Saturday, November 26th, 2022

Қариндошдан айрилманг!


Фарзандларимиз вояга етгач, кўпинча “ўзимники”, деб яқин қариндошнинг қизини келин қилишга, ҳатто туғишганимизнинг ўғлини куёв қилишни мақсад қиламиз.

Эмишки, қариндошнинг фарзандларини келин ёки куёвликка танласак, борди-келди кучайиб, қариндошлик янада мус­таҳкамланади. Аслида ҳам шундайми?

Яқин қариндошлар қуда-анда бўлгач, ёш келин-куёвлар олдида турли ҳаётий муаммолар пайдо бўлиб, оқибатда баъзи ёш оилалар парокандаликка юз тутади, шу билан бор қариндош-уруғчилик ришталари ҳам узилади. Бундай муаммо бўлмаган тақдирда ҳам қариндошлар никоҳидан дунёга келган фарзанд­лар нимжон, касалманд, ногирон туғилиши ҳам тез-тез кузатилади. Касалманд фарзандни тарбиялашдек ўта оғир кўргулик ҳеч кимнинг бошига тушмасин.

Худди шундай яқин қариндош­лардан оила қурган оилаларнинг бирида 18 ва 20 ёшдаги оёғи шол бўлган икки қиз тарбияланмоқда. Бечора ота-она опа-сингилларнинг фарзандлари ҳисобланади. Яқин қариндошлик ногирон фарзандларнинг дунёга келишига сабаб бўлган.

Бундай нохуш ҳолатларнинг олдини олиш учун яқин қариндошларнинг қуда-андалигини чекловчи ҳуқуқий норма бўлиши керак назаримизда. Ана шунда бугун туғилаётган ва ногиронлик деган тақдир битиги пешонасига ёзилганлар сони камаярмиди?

Сарвара АБДУРАҲМОНОВА



Source link