва ҳайратланиб “Қўшиққа маданиятли ва санъатсевар халқгина ҳайкал қўяди. Ўзбек халқи ана шундай маданиятли ва санъатсевар халқ” дея баралла айтади. Расул оға бу сўзларини нуфузли давраларда ва катта анжуманларда ҳам кўп бор ҳаяжон билан такрорлайди. Шоир сўзларидан бошқа халқлар ибрат олишиб, ўзларида “Турналар” қўшиғига ёдгорлик ўрнатиш ишларини бошлаб юборади. Ҳозирги кунда бундай ёдгорликлар дунёнинг 180дан ортиқ манзилида бунёд этилган. Дунёдаги бошқа бирор қўшиқ бундай эътироф этилмаган.
Албатта, Расул оғадай серқирра ижодкорнинг ҳар бир асари, айниқса, адабиётда янгилик бўлган ёзувлар жанри ҳақида узоқ фикр юритишимиз мумкин, лекин бу уриниш камалакни қучишга ўхшаб кетади. Биз шоир таваллудига бир кам 100 йил тўлиши муносабати билан унинг айрим асарларига баҳоли қудрат чизгилар чизишга уриндик. Чунки унинг ижодига бағишланган салмоқли мақолалар энди ёзилади. Келгуси йилда жаҳондаги маданиятли ва санъатсевар халқлар Расул Ҳамзатов таваллудининг 100 йиллигини кенг нишонлайди. Албатта, Расул оға эътироф этган маданиятли ва санъатсевар ўзбек халқи бу тантаналарнинг олд қаторида бўлади.
Асрор МЎМИН,
шоир ва таржимон,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган
журналист
Янгиликларни дўстларингизга улашинг