Monday, October 3rd, 2022

Қачонки инсон қадри устувор… – HURRIYAT


Халқимизга хос эзгу анъанага кўра, ҳар қандай катта ишни бошлашдан олдин кўпчилик билан маслаҳат қилинади. Маслаҳатлашув жараёнида жўяли таклифлар билдирилади. Қизғин муҳокамалардан сўнг кўпчиликнинг ризолиги билан якуний қарорга келинади. Бош қомусимизга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш борасида ҳам айнан шундай йўл тутилмоқда.

Амалдаги Конституция мустақиллик йилларида мамлакатимизнинг сиёсий қурилиши, ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, давлат ва фуқаронинг, жамият тузилмаларининг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларига оид масалаларни қамраб олди, барча соҳада эришилган ютуқларимизнинг ҳуқуқий пойдевори бўлиб келди. Лекин вақт деганлари югурик. Замон шиддат билан ўзгариб бораяпти. Буни ҳам ҳисобга олишимиз шарт, албатта. Асосий қонунимизни амалга оширилаётган ислоҳотларга, жамиятдаги реал воқеликка, юртдошларимизнинг онгу тафаккуридаги ўзгаришларга, ижтимоий-иқтисодий муносабатларга ҳамоҳанг тарзда такомиллаштириш ҳаётий зарурат ҳисобланади.

Бу борада дунё тажрибасига эътибор қаратсак, сўнгги 30 йилликда 90 га яқин давлатда конституциявий ислоҳотлар амалга оширилиб, улардан 53 тасида янги конституциялар қабул қилинган.

Мамлакатимизда конституциявий ислоҳотлар нима учун керак ва бу ислоҳотлар мазмун-моҳиятида қандай мақсадлар мужассам, деган савол туғилиши табиий. Охирги олти йилда жамиятимизда, том маънода, уйғониш содир бўлди, Учинчи ренессанс пойдеворига тамал тоши қўйилди.

Одамлар жамиятда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга бефарқ эмас, ўзининг муносабатини билдиряпти, таклиф-истакларини баён этаяпти. Шу нуқтаи назардан, мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида юзага келган ижтимоий муносабатларнинг конституциявий-ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш зарурияти пайдо бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари кенгашларининг 2022 йил 20 майдаги қўшма қарори билан Конституцияга ўзгартириш киритиш юзасидан Конституциявий комиссия тузилгани, Комиссия таркибига депутатлар, сенаторлар, Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан вакиллар, фуқаролик жамияти институтлари, ҳуқуқшунослар, сиёсатшунослар ва бошқа мутахассислар киритилгани эътиборга молик.

Очиқлик ва шаффофлик давлатимиз сиёсатининг муҳим шартига айланган бир пайт­­да Конституциямизга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш жараёни ҳам тўлиқ очиқлик ва шаф­фофлик шароитида ўтаётганини алоҳида   таъкид­лаш жоиз.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар “Менинг конституциям” платформасида қабул қилинмоқда. Фуқаролар ўз фикр -мулоҳазаларини нафақат онлайн платформага, балки маҳаллалар, халқ депутатлари кенгашлари, 1341 call-маркази, почта, шу жумладан, электрон почта ҳамда телеграм махсус боти — @meningkonstitutsiyam_bot орқали юбораётгани ва ҳар бир таклиф алоҳида ўрганиб чиқилаётгани, шунингдек, таклиф муаллифига миннатдорлик билдирилиб, жавоб қайтарилаётгани ҳам чинакам халқ конс­титуциясини яратиш борасидаги азму қарор эканлигидан далолатидир. Шу ўринда онлайн платформага эътибор қаратсак, унда билдирилган ҳар бир таклифга кенг жамоатчилик томонидан муҳокама қилиниб, ўз муносабатларини баён этиш имконияти яратилгани ҳам жараён тўлиқ демократик тамойилларга мувофиқ ўтаётганини англатади.

Конституциявий комиссияга қисқа муддат ичида 64 мингдан зиёд таклифлар келиб тушгани ҳам кўрсатиб турибдики, юртдошларимиз бу ислоҳотларга беэътибор эмас, яъни улар ҳар бир модда бўйича ўз таклифларини билдирмоқда. Энг муҳими, юртдошларимизнинг конституциявий ислоҳотлар моҳиятини анг­лашга иштиёқи жуда баланд.

Албатта, шу пайтга қадар Конституцияга бир неча бор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган. Лекин улар асосан давлат ҳокимияти фаолиятига дахлдор бўлган. Ҳозирги киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар эса инсон қад­ри учун деган ғоя мужассам экани билан аҳамиятлидир. Яъни таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолати назарда тутилмоқда. Илгари амалда бўлиб келган “давлат — жамият — инсон” тамойилини “инсон — жамият — давлат” тамойилига ўзгартириш зарурияти конститу­циявий ислоҳотларнинг муҳим асосидир.

Демак, инсон, унинг ҳаёти, қадр-қимматини улуғлаш ва буни Конституциянинг бутун руҳига сингдириш, ҳар бир моддасида акс эттириш мақсад қилинган. Шундагина Бош Қомусимиз, чиндан ҳам, халқ Конституцияси бўлади. Яъни Президентимиз алоҳида таъкидлаганидек, бу ишлар ўзимизни кўз-кўз этиш учун эмас, балки халқнинг фаровон ҳаётини таъминлаш, эртага ҳар бир юртдошимиз Конституция билан фахрланиши, “Бу менинг Конституциям” деб ғурурланиши учун амалга оширилаётганини англашимиз зарур.

Биргина мисол, Францияда одамлар “Менинг Конституциям” деб фахрланади. Чунки Конституция уларнинг ҳуқуқларини кафолатлайди, улар конституциявий эркинлик доирасида, конституциявий кафолатлар доирасида эркин, бахтли яшайди.

Эътибор берган бўлсангиз, конститу­циявий ислоҳотлар бўйича билдирилган кўп таклифларда айрим жиноятларга нисбатан ўлим жазосини тиклаш ҳам билдирилди. Давлатимиз раҳбари Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувида ўлим жазосини бутунлай бекор этишни Конституцияда ҳам муҳрлаб қўямиз, деди. Юртимизда анча йиллар илгари бекор қилинган ўлим жазоси энди ҳеч қачон қўлланилмаслиги Конституция билан ҳам кафолатланмоқда. Бу инсонпарварлик ўзбек халқи учун энг катта қадриятлардан бири эканлигини, Янги Ўзбекистонда инсон қадри ҳамма нарсадан устун эканлигини яна бир бор яққол намоён этмоқда.

Маълумки, шахсни гумонланувчи тариқасида 48 соатдан зиёд ушлаб турмаслик тўғрисидаги норма махсус қонунларимизда белгилаб қўйилган. Бироқ бу қонунларни фақат шу соҳа мутахассислари, юристлар билишади. Кенг жамоатчилик билмайди. Чунки Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси ўқитилмайди, ўргатилмайди. Конституция эса мак­табгача таълим муассасаларидан тортиб, умумий ўрта ва олий таълим дастурларига ҳам киритилган, яъни ҳар бир қоидаси ўқитилади, ўргатилади. Агар Конституциямизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларига доир мана шундай нормалар белгилаб қўйилса, боғчадан, мактабдан ҳар бир шахс ўз ҳуқуқларини тўла анг­лай бошлайди.

Яна бир муҳим таклиф: Конституцияга Ўзбекистон ижтимоий давлат деган норма киритилиши билан боғлиқ. Ижтимоий давлатнинг функциялари ўзига хос бўлиб, аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, ишсизликка қарши курашиш, ёш тадбиркорларга ёрдам кўрсатиш, аҳоли даромадларининг доимий ўсишини қўллаб-қувватлаш, таълим, соғлиқни сақлаш ва маънавий-маданий ривожланишни таъминлаш, жамиятдаги ижтимоий тенгсизликни юмшатиш, ижтимоий суғурта тизимини кенг йўлга қўйиш, имтиёзларни қайта тақсимлаш орқали муносиб турмуш шароитини яратиш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш шулар жумласидандир.

Гарчи шу пайтга қадар “ижтимоий давлат” тушунчаси Асосий қонунимизда ўз аксини топ­маган бўлса-да, мамлакатимизда сўнгги йилларда олиб борилаётган халқчил сиёсатнинг мазмун-моҳияти ана шу тамойилга тўлиқ мос келади. Давлат бюджетининг қарийб 50 фоизи ижтимоий соҳага йўналтирилгани, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” каби ижтимоий ҳимоянинг кафолатли тизими яратилгани туфайли эҳтиёжманд, кам таъминланган ва кўмакка муҳтож оилалар, хотин-қизлар ва ёшлар турмуш тарзида туб ўзгаришлар кузатилмоқда.

Биз бозор иқтисодиётига ўтганмиз, шунга қарамасдан аҳолининг кам таъминланган қисмини давлатимиз ўзининг ҳимоясига олиши бўйича тегишли чора-тадбирларни кўраяпти.

Ижтимоий давлатда жамиятнинг ҳар бир эҳтиёжманд аъзосини ҳеч истисносиз ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш тизими қарор топади, давлат фуқаролар фаровонлигининг муайян даражаси учун масъулиятни ўз зиммасига олади. Ижтимоий давлатда ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий муносабатлар юқори даражада ривожланган бўлиб, унинг мақсади инсоннинг шахс сифатидаги имкониятларини тўла рўёбга чиқариш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳар томонлама таъминлашдан иборат бўлади. Бу моҳиятан давлатнинг ўз фуқароларига нисбатан ижтимоий ғамхўрлигини назарда тутади. Бу вазифа масъулият ва мажбуриятга айлансагина, давлат ижтимоий давлатга айланади.

Юртимизда оилага алоҳида эътибор қаратилади, қадрият сифатида эъзозланади. Шунга қарамай айрим тоифалар, гуруҳлар азалий қад­риятимиз бўлган, муқаддас қўрғон ҳисоб­ланган оилани бузишга қаратилган ҳаракатларни зимдан бошлаган эди. Ҳатто бир жинслилар ўртасидаги никоҳ ҳақида бемаъни гаплар айтилаётганди. Амалдаги Конституциямизда “Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади” деб ёзиб қўйилган. Президент томонидан билдирилган “Оила эркак ва аёлнинг эркин танлови асосида қурилади” деган таклифнинг Асосий қонунимизда акс этиши эса бу масалага узил-кесил нуқта қўяди. Яъни бир жинслиларнинг оила қуриши муҳокама ҳам этилмайди.

Инсон бу дунёга келар экан, у муносиб ҳаёт тарзида, ўзига қулай шароитда яшаши керак. Давлат инсоннинг фаровон яшашини кафолатлаши ва бунга имкон яратиб бериши зарур. Бу Конституцияда акс этиши ва ижтимоий давлатнинг фуқаролари олдидаги асосий вазифалари аниқ белгилаб қўйилиши адолатдан бўлади.

Инсон ҳуқуқлари орасида энг асосийларидан бири, бу шубҳасиз, сўз ва матбуот эркинлигидир.

Фуқароларнинг ахборот олиш ва тарқатиш эркинлиги борасидаги ҳуқуқларини янада мус­таҳкамлаш — Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси еттинчи йўналишининг дастлабки ва муҳим мақсади сифатида белгиланган. Бундан шуни англаш мумкинки, биз яшаётган глобаллашув ва ахборот асрида ҳаётимиз, жамият тараққиёти, мамлакат равнақи замонавий медиамакон ва ахборот-коммуникация технологиялари, оммавий ахборот воситалари фаолияти билан ҳам чамбарчас боғлиқ.

Техника ва технологиялар тараққиёти жамиятда ахборотнинг аҳамиятини янада оширди. Ахборот барча соҳага чуқур кириб боргани, инсон ва жамият ҳаётига таъсири мисли кўрилмаган даражада ортгани, ўз навбатида, уларни тартибга солиш заруратини ҳам юзага келтирди.

Мамлакатимизда оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар фуқароларнинг ахборот соҳасидаги ҳуқуқини янада рўёбга чиқариш учун имкон яратиш, ОАВларнинг давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини таъминлаш борасидаги ролини кучайтиришга хизмат қилади.

Асосий қонунимизнинг 30-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахслари фуқароларга уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор бўлган ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиб чиқиш имкониятини яратиб бериши лозим” деб қайд этилган. Лекин биз амалиётда учратиб турибмизки, нафақат ҳар бир фуқаро, ҳатто журналист ҳам давлат органидан ёки мансабдор шахсдан ўзини қизиқтирган ахборотни олишда муаммога дуч келяпти. Демак, шу нормани янада мустаҳкамлаш мақсадида Конститу­циянинг 67-моддаси (“Оммавий ахборот воситалари эркиндир ва қонунга мувофиқ ишлайди. Улар ахборотнинг тўғрилиги учун белгиланган тартибда жавобгардирлар. Цензурага йўл қў­йилмайди”)га оид қўшимча айрим таклифларни илгари сурмоқчимиз.

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президентининг яқинда имзоланган “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида Ўзбекис­тон Журналистлар уюшмасига ҳар йили Матбуот ва оммавий ахборот ходимлари куни арафасида мамлакатимизда ОАВларнинг ҳолати бўйича Миллий маърузани тақдим этиш вазифаси қўйилди.

Шундан келиб чиқиб, Конституциянинг 67-моддаси 3-қисмида “Ҳар йили мамлакатда ОАВ, сўз ва матбуот эркинлиги ҳолати юзасида Олий Мажлис Сенатига Миллий маъруза тақдим этилади” деган норма киритилишини таклиф этамиз.

Амалдаги Конституцияга мувофиқ қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига Ўзбекистон Респуб­ликаси Президенти, ўз давлат ҳокимиятининг олий вакиллик органи орқали Қорақалпоғис­тон Республикаси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди, Олий суди, Бош прокурори эга. Эндиликда бу ҳуқуқ фуқароларга, яъни халққа ҳам бериляпти. Агар фуқаролар юз мингта овоз тўпласа қонунчилик ташаббусига эга бўлади ва мана шу қонун нормасини тақдим қилиши мумкин. Бу ҳам инсон қадри ва халқ Конституциясини назарда тутадиган норма сифатида талқин этилади.

Айни пайтдаги конституциявий ислоҳотларда ҳаётимизнинг барча жабҳалари, жиҳатлари қамраб олиняпти. Инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият сифатида яхлит кўринишда Конституцияга киритилаётган ўзгартишларда ўзининг аксини топиши назарда тутилмоқда.

Конституциявий ислоҳотлар жараёни журналистлар олдига шундай вазифаларни қўймоқдаки, Асосий қонунга киритилаётган ҳар бир ўзгартиш ва қўшимчаларни аҳоли, ҳар бир шахс тўғри тушунган, англаган ҳолда, эртага ўз келажаги учун овоз бераётганини билиши учун журналистлар бу жараённи кенг ёритиши, тарғиб этиши лозим. Яъни журналистлардан бу жараёнда янада фаол бўлиши, таклиф қилинаётган ҳар бир нормани экспертлар, мутахассислар иштирокида шарҳлаб бориши, одамларга тушунтиришлари зарур. Масалан, ҳар бир норма, банд оддий бир инсон ҳаётида қандай аҳамият касб этишини тушунтиришлари жуда ҳам муҳим.

Журналистларни жамиятда бир қадам олдинда юриши керак, дейишади. Айни ислоҳотлар жараёнида биз чиндан ҳам бошқалардан кўра бир қадам олдинда юришимиз талаб этилмоқда.

Очиғини айтганда, юқорида таъкидлаганимиздек, аввал ҳам конституциявий ислоҳотлар бўлган, Асосий қонунимизга ўзгартиришлар киритилган, лекин бирон марта бугунгидек кенг муҳокама этилиб, Конституциявий комис­сиянинг ҳар бир мажлислари тўғридан-тўғри эфирларга берилмаган эди.

Жамиятнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашда журналистларнинг хизмати, улуши жуда катта. Энг асосийси, Конститу­циямизга ахборотнинг эркинлигини реал таъминлайдиган нормаларни киритиш керак. Ҳозир интернетдан эркин фойдаланиш ҳақида фикрлар билдириляпти. Замонавий кўринишдаги воситалар орқали ҳам ахборотдан эркин фойдаланиш ҳуқуқини таъминлаш ахборот олиш нуқтаи назаридан жуда ўринли.

Яна бир таклиф: Конституциядаги фуқаро атамасини ҳам кўриб чиқиш зарур. Бу сўз араб тилидан олинган бўлиб, ўзбек тилида фақир, камбағал деган маънони билдиради. Совет даврида ишлатилган гражданин атамаси тўғридан-тўғри таржима қилиниб, фуқаро атамаси танлаб олинган. Биз энди фақирлар мамлакатида эмас, аксинча, инсон қадри улуғланган юртда яшаётганимизни эътироф этиб, шунга монанд, дейлик, ватандош атамасини кўриб чиқишни таклиф этамиз. Тасаввур қилинг, ёнингизга ички ишлар ходими келиб, “Ҳурматли ватандош” деб муроажаат қилса, қандай яхши бўларди. Дарвоқе, шунга ўхшаш амалиёт Туркия ва Озарбайжонда, қўшниларимиз Қозоғистон ваТуркманистонда қўлланилмоқда.

Жаҳонда эътироф этилган демократик мезонларга кўра, матбуот эркинлиги фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар орасида алоҳида аҳамият касб этар экан, ахборотни тарқатиш билан боғлиқ жавобгарлик масаласини ҳам Конституциямизда белгилаб қўйиш мақсадга мувофиқ бўлур эди. Зеро, бу амалиёт дунё мамлакатлари тажрибасида мавжуд.

Шунингдек, Асосий қонунимизга ҳеч бир давлат органи сўз ва матбуот эркинлигига дахл қилувчи норма қабул қилишга ҳақли эмас, деган қоида ўрнатилиши ҳам демократик талаб­ларга мувофиқдир. Хабарингиз бор, қонунларимизда Ўзбекистон Республикаси фуқароси республика ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш ҳуқуқи назарда тутилган. Шунга қарамасдан биргина давлат органи томонидан қабул қилинган Тошкентда “прописка” тўғрисида Низом амалда бу нормани йўққа чиқарганди. Йиллар давомида бу қанчадан-қанча истеъдодли ёшлар, иқтидорли мутахассислар йўлига тўғаноқ бўлиб келди.

Шундай экан, Бош қомусимизга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши давлат ва жамият, ҳар бир юртдошимизга дахлдор бўлган муҳим жараён ҳисобланади. Унда фаол иштирок этиш ва ўз таклифларимизни билдириш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

Олимжон ЎСАРОВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг



Source link