Saturday, January 28th, 2023

Қалбимда дардларим дарёдек оқин – HURRIYAT


Усмон Носир таваллудининг 110 йиллиги

 

Усмон Носир (1912-1944) — ўзбек адабиётининг ёрқин сиймоларидан бири. Қисқа, аммо самарали ижод қилган бу оташин шоир оғир фожиаларни бошдан кечиргани маълум. Ноҳақ туҳматлар, сохта айблар билан адабиёт гулшанидан бадарға қилинганида у бор-йўғи 25 ёшга тўлган эди.

Шоир шеърият майдонига чақмоқдек чарақлаб кириб келган ва мухлислар қалбини забт этган йиллар сурурга, кўтаринки руҳга тўла эди. Буни инкор этиш мумкин эмас. Айни замонда шафқатсиз қатағон қиличлари ҳам айни шу йилларда бегуноҳ кишиларнинг боши устида айлана бошлаганди. Ватанини, халқини жони-дилидан севган. Озодлик, бахт-саодат, адолат ҳақидаги шиорларга астойдил ишонган ва беғубор қалби орзу-умидларга тўла бўлган бу жўшқин йигитнинг шеърлари булоқ сувларидек тоза, мусаффо. Улардан она сутининг нозик хуш бўйлари, бинафшанинг нафис ислари анқиб туради. Бу шеърларнинг бағрига ҳайрат, ҳая­жон, меҳр, муҳаббат билан бирга соф, ғуборсиз туйғулар сингиб кетган. Уларни дард билан, армон билан ўқийсиз. Шоир кўп ёзишга, қалбидаги барча севинч-ҳаяжонларини қоғозга туширишга улгура олмаган бўлса ҳам, ўз шеърининг қадрини, баҳосини яхши билар эди. Сабаби, у илк китобларини чиқарган йилларда шўро шеъриятида мафкурабоз­лик, шиорбозлик, шаклбозлик етакчилик қилар, чинакам бадиий асарлар вульгар социологизм назариётчиларининг қурбонига айланиб бўлган эди. Усмон Носирнинг ҳам илк шеърларида бундай сох­­та назариялар таъсири учраб туради. Аммо бу ўткинчи ҳодиса эди. Шоирнинг ёрқин истеъдоди тор қарашлар доирасига сиғмас эди. У қуруқ шиорлар, дабдабабозлик, офаринчилик чинакам шеъриятга ёт туйғулар эканини жуда тез англаб етди. Шоир комил ишонч ва ифтихор билан:

Шеърим яна ўзинг яхшисан,

Боққа кирсанг, гуллар шарманда.

деб ёзганда адабий жараёндаги шундай нохуш ҳодисаларга муносабат билдириб, ўз ижоди билан бадиият йўлидан, чинакам санъат йўлидан боражагини очиқ-ойдин билдирган эди. Шоир бу эстетик мезонни собит, мустаҳкам ушлай олди. Давр сурурини содда, халқона, ёрқин шеърий образлар, таъсирли бадиий воситалар орқали жўшиб куйлашга муяссар бўлди. Унинг етук шеърларида балоғат сари қадам ташлаётган, орзуманд кўнгилнинг теб­ранишлари ниҳоятда самимий ва табиий жаранг­лайди. Мана бу мисралар нақадар тиниқ, беғуборлигига ўзингиз гувоҳ бўлинг:

 

Гулзор — чаман. Юр, боғларга

Элтай етаклаб.

Бинафшалар териб берай

сенга этаклаб…

Чаккангга тақ! Тўлиб турсин

ойдек юзларинг.

Кундай ёруғ, тундай қора

экан кўзларинг.

Дил туйғулари, юрак хитоблари ҳеч қандай ҳашамсиз, шиорларсиз айтилганига эътибор беринг. Ҳаётга мафтун, умр бўйи гулзор чаманлар қўйнида юришига астойдил ишонган бахтиёр ўсмиргина шундай фикрлайди, шундай ёзади. Умуман, Усмон Носир шеърларида ўз тенгқурларини кенг маънода китобхонни олис йўлларга, сафарларга, юксак­ликларга чорловчи хитоблар кўп. У орзулар оғушида яшаётган, ҳаёт ишқига тўла, бахтиёр ёш ўспирин, оташин шоир эди. Шунинг учун ҳам у катта самимият, катта ҳаяжон билан хитоб эта олади:

Юр, тоғларга чиқайлик,

Майли, юр!

Эҳ… қандайин чиройлик,

Оппоқ нур…

Ёки 1934 йилда битилган “оқ” шеърида “Шу дунё­­да мен гўё севинчдан қанот боғлаб учардим баланд” деб ёзади шоир. Севги, ёшлик сурури ва ҳаяжонлари, илк муҳаббат, ижод нашидаси шоирнинг “Юрак”, “Боғим”, “Юрганмисиз бирга ой билан”, “Ҳаёт ҳали менинг олдимда”, “Ширин бўлди ҳаёт иқлими” сингари кўплаб шеърларида ҳарорат билан тасвирланади. Аммо бу оташин сурур—шоирнинг бахтиёр орзулари шафқатсиз ҳаёт бўронларига жуда тез дуч келди. Шоир шўро даврининг моҳиятини: ҳаёт бошқа-ю, чиройли шиорлар, ширин ваъдалар бошқа эканини, замон дарёси оғир зиддиятларга тўлиб оқаётганини жуда эрта илғай олди. Зеро, ўз даврининг фаол фуқароси сифатида у улкан мамлакатда “синфий кураш”, “халқ душманларини фош этиш”, “қулоқларни синф сифатида тугатиш” ниқоби остида амалга оширилаётган адолатсизликларни сезмасдан, билмасдан бир чеккада тура олмас эди. Меҳнаткаш халқни зўрлаб, мажбурлаб ўтказилган “коллективлаштириш” сиёсати шўро давлатини жар ёқасига келтириб қўйди. Даҳшатли қатағонлар изғирини эса бошлади… Ана шу ҳаё­тий ҳодисалар таъсири остида Усмон Носирнинг илк шеърларидаги кўтаринки руҳ, фаровон орзулар мавжуд ҳаёт ҳақидаги оғир ўйлар билн алмашина борди. Тўғри, биз ёш шоир шеърларида Чўлпон, Фитрат, Элбекларнинг 20-йиллардаги шеърлари каби очиқ курашга чорлов руҳини кўрмаймиз. Зеро, 30-йиллардаги ҳаётнинг ҳам, адабиётнинг ҳам ўз зайли, ўз майли, ўз тамойиллари бор эди. Ижодкорни дор остига олиб бориш учун бу йилларда зулм ҳақида золимлар ва зўравонлар ҳақида гапириш, тузумдан норозиликни ҳатто имо-ишора билан билдиришга уринишнинг ўзи кифоя эди. Бундай имо-ишоралар, умуман, 20-йилларда яратилган баъзи оташин шеърларга мантиқан яқинлик Усмон Носир ижодида ҳам “Монолог”, “Нил ва Рим”, “Исроил” сингари асарларида учраб туради. Умуман, 1934 йилдан бошлаб унинг шеърларида мавзу ва мазмун кўлами сифат ўзгаришлари юз берганини кўрамиз. Жумладан, “Йўлчи” шеърида аввалгиларидан жиддий фарқ қиладиган кўтаринки, курашчан руҳни, сурурни кўришимиз қийин эмас:

Чу, қора тойчоғим! Чу, қора йўрғам!

Муродга қасд қилиб интилган етар.

Бўронни севмаса дил нечун тепар,

Тириклик не керак бемеҳнат, беғам?!

М.Лермонтовнинг машҳур шеъридаги оҳанг­ларни “Бўронларда бордек ҳаловат” эслатадиган бу сурурли, аммо қандайдир дардчил мисралар. Шу шеърнинг ўзида яна кишини қаттиқ ўйларга, хаёл­­га толдирадиган теран сатрлар бор:

Кўнглимда дардларим дарёдек оқин,

Чайқалар, кўзларим тикилган сари…

Шўро жаллодлари учун “бўронни севиш”, “дардларим дарёдек оқин” мисралари тузумни ўзгартиришга даъват. “Кўнгил дардлари” замонадан ошкора норозилик бўлиб туюлса, не ажаб!

Шоир “Насимага деганим” шеърида:

Олдимда кутадир имтиҳон—

Мен оғир жангларда бўларман.

Насима! Бу кунги иссиқ қон

О, балки тўкилур… ўларман…

деб ёзган эди.

Шеър “Оловдек ловуллаб дил ёнар, Бахтлиман жангларга ярасам!” мисралари билан якунланади. Бу дил эътирофларини ҳам турлича талқин қилиш мумкин. Ҳар ҳолда шоир янги тузум одамларга бахт-саодат эмас, саноқсиз кулфат, мусибатлар келтирганини, уни ўзгартириш лозимлигини, ўзи ҳам шу йўлда курашга тайёр эканлигини таъкидлаяпти деб ишонч билан айта олиш мумкин.

Носоз замонани рад этиб, адолат, ҳақиқат сўзларини айтишга эндигина чоғланган журъатли шоирнинг умри қирчимида қийилди. Адабиётга ловуллаб ёниб кирган ижодкорнинг қўлидаги янгроқ тор бевақт синдирилди. Абдулла Қодирий, Фит­рат, Чўлпон, Элбеклар билан бир кунда, бир пайт­­да бир қатағон курсисига ўтказилган Усмон Носир ҳам Сибир сургунида фожиали ҳалок бўлди.

Шоирдан бизга ёниқ шеърлар, икки достон, драма ва эҳтирос билан қилинган таржималар мерос бўлиб қолди. У буюк рус шоирлари А.С.Пушкин, М.Ю.Лермонтовнинг “Боғчасарой фонтани”, “Демон” достонларини аслият даражасига етказиб ўзбек тилига ағдара олди. Бу икки таржима ҳам ҳар доим катта ҳайрат ва ҳаяжон билан ўқилади.

Биз оташин шоир ва таржимон Усмон Носирнинг ижоди ҳақида бир-икки чизги чиздик, холос. Қолганини сизга Усмон Носирнинг дилбар шеърлари ва эҳтиросли таржималари сўзлаб беради, азиз ўқувчи!

Ортиқбой АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган

маданият ходими,

филология фанлари номзоди,

ёзувчи, таржимон

          ШОИР АРМОНИ

 

                        Ёрил, чақмоққа айлан тез!

                                                           Усмон Носир

 

Саҳарлар қон туфуриб ўтдим,

Аҳволимга йиғлади Мажнун.

Эвоҳ, қолди шеърларим етим,

Билолмайман, уларни бир кун

Ўқирмикин олис авлодим?

 

Эвоҳ, қандай замон — бу замон?

Кеча-кундуз айланар куюн.

Замон ёмон, замон — тегирмон!

Биз гард бўлдик, биз бўлдик сомон.

Бошга тушган бу қандай ўйин?!

 

Халқим учун, майли мен ризо,

Фидо бўлсин минг битта жоним.

Сўнгги фурсат — лабимда видо,

Майли, ўлай, ёлғиз армоним:

Озод бўлсин Ўзбекистоним.

 

Эвоҳ, нега қолдим мен ночор,

Эркка ташна, ҳақиқатга зор?

Курашмоққа йўқ ҳатто мадор…

Билиб қўй сен, эй рақиб ғаддор,

Тиз чўкмасман… Қайдасан эй дор?!

 

Тик қарайман. Чекил эй, ёлғон!

Бўлсанг ҳамки қаттол ҳукмрон,

Сенга асло эгмасман бўйин.

Юрт кўкида айланар куюн,

Гувиллайди мудҳиш гирдибод.

 

Томоғимни бўғади фарёд:

Халқим, сен-ла юрмоқ шод, хандон

Пешонамга сиғмади, ҳайҳот!

Мунча оғир… оғир бу қисмат?..

 

                                    Ортиқбой АБДУЛЛАЕВ

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг



Source link