Monday, September 26th, 2022

қай бири афзал? – HURRIYAT


Тараққиётда анча ривожланган мамлакатга сафарнинг бир яхши жиҳати – бор. Ҳамма нарсани солиштирасан. Эришилган ютуқларнинг тезроқ ўзимизга ҳам кириб боришини орзулайсан. Шунга ўзинг ҳам бевосита ҳисса қўшгинг келаверади. Бу эса тинимсиз фикрлашга ундайди.

Ушбу мулоҳазаларни, каминанинг Туркия Республикаси пойтахти   бўлмиш Анқарадаги ўйлари, сифатида қабул қиласиз.

…Кечаси уйқуга ётаётганингизда эртага қайси соатда айнан қайси ишни бажаришингизнинг пухта режаси тузилмаган бўлса, келаётган кунингиз баракали бўлишидан умидингизни узаверинг. Баракасиз ўтган кунни эса кун санаб бўлмайди. Улар сони қанча кўпайса, умрингизни, шунча қисқарган, деб ҳисоб­лайверинг. Эллигингизда олтмишга, олтмишингизда етмишга кирган деб билинг ўзингизни.

Эҳ-ҳе, қанча-қанча одамнинг куни бекор кетяпти-я.

Шўро давридан қолган касалимиз шуки, отамиз бир илож қилиб, ўқишга киритиб қўйса, бир дипломчани қўлга киритсак, бир ишчага жойлашсак-да, пенсиягача ғимирлаб бориб-келиб юрсак, бўлди-да. Йўқ, энди бунақаси кетмайди! Бундан бу ёғига дипломингиз эмас, ўзингиз ишлайсиз, биродаргинам! Қўлимда-ку аниқ статистика – йўқ. Лекин бозор иқтисодиёти даврида олий таълим муассасасини тугатган қанча-қанча фуқаро амалда, ҳеч қандай мутахассислик талаб қилинмайдиган ишларда ишлаб юрибди. Эссиз шунча йиллар сарфланган маблағ, шунча таълим, шунча умр…

Пенсия ёшигача, асосан, Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти, Ташқи ишлар вазирлиги, Президент девони, Республика Маънавият ва маърифат марказида ишлаганман. Ҳаммаси – давлат бюджетидан таъминланадиган ташкилотлар.

Бу кўзлар чиройли костюм-шим кийиб, бўйнига охирги русумдаги галстукни тақиб, ишга келадиган ходимларнинг қанча-қанчаси идорада кунини жуда унумсиз ўтказганини кўрмади, дейсиз? Аммо бунақалар ишга ҳаммадан бурун келиб, ҳаммадан кеч кетишни жуда-жуда қотиради-да. Аксар раҳбарларга шундайлар кўпроқ ёқишини ҳам билиб қолганман: Мажлисда: “Мана, ўтирибди-ку бечора кеч соат тўққиз-ўнгача!” – деб, айнан ўшаларни мақтаганларни ҳам кўп кўрганман. Яхшилиги – булар бошлиқ сўраган пайтда: “Лаббай!” – деб ўша заҳоти кабинетга киради-да.

Шўро даврида суратга олинган “Ишдаги ишқ” бадиий фильмида бир нозик нуқта – бор. Иш соати тугаган дақиқада статистика идорасининг барча ходимлари бирданига ўрнидан туриб, уйига жўнайди. Аслида, буни кино ижодкорлари бир орзу сифатида кўрсатган, назаримда.

Иқтисодиёти юксак даражага етган мамлакатларда раҳбарлар иш вақти тугаганидан кейин ишхонада ўтирган ходимни ёмон кўрар экан. Биринчидан, лаёқатсиз ходим бўлса керакки, вазифани белгиланган вақт ичида бажара олмаяпти. Иккинчидан, инсон иш кунларида суткани учга бўлиши, унинг бирини, албатта, ишга, иккинчисини, албатта, уйқуга, учинчисини, албатта, овқатланиш, ювиниб-тараниш, йўл, маданий ҳордиқ чиқариш ва бошқа эҳтиёжларни қондиришга сарфлаши – лозим. Учинчидан, илм аср-асрлар тажрибасини умумлаштириб, шу қатъий хулосага келганки, инсон бир ҳафтада 40-41 соатдан ортиқ ишласа, унум, яъни миқдор ҳам, сифат ҳам, шубҳасиз, пастлайди. Бунинг учун кунига саккиз соатдан ишланса, ҳафтасига икки, кунига етти соатдан ишланса, ҳафтасига бир кун тўлиқ дам олиши – шарт. Тўртинчидан, илм саломатлик учун инсонга кечки овқатдан камида уч соат ўтганидан кейингина ухлашни тавсия этади. Кечаси тўққиз-ўнгача ишда бўлган одам қачон кечки овқатни ейди-ю, қачон ётади?

2011-2017 йиллар вилоятларимиздан биридаги халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институтида дарс бердим. Умумий ўрта таълим мактаблари учун бир неча бор ўқув дастурлари, дарслик ва қўлланмалар тайёрлашда иштирок этган мутахассис сифатида ўзимча ўқитувчининг бугунги савияси ва замоннинг улар олдига қўяётган ўта юксак вазифаси ҳақида тасаввурга эгаман. Аммо ана шу 7 йил бу тасаввурларимни синдириб ташлади. Ўқитувчилар орасида ўткир-ўткир муаллимлар борлигини ҳам қайд этган ҳолда, шуни айтаманки, мактаб педагогларининг бугунги умумий савиясини билсангиз, тушкун бўлиб кетасиз. Кўп­лари олий таълим муассасасини тугатганидан буён қўлига дарсликдан бошқа китоб ушламаган-е!.. Ўзларига қолса, дарс ўтиб, уларнинг бошини қотириб ўтирмасангиз-у, тест саволларининг жавобларини ёздирсангиз-да. Ана шунда сиздан яхши домла – йўқ. Ёдласа, имтиҳондан эсон-омон ўтса, малака оширгани тўғрисида сертификатга эга бўлса, яна бир неча йил синфга гавдасини судраб кириб, ойлик оли-и-и-б юрса…

Инсоният тарихи самарали натижага эришишнинг икки асосий усулини билади. Бири – экстенсив, иккинчиси – интенсив усул. Биринчисида миқдорни ошириш, иккинчисида сифатни кўтариш талаб қилинади. Яна ҳам соддароқ қилиб айтсак, икки фермер хўжалиги бу йил бултургидан кўра икки баробар кўп ҳосил етиштирди. Иккаласи ҳам буғдойдан бултур 30 центнердан ҳосил ундириб, 30 тонна ғалла олган эди. Бу йил уларнинг ҳар бири 60 тоннадан ҳосил кўтарди. Аммо биринчиси 10 гектар ерини 20 гектарга етказиб, бу натижани қўлга киритди, иккинчиси ўша-ўша 10 гектарда деҳқончиликнинг интенсив усулларидан фойдаланиб, икки баробар унумдорликка эришди, яъни гектаридан 60 центнердан ғалла олди.

Экстенсив усулнинг истиқболи – йўқ. Чунки тинимсиз равишда ерни кўпайтириб боравермайсан-ку. Шўро давлати Марказий Осиёда деҳқончиликни экстенсив усул билан ривожлантиришга берилиб, қўриқ ерларни ўзлаштираверди-ю, Орол денгизини қуритиб қўйди.

Туркия қишлоқ хўжалиги аллақачон интенсив усулга ўтиб олган. Очиқ ерда деҳқончилик қилгандан кўра иссиқхоналарда маҳсулот етиштириш – ҳар тарафлама самарали. Интенсивлиги шундаки, фақат ёзни кутмасдан, йил – ўн икки ой деҳқончилик қилинаверади-да. Усти ёпилгани учун зараркунандаларга қарши кураш ҳам қулай кечади. 1 гектар очиқ майдоннинг ҳеч биридан 1 гектарли иссиқхонадан олинганидек катта даромад қўлга кирмайди.

Экстенсив ва интенсив усул – ақлий меҳнат кишилари, борингки, бевосита ижод аҳлига ҳам бирдай тегишли.

1975 йили ҳозирги ЎзМУнинг журналистика факультети талабаси сифатида ишлаб чиқариш амалиёти маҳали маош олиб, ҳозирги “Бухоронома” газетаси таҳририятида уч ой ишладим. У пайтлар вилоят газетаси ҳафтасига беш кун чиқар эди.

Раҳматли Нажим Сафаров деган акамиз масъул котибнинг ёрдамчиси эдилар. Бир куни олдиларига чақириб: “Таҳририятимизда қирқ тўрт нафар ходим ишлайди. “Шулардан қанчаси талаб даражасида мақола ёза олади?” – деб ўйлайсиз? Нари борса, ўн-ўн беш нафари. Газета шу ўн-ўн беш кишининг меҳнати эвазига чиқади. Қолганлар шулар соясида ойлик оли-и-иб юраверади. Бу ҳам етмагандек, улар қалами борларнинг ҳасадини ҳам қилишади. Сиз ёза олар экансиз, эҳтиёт бўласиз-да”, – деган эдилар.

Ишсизларни қўя турайлик. Ҳар куни ишга бориб-келаётганларнинг ҳам бекорчиси – қанча. Қўл-­оёғи бутун одамнинг, юридик тил билан айтганда, меҳнатга лаёқатли фуқаронинг жамиятга фойдаси тегмаяптими, уни яшаётган деб ҳисоблаш – қийин. Шу маънода, Худо кечирсин-у, расмий статистикадаги ўртача ёшнинг ҳам амалда камроқ эканини ҳис қиламан. Мамлакат эса фақат ва фақат унумли меҳнат натижасидагина ривожланади.

Шўро даврида: “Капиталистик мамлакатларда завод эгаси, керак бўлса, ўз ўғлини ҳам ишга олмас экан. Бизда кимдир заводга директор бўлса, ҳамма ёққа ўзининг қариндошларини қўяди”, – деган гап юрар эди. Бозор муносабатлари ўзимизнинг ҳаётимизга аллақачон кириб келди. Шукур, неча-неча тадбиркорнинг иш сўраб келган ўз яқинларини ишга олмаганини ҳам кўрдим. Шукурлиги шундаки, рақобат асосида ишга энг муносиб, энг лаёқатли кадрни олади-да. Масалан, маҳоратли кабобпаз ўрнига лаёқатсиз ўз ўғлини қўйса, иши юришадими? Асло! Мижозларини йўқотади. Бизнеси ўлади.

Рус тилида “итого”, яъни “якуний натижа” деган тушунча – бор. Буни рақамларда ифодаланадиган масалалардагина эмас, ҳамма соҳага нисбатан ҳам қўлласа, бўлади. Шу маънода ғалвирни сувдан кўтарганда умр бўйи экстенсив усул билан ишлаган ақлий меҳнат кишилари меҳнати самарадорлигининг якуний кўрсаткичи кам экани аёнлашади. Ё соғлиғидан айрилади, ё эртароқ профессионал малакаси пастлаб қолади, ё барвақт қарийди ва ҳоказо. Халқимиз аксаран тожик тилида ишлатадиган: “Кам-кам хўр, ҳар рўз хўр!, – деган ажойиб мақол – мавжуд. Бу: “Кам-кам е, ҳар куни е!” – дегани. Айни ҳикматни ҳам фақат иқтисодий маънодагина тушуниш – хато. Интенсив меҳнат усули кишининг узоқ йиллар ҳар куни унумли маҳсулот бериб туришига эришишини таъминлайди-да.

Биз, яъни ёши катталарнинг бўлганимиз – бўлди. Лекин рўпарамизда кучли ва шафқатсиз рақобатга асосланган бозор муносабатлари кўндаланг бўлиб турибди. Нима қилсангиз, қилинг, борингизни бағиш­ланг, маблағингизни сарфланг, болангизни самарали меҳнат қилиб, бу курашда ютиб чиқадиган кадр қилиб тарбияланг! Рақобатни маҳаллангиз, туманингиз, шаҳрингиз, вилоятингиз, борингки, мамлакатимиз миқёсидагина, деб ўйласангиз, яна ёмон адашасиз. Ахир, дунё бозори – битта. Ўзбекистонимиз бу бозорга кириб борганига 31 йил бўляпти. Энди ана шу улкан бозорда ютсаккина, ютган ҳисобланамиз.

Хулоса – жуда оддий: бизга дунё бозоридаги катта рақобатга бардош бера оладиган фарзандлар – керак!

О. СУЛТОНМУРОД

Янгиликларни дўстларингизга улашинг



Source link