Friday, June 2nd, 2023

“Effect.uz”га тош отишдан аввал… – HURRIYAT


2022 йилнинг 29 апрель куни ижтимоий тармоқларда “Effect.uz”нинг шармандали “эффект”и сарлавҳаси остида иқтисодиёт фанлари номзоди Фарҳод Қурбонбоев муаллифлигида таҳририятни обрўсизлантиришга қаратилган мақола пайдо бўлди. Дастлаб, у журналистлар жамланган Telegram гуруҳга ташланди. Ҳайриятки, бошқа нашрларда ишлайдиган ўнлаб ОАВ ходимлари бу сўзлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини сезиб, “Effect.uz”ни қўллаб-қувватлади.

Аммо орадан бироз вақт ўтгач, сарлавҳаси ўзгартирилиб, “Effect.uz”нинг юзаки “эффект”и номи билан   “Hurriyat” газетаси уни 2022 йил 14 майдаги 18 сонида босиб чиқди. Шундан сўнг, “Effect.uz” сайти раҳбари Акмал Эшонхонов фан номзоди Қурбонбоевга расмий равишда жавоб беришга қарор қилди.

Хўш, мақолада ўзи нима дейилган эди? Фарҳод Қурбонбоевнинг   ёзиқларида Effect.uz мухбирининг жорий йил 25 апрель куни Миллий матбуот маркази биносида Мудофаа вазирлиги масъулларига берган таклифи ва саволи нишон қилинган. Ўшанда мухбир, Мудофаа вазирининг ташқи ҳамкорлик бўйича фаолияти оммага сирлидек туюлиши, вазир кўп ҳам кўриниш беравермаслиги, унинг ташқи ҳамкорлик­лардаги учрашувларининг ёритилиши қониқарли эмаслиги, бу борада ҳолат яхшиланиши кераклиги бўйича таклиф берган. Буни вазирлик қўллаб-қувватлаган. Лекин фан номзоди ўз мақоласида бунга “Сен кимсан ўзи, бундай савол бериб?” деган “жозибадор” шарҳни бериб ўтган.

“Сен кимсан ўзи, бундай савол бериб?” дейиши бу фан номзодининг албатта, шахсий баҳоси. Сўз эркинлиги даврида фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя бўлиши табиий ҳол. Лекин ўртоқ Қурбонбоев “сен кимсан ўзи, бундай савол бериб?” дейишдан олдин мухбирнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Администра­цияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги рўйхатидан ўтган расмий ОАВ ходими эканлигини эсидан чиқариб қўйган кўринади. Балки, фаҳми етмагандир. Бизнингча, савол бериш учун фақат журналист бўлиш керак эмас, Ўзбекистон Республикасининг исталган фуқароси мутасаддиларга ўзини қизиқтирган саволларни беришга ҳақли деб ўйлаймиз.

Аччиқ ҳақиқат шундаки, Қурбонбоев “қуруқ сафсата” деб баҳолаган таклиф ва саволга Мудофаа вазирлиги Ахборот хизмати раҳбари полковник Отабек Йўлдошев ўша жойнинг ўзида таклиф инобатга олинишини билдирган. Саволга эса, ҳарбийлар масаласида расмий баёнот берилганлигини қайд этган. Аммо бу баёнот Президент матбуот котиби Шерзод Асадовдан кейин берилганлигини ҳам тан олган. Хўш, энди бунинг нимаси қуруқ сафсата? Қолаверса, мухбир Сурхондарёдаги маҳаллий аҳолининг турли   шов–шувларга ишониб қолмаслиги ва миш-мишларга барҳам беришни истаб, расмий шахсдан изоҳ олишни мақсад қилган эди-ку…

Хуллас, қип-қизил уйдирма гапларни ёзган иқтисодиёт фанлари номзоди Қурбонбоев ундан кўра, ўз мавқеига муносиб иш қилиб, ўсиб келаётган ёш авлод ҳамкасбларга тўғри йўл кўрсатиш билан шуғулланганида ҳар томонлама фойдали бўларди. Бироқ у бошқача йўлни танлади. Майли, буёғини унинг виждонига ҳавола қиламиз.

Қурбонбоевнинг мақоласи “Hurriyat” саҳифаларида кўриниш бергач, “Effect.uz” барча тафсилотлар жамланган 9 дақиқалик видеони ижтимоий тармоқлардаги ўз расмий саҳифаларига жойлади ва бу юз минглаб кузатувчилар эътиборини тортди.

Шундан сўнг, газета бош муҳаррири Абдурасул Жумақулов видео остига ўз изоҳларини қолдириб, “Effect.uz”нинг ҳам ҳақиқатларини “Hurriyat”да эълон қилишга тайёрлигини билдирди. Шу фурсатдан фойдаланиб, фақат Қурбонбоевга эмас “Effect.uz”га ҳам минбар бериб, адолатни тиклаган “Hurriyat” ижодкорларига ўз миннатдорлигимизни билдирамиз. Уларнинг фаолиятига омад тилаган ҳолда шуни илтимос қиламизки, бундан кейин гап таҳририят ёки ташкилот обрўси ҳақида борар экан, саҳифада босиб чиқаришдан олдин ҳар бир маълумотнинг ҳақиқатга қанчалик тўғри келиши борасида оз бўлса-да, қизиқиб кўрсин. “Hurriyat” газетаси ҳамда унинг бош муҳарририга нисбатан бизда ҳеч қандай шахсий адоват йўқ. Сизларга юксак ижодий парвозлар тилаймиз!

Ҳурмат билан:

Effect.uz Интернет нашри

таҳририяти

Янгиликларни дўстларингизга улашинг



Source link