Tuesday, October 4th, 2022

Қалбларни ёритган юлдузлар


Халқимиз ҳеч қачон унутмайдиган санъат юлдузлари анча. Улар ижро этган роллар, қўшиқлар яна юз йиллар ўтса-да, унутилмайди. Чунки улар эл қалбидан, юрагидан жой олганлар.

Қуйида бундан анча йиллар олдин қилинган суҳбатни муштарийларга ҳавола этишни лозим топдим.

Чунки бу суҳбат ажойиб акт­риса, гўзал ва ҳамиша севимли бўлиб келган Тамара Шокирова ҳамда унинг қизи — эстрада юлдузларидан бири Райҳона билан кечган эди.

Яхшиси, суҳбат қандай кечган бўлса, айнан ҳавола этаман. Азиз ўқувчи, ҳаётини кино ва адабиётга, қўшиқчиликка баҳшида этган қалблар билан ҳамсуҳбат бўлинг.

Экранга, эстрада саҳнасига сержило шуълани бахш этган Тамара ва Райҳонанинг файзли, ораста хонадонида бўлганимда мезбонга дедим:

— Тамара, тез орада “Меҳробдан чаён” романи асосида фильм суратга олинса керак. Ўзбек тилини ўрганинг. Кембридж университети тилни ўрганишнинг янги методикасини ишлаб чиқибди. Раъно ролига таклиф этилсангиз керак. Абдулла Қодирийнинг қаҳрамони соф, чиройли. Аммо у ўзбек қизи, шубҳасизки ўзбекча гапиради. У ҳам севикли ёр, ҳам шоиртабиат, ҳам довюрак қиз. Ўлмас (Алихўжаев) ўзбек тилини ўзлаштирмай туриб Отабек ролини ўйнади. Шукур Бурхон одоб сақлаб мулойимгина эътирозини билдирган эди.

Бироз вақт ўтиб бир сериялик экран асари ниҳоясига етди. Чилонзордаги ўша файзли хонадонга бордим. Тамара у ерда катта қизи Райҳона билан истиқомат қилар эди.

Тамарадан сўрадим:

— Сиз яратган Раъно Абдулла Қодирий меҳр-муҳаббат билан ёзган қаҳрамон образига яқинми? Адибнинг бир таърифини эслатаман: “Мусаввир бўлганимда Раънонинг портретини чизардим… менга кўпроқ гул ранги керак бўларди”, деб ўз қаҳрамонининг чиройини, айни бир вақтда ўзининг Раънога бўлган муносабатини ҳам билдиради. Гул ранги — севги, садоқат, кўркамлик рамзи. Гўзалликда сиз Раънодан қолишмайсиз. Унинг маънавий гўзаллиги, шоирона руҳи, хон ҳарамидан ҳазар қилиши – буларни кўрсатиш имкони бўлдими?

— Заифроқ роль бўлди бу гал. Режиссёр кўпроқ либос, имо-ишора, хатти-ҳаракат ҳақида куюниб юрди. Аслида мураккаб ҳолатни — юрак изтиробларини кўрсатиш йўлларини излаш керак эди. Хон билан олишувга журъат этади-я!

Суҳбатимизни дафъатан эшитиб, бироз кулимсираб кичик даврамизга қўшилган Райҳона қатъий оҳангда:

– Йўғ-э! Тадбир қўллай оладиган, лекин табиати нозик, мураккаб шароитда топағон ва зеҳни ниҳоятда ўткир Раъно жасоратини намоён этгансиз-ку! Раъно ролини онамдек кучли ирода соҳибаси, қатъиятли, фикри ҳам, фаолияти ҳам гўзал актриса Тамарахоним Шокирова ўйнаганидан хур­сандман, мамнунман. Ҳамкасбларим ҳам шу фикрдалар. Уларнинг бадиий мезонлари эса ҳамиша юксак.

Тамара ва Райҳонанинг уй шароитида юриш-туриши, ўзаро илиқ муносабатларини сўзда, меҳрли табассуми ила билдиришини кўриб, бироз кузатиб шундай хулосага келаман: улар она- болагина эмас, кўпроқ аҳил дугоналардек, бир-бирини қадрлайдиган, эъзозли дўстлардек эди. Завқ олдим бу манзарадан! Насиҳатомизлик ҳолатни сезмадим. Самимий, дўстона кулги, хиргойи билан бўлиниб турди мулоқот дамлари. Иккиси ҳам мулоҳазали, ақлли, хушчақчақлигидан мен – мезбонга ҳам илтифот кўрсатиб кино, телевидение, ёзилаётган китоблар ҳақида савол берганимда сўзни бўлмай, қизиқиш билан эшитишди… Кейин ўзга юртга кетган Дилором Қамбаровани ҳам эсладик.

Тамара кулимсираб деди:

– Тез-тез келиб туради Диля! — Юзи ёришди Тамаранинг, — узоқ   масофани босиб келганида биздан бахтлироқ одам бўлмайди. “Оловли йўллар” кўпсерияли фильм яратилишида бирга ишлаган кунларни гоҳ кулиб, гоҳ афсусланиб хотирлаймиз.

Икки машҳур санъаткорнинг бирига ярим ҳазил тарзда, оила сирига тааллуқли, эҳтимол “илмоқли”роқдир, шундай савол бердим:

– Райҳона, донғи кетган актриса Тамара Шокирова билан бирга, бир файзли уйда истиқомат қилиш завқи бўлса керак?

– Бу саволни онамга беринг, – деб кула-кула жавоб берди эстрада юлдузи.

Тамарага юзланаман. Жавоби тайёр:

– Эҳтимол, Райҳонахон узил-кесил жавоб берарлар. Мен барча севадиган, эъзозлайдиган хушовоз хонанданинг волидасиман!

Тамара кўркам қизининг шинам исмига “хон” қўшимчасини қўшиб, хайрихоҳ киноянинг жиндек нишонаси – вазиятга ҳазилнамо оҳанг бергандек бўлди. Шу дамда тасаввуримда катта концерт залида “Она” ашуласи Райҳона ижросида эшитилгандек бўлди. Хонанданинг нозик, нафис ҳаракати янграётган таъсирчан мусиқага жуда мос кўринганди. Ёқимли оҳанг, ёқимли овоз, образли сатрларнинг теран мазмуни меҳрибон, жонкуяр онанинг мафтункор портретига янги-янги чизгилар тортар эди. Ўша мусиқали дақиқаларни тасмага муҳрлаганлар Райҳонанинг онаизорига бўлган миннатдорчилиги, ҳайрати, товланган меҳрини йирик планда кўрсатган   эканлар. Бу манзарага ёқимтой, ширали овозга ўзга маромда, ўзга ижро усулида, янги садолар жўрлигидаги Райҳонанинг ижроси ўзига ошуфта этади. Шу оромли дамларга эришиш, мусиқа, вокал шайдоларига етказиш сирларидан бирини билиш истагида хонандага савол бераман:

– Яхши актёр камерани ҳис этиб туради. Эстрада хонандаси – тингловчини, томошабиннинг саҳнадаги ижрога бўлган муносабатини кўриб туради. Сиз зал билан алоқа ўрната олишингизни кўрганман. Хушовозингиздан ташқари артистлик маҳоратингиз кўзга ташланади. Бу ижрочилик маҳорати ибтидоси ҳақида ўйлайсизми? Онангиздан, отангиздан ўтгандир. Тамаранинг ижроси… миллионларга манзур отангиз Отабек Ғаниев буюк режиссёр Наби Ғаниевнинг – режиссёр ва актёрнинг – набираси!

– Ашулани ижро этиш асносида таърифлаб бўлмайдиган ҳолатга кираман, – деди хонанда. — Илҳом париси ташриф буюрадими бу сирли онларда? Ёхуд машҳур авлодимиз руҳлари мадад берадими?! Сирли, сеҳрли садолар оғушида қоласиз. Хатти-ҳаракатнинг нафис, кўримли, нозик ифодасини дарҳол топа қоласиз… Овозинг борича, куйлагинг, осмону фалак томон парвоз қилгинг келади… Залдагиларнинг гулдурос қарсаги саҳнага қайтаради мени. Бу ижод масканига келган ёшлар кўнглини тўлдириш истаги кучли бўлади. Ахир, эстрадамиз навқирон кино санъатидан ҳам ёш-ку. Кинонинг эстрадага таъсири сезиляпти. Саволингизга жавобан айтаманки, бугунги эстрада, унинг эстетикаси саҳнани ёритиш техникасига ҳам, оптикага ҳам, кўп камералар бир суратга олиниши даражасига ҳам, табиийки, ижрога ҳам боғлиқ. Шунингдек, саҳнага чиқиш олдида қандайдир куч-қудрат, ижод нашидаси куй орқали етиб келгандек бўлади. Жуда ёқимли, сирли ҳолат. Саҳнадаги ашула ижроси залга етиб боришида композитор, эстрада постановкаси билан шуғулланганлар, нур манбалари билан таъминловчилар ва бошқа ижодий-техник ходимлар хизматларини ҳам ҳис қилиб тураман.

Бироз жиддий масалаларни унутиб, файзли, кўркам хонадоннинг ўшандаги ширин ташвишларини билмоқчи бўлиб:

— Райҳона, онангиз тайёрлайдиган егуликнинг қайси бири энг лаззатли? — деб сўрадим.

— Деярли барчаси. Айниқса, ош — палов. Мазаси оғизда қолади, — дейди у кулиб.

— Рўзғор юмушларида иштирок этасизми?

— Ҳа, лекин ҳар доим эмас. Эркалаб, суйиб, эҳтиёт қиладилар мени. Шу боис, ҳамиша формадаман, ижодга шайман. Улар туфайли хонанда бўлдим, шекилли. Менинг биринчи устозим, мунаққидим, режиссёрим, продюссерим — менинг онам. Беш ашулани тайёрласам, улардан иккитасини, баъзидагина учтасини танлайдилар. Мунозарага бормаймиз. Ўзлари танлаган ҳаёт тарзига ҳамиша содиқ қоладилар. Ҳалоллик, талабчанлик, юксак малака (профессионализм) тамойилларига ҳамиша амал қиладилар. Эътиқод билан қиладилар ҳар бир масъул ишни.

Самимий, илиқ муҳит ҳукм сурган хонадонда мен эшитган шинам овоз, кўркамликда бир-биридан қолишмайдиган волида-ю, унинг қизалоғининг хайрихона суҳбатларидан тўлиб-тошиб, кўтаринки ҳолатимда мусоҳаба тафсилотларини қоғозга айнан туширишга ошиқдиму, уй бекаси ораста, оқила Тамара шаънига бир шингил сўзни суюкли қиз иштирок этаётган мусоҳабада айтганидан ҳозир ҳам хурсандман!

— Тамара хоним, бахтли онасиз. Кичик қизингиз Насибанинг қизиқиш доираси кенглигини биламан. Ҳозирги тилда айтганда, коммуникабеллиги билан ҳам барчани ўзига ошуфта этиб қўяди. Райҳона эса мусиқа санъати хизматида. Унинг шайдолари ошно бўлади хушовози, мукаммаллашиб бораётган ижро техникаси, истеъдоди билан. У билан фахрланарсиз?!

— Бўлмаса-чи?! Кўпчиликнинг унга бўлган меҳрини билиб, сезиб тураман. Сим қоқадиганларга жавоб беришга улгурмайман. Лекин ҳамиша бандлигини, гастролларда кўп юришини, саҳнага чиқиш тараддуди мураккаблигини биламан. Ижод соатларида кўрсангиз эди уни?! Шундай сукунатга чўмгандай кўринган Райҳона ёзган асарини кўтариб ёнимга келади. Кўзлари ёниб туради. Қандай баҳолашимни қизиқиш билан кутади. Бу дақиқаларни қандай қадрлашимни билсангиз эди, — деб мусоҳабага якун ясагандек бўлди бахтиёр она.

Тамара берадиган навбатдаги саволимни кутмаган эди:

– Тамара, онангиз украиналик аёл бўлган. Райҳонанинг отаси Отабек кўнгилчан, оқибатли, эҳтиросли бўлган. Буваси эса буюк асар “Тоҳир ва Зуҳра” фильмининг режиссёри. Ана шундай бой мерос фаолиятингизга таъсир этишини сезасизми? Роль устида ишлашингизда, сценарийни ўқишингиз, ўзлаштиришингизда? Бу ажойиб, тотув дамларни таърифлай оласизми? Ақл-идрок мезонлари, ўлчовлари, мантиқий далиллар билан аниқлаш, изоҳлаш, хулосага келиш амри маҳолдир? Балки хуфёна кечар бу ширин-тотув кечинмалар?!

Тамара негадир хоҳолаб кулиб юборди. Чеҳрасида ширин, қандайдир махфий ўйлар аксини сезгандек бўлдим!

— Мен ҳам ўйлайман бу ҳақда, жиддий сўзлай кетди у. — Илм аҳли бундай мушоҳадалардан йироқ бўлар деб юрардим. Стихияли равишда таъсир этар қандайдир куч. Ўзлигича келар, сиз айтгандек, хуфёна бир тарзда. Суратга олиш майдончасида баъзан украин аёлларининг нозик эҳтироси, ўз фикрини ўтказишга бўлган хоҳиши, эҳтиёжи менда ҳам гоҳо устун тургандек бўлади. Доим мулоқотда бўлиш истаги, катта ёшдагиларга ҳурмат-иззат, муҳтожларга далда бўлмоқ, ёрдам кўрсатмоқ – бу хусусиятлар отамдан ўтган. Мўъжиза рўй бериб иккинчи жаҳон урушида омон қолиб, қадр­дон юртига – Ўзбекистонга қайтиб келиб, Чирчиқ шаҳрида умрлик ҳамроҳини топган падари бузрукворимни кўп фазилатлари бизда ҳам уйғонар… Онам тиббиёт ходимаси эди. Украинадаги госпитал Чирчиққа эвакуация қилинганида ҳамкасблари билан бирга ўзбек диёрига келиб, шифокорлик фаолиятини давом эттирган.

Ижро этиш истеъдоди соҳибларига тегишли бу мулоҳазалар. Ижро   таъсирчанми, ишонарлими – буни камера “уқиб” олади. Йирик планда кўрсатади. Гўёки объективда рентген нурлари актёр кира олган ҳолатни акс эттиради тас­мада, экранда.

— Тамара, Райҳона, мени қизиқтирадиган масалаларга муносабатингизни очиқ-ойдин билдиряпсиз. Мамнунман. Сиз – бугунги суҳбатдошларимдан бирининг ролларга бўлган жиддий муносабатини, сценарийга бўлган талабчанлигини, иккинчиси эстрададаги фаолият, онага, қадрдон хонадонга бўлган меҳр, садоқат ҳис-туйғуларини сўндирмаслиги, аксинча, сўнмас машъал бўлиб қолишини ёдга солдингиз яна бир бор. Бир-бирингизни маънавий жиҳатдан бойитиб борасиз. Шундай эмасми?

– Қизим Райҳона эрта-ю кеч нималарнидир ёзишидан, бир-биридан ёқимли куйларни басталашидан, уларга мос келадиган мисраларни излашидан ҳайратга келаман. Менга ҳам “юқади” ўша тинимсиз ҳаракат. Менимча, киноактёрлар худди шу тарзда изланиши, ролни мукаммал ўзлаштириши, ўзини ҳам жисмоний ва маънавий – ҳар тарафлама образ яратишга тайёрлаши керак. У доимо ижодга шай бир ҳолатда бўлиши керак. Ахир, биз – киноактёрларнинг театр-студиямиз йўқ-ку. Машқ билан, тренаж билан қаерда шуғулланамиз?

Тамаранинг бу сўзларини эшитганимда ваъдага вафо қилмаганларни эсладим. Яқин ўтмишда Москвадаги кино институти — ВГИКда бир гуруҳ ўзбек йигит-қизларини рақобат тамойилларига амал қилган ҳолда танлаб олган машҳур актёр Борис Чирковнинг ижодий-ўқув устахонаси иш бошлаган эди. Камина ўқув жараёни режалари билан танишиб, мулоҳазаларимни ўша ўқув даргоҳида айтган, сафар дафтаримга батафсил ёзиб қўйган эдим. Бу қизиқарли, бизга қолса, ҳозир ҳам долзарблигини йўқотмаган таълим, айниқса, ўқув саҳнасида ижро этилган роллар муҳокамаси, таҳлили профессор Б.Чирков (рафиқаси билан) доцент Спиричевнинг кузатишлари, оқил маслаҳатларини ўрганиш (эҳтимол, кенг­роқ тарқатиш) зарур. Тасвир – ноёб тас­вир, магнит тасмасига муҳрланган овоз мавжуд. Ўша йиллари “Марказий телевидение” номи билан машҳур бўлган сту­дияни (Москва) саъй-ҳаракатлар ила кўндириб 16 мм (ўн олти милли­метрли) кино тасмасига қизғин ўқув жараёни муҳрланишида иштирок этган эдим. Уни видео касеталарга зудлик билан кўчириш, телевидение хазинасида сақлаш керак. Бахтиёр Зокиров (Ботир Зокировнинг фарзанди), Зуҳриддин Рижаметов (Тўғон Рижаметовнинг ўғли), Раъно Кубаева ва уларнинг курсдош дўстларининг кўп йиллар муқаддам ВГИК шароитида ўйнаган роллари ҳамда уларга москвалик устоз санъаткорларнинг муносабати томошабинда қизиқиш уйғотар, ТВ филмотекасининг ноёб экспонати сифатида томошабинларга, тадқиқотчиларга хизмат қилар.

Ўша йиллари ваъда қилинган киноактёрлар студияси (ёки театри) ташкил этилмади. Ёшлар кўп уринишди. Профессионал таълим олган киноактёрларнинг каттагина гуруҳи тарқаб кетди.

Суҳбатимиз охирлаб қолганида Райҳона завқ-шавқ билан онасига “мадҳия” ўқиди:

— Кинодан жуда миннатдорман! Бу санъат туфайли истеъдодини намоён этган Тамарахоним Шокирова иштирок этган фильмларни қайта-қайта кўраман! Ахир, ҳозир камол топган, шуҳрати кенг тарқалган онамни ўн етти ёшида кўриб ҳаяжонланаман, завқланаман!

Дарҳақиқат, эсласак, “Интеграл”, “Қўрқув билмай” (прокатда “Без страха”), “Менга азиз инсон” (“Мой добрый человек”) “Меҳробдан чаён”, “Семурғ” (“Семург”) , “Оловли йўллар” (“Огненные дороги”), “Хоразм афсонаси” (“Хорезмскийская легенда”) сингари картиналарда камера, монтаж, экран ижро техникаси мукаммаллашиб борганини тасдиқлаб туради. Мукаммаллик, фикр теранлигини ҳозир ҳам кўриб тураман. Қойил қоламан! Телевидение маҳсулотларини кўраётганларида, сценарийларни ўқиётганларида, роль танлаётганларида кўзга ташланиб туради талабчанликлари, нозик, сайқал топган дидлари, самимиятлари. Кўрсатувнинг таркиби, сценарийнинг бадиий савияси, экран талабларидан келиб чиқиб ёзилганми у?! Бу саволларга бериладиган жавоблар асосли, адолатли, табиийки самимий бўлди. Қанчадан-қанча роллардан воз кечганларини ҳам айтдилар. Бу санъаткорларнинг ижод жараёнига, унинг маҳсулоти яратилган муҳитга бўлган   ёндашувлари мени ҳамиша ўйлантириб қўяди.

Лекин шуни аниқ айтиш мумкинки, иқтидорли актриса Тамара Шакирова ижро этган 40дан зиёд роллар — уларнинг бари бетакрор ва чинакам иқтидор намойиши сифатида киносанъати тарихида қолди.

Юқорида айтганимдек, бу суҳбат қораламасини ёзиб қўйганимга (суҳбат рус тилида бўлган эди) ҳам анча йиллар бўлди. 2005 йилнинг июль ойи эди адашмасам. Чоп­қир кунлар ўтди. (Охирати обод бўлсин). Тамара Шокирова тарк этди бизни. Райҳона, барчамиз доғда қолдик. Райҳона эса турмуш қуриб, икки фарзанд кўрди. Она бўлиш бахтига эришди. Саҳнада ҳам кўркамлигини сақлаб, яйраб куйламоқда.

Бугун Райҳона меҳрни эгизак фарзандлари Имрон ва Исломга бахшида этиб, наслан сулолага содиқ қолиш, хуш овози, меҳригиёси билан машҳур сулола анъаналарини давом эттиришдек режалар билан ижод этмоқда.

Ҳамидулла АКБАРОВ,

санъатшунос олим



Source link