Sunday, December 4th, 2022

Ҳазилдан… ўт чиқдими?


Пойтахтимизда метро бекатларидан бирига киришдаги назорат ўтказиш жойида назоратчиларга сумкасида бомба борлигини айтиб ҳазиллашган қиз 5 суткага қамалгани ҳақидаги хабар кўпчилик юртдошларимизда турли баҳсмунозараларга сабаб бўлди. Кўрилган жазога ҳам эътирозлар оз эмас. Ижтимоий тармоқларда билдирилаётган юзлаб муносабатлардан шуни билиш мумкин. Мен ҳам кўпгина эътирозларда жон бор деб ўйлайман. Негаки, ўзим ҳам метро хизматидан кўп фойдаланганлигим боис метрога киришдаги текширувларни жуда яхши биламан ва кўп ҳолларда фақатхўжакўрсинга текширилади, деб ҳисоблайман.

Кузатган бўлсангиз, метро назоратчилари кираётганларнинг фақатгина сумкасини текширишади? Ишлаб-ишламай қоладиган қўлдаги мобил текширув қурилмасини одамларнинг сумкасига номигагина теккизиб қў­йишади, холос. Ахир, портловчи модда Худо кўрсатмасинку-я фақат сумкада бўладими? Бу манзилига шошаётган одамларнинг қуруқ вақтини олишдан бошқа нарса эмас. Демак, ҳазиллашганми, жаҳл устида айтганми, юқоридаги жазога тортилган қизга бундай чора қўлланилмаслиги керак эди. Кейин…ҳазил-мутойибага мойил элмиз. Ўша қиз ҳам, шунақа одамнинг фарзанди бўлгани учун эҳтимол, назоратчиларни ўзига яқин олиб, ҳазилга журъат қилган бўлса, қайта текширувдан ўтказиш, шунчаки танбеҳ билан кифояланиш лозим эмасмиди?

Мана, қизнинг жазога тортилгани ҳақидаги хабар, метро бекатларидаги назоратчилар билан ҳазиллашманг, деган гапга ишора эканлигидан бутун дунё хабардор бўлди. Метрога кираётган одамларни текшириш шунчалик шарт ва зарур экан, назоратни рисоладагидек ташкил этиш керак эмасми?

Умуман, биз қайси асрда яшаяпмиз ўзи?! Баъзи бир давлатлардагидек, уч-тўрт қаватли метро йўналишларига эга эмасмиз. Аммо назорат керак, тўғри. Лекин назорат учун метрополитенга каттакон бўлганлар бугун ҳудди аэропортлардагидек йўлакли назорат эшикларини, юк текширадиган сканерли махсус ускуналарни харид қилиши, эл учун ўрнатиши мумкин эмасми? Ахир бундай жиҳозлар бугун айрим идораларда ҳам ўрнатилган-ку!

Очиғини айтганда, юртимизда транспорт тизими фаолиятини янада жонлантириш, янги имкониятларни ишга солиш вақти етди. Йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини бошқа тармоқларда ҳам ошириш керак. Айтайлик, вилоятларга қатнаётган йўловчи поездларнинг вагонлари худди шалдироқ аравага ўхшайди.

Майли, бу алоҳида мавзу.

Умид қиламизки, одамларнинг фикрларини инобатга олиб, ўйламай гапирган (биз метро назоратчиларини қўрқитиб юборган йўловчи қизнинг гапини асло оқламоқчи эмасмиз) юқоридаги қизнинг жазосини енгиллаштириш, балки белгиланган тартибда жаримага тортилганининг ўзи етмасмиди? Яна талаба қиз экан. Чунки қамоқ билан, гарчи қамоқ беш кунликми, беш йилликми, инсонни тарбиялашда катта мактаб эканлигини ҳозирча эшитганимиз йўқ…

Умуман битта гапни ўйламай гапириб юборган юртдошимизни шу даражада “хавфсизликка таҳдид” деб ҳисоблаш, мамлакатимизгагина эмас, балки бутун дунё­­га шов-шув қилиш керакмиди?

Бир кинода “ёмонам хавфли душманни” ушладик-да деб, бир қуёнчани қўлга олишади. Чунки шалпангқулоқ қуён сабзи­пояни роса пайҳон қилаётган бўлади-да.

Худога шукур, юртимиз тинч. Дунё бўйлаб сайёҳларни чорлаб турибмиз. Энди шундай вазиятда битта гапга шунча ғалва сал ортиқчароққа ўхшаб қолди.

Камолиддин РЎЗИМАТОВ



Source link