Saturday, January 28th, 2023

Қаҳрамонларимизни биламизми? – HURRIYAT


Журналист мавзуни қаердан олади? Албатта, ҳаёт қайнаб турган жабҳалардан-да!  Бу йил Сирдарёда республикамиз бошкенти — Тошкентдан ташриф буюрган бир гуруҳ ёзувчи ва шоирлар, олимлар, театр ва кино санъати намояндалари, машҳур хонандалар иштирокида “Маънавият фестивали” бўлиб ўтди. Аҳли сирдарёлик ойдинларимизнинг чиқишларидан баҳравор бўлди. Мана шу фестиваль доирасида  “Ўзбекистон қаҳрамонлари” китобининг тақдимоти ҳам ташкиллаштирилди. Ушбу тадбирда вилоятимиздан Ўзбекистон Қаҳрамони юксак унвонига мушарраф бўлган замонамиз қаҳрамонлари ҳам иштирок этишди. Улар минбарга кўтарилиб, Ўзбекистоннинг келажаги бўлган ёшларга мотивация бердилар. Залда ўтириб каминада, ёшларимиз қаҳрамонларимизни билишадими, деган фикр  хаёлимдан “ялт” этиб  ўтди ва мана шу мавзуни ўрганиб, матбуотга олиб чиқишни кўнглимга тугиб қўйгандим.

Шу ўринда мазкур китобга эпиграф қилиб олинган Президентимизнинг қуйидаги сўзларини келтиришни жоиз деб билдим: “Бетак­рор юртимизга, олижаноб халқимизга садоқат билан хизмат қилиш барчамизнинг шарафли ва муқаддас бурчимиздир”.

Ўзбекистон қаҳрамонлари ана шундай юрт равнақига муносиб ҳисса қўшганликлари туфайли кўксиларини олтин юлдуз безаб турибди.

Бугунги кунгача ўзининг шарафли меҳнати билан элда эъзоз топган қаҳрамонлар сони 103 нафарни ташкил этмоқда. Уларнинг 3 нафари эса сирдарёлик ишлаб чиқариш ва таълим илғорларидир. Хўш, ўсиб келаётган ёш авлод қаҳрамон ота-боболари, момоларини биладими?

Мавзуни ўрганиш мақсадида Гулис­тон шаҳри ва Оқолтин туманидаги бир неча умумтаълим ҳамда ҳунар мактаб­лари ўқувчилари билан мулоқотда бўлдик. Сўровномалар тарқатиб, жавоблар олдик. Афсус-надоматлар бўлсинки, ёш авлоднинг бу борадаги билимлари ҳаминқадарлиги ойдинлашиб қолди. Тўғри, уларни: “Мамлакатимиздаги барча Ўзбекистон қаҳрамонларини нега билмайсан?” деб айблаш тўғри эмасдир. Қаҳрамонларсиз ҳам ўқувчиларнинг юкламаси тўлиб-тошиб ётибди. Бироқ ўзлари билан бир вилоятда яшаб, бир ҳаводан нафас олаётган қаҳрамонларни билмаслик маънавиятсизлик деймизми, лоқайдлик деймизми, ўзингиз баҳо бераверинг. Ўқувчилар билан учрашув чоғида шу нарса аён бўлдики, ҳатто устоз-ўқитувчилар ҳам Сирдарё заминидан етишиб чиққан Ўзбекистон қаҳрамони юксак унвонига сазовор бўлган юртдошларини билмасликлари  аён бўлиб қолди.

Биз мактабда ўқиган кезларда тасиб оладиган қаҳрамонларимиз бўларди. Уларнинг таржимаи ҳолларини ўқиб ўрганардик. Ўшалардай бўлишга ҳаракат қилардик. Мактаб залларида ўз замонининг қаҳрамонлари дарж этилган стендлар бўларди. Қолаверса, ҳар бир мактаб миллатимизнинг йирик бир намояндаси номи билан аталарди. Масалан, мен таҳсил олган Ховос туманидаги мактаб Бобур мирзо номи билан номланарди. Ўшанда миллатимизнинг буюк сиймоси ҳаёти ва ижоди билан яқиндан танишиш мақсадида “Бобурнома”ни ўқиб чиққанлигим рост. Кейинчалик қайси бир “доно” раҳбарнинг ташаббуси билан мактаблардаги номлар олиб ташланди. Бизнингча, бу нотўғри қадам бўлди. Жилла қурса, ўқувчилар мактаблари номланган инсон ҳақида нималарнидир ўрганардилар, фахрланардилар. Мана, ижод мактабларининг номлари машҳур шоир ва адиблар номи билан аталаяпти-ку! Мазкур мактабларда таҳсил олаётган ўғил-қизлар таълим муассасалари номланган адиб­лар ҳаёти ва ижоди билан яқиндан танишмоқдалар, ғурурланмоқдалар.

Биз сўровга тортган “Сирдарёлик қаҳрамонларни биласизми?” деган саволга респондент-ўқувчиларнинг минг афсуски, 90 фоизи “Билмаймиз”,— дея жавоб беришган. Бироқ 10 фоиз ўқувчилар, улар асосан қизлар,  “Зулфияхоним” жавобини пешкаш қилишган. Чунки уларнинг бари Зулфия номидаги давлат мукофотини олишга даъвогардирлар. Демак, биз ўқувчиларнинг сирдарёлик қаҳрамонларни билишлари учун ҳам мотивация беришимиз керак. Масалан, барча мактабларда “Сирдарёлик Ўзбекистон қаҳрамонлари” бурчакларини ташкил этиш жоиз. Улар билан мактабларда, бошқа таълим-тарбия муассасаларида, жамоат ташкилот ва корхоналарида учрашувлар ўтказиш даркор. Яна “Заковат” клуби закийларининг баҳсларида сирдарёлик қаҳрамонлар ҳақида саволлар берилса, айни муддао бўларди. Қолаверса, ҳар бир мактаб кутубхонасига “Ўзбекистон қаҳрамонлари” китобидан бир нусха совға қилинса, ўқувчилар ўз қаҳрамонларини яқиндан таниб олармиди?! Бу муаммони ҳар бир вилоят ўз кесимида ҳал қилса, олам гулистон.

Сирдарёликлар вилоятдан чиққан биринчи Ўзбекистон Қаҳрамони, қурувчи Анвар Қурбонов, фидойи ўқитувчи-раҳбар Саме Саматов (Аллоҳ раҳматига олган бўлсин), Сирдарё ИЭСнинг собиқ бош директори Мирзаҳмад Шаимовларни, уларнинг эл-юрт учун қилган меҳнатлари ҳақида билишлари жоиз эмасми? Ахир, ўсиб келаётган ёш авлодни ватандошларимизнинг яратувчилик, ижодкорлик, бунёдкорлик фазилатлари руҳида тарбиялаш биз, катталарнинг муқаддас бурчимиздир.

Муҳаммадали АҲМАД

Янгиликларни дўстларингизга улашинг



Source link