“Дукчи Эшон изидан…”
Азиз муштарийлар!
Сизу бизга тарихий манбалардан аёнки, “Андижон қўзғолони” номини олган халқ миллий озодлик ҳаракати юз берганлигига келгуси 2023 йил 125 йил бўлади.
Ушбу сана олдидан тарихий ҳақиқат ва адолатни қарор топтириш мақсадида бир неча бор халқаро илмий экспедиция ташкил этилиб, дўст ва қардош Тожикистон Республикаси Душанбе шаҳрининг Тавилдара (ҳозирги Сангвор) ноҳияси “Лайрони боло” қишлоғида бўлиб, Мингтепа фарзанди, истиқлол ва ҳуррият курашчиси, Муҳаммадали Эшон Собир Халфа ўғли — Дукчи Эшон ҳазратларининг бугунги кунда яшаб келаётган авлодлари билан учрашиб, суҳбат қуриб, эшоннинг тақдири ва ҳаётига дахлдор муҳим тарихий ҳужжатлардан нусхалар олишга муяссар бўлинди. Ул зотнинг чор Россияси мустамлакачилари томонидан осиб ўлдирилгани ҳақидаги маълумотлар ҳақиқатдан йироқлиги ва Эшоннинг кейинги тақдир ажойиботлари (“Hurriyat” газетаси 2022 йил, 21 сентябрь, 37-сон) хусусида интернет саҳифаларида ҳамда севимли газетамиз “Hurriyat”да асосли материаллар билан ёритилиб келинаётганидан хабарингиз бор.
Мана шу эзгу ва савобли ишни ниҳоясига етказиб, авваламбор, сиз муштарийларни ва кенг аҳоли оммасини хабардор этиб, Янги Ўзбекистон миллий давлатчилик тарихининг яқин ўтмиши билан боғлиқ саҳифаларини ёрқин мисоллар билан асослаб бериш учун навбатдаги сафаримиз шу йилнинг 12-19 сентябрь кунлари Тожикистон Республикаси пойтахти Душанбе шаҳрида кечди. Бундан кўзланган асосий мақсад, юқорида айтганимиздек, бобомиз Дукчи Эшон ҳақида бугунги кунга қадар турли манбалар ва адабиётларда қайд қилинган асоссиз, бирёқлама, турли “бўёқлар” билан суғорилган ва ўтмишдаги ҳукмрон ғоя ва мафкуралар таъсирида ёзилган нохолис фикрларнинг асоссизлигини очиб ташлаш ва исботлашда давом этмоқ эди.
Ана шу ниятда Душанбе шаҳар Темирйўлчилар райони, Гулобод маҳалласи (аввалги Мирзабек посёлкаси), 2-кўча, 44-45-46-хонадонларда яшаб келаётган Дукчи Эшон авлодлари ва фидойи фаол зиёлилар билан учрашиб, шунингдек, турли ташкилот ва муассасалардан тегишли ҳужжатларнинг нусхаларини олишга муяссар бўлдик.
Марҳамат, мана ўша далилий ҳужжат ва материаллар:
- Тожикистон Республикаси Сангвор ноҳияси ижроия комитети “Заршуён” маҳалласи раиси Раҳмон Сандалаев имзоси ва тегишли муҳр билан тасдиқланган 2022 йил 15 августдаги №1125 сонли маълумотнома. Бунга кўра, ҳақиқатан ҳам Муҳаммадали Эшон Собир Халфа ўғли (Исҳоқ Эшон) 1856-1933 йилларда яшагани ва Лайрон қишлоғида 1933 йили 25 ноябрь (1931 йил 25 октябр)да содир бўлган кучли зилзила туфайли қишлоқ аҳолисини қутқариш вақтида олган оғир жароҳатининг асорати сабаб) вафот этган. Шу қишлоқдаги “Мавлоний” қабристонига дафн этилган.
- Муҳаммадали Эшон авлодлари, яъни Дукчи Эшоннинг набираси Карим Эшоннинг турмуш ўртоғи Моҳинав ая Наботова (Эшоннинг набира келини), шунингдек, чеваралари Абдусалом Раҳимов, Маҳмадулло Раҳимов, Файзулло Раҳимов, Қисматилло Раззоқов ва яқин авлоди, тарихчи зиёли Асадулло Файзуллоев (адабий тахаллуси Лайроний)лар томонидан имзолари қўйилиб, 2022 йил 14 сентябрда тузилган “Далолатнома”.
Мазкур далолатномага кўра Дукчи Эшон ҳақиқатан ҳам, Тавилдара ноҳияси “Боршид” ва “Лайрони боло” қишлоқларига тахминан 1904 йилларда Қошғор юртидан келгани, 1933 йилга қадар яшаб, 78 ёшида вафот этгани ҳамда Исҳоқ эшон ибни Собир дуктарош исми билан яшагани маълум қилинади.
- Дукчи Эшон эвараси бўлмиш Саидаҳмад Раупов тақдим этган Эшон авлодлари “Шажара” (Насабнома)сида ҳақиқатан ҳам Тожикистонда туғилиб, яшаганликлари зикр этилган.
Шунингдек, Муҳаммадали Эшондан қолган, махсус қоғозга ёзилиб, ўз даврининг амир ва ҳокимлари муҳри билан тасдиқланган думалоқ шаклдаги ҳақиқий “Шажара” набираси Карим эшоннинг 1961 йилда туғилган кенжа қизи Жамолби уйида бугунгача сақланиб келинмоқда экан. У Душанбе шаҳри Темирйўлчилар райони “Гулобод” маҳалласида яшайди. Бу ҳужжатни борлигига унинг уйига қизини кўргани “Лайрони боло” қишлоғидан келган онаси Моҳинав Наботова ва менинг илтимосимга кўра, улардан хабар олгани опаси уйига кириб чиққан Маҳмадулло эшон Раҳимов яна бир бор ўз кўзи билан кўриб чиқиб, дарҳақиқат ҳозирда ҳам сақланиб келаётганини тасдиқлади.
- Сангвор ноҳияси “Лайрони поён” қишлоғида яшовчи зиёли инсон Асадулло Лайроний томонидан Сангвор ноҳиясида аниқланган 55-сонли ҳужжатга кўра, Муҳаммадали Эшон (Исҳоқ Эшон) “Кази Сай Али Бой из к. Лайрон крупный бай Кишлачни. Совет Ладжирг” ёзуви билан 24-сонли рўйхатда мол-мулки мусодара қилиниб, 1931 йилда қишлоқдан бадарға қилингани ҳақидаги қарор борлигига гувоҳ бўлдик.
Ушбу ҳужжатда Н.Одинаев номида №08540884 рақамли коммунистик партия билети бўлиб, Тожикобод райони депутатлар кенгаши депутати сифатидаги фаолияти қайд этилгани Тожикобод район молия бўлими томонидан 1960 йили апрель ойида муҳр босилиб, Тожикобод шаҳрида тасдиқлангани қайд этилган. Унинг нусхаси олинди.
Шунингдек, ушбу ҳужжатга қўшимча қилинган иловасида Исҳоқ эшоннинг қулоқ қилингани ёзилган рўйхат ҳам берилган.
- Эшоннинг Тожикистон ССР Сангвор райони никоҳни қайд этиш бўлими томонидан берилган УЯ №090604 сонли шаҳодатномада ҳақиқатан ҳам Муҳаммад Али Эшоннинг ўғли Исоқов Раззоқ номи қайд этилган бўлиб, ушбу ҳужжат Муҳаммадали Эшон ўша пайтларда Исҳоқ Эшон номи билан яшаганини тасдиқлайди.
- Душанбе шаҳри Темирйўлчилар райони Гулобод маҳалласидаги “Ҳазрати Мавлоний” номидаги масжид ва шу ердаги Гулистон маҳалласи ўрамидаги қабристонга дафн этилган Дукчи Эшон ўғли Абдураҳим Эшон даҳмасида Эшон бобомиз отаси бўлган Собир дуктарош бўлганини исботловчи касбий белгиси акс этган мармар тошлавҳа мавжуд.
- Шунингдек, Душанбе шаҳридаги Тожикистон Республикаси Фанлар Академияси Шарқшунослик бўлими архивида Дукчи Эшонинг турли тахаллуслар, (“Хирад”, “Нодир”) билан ёзган байтлари ва шеърлари қўлёзмаси борлиги маълум бўлди.
Уни Тожикистоннинг ФА Шарқшунослик бўлими етакчи мутахассиси, филология фанлари доктори, профессор Саидхўжа Ализода тасдиқлади ва электрон почта манзилимизга “Мавлави ҳижрий” (Хирад)нинг қўлёзмасини юборди.
Бундан ташқари, бу ердаги Индира Ганди номидаги кутубхонада бўлганимда директор ўринбосари Баҳромжон Олимов бизга тақдим этган нусхада Душанбе шаҳридаги “Ирфон” нашриётида 1984 йили чоп этилган ва 689567 – рақам билан рўйхатга олинган “Ганжи парешон” (“Сочилган дурлар”) номли китобда “Мавлавий Ҳижрий” (Хирад) тахаллуси билан ижод қилган Муҳаммад Али Эшон ҳақида маълумот ва унинг шеърлари берилган.
- Дукчи Эшон Москва шаҳри ва Польша давлатида бўлган пайтларида доғистонлик дўстлари чиройли ҳасса ҳадя қилган экан. Унда дур безаклар билан бирга, “Дагестан” ёзуви ҳам бор. Бу тарихий буюм ҳозирда Душанбе шаҳри Гулобод (аввалги Темирйўлчилар райони, “Мирзабек” посёлкаси 2-проезд) маҳалласи 45-уйда яшовчи Дукчи Эшоннинг чевараси Маҳмадулло Раҳимовда сақланмоқда.
- Муҳаммадали Эшон ҳаёти ва унинг ижоди ҳақида Сангвор ноҳияси газетасида ва Республика нашрларида Асадулло Лайроний томонидан турли йилларда эълон қилинган мақолаларининг нусхалари олиндики, унда ҳам ҳазрат Дукчи Эшонни шу юртда яшаб ўтгани, амалга оширган бунёдкорлик ишлари, ижодий фаолияти ҳамда Чор Россияси босқинчиларига қарши курашига кенг ўрин берилган.
Хуллас, бугунги кундаги тарихий манбалар, китоб ва дарсликларда ёзилганидек, Дукчи Эшон Чор Россияси империяси маъмурлари томонидан ушлаб келиниб, дорга осиб ўлдирилгани ҳақидаги маълумотлар нотўғри эканлиги маълум бўлди.
Зеро, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев бот-бот таъкидлаганидек, “Буюк тарихда ҳеч нарса изсиз кетмайди. У халқларнинг қонида, тарихий хотирасида сақланади ва амалий ишларида намоён бўлади. Шунинг учун ҳам қудратлидир. Тарихий меросни асраб-авайлаш, ўрганиш ва авлодлардан-авлодларга қолдириш давлатимиз сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан биридир”.
Муҳаммадали Эшон Собир Халфа ўғли – Дукчи Эшон ўз вақтида тадбиркор, қурувчи-муҳандис, ихтирочи, шоир бўлгани бизни фахр-ифтихор туйғусига ошно қилади.
Яна шуни айтиш жоизки, ўтмиш ҳақиқатларини рўёбга чиқариш, бугунги давр талабидан келиб чиқиб ўрганиш, тадқиқ қилиш осон эмас. Бу тушунарли албатта. Андижон давлат университети тузилмасидаги “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи илмий ходимлари Бахтиёржон Алимов, Мухторжон Худоёров, Дилшодбек Ҳомидов, Азизбек Маҳкамовлар турли матбуот нашрларида чиқиш қилиб, Андижон давлат университетининг ҳурматли профессори Рустамбек Шамсиддинов ҳамда ёзувчи Алиназар Эгамназаровлар ўз тадқиқотларида Дукчи Эшон тақдирига оид биз томонимиздан илгари сурилаётган янги маълумотларга қарши ўлароқ фикр билдиришаётгани, собиқ иттифоқ замонидаги эски далил ва фактларни ҳақиқат деб бонг уришаётганини асло қабул қилиб бўлмайди. Негаки, тарихимизни ўрганишда бундан бир асрдан зиёд аввалги вақтлардаги янада аниқроқ айтганда Чор Россияси мустамлакачилари ва собиқ Шўролар сиёсатига йўғрилган, шубҳасизки, бутун тарихимиз оёқ ости қилинган, бузиб, ясама ва сохта маълумотларни онгимизга сингдириб келинганига Дукчи Эшон қисматидан бошқа ҳам кўплаб мисолларни келтиришимиз мумкин. Шу боис бир таклифни илгари сурмоқчи эдик: бизнинг изланишларимизни “қабул қила олмаётган” юқоридаги ҳамюрт олимларимизни “Мерос“ жамғармаси ҳисобидан Тожикистондаги “Лайрони боло” қишлоғига экспедицияга олиб боришга ҳамиша тайёрлигимизни маълум қиламиз. У жойда Дукчи Эшон ва у зотнинг яқинлари дафн этилган “Мавлоний” қабристонини зиёрат қилиш, бугунги кунда яшаб истиқомат қилаётган авлодлари билан учрашиш, улар ёрдамида тарихий маълумотларни янада чуқур ўрганишга, ўтмиш силсилаларини рўёбга чиқаришда ҳамкорлик қилсалар, бундан фақатгина хурсанд бўлар эдик.
Қолаверса, ҳақиқат баҳсларда туғилади деганларидек, мақсад тарихимизни асл ҳақиқатлар билан бойитиш, улуғ боболаримизга оид адолатни бўй-басти билан рўёбга чиқаришдир.
Обиджон Маҳмудов Довоний,
Ўзбекистон Журналистлар
уюшмаси аъзоси
Янгиликларни дўстларингизга улашинг