Wednesday, January 25th, 2023

Ўйиндан чиққан ўт


Навбатдаги бекатдан кўзи боғланган боласини етаклаган аёл ёнимдаги бўш жойга келиб ўтирди.

Бир қарашда боласини авайлаётганлигини пайқаш қийин эмас. Ёш болакай боғланган кўзи устига қўлини қўйиб безовталанарди.

— Синглим, ўғлингизнинг кўзига нима қилди, — деб сўрадим.

— Э-э, ака, сиз сўраманг, мен айтмайин, — она бечора дардини ёйди. — Бир йилдан буён шу аҳвол. Ўтган йили худди шу кунларда ўртоғининг қўлидан “пақилдоғи”ни олиб, отмоқчи бўлган. Нотўғри ушлаганми, ҳар қалай пақилдоқ отилиб, ичидаги олов кўзига теккан.

Шундан сўнг шифокорлар боланинг кўзини операция қилишибди. Бироқ кўз қорачиғига жиддий зиён етган экан, жарроҳлик йўли билан олиб ташлашибди. Ота-онаси айрим шифокорларнинг маслаҳати билан болага сунъий қорачиғ қўйдиришибди. Афсуски, сунъий қорачиғ боланинг саломатлигига тўғри келмасдан кўзи шиша бош­лабди. Яна жарроҳлик столига ётқизилган боланинг кўзи қайта операция қилинганлигини ва шундан сўнг ҳам боланинг кўзида кучли шиш ва қаттиқ оғриқ тўхтамаётганлигини онаизор кўзида ёш билан гапириб берди.

Шифокорлар энди боланинг кўзи мутлақо кўрмайди, деган хулосага келишибди. Бечора аёл шифохонадан ўғилчасини олиб қайтаётган экан. 8-9 ёшли боланинг аҳволини кўриб, дийдаси қаттиқларнинг ҳам кўзига ёш келади.

Янги йил яқинлашаётган, “пақилдоқ”лар, “пақ-пақ”лар мав­суми қулоқни қоматга келтирадиган вақт остонамизда турибди. Ҳар йили хориждан ноқонуний келтирилган пиротехник воситаларидан фойдаланиш оқибатида қанчадан-қанча болалар жабр кўришади. Қўли, юзи куйган, кўзи шикастланганлар сони ҳам кўпаяди. Ҳар сафар шу давр пиротехника воситаларининг мамлакатимизга ноқонуний олиб кирилишига қарши идоралар, божхоначилар томонидан махсус назорат тадбирлари ташкил этилади. Шунга қарамасдан қандайдир яширин йўллар орқали бу ҳалокатли ва фалокатли “ўйинчоқ”лар ҳамон келтирилмоқда.

— Ишонасизми, бизнинг Самарқанд шаҳридаги янги Қорасув массивида аллақачон “пақилдоқ”лар “ишга тушиб” кетган, — дейди танишларимдан бири. — Айниқса, кечки пайт катталарнинг тинчлиги, болаларнинг уйқуси бузилмоқда.

Бундан бир неча йил муқаддам ҳомиладор қўшни аёлнинг оёғи тагига отиб юборилган пақилдоқнинг даҳшатли шовқини уни оғир аҳволга солиб қўйганлиги хаёлимга келди. Бечора аёлга она бўлиш бахти насиб қилмади. Кўнгилсизликларнинг охири шулардангина иборат эмас. Негаки, “пақилдоқ”лар пақиллаши яна эшитила бошлади. Энди қайси бечоранинг бошига фалокат ёғиларкан, деб кутиб ўтириш ярамайди. Бу бемазагарчиликка бутун жамоатчилик қарши курашмоғи керак. Биринчи навбатда ана шундай “пақ-пақ”ларни ҳеч ким сотиб олмаса, уларнинг ўз-ўзидан бозори касод бўлади-ку!

Очиғи, бундай фалокатларнинг сабабчиси ўзимиз. Боламизни эркалатиб, ноқонуний олиб сотарлардан “пақилдоқ” сотиб олаётганимизда унинг оқибатини ўйламаймиз. Балки, “пақилдоқ” сотувчиларга қўлланилаётган жазо чораларини харидорларга ҳам, уни ишлатаётган болаларнинг ота-оналарига ҳам кенг жорий этиш зарурдир?

Қувондиқ ХАЛИЛОВ



Source link