Sunday, October 2nd, 2022

Қасам – HURRIYAT


Қасам… нима ўзи у? Бу ҳақда гўёки кўп нарсани биладигандаймиз. Аслида-чи, аслида ҳам шундаймикин? Йўқса, ноўрин ичилган қасамнинг зиёнини била туриб, ўз бошига аламли кулфатлар “сотиб” олаётганлар ҳаётда бунчалик кўпаймаган бўлармиди, наздимизда.

Таассуфки, кўпчилик қасам ичишни оддий нарса, деб билади. Сўзлашиб турганда гапига бошқаларни ишонтириш мақсадида “нон урсин”, “тил тортмай ўлай”, “кўзим чиқсин”, “Худо урсин” сингари ибораларни келтиришади. Аслида эса бошқа иложи бўлмаганда Оллоҳ таоло номидан бошқа нарсалар билан қасам ичиш динимизда гуноҳи кабиралар сирасига киради.

Инсон банда сифатида фақат Оллоҳ номи билан қасам ичиши мумкин, холос. Ҳатто пайғамбар саллолоҳу алайҳи вассаллам номлари билан фаришталар, Каъба, жон, бош, фарзанд­лар каби нарсалар билан қасам ичиш мутлақо хатодир.

Қадимда ота-боболаримиз ёлғон гувоҳлик берманглар, бўлар-бўлмасга қасам ичманглар, деб кўп бора айтишган. Ўзимиз ҳам бу борада жуда кўп ибратли ривоятлар, ҳикоялар ўқиганмиз, эшитганмиз.

Ҳаётда нималар бўлмайди, дейсиз. Бир дўс­тим айтиб берган воқеани сизларнинг ҳукмингизга ҳавола этмоқчиман. Зора, айрим инсонлар бу ҳикояни ўқигач, ўзларига тўғри хулоса чиқариб олишар, деган умиддаман.

“Бизнинг қўшни қишлоқда чорвачилик фермаси бўлиб, жуда ҳам донғи кетган эди. Сабаби у анча каттагина ҳудудда жойлашган бўлиб, бу ерда беш-олти минг атрофида қорамол боқилар, юзга яқин инсон эса шу жойда меҳнат қилиб оила боқишарди. Бу соҳадан хабардор бўлган киши боқилаётган молларнинг сонидан ҳам унинг нечоғли катта ферма эканлигини билиши мумкин эди.

Ҳаёт одатдагидек давом этар эди. Шундай кунларнинг бирида соғин сигирлардан бири зотдор “олатов” ёзлик усти очиқ “заган”дан кечаси йўқолиб қолади. Ферма мудири барча ишчиларни тўплаб, бўлган воқеани айтиб беради. Содир бўлган ўғирликда ким айбдор?! Албатта, қоровул, чўпон, “зоотехник” ва шу каби масъуллардан яна иккиси, умумий беш кишига айб қўйилади. Улар “ўламиз Саттор кўрганимиз йўқ, бехабармиз”, деявергач, ферма мудири ноодатий бир усулни қўллайди.

— Бўлмаса қасам ичасизлар, ана шунда сизларга ишонаман, дейди. Улар ҳадик аралаш рози бўлишади. Кимдир боламдан айрилай деса, кимдир бошқа фарзанд кўрмайин дейди. Қайси бири тилдан қолай деса, қайси бири жувонмарг ўлай дейди ва ҳоказо.

Хуллас қасамни боплаб ичишади. Барчасидан хабардор ферма мудири: “Боринглар-ей, кап-катта эркаклар уялмадинглар, бир бош сигирга шунча қасам ичдиларинг. Садқаи одам кетинглар. Мен буни “исписат” ҳам қилиб юборишим мумкин эди, агар сизлар ростини айтганингизда”, — дейди хуноби ошиб. Аслида эса айнан ўша бешала шахс ўзаро олдиндан келишиб, зотдор сигирни каттагина пулга сотиб юборишган экан.

Бундан ферма мудирининг хабари, янаям тўғрироғи гумони бору исботи йўқ экан. Шу сабаб ҳам уларни қасамга таяган ва воқеага ойдинлик киритиб, сигирни жойига қўйдирмоқчи бўлган.

Хуллас, қасам ичганларнинг учаласи бизнинг қишлоқда яшарди. Қолган иккиси эса бош­­қа жойдан келиб ишларди. Бу воқеа кўп ўтмай унут бўлиб кетди, гўё. Ҳамма яна ўз иши ва ҳаёт ташвишларига кўмилиб кетади.

Аммо орадан кўп ўтмай энг олови бошланади. Қасам ичган ишчиларнинг бири юраги сиқиб, шифохонага тушиб қолади. Бир эмас, ўнта сигирнинг пули кетади. Шифокорлар текшириб кўришгач, уни узоқ хориж давлатларининг бирига жарроҳлик йўли билан даволашга юборишади. У маълум бир муддат ўтгач, қиш­лоққа қайтади. Бироқ унинг гапларига энди ҳеч ким тушунмас, гапирганда сўзлари ғулдираб чиқарди.

Шу воқеадан сўнг менда ўша қасам ичганлар ҳаётига нисбатан қизиқиш кучайди. Уларнинг ҳаётини беихтиёр кузата бошладим. Эй, тангрим! Кузакка яқин яна бирининг чопқиллаб ўйнаб юрган ўғилчаси нобуд бўлиб қолди. Бу ўша фарзандимдан айрилай, деб қасам ичганнинг фарзанди эди. Шу аснода яна орадан анча йиллар ўтди. Бошқа фарзанд кўрмайин, деган ҳамқишлоғимизга эса дарҳақиқат, бошқа фарзанд кўриш насиб этмади. Биргина қизчаси бор эди. Шу қизни вояга етказиб, турмушга узатишди. Шу билан уйлари ҳувуллаб қолди…

Қасам ичганларнинг қолган иккиси ҳам трактор билан фермага емиш олиб келишаётганда, катта каналга трактор ағдарилиб кетиб, бевақт вафот этишади.

Мана ҳозирги кунларда уларнинг деярли барчаси оламдан ўтиб кетди. Бироқ уларнинг аччиқ ҳаётларидан керакли ва тўғри хулосалар чиқариш мумкин”.

Дарҳақиқат, бунга ўхшаш воқеалар ҳаммамизнинг ҳам ён-атрофимизда учраши бор гап. Яна бир воқеани шу ўринда келтириб ўтишни жоиз деб билдим. Қишлоғимизда бир чолу кампир яшашарди. Кампирнинг кўзлари бутунлай кўрмас, чоли уни доим қаерга борса, етак­лаб юрарди. Бир куни отамдан бу кампир ёшлигидан кўр бўлганми, десам, йўқ кейинчалик кўр бўлиб қолган, дедилар. Воқеа эса қуйидагича бўлган экан:

Қишлоқда яшайдиган бир йигит уйланади. Кўп ўтмай, янги тушган келинчакнинг эри рашк қилиб, жанжал чиқаради. Жанжал шу даражага етиб келадики, ҳалиги чолу кампир (у вақтлар анча ёш бўлишган) ёлғон гувоҳлик бериб, бу ёш оиланинг бузилиб кетишига сабабчи бўлишади. Эри ёлғиз ўғлимдан айрилай деса, аёли икки кўзим кўр бўлсин, дея ёлғон гувоҳлик беришади.

Орадан кўп ўтмай ҳақиқатда ҳам ёлғиз ўғилни трактор босиб қолади. У йигит ҳам яқинда уйланган бўлиб, касби тракторчи бўлган. Тракторини таъмирлаётганда трактор ағанаб кетиб, тагида қолиб, нобуд бўлади.

Кампир эса ёлғиз ўғлининг доғида йиғлайвериб-йиғлайвериб, иккала кўзлари ҳам кўрмай қолган экан.

Шу воқеа, ҳодисалардан сўнг ўйланиб қоласан, киши. Нега айрим инсонлар бу каби ҳолатлардан, уларнинг ачинарли ҳаётидан тегишли хулосалар чиқармайди. Ўрин-ноўрин қасамлар ичаверишади. Наҳотки инсонлар ўз-ўзига бало-ю кулфатни тиллари билан сотиб олишаётганларини билишмаса?! Шу ёлғон гувоҳлигу қасамларнинг орқасидан ўзлари-ку майли, қанчалаб бегуноҳ кимсалар азият чекишини ўйлаб ҳам кўришмаса.

Ислом динида қасам ичиш кескин қораланган, хунук ҳисобланган одатдир. Ёлғон қасам катта гуноҳ саналади, иложи бўлса рост қасам ҳам ичишдан қайтарилган, зеро қасамнинг рос­ти ҳам кишининг ризқини камайтирар экан.

Демак, ўзини мўмин-мусулмон ҳисоблаган кишининг турли нарсалар номи билан қасам ичиши жуда катта гуноҳдир ва юқорида айтилганидек, умуман қасамхўрликдан йироқ бўлиш ҳақиқий инсоний фазилатлардан биридир.

Халқимиз кўп қўллайдиган “ким қилмағай-ким топмағай”, деган пурҳикмат нақли бежизга айтилмаган. Ҳар ким экканини ўради, албатта. Шундай экан, азизлар тилимизга, ўз ҳаётимизга бунчалар бепарво бўлмайлик!

Бобомурод АДИЛОВ,

файласуф,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси аъзоси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг



Source link