Saturday, January 28th, 2023

Қардош элнинг ташрифи – HURRIYAT


Фарғона давлат университетида бўлиб ўтган халқаро илмий-амалий конференцияда Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Ибройим Юсупов хотираси ёдга олиниб,   филологиянинг долзарб муаммоларига оид масалалар таҳлил этилди.

Фарғона давлат университетида Ўзбекистон Қаҳрамони, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган санъат арбоби, атоқли шоир — Ибройим Юсупов ижодига бағишланган “Кўнгилдаги кенг дунё” номли байрам тадбири ҳамда “Филологиянинг долзарб масалалари” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Қардош элнинг ташрифи Фарғона давлат университетида катта байрамга айланиб кетди. Бунда шоир ижодига бағишланган бадиий кўргазмалар, қорақалпоқ халқининг улуғвор миллий маданияти ва турмуш тарзи акс этган кўринишлар, қорақалпоқ ўтови намойиши иштирокчилар қалбига ўзгача руҳ бахш этди.

Тадбир доирасида икки элнинг ардоқли шоири қолдирган бой маънавий мерос, ватанпарварлик ғоялари мавж урган ижоди, ибратли ҳаёт йўлига бағишланган “Ибройим Юсупов хонаси”нинг очилиш маросими барчада катта таассурот уйғотди.

Анжуманга Ажаниёз номли Нукус педагогика институтининг филология соҳасида изланишлар олиб бораётган илмий ходимлари, тил ва адабиётнинг сир- асрорларини пухта ўзлаштиришга астойдил интилиб, келгусида соҳанинг етук мутахассиси бўлиб етишишга бел боғлаган талабалар ҳамда Қорақалпоғистоннинг таниқли вакиллари ташриф буюрдилар.

Аввало шуни айтиш керакки, мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад — Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Ибройим Юсуповнинг маънавий ва адабий меросини абадийлаштириш, унинг ижодини ёшларга чуқур ўргатиш, талабаларимизда қардошларимиз тарихи, миллий адабиётига бўлган ҳурмат ва эҳтиромни янада ошириш, филологиянинг долзарб муаммолари юзасидан ўзаро фикр алмашиш, бу борада ҳар бир олийгоҳда олиб борилаётган илмий ишлар, эришилган натижаларни таҳлил қилиш ҳамда соҳадаги мавжуд муаммоларни инновацион ечимларини топиш, қолаверса, университет ҳаёти билан яқиндан танишиш, тажриба алмашиш, келгусида ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришни йўлга қўйишдан иборат бўлди.

Мазкур анжуман Ўзбекистон Қаҳрамони, Қорақалпоғистон Рес­пуб­ликасида хизмат кўрсатган санъат арбоби, атоқли шоир — Ибройим Юсупов ижодига бағишланган “Кўнгилдаги кенг дунё” номли байрам тадбири билан бошланди.

Бу бежиз эмас албатта. Ибройим Юсупов Қорақалпоғистонда туғилиб вояга етган ва шу ерда яшаб ижод қилган. У ўзининг кўп йиллик меҳнати билан юртимиз тараққиё­тига, адабиёти, маърифати ва маданияти ривожига муносиб ҳисса қўшган инсон сифатида Қорақалпоғистонда қанча ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилса, Фарғона давлат университетида ҳам унинг номи ана шундай эъзозланади. Аслида, биз бир дарёдан сув ичувчи дастурхони, орзу-интилишлари, ҳис-туйғулари уйғунлашиб кетган бир халқмиз.

Ибройим Юсупов 1929 йилда Чимбой туманининг Озод қишлоғида таваллуд топди. “Умирбек лаққи”, “Мангу булоқ”, “Ажиниёз”, “Дала армонлари”, “Тўмарис” каби шеърий тўпламлари ва танланган асарлари чоп этилган. Унинг асарлари рус, грузин, қозоқ, қирғиз, латиш, болғар каби ўнлаб хорижий тилларга таржима қилинган. Ҳозирги вақтда Нукус шаҳрида “Ибройим Юсупов ижод мактаби” фаолият юритмокда.

Ушбу тадбирлар доирасида қардош меҳмонлар, халқаро вакиллар, ФарДУ раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар, адабиётшунос олимлар, ижод аҳли, илмий изланувчилар ҳамда талаба-ёшлар иштирокида “Филологиянинг долзарб муаммолари ва инновацион ечимлар” номли халқаро илмий-амалий анжуманнинг расмий қисми ҳам ўтказилди.

Ушбу илмий-амалий халқаро анжуманда сўз олган Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Ўрозбой Абдураҳмонов ўз сўзида Фарғона давлат университети жамоаси томонидан Ибройим Юсупов хотирасига кўрсатилаётган ҳурматни қорақалпоқ элига кўрсатилган эҳтиром дея билишини ва бу эътибордан ўзгача тўлқинланганини алоҳида эътироф этди.

Шунингдек, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли адиб Нурали Қобил ҳам юксак даражада ташкил этилган анжуман ва адабий кечада иштирок этаётганидан бахтиёр эканлигини билдирди.

Тадбир меҳмонлари — Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика университети раҳбарияти томонидан дўстлик ва ҳурмат рамзи сифатида Фарғона давлат университети ректори Ғ.Шермуҳаммедовга миннатдорлик туҳфаси — қорақалпоқ миллий либосини тақдим этди.

— Бу бетакрор тадбир, қорақалпоқ миллати адабиёти, маданияти ва санъатининг гўзал ифодаси сифатида Республика миқёсида биринчилардан бўлиб айнан Фарғона давлат университетида ташкил этилаётгани бизни жуда қувонтирди, — дея мамнунликларини изҳор этишди меҳмонлар.

Анжуман давомида тадбирга ташриф буюрган меҳмонларга Фарғона давлат университетининг эсдалик совғалари берилди.

Ушбу адабий-бадиий кечада Ибройим Юсупов асарлари асосида яратилган спектакль намойиш этилди. Адиб ижодига оид мушоира, ўзбек ва қорақалпоқ тилларида жаранглаган қўшиқ ва шеърлар, ижро этилган рақслар кечага файз бағишлади.

Тадбирлар дастури қизғин давом этар экан, куннинг иккинчи ярмида иштирокчилар ФарДУ ҳаёти билан танишув доирасида “Заковат” интеллектуал клуби томон йўл олдилар. Қизиқарли тарзда кечаётган талабалар мунозаралари меҳмонларда ўзгача таассурот қолдирди ва бевосита ўйинда иштирок этишга бел боғладилар.

Шунингдек, улар олийгоҳнинг “Нилуфар” талабалар театр студиясида ҳам бўлиб, иқтидорли талабалар томонидан Ибройим Юсупов асарлари асосида тайёрланган саҳна кўриниш­ларини мароқ билан томоша қилдилар.

Анжуман иштирокчиларининг кейинги манзили — талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун ташкил этилган “BOOK CAFE”сида бўлди. Бу ерда меҳмонлар икки қардош халқнинг миллий мусиқалари садоси остида байрам дастурхонига таклиф этилди.

Тушликдан сўнг меҳмонлар университет ахборот-ресурс марказига ташриф буюришди ва Ибройим Юсупов шеърларидан айтишиб, му­шоира ўтказдилар.

Меҳмонлар ФарДУ комплекси билан танишиш давомида бу маскандаги “Қатағон қурбонлари” музейида ҳам бўлдилар.

Ушбу учрашув давомида ФарДУ томонидан Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Ибройим Юсупов ижодини талаба-ёшларга янада чуқур ўргатиш мақсадида эълон қилинган “Эл фарзанди” мавзусидаги шеърлар ҳамда расмлар кўрик-танловида фаол қатнашган, фахрли ўринларни қўлга киритган бир гуруҳ талабалар дипломлар билан тақдирланиб, пул мукофотлари билан рағбатлантирилди.

Ўткирбек РАЖАБОВ,

Фарғона давлат университетининг

ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий

ишлар бўлими бошлиғи

Дил сўзлари

 

Ўрозбой АБДУРАҲМОНОВ,

Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси:

— Бугун жуда бахтлиман, айниқса, Фарғона давлат университетида Ибройим Юсуповнинг ижод байрамида иштирок этаётганимдан хурсандман. XIX асрнинг классик шоирларидан бири Бердақ бўлса, XX асрда Ибройим Юсупов эди. Шоирни бу ерда шундай эъзозлашар экан, кўриб, қувониб ўтирибман. Хоналари, тўпламлари тайёрланибди, бир томондан ўрнак ҳам олдик. Ибройим Юсупов замонамизнинг катта шоири эди, у инсоннинг дунёқараши жуда кенг, етук иқтидор эгаси эди…

 

Нурали ҚОБИЛ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси:

— Фарғона давлат университетида Ибройим Юсуповнинг хонасини кўрганимизда унга кўрсатилган эҳтиромни кўриб, жудаям таъсирландим. Ибройим Юсуповнинг шеърларини ёки куйга солинган қўшиқларини эшитсангиз, кўз олдингизга ҳақиқий элпарвар шоир келади.

 

Айсулув АЛЛАБЕРГЕНОВА,

Нукус давлат педагогика институти магистранти:

— Қорақалпоғистон Республикаси делегацияси таркибида Фарғона давлат университетида бўлиб турибмиз. Ҳозирда Ўзбекистон Қаҳрамони, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган санъат арбоби, атоқли шоир — Ибройим Юсупов ижодига бағишланган “Кўнгилдаги кенг дунё” номли байрам тадбири ҳамда “Филологиянинг долзарб масалалари” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференцияда иштирок этмоқдамиз. Конференция жуда қизиқарли ва биз учун таассуротларга бой ўтмоқда.

 

Ҳурсанбек ТЎЛИБОЕВ,

Нукус давлат педагогика институти кафедра мудири:

— Қорақалпоқ делегациясини Фарғонада кутиб олиш маросими ўзгача кўтаринки руҳда бўлиб ўтди. Шоирнинг ёрқин хотираси ва нодир ижодига қаратилган эътибор қалбимизни қувончга тўлдирди.

 

Наргиза БАННОПОВА,

ФарДУ магистранти:

— Мазкур конференция доирасида Ибройим Юсупов хотирасига бағиш­ланган шеърлар танловида иштирок этиб, фахрли 1-ўринни эгалладим. Менинг кичик меҳнатимга берилган юксак эътибордан жудаям мамнун бўлдим. Албатта, Ибройим Юсупов ижоди барча адабиёт мухлислари учун бебаҳо меросдир.

 

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг



Source link