Thursday, January 26th, 2023

Қаҳратон қишнинг қиличи ёхуд эътирозларга қандай жавоб берилмоқда? – HURRIYAT


Қиш қишлигини қилади. Совуқ тушиб, кетма-кет ёмғирлар қорга айланиб, йўллар музгалакка дўниши янгилик эмас. Ўзи шундай бўлиши ҳам керак-да. Ҳар фаслнинг ўз хислати, ўз фазилати бор деганларидек, бу йилги қиш фасли ҳам оппоқ қорлар билан бошланди…

Бундан айниқса болажонларнинг қувончи чексиз. Улар қордан Қорбобо ясаб, Янги йилни интиқ бўлиб кутишаётгани-чи…

Деҳқонларнинг ҳам кайфияти кўтарилди: қор мўл ёғса, бу — барака.

Ҳа, қурғоқчиликдан асрасин.

Буларнинг бари яхши. Аммо қишнинг совуғи кўп муаммоларни ҳам ҳар доимгидек, кўндаланг қўйди. Аҳолига газ етказиб беришнинг даражаси ёмонлашди. Электр узилишларидан энди халос бўлдик, деб ўйлаганлар тил тишлаб қолишди. Айниқса, чекка туманларда на газ бор, на электр токи кўнгилдагидек бўлмагач… Яна автотранспорт воситаларига метан-газ шохобчаларидаги аҳволни кўриб, маймунлар ҳам йиғлаб юборган бўлса керак: куннинг шу совуғида тонггача йўқ метан-газга километрлаб чўзилган нав­батлар…

Буларнинг бари одамларни қанчалар қийнаётгани сир эмас. Афсус.

Президентимиз халқни рози қилиш, эртага, яқин келажакда эмас, одамлар бугун фаровон яшашга ҳақли деб турсалар-у, тегишли мутасаддилар ўз вазифаларига совуққонлик қилсалар, нима дейиш мумкин?

Шу боис бир неча кундирки, ижтимоий тармоқлардаги “оҳ-воҳ”лар кучайгандан-кучайиб бормоқда. Бугун ижтимоий тармоқлар, интернет нашрлари ва турли телеграм саҳифалари ана шу қишки аҳвол ҳақида бонг ураётган юртдошларимизнинг мурожаатлари билан тўлиб-тошган десак муболаға бўлмайди.

Журналист Рўзибой Қўлдошев Facebook тармоғидаги ўз саҳифасида шундай ёзди: …Вазиятдан чиқиш учун автомобилларга газ қуйиш шохобчаларини ёпиб, газ таъминотидаги муаммога ечим изланмоқда. Шу билан бирга болалар боғчалари ва мактаб ўқувчиларини   таътилга чиқариш керак, ана ўшандаям газ ва электр энергияси тежалади, деган таклифлар айтиляпти. Ҳолбуки, қиш энди бошланди. Қиш бўйи юқоридаги таклифлар бўйича яшаймизми? Электр энергияси ва газ таъминоти идоралари масъуллари шу пайтгача қиш ғамини емаган бўлса… Нега, нодон кадрларнинг билимсизлиги учун оддий халқ жабр кўриши керак ? Нега?

Ушбу тармоқда Шоҳруза Сатторова эса шундай пост қолдирган:

Бутун бошли Республика ёз бўйи ниманинг ғамини ейди, ҳайронман. Aқлимни танибманки, об-ҳавонинг бирор-бир ўзгаришига тайёр бўла олмайди. Иссиқ бўлса ҳам бир бало, совуқ бўлса ҳам. Иссиқ бўлса, ҳавонинг қуруқлигидан нафас олиб бўлмайди, ёмғир ёғса, кўчалар дарёга айланади, қор ёғса – ҳар метр муз майдони.

Бир кунгина қор ёғди ҳали, икки-уч кундан бери совуқдир, лекин кўчадаги аҳволни қаранг?! Йўллар юриб бўлмас даражада. Газ қуйиш шохобчалари ёпилган, такси икки-уч баробар қиммат. Ўлай-ўлай деб турган жамоат транспорти оралиқ интервали чўзилганмиш.

Хонадонлардаги аҳволни эса айтиб бўлмайди. Янгийўлда тураман, газ йўқ, уйни иситай деса ток пастлигидан электр плиталар ишламайди, овқатни ўчоқда қиляпмиз, уйлар муз бўлиб ётипти…

Бундай ачинарли, аччиқ гаплар минг-минглаб ёғдириляпти десак, хато бўлмайди.

“Электр, газни чеклаяпсиз, чидаяпмиз! Метангазли мошинлар сарсон, энди АИ-80 бензингаям чек­лов қўймоқчисиз?”

Ижтимоий тармоқдаги бу заҳархандали пост эса журналист Норқобил Жалилга тегишли.

Ҳа, муаммо чиндан ҳам ташвишланарли. Наҳотки, унинг ечими бўлмаса? Наҳотки, имкон бор-у, узоқ йиллардан буён деярли бир хил ҳолга тушиб қолган коммунал соҳадаги бундай аҳволни ўнглаш учун тегишли ташкилотлар ўз вақтида чора-тадбир кўришни “ёдларидан чиқараверишади?”

Таниқли диний уламо Мубашшир Аҳмад бу ҳақда Telegramдаги каналида айрим таклиф ва мулоҳазаларини қуйидагича баён этади:

– Электр ва газ бизда 30 йилдан бери ечилмас муаммо. Лекин нега шундай қийинчилик ва муаммода эканимизни билмайман. Қанча газ ёки электр керагу, ҳукумат нега булар билан таъминлай олмаётганини тушунмайман. Кичик ва ночор бир рўзғорда ҳам муаммолар аста-секин ечилади. Лекин катта ва энергия ресурсларига бой мамлакатда бир неча ўн йиллардан бери бу масала нега ҳал этиб бўлмаётганини англамайман.

Совуқ хонада тонг оттириш нима эканини эса биламан. Тана ҳолсизланиб, совийдиган, шу сабабли ташқаридан иссиқликка муҳтож бўлган қари ва хасталарнинг ҳолларини яхши тушунаман. Қоронғида дарс тайёрлай олмаётган авлод келажагини, метан-газ заправкаларида вақтлари увол бўлаётган аҳоли дардларини яхши ҳис қиламан. Буларни шунинг учун ёзяпман.

Демакки, муаммо бор, ечим йўқ экан (ҳукуматда), келинглар масалани оммага ошкор қилайлик. “Аҳолимизга қанча газ ва қанча электр керак, шундан қанчасини ҳукумат етказа олади ва қолганини қай йўл билан ҳосил қилиш мумкин?” Шу каби саволларга жавобларни ҳамма билсин ва ҳамма бош қотирсин. Чунки нон каби зарур бу эҳтиёжларни халқ ҳар йили умид билан кутади.

…Агар газ ва электр муаммосига шу сабаб бўлса, нархни кўтарган яхши эмасми? Йўқ нарсани арзонга ишлатгандан кўра, бор нарсани қимматга ишлатган маъқул-ку. Имкони йўқлар имкони қадар иқтисод қилиб ишлатар эди…

Хуллас, юқоридагидек фикр ва мулоҳазалар кам эмас. Иқтисодчи Отабек Бакиров “муаммонинг илдизи бозор йўқлиги билан боғлиқ”, деб ҳисобласа, яна бир юртдошимиз Азиза Қурбонова “ҳатто Тошкент шаҳрида ҳам газ муаммоси юзага келгани” ҳақида ташвишланиб ёзади.

Хўш, нима қилмоқ керак?

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари – энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов энерготаъминотдаги узилишлар юзасидан изоҳ берди. Унинг сўзларига кўра, ҳозирги об-ҳаво шароити жиддийроқ талафотларнинг олдини олиш мақсадида режали чекловлар ўрнатишни тақозо этмоқда.

“Бизнинг вазифамиз – одамларимизни хонадонида газ билан таъминлаш, шунингдек, табиий газ ёрдамида иссиқлик электр станцияларида электр энергия ишлаб чиқариб, электр энергия етказиб беришдир.

Тўғри, эътирозлар бор. Ҳаммага ҳам етиб бормаяпти, жуда кўп ўчишлар бўляпти. Биз буни тан оламиз, ҳеч ким инкор этмаяпти. Шу об-ҳаво ша­роитида режали чекловлар киритган ҳолда (вазиятдан) чиқиб кетмасак, эртага бундан-да жиддийроқ талафот бўлиши мумкин. Шунинг учун бундай кескин чоралар кўришга мажбурмиз”, – деган вазир.

Аҳвол тез кунларда ижобий томонга ўзгаришига шубҳа йўқ, деган умиддамиз. Чунки ОАВ ва ижтимоий тармоқларда ҳукуматимиз томонидан қиш кунларидаги ҳозирги аҳволни яхшилаш бўйича чора-тадбирлар кўрилаётгани айтилмоқда.

Яхши умиддамиз, албатта.

Камолиддин РЎЗИМАТОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг



Source link